Ижтимоий-психологик муаммолари мавжуд бўлган болалар билан ишлаш (услубий тавсия)

Умумтаълим мактаб амалиётчи психологлар учун семинар ўтказиш юзасидан тавсиялар

Мавзу: “Ижтимоий-психологик муаммолари мавжуд бўлган болалар билан ишлаш

Семинарлар вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тасдиқланган жадвал асосида ҳар бир туман (шаҳар)да ўтказилади. Семинарлар умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган амалиётчи психологларнинг фаолиятида ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини ўрганиш, хулқ-атворидаги “оғишлар”ни олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, стресс, низо, салбий эмоционал кечинмаларининг олдини олиш ишларини тўғри ташкил эиш, психологик хизматнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ўтказилади. . Семинарларни жиддий тайёргарлик кўрилган ҳолда, юқори савияда ўтказилишига вилоят халқ таълими бошқармалари ҳамда туман, шаҳар ўқувчиларни  касбга йўналтиришни  ва педагогик- психологик  диагностикасини методик таъминлаш кичик гуруҳи масъулдир.

Семинарларда биринчи навбатда қуйидаги масалаларни муҳокама этиш тавсия этилади.

  • Хулқида оғувчанлиги бўлган ўқувчилар, уларнинг синф раҳбарлари, ота-оналари билан ишлаш;
  • Болалар ва ўсмирларда хулқ оғишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар;
  • Мактаб раҳбарияти ва жамоаси ўртасидаги муносабатларни кузатиш ва турли муаммоли вазиятларни олдини олиш юзасидан олиб бориладиган ишлар;
  • Психологик профилактика йўналиши бўйича олиб бориладиган ишлар;
  • Психологик диагностика йўналиши бўйича олиб бориладиган ишлар;
  • Психологик коррекция йўналиши бўйича олиб бориладиган ишлар;
  • Психологик маслаҳат йўналиши бўйича олиб бориладиган ишлар; 
  • Психологик-педагогик консилиумлар ва уларни ўтказиш тартиби; 
  • Вояга етмаган болаларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш.

Семинарлар жараёнида илова этилаётган қуйидаги материаллардан тезислар сифатида фойдаланиш мумкин.

Ҳақиқатдан ҳам ўсиб келаётган ёш авлоднинг эртанги кунимиз, келажагимизнинг давомчилари эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, болалар ва ўсмирлар ўртасидаги турли хил ғайриқонуний, шу жумладан жиноятчилик ҳодисасининг олдини олишга қаратилган, профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ҳар қачонгидан ҳам долзарб муаммо сифатида намоён бўлади.

Кузатишларимиздан маълум бўлишича, вояга етмаганлар жиноятчилигини олдини олишда энг аввало жиноятчилик хулқининг ижтимоий-психологик, индивидуал психологик, социологик, ҳудудий ва криминологик хусусиятларини ҳисобга олиш талаб этилади. Шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида юзага келаётган қонунбизарликларнинг олдини олиш ишлари умумий ва махсус-индивидуал тарзида олиб борилиши билан характерланади.

Умумий ижтимоий чора-тадбирларга жамиятни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, сиёсий барқарорликни таъминлаш, халқнинг турмуш тарзи ва микро муҳит муносабатларини яхшилаш, фуқароларнинг маданий-маънавий ва маърифий салоҳиятини ўстириш ва бошқалар киради.

Махсус – индивидуал характердаги тадбирлар сифатида эса болалар ва ўсмирларнинг шахс хусусиятлари, уларнинг психологияси, дунёқараши, қадриятлар ориентацияси, ҳаётий позицияси, онглик даражаси ва ижтимоийлашув хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қўллаш тушунилади.

Танглик вазиятида қолган болага психологик ёрдам кўрсатиш

1. Боладан қалам билан катта ҳажмдаги қоғозга жароҳат олишига сабаб бўлган вазиятдаги хона (ёки унинг теварак-атрофи, муҳити) планини чизиб беришини таклиф қилинг. Ойналари, эшикларини ҳам эслатинг. Қайси хона кимга тегишли эканини ҳам сўранг. Дастлаб бола сизга хонанинг тузилиши, қайси нарса қаерда жойлашганини тушунтириб берсин, кейин эса чизиб берсин. Чизилаётган план масштабга мос келиши шарт эмас, муҳими ҳар иккалангизда муҳит борасида бир хил тасаввур ҳосил бўлсин.

2. Энди боладан иккита рангни танлашини сўранг, бу ранглар гўёки яхшилик ва ёмонликни акс эттирадиган бўлсин.

3. Кейин боладан яхшилик рамзини акс эттирадиган қалам билан унда яхши ёқимли таассуротлар билан хотирлайдиган жойларни тасвирлашини сўранг: боладан қайси жойда ўзини яхши ҳис қила олиши, бу жой унга нимаси билан ёқиб қолгани, бу ерда нималар билан шуғуллангани, машғул бўлган вазиятларида унга кимлар ёрдам бергани ҳақида сўранг. Бола ўзи учун яхши ва ёқимли хотираларни уйғотадиган барча образларни эслаши зарур. Бунда идрок этиш ва ҳар бир жой борасида алоҳида тўхталиб ўтишдан, пайдо бўлаётган хиссиёт, фикр, муносабат билдириш даражасигача ўтиш зарур. Албатта ҳар бир хис-туйғуга алоҳида эътибор бериб, уларнинг ифодаланишини қўллаб-қувватлаб туриш зарур. Бола учун ёқимли бўлган ҳар бир жой, вазиятлар борасида бирма-бир тўхталиб, боланинг уларга нисбатан муносабати, унинг ҳаракатлари ҳақида сўраш орқали хис туйғуларини кучайтиришга эришиш лозим.

4. Бундан сўнг боладан “ёмон” рангдаги қалам билан бола ўзини ёмон хис қилган жойларини чизиб беришини таклиф қилинг.

5. Сўнгра боладан бирма-бир камроқ ёқимсиз бўлган жойлардан бошлаб, то сира ҳам ёқмайдиган жойларгача нима учун ёқимсизлигини, бу ерда нималар бўлиб ўтганини тавсифлаб беришини сўранг. Бола гапираётганда уни диққат билан тинглаб воқеа ва ҳодисалар билан боғлиқ вазиятларни аниқлаштирувчи саволлар бериб туриш зарур. Кейин эса хиссиётлар/фикр ва муносабат даражасига ўтиш зарур (сенинг тананг нималарни сезди, кўнглингдан қандай хис-туйғулар ўтди ва бу вақтда нималар ҳақида ўйладинг каби).

6. Бирин-кетин барча ёқимсиз вазиятларни хотирланг. Вақти-вақти билан ёқимли бўлган вазият ва хотираларга қайтиб туриш лозим, бу болага куч ва ғайратни тўплаб олишига ёрдам беради.

Ўйин плани билан ишлаш бир қанча сеансларни олиши мумкин. Бу усул кичик болаларга ҳам, шунингдек катта болаларга ҳам бирдек фойдалидир. Кўпинча бу усул жароҳатли вазиятга дастлабки яқинлашишда қўл келади.

Агарда психолог бола билан ўйин вазиятида иштирок этаётган бўлса, у ўйин мобайнида ўз функциялари ва вазифаларини қай даражада бажарилаётганини назорат қилиб бориши ва ўз мажбуриятларини меъёрлаштириб бориши зарур бўлади (бола бунда фаолроқ ҳамда яхшироқ иштирок этгани маъқул).

Ўйин сўнггида қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур:
бола яна реалликка қайтган бўлсин;
бола регрессив холатдан чиққан бўлсин;
сеанс вақтларида бола учун яхши ва одатга айланган ҳаракатларини давом эттириш, янги ижодий имкониятларини очишга ҳам вақт қолсин;
ҳали қайта эслашга ва тавсифлашга улгурилмаган “саҳна” кўринишлари шартли равишда “вақтинча ёпилганлигига ишонч хосил қилиш керак.

Психологик профилактика йўналиши бўйича олиб бориладиган ишлар мақолалар ёзиш, бюллетень (варақалар), деворий газеталар чиқариш, “Ишонч қути” ҳамда ўқитувчилар ва ўқувчилар учун турли мавзу йўналишлари бўйича баҳс-мунозаралар ташкил этиши, тўгараклар ташкил этиб тадбирлар, психологик-педагогик консилиум (муаммо, вазият, ҳолатларни ўрганиш ва тегишли чоралар ишлаб чиқиш жараёни) лар ўтказиш, дарсларни психологик жиҳатдан таҳлил қилишдан иборат.

Психолог мактабда амалга оширган ишлари юзасидан вилоят, туман, шаҳар газета ва журналларига мақолалар билан иштирок этиши, ўқувчилар ўртасида доимий равишда турли хил мавзу (“Эҳтиёт бўлинг стресс!”, “Стрессдан сақланинг!”, “Гиёҳвандлик умр вабоси”, “Келажакда сиз танлаган касб”) ларга оид психопрофилактик, психокоррекцион семинар ва тадбирларни ўтказиши, психологик хизматга оид янгиликлар, ўқитувчилар ( «Темпераментингизни биласизми?», “Ҳар бир бола бир дунё!”), ўқувчилар (“Мен ва менинг имкониятларим (қобилият, қизиқиш, лаёқатлар ҳақида)”), ота-оналар учун (“Боласи 1-синфга бораётган ота-оналар Сизлар учун!”ва ҳ.зо) маслаҳат ва тавсияларни деворий газетада акс эттириши муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида ўқувчи- ўқитувчи, ўқувчи-ўқувчи, фарзанд-ота-она, ўқитувчи-ота-оналар ўртасида шахслараро муносабатларда юзага келадиган низоли ва муаммоли вазиятларни ечимини топиш мақсадида “Ишонч қути”си ташкил қилиш тавсия этилади Қутининг ўлчами бўйи тахминан 20-25 см., эни 15-20 см. дан иборат бўлиб, амалиётчи психолог хонаси ёнига ўрнатилади. “Ишонч қути”ни ташкил этишнинг мақсади амалиётчи психолог томонидан ўқувчиларга тушунтирилади. Саволлар ва муаммолар аноним тарзда берилади. “Ишонч қути”сига тушган саволлар ва муаммоли вазиятларга амалиётчи психолог, қути ёнида ташкил этилган “Психолог маслаҳати” бурчагида тавсиялар сифатида жавоб беради. Саволларга аниқ жавоб олинмаса, берилган жавобга аниқлик киритиш мақсадида амалиётчи психолог билан мулоқот ўрнатилиб борилиши мумкин. “Ишонч қути”га тушган саволлар психолог томонидан қатъий сир сақланиши шарт. Акс ҳолда турли низоли вазиятларни келтириб чиқариши мумкин. 

Психологик диагностика йўналиши бўйича

1. Тарбияси қийин болалар билан ишлашга доир психологик методикалар банки.
2. Ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар билан ишлашга доир психологик методикалар банки.
3. Ота-оналар билан ишлаш (тестлар, анкеталар) банки.
Психолог ҳар бир воқеа, ҳодиса, жараёнлар ҳолатлари сабабларини, асл сабабини ўрганувчи ва шу асосда таклиф ҳамда мулоҳазаларни тавсия этувчидир. Ҳар бир ҳодиса жараёнларнинг сабабини ўрганиш давомида олиб бориладиган хатти-ҳаракатлари мактаб психологининг психиодиагностик фаолитини ташкил этади.

Психолог ўқувчиларнинг шахсий ва интеллектуал жиҳатдан ривожланишини, таълим ва тарбиядаги психологик нуқсонларни, , уларнинг қобилиятлари ҳамда касб-ҳунарга мойиллик, қизиқишларини психологик диагностика ёрдамида аниқлайди. Мавжуд камчилик ва бузилишларнинг олдини олиш бўйича маслаҳат ва тавсиялар бериши лозим.

Психологик коррекция йўналиши бўйича.

1. Тарбияси қийин болалар билан психокоррекцион машғулотлар банки.

Психологик маслаҳат йўналиши бўйича.

1. Психологик маслаҳат дафтари.
2. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналар билан олиб бориладиган индивидуал суҳбат.
3. Ўқитувчилар, ўқувчилар, раҳбар ходимлар ва ота-оналар учун индивиуал ва гуруҳий консультациялар олиб бориш.

Психологик-педагогик консилиумлар ва уларни ўтказиш тартиби

Психологик профилактика иш усулларидан бири психологик – педагогик консилиумни ташкил этишдир. Психологик-педагогик консилиумлар ўқишда орқада қолиш сабабларини ёки хулқ- атвордаги камчилик натижаларини муҳокама қилишга йўналтирилган бўлади. Педагогик консилиумда психологнинг вазифаси ўқитувчиларнинг ўқувчи интеллектуал тараққиётини баҳолаш учун ҳар томонлама ёндашишига эришишдан иборат. Ўқувчилар ўзлаштиришини яхши йўлга қўйиш учун, тўлиқ ёзма тавсифномалар ёзишдан кўра, синф ўқитувчиларининг ўқувчилар ҳақидаги фикрларини жамоа бўлиб муҳокама қилиш, синфга ва ўқувчиларга индивидуал ёндашув чораларини ишлаб чиқиш яхши натижалар беради.

Психологик консилиумлар икки хил бўлади:

1.Ўтказилиши шарт бўлган психологик консилиумлар.
2. Эҳтиёж ва талаб асосида ўтказиладиган консилиумлар.

Консилиумлар моҳиятан педагогик ва психологик бўлиши мумкин, шунинг учун кўп жойларда педагогик-психологик консилиумлар дейилади. Улар ҳам профилактик, ҳам коррекцион характерга эга бўлиши мумкин.

Эҳтиёж, талаб ва таклиф асосида ўтказиладиган консилиумлар:

Бу консилиумлар турли характерда бўлиши мумкин. Масалан: синф жамоасидаги психологик иқлим ёки муҳит, шахслараро муносабатлардаги низо, ўқувчиларнинг билиш фаолияти ёки ўқув фаолиятига оид муаммолар, шахс сифатлари, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги муносабат ва низоларни муҳокама этилади.

Консилиум буюртма қабул қилинган кундан бошлаб 10-15 кун давомида тайёрланади. Консилиумга тайёргарлик даври муаммонинг салмоғига қараб белгиланади. Тайёргарлик давомида психолог томонидан муаммони белгилаш тартиб ва усуллари ва муаммо ҳар томонлама ўрганилади ва консилиумни ўтказиш режаси тузилади, эксперт гуруҳ аъзолари белгиланиб, ҳар бир экспертга топшириқ берилади. Тайёргарлик босқичида маълумотлар тўпланиб, таҳлил этилади ва консилиум куни аниқланади. Буюртма асосида ўтказиладиган консилиумда ўқувчи ва ота-онанинг иштирок этиши шарт эмас.

Хулқида оғувчанлиги бўлган ўқувчилар, уларнинг синф раҳбарлари,
ота-оналари билан ишлаш бўйича тавсиялар

Ўқувчилардаги психологик хусусиятлар, ривожланишида ўзига хос томонлар, улар ўртасида салбий одатларни олдини олиш ва бошқа масалалар доирасида умумтаълим мактаблари амалиётчи психологлари томонидан қатор тадбирлар, яъни психотренинг ва психокоррекцион ишлар олиб борилади. Мактабларда болаларга нисбатан баъзан “тарбияси қийин бола” жумласи ишлатилади. Асосан тарбияси қийин болалар деганда кўп ҳолатларда вояга етмаганлар билан ишлаш кузатилади.

 Тарбияси қийин болалар келиб назоратчилари ўғриликка мойил ўқувчилар назарда тутилади. Кузатишлардан маълум бўлишича, тарбияси қийин болалар тарбия жараёнида педагогик таъсирларга рўйхатида ҳисобга олинган, гиёҳвандлик ва спиртли ичимлик ичишга, безорилшилик кўрсатади, уларнинг ҳулқида ўзини биз ҳоҳлагандай тутмаслик ҳолатлари чиқишининг асосий сабабларидан бири уларда ўқишга нисбатан салбий муносабатнинг пайдо бўлишидир. Одатда бундай муносабатнинг пайдо бўлишига бошқа сабаблар ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Жумладан ўқув фаолияти усули, малакалари тўла таркиб топмаганлиги сабабли нисбий билим олиш билан қаноат ҳосил қилиш, ўзлаштириш қобилиятининг суст ривожланганлиги, муайян вазиятларда хукм ва хулоса чиқаришда қийинчиликка дуч келиш, ўқитувчилар томонидан ўқувчига объектив баҳо берилмаслиги, ўқитувчи томонидан боланинг индивидуал-психологик ва интеллектуал имкониятига етарлича эътибор берилмаслиги, ўқитиш савиясининг пастлиги, дарсларнинг қизиқарсиз ўтилиши, ўқувчининг синф жамоаси билан яхши алоқада бўлмаслиги ва бошқалар. Ўқувчи билан жамоа фикрининг мос келмаслиги унинг жамоа ичида ўз ўрнини борган сари йўқотиб боришига сабаб бўлади. Жамоа аъзолари бундай ўқувчининг қарашларини вақти-вақти билан ҳисобга олишлари яхши натижа бериши мумкин. Ўқувчининг фикр ва қизиқишларини жамоанинг қўллаб қувватламаслиги ёки бепарволиги уни қонунбузарликка ундайди ва гиёҳвандлик каби салбий ҳолатларнинг келиб чиқиши учун имконият яратади. Натижада бола учун келажак режаларининг поймол бўлиш хавфи туғилиб, ўқишдан ва жамоадан юз ўгирган ўсмир ўз келажагини, орзу-умидларини мактаб ва тенгдошлари фаолиятига боғлашдан кўра, янги “дўстлари” билан алоқа қилишни афзал кўради ва бошқа кишилардан нажот излайди. Бунинг натижасида ўсмир носоғлом хулқли болалар тўдасига тушиб қолади ва улар хулқ –атворига хос бўлган характерга эга бўлади. Бундан ташқари, оилавий шароитнинг салбий таъсири ҳам тарбияси оғир ўсмирларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Айрим оилаларда бола учун зарурий имкониятлар мавжуд эмаслиги сабабли бола ноҳуш ҳолат билан ёлғиз кураш олиб бориш кечинмалари билан яшайди. Ўсмир дунёсида оилавий шароитга нисбатан пайдо бўлган норозилик ҳисси кундан кун авж олиб, ички қўзғолонга айланиб боради. Бундан ташқари, ота-она ўртасидаги муносабатларнинг носоғломлиги, баъзи ота-оналарнинг спиртли ичимликларга ружу қўйишлари ҳам боланинг руҳий дунёсига таъсир кўрсатади. Кўпинча, ўқувчилардаги тарбияси қийинлик оиладаги ва таълим тизимидаги педагогик қаровсизлик натижасида юзага келади.. Педагогик қаровсизлик қуйидаги даражаларда тавсифланади:

1.Паст. Ҳатти-ҳаракат, хулқ-атвордаги беқарорлик. Ўз “мен”ига ортиқча баҳо бериш. Асосан ёшига хос бўлган характер белгиларининг устунлик қилиши.

2.Ўрта. Катталар ва тенгқурлари билан алоқанинг бузилиши. Ўқиш ва меҳнатга қизиқмаслик, низолар эгоистик йўналишга асосланиши. Педагогик таъсир чоралари тўғри қабул қилинган ҳолда унга амал қилмаслик.

3.Юқори. Салбий характер хусусиятлари яққол намоён бўлади. Ҳуқуқбузарлик ошкора қилинади. Катталар билан ўзаро муносабатда тажовузкор бўлади. Ўзлари тўғри деб қабул қилган “аҳлоқ нормалари”ни оқлашга уринадилар. Улар ҳуқуқбузарлик чегараларини тушуниб етмайдилар.

4.Криминал. Вояга етмаган ҳуқуқбузарлар бўлиб, уларнинг ҳулқ-атворини бошқариб бўлмайди. Бундайлар ҳар қандай тарбия воситаларига қаршилик кўрсатадилар. Ҳатти-ҳаракатларида тажовузкорлик кўпроқ учрайди. Улар ўзларининг ҳуқуқбузарлик мотивларини ўзлари белгилаган “аҳлоқий меъёрлар” билан ўлчайдилар, натижада жиноятга қўл урадилар.

Амалиётчи психолог аввало болаларнинг оилавий аҳволини ўрганиш, мактаб билан ота-она ўртасида узвий алоқани ўрнатиш, фан ўқитувчилари билан алоқани мустаҳкамлаш, ўқувчининг дарсга қатнашини кузатиш, дарсдан ташқари фаолиятини назорат қилиш, турли савол-жавоблар ўтказиш орқали тарбияси оғир болалар билан ишлаш дастури ва режаларини белгилаб олиши лозим. Бундан ташқари психолог мактаб шифокори, ташхис маркази шифокори билан ҳамкорликда боланинг тиббий варақаси билан ҳам танишиб чиқиши керак бўлади. Агар бола соғлом ривожланган бўлса-ю, мактаб ва оила тарбиясига бўйсунмаса, бундай вазиятларда психолог ёрдамга келиши ва. аввало бола билан суҳбатлашиб, нима учун унинг ҳулқида бундай ўзгаришнинг юзага келганлиги, кўча таъсирига берилиши, салбий норасмий гуруҳларга аъзо бўлиб қолиши, дарсни сабабсиз қолдириши, паст ўзлашириши, жамоат ишларида қатнашмаслик сабабларини аниқлайди.

Тарбияси қийин бўлган болалар билан ишлашда интервью методидан фойдаланиш.

1. Синф раҳбари билан суҳбат.
– Тарбияси қийин бўлишнинг сабаблари?
– Уйдаги ва мактабдаги интизоми.
– Ўзлаштириши
– Тарбиянинг асосий қийин томонлари ва кўрилган чоралар.
– Оилавий шароити
2. Тарбияси қийин ўқувчи билан суҳбат.
– Мактабни тугаллагач қайси касбни эгалламоқчисан?
– Қайси фанлар сенга кўпроқ ёқади?
– Қандай китоблар ўқишга қизиқасан?
– Дўстларинг кимлар ва улар ҳақида қандай фикрдасан?
– Ўзингнинг ҳулқинг ва ўқишингдан қониқасанми?
– Жамоат ишларида қатнашасанми?
– Сен ёқтирган машғулот (уйда в мактабда)?
– Ҳаётда энг зарур ва қизиқарли нарса нима деб ҳисоблайсан?
– Ота-онангга муносабатинг қандай ва нима учун?
– Катталарга муносабатинг?
3. Фан ўқитувчилари билан суҳбат.
– Сизнинг дарсингизда ўқувчининг хулқи ва ўзлаштириши қандай?
– Ўқувчи тартибсизлигининг энг ёмон томони ва сизнинг маслаҳатингиз?
– Унинг ўқиш ва ишдаги қобилияти, имконияти қандай?
4. Дўстлари билан суҳбат.
– Қачондан бери дўстсизлар?
– Сизлар ёқтирган машғулот ва ишлар?
– Дўстингнинг нимаси сенга ёқади?
– Дўстингнинг қайси томони ёқмайди ва нима учун?
– Унга қандай ёрдам қиласан?
– Сизларнинг келажак режаларингиз?
5. Ота-оналари билан суҳбат.
– Фарзандингизнинг ўқиши ва хулқидан қониқасизми?
– Унинг ўқиши ва хулқидаги қайси томонлар сизни безовта қилади?
– Сиз унга қандай ёрдам берасиз?
– Унинг кун тартиби қандай?
– Уйда нималар билан шуғулланади?
– Уй ишларида сизга ёрдамлашадими?
– Келажакда қандай касб танлашини маслаҳат берасиз?
6. Синф сардори билан суҳбат.
– Синфдошинг ҳақида қандай фикрдасан?
– Унинг хулқида қандай нуқсонлар бор?
– Синфдошларга муносабати қандай?
– Жамоат ишларида қатнашадими?
– Синфдошлари томонидан унинг намунали ўқувчи бўлишига қандай ёрдам кўрсатилди?
7. Хулоса
– Тарбияси қийин ўқувчига тавсифнома
– Уни тарбиялаш юзасидан оила, мактаб ва синфдошларининг имкониятлари ва баҳоси.
– Тарбияси қийин ўқувчилар билан якка ва гуруҳли тартибда ишлаш учун режа ва дастур.

Болалар ва ўсмирларда хулқ оғишининг олдини олишга қаратилган тавсиялар.
Болалар ва ўсмирлар ўртасида хулқ оғиши ва қонунбузарликларнинг олдини олишда қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:
– хулқ оғишига эга бўлган болалар ва ўсмирлар шахсида асоциаллик, руҳий беқарорлик, ўзгарувчанлик, аффектга мойиллик каби хусусиятларнинг яққол ифодаланганлигидан келиб чиқиб, улар яшаётган оила ва ижтимоий муҳитни соғломлаштириш, шахслараро муносабатларни яхшилаш натижа беради;
– вояга етмаганлар ўртасидаги хулқ оғишининг келиб чиқиши асосий сабаблари сифатида болалар ва ўсмирлар фаолиятини назорат қилмаслик, оилада бола тарбиясига эътиборнинг сусайиши кабилар намоён бўлганлигидан келиб чиқиб, оилада ва оиладан ташқарида болалар ва ўсмирлар фаолиятини, бўш вақтларида нима билан шуғулланаётганлигини назорат қилиш ва оилада бола тарбиясига эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқдир;
– криминоген хулқли оилаларни аниқлаш, уларда тарбияланаётган болалар ва ўсмирлар аҳволидан хабардор бўлиб туриш;
– моддий маиший шароитнинг етарли эмаслиги вояга етмаганларда хулқ оғишининг келиб чиқишига таъсир этишлигини ҳисобга олиб, бундай оилаларга маҳаллий ҳокимият, ижтимоий таъминот ва хайрия жамғармалари томонидан моддий ёрдамлар бериб туришни ташкил этиш;
– ота-оналар, катта ёшдаги кишилар ва ўқитувчилар томонидан болалар ва ўсмирларга нисбатан қўлланилаётган қаттиққўл, қўпол ва адолатсиз муносабатларга барҳам бериш;
– вояга етмаганларда хулқ оғиши кўпинча ота-оналар, ўқитувчиларнинг болалар ва ўсмирлар психологиясини билмасдан туриб муносабатда бўлишликлари натижасида келиб чиқаётганлигини ҳисобга олиб ота-оналар ва ўқитувчиларнинг психологик билимларни ошириш тадбирларини белгилаш;
– вояга етмаганларда хулқ оғишининг олдини олишда болалар ва ўсмирларнинг ёш ва индивидуал-психологик хусусиятларини ҳисобга олиш.

Демак-ки, ўқувчи шахсини индивидуал психологик хусусиятларини ҳар томонлама мукаммал таҳлил қилиш уларни ўқитиш ва тарбиялаш самарадорлигининг муҳим шартларидан биридир. Тарбиянинг салбий омиллар ва шароитлари энг ёқимсиз тарзда, умуман ўсиб келаётган шахснинг, аввало, унинг бутун аҳлоқий-иродавий хусусиятларининг шаклланишига таъсир этади. Ўқувчининг аҳлоқий ривожланиши асосан унинг теварак-атрофдаги кишиларга ва атрофдагиларнинг унга бўлган ўзаро муносабати ва ўзаро таъсир хусусиятлари билан боғлиқ экан, ўқитувчилардан педагогик жиҳатдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган ва тарбияси қийин, ҳуқуқбузарлик ва гиёҳвандликка мойиллиги бор, ўзлаштириши паст бўлган ўқувчиларнинг ўзига хос психологик хусусиятларини билишлари, амалиётчи психологлардан эса мавжуд ҳолатларнинг олдини олиш ва баратараф этиш усулларидан самарали фойдаланишлари талаб этилади.

Ўқувчиларнинг индивидуал психологик хусусиятларини ўрганишда турли хил диагностик усуллардан фойдаланиш мумкин. Қуйида эътиборингизга, ўқувчилардаги эмоционал ҳолат ва агрессивликни аниқлаш учун “Кактус” деб номланадиган проектив методика, “Ўқувчининг мактабга, билим олишга ва мактабдошларининг унга бўлган муносабатини аниқлаш” методикаси ҳамда тарбияси оғир болалар»нинг эмоция ва хулқ -атвор соҳасидаги бузилишларини ўрганиш учун “Ижтимоий – психологик мослашганлик” шкаласи (ИПМ) ҳавола этилмоқда.

“Кактус” методикаси

Керакли материаллар: рангли қаламлар, А-4 форматдаги қоғоз. Ўқувчига кактус расмини чизиш таклиф этилади. Расм чизиш вақтида савол бериш ва тушунтиришлар берилмайди. Расм чизиб бўлингандан кейин суҳбат ўтказилади:
1. Кактус хонакими ёки ёввойими?
2. Уни ушлаш мумкинми?
3. Кактусни парвариш қилиш унга ёқадими?
4. Кактусга яқин қандай гуллар бор?
5. Кактус ўсганда қандай ўзгаришлар бўлади?
Натижалар таҳлили: Психолог чизилган расмларга қараб ўқувчидаги эмоционал ҳолатларни аниқлайди.
Жаҳлдорлик кучли-кактусда тиканлар сони кўп чизилса, тиканлари узун ва яқин жойлашган бўлса.
Импульсивлик-биринчи ташқи туртки ёки ҳис-туйғулар таъсиридаёқ ўйлаб ўтирмай, маълум сўзларни айтиб юборишга, ҳаракатларни бажаришга мойиллик ифодаланадиган характер хислати-расмни босиб чизиш, алоҳида ажратилган чизиқлар.
Эгоцентризм ўз шахсий манфаатлари ва эҳтиёжларини қондиришга кучли ҳирс қўйиш – расм катта ва варақнинг ўртасида жойлашган бўлса.
Тобелик, ишончсизлик – расм кичкина ва варақ пастида бўлса.
Очиқлик ва намойишкороналик – ноаниқ шакл, куртаклар чизилган бўлса.
Эҳтиёткорлик ва яширинлик – кактус четларида зигзаг чизилган бўлса.
Оптимизм – келажакка ишонч билан тўлиб – тошган ижобий характер ҳислати ёки эмоционал ҳолат – ёрқин ранглардан фойдаланса.
Хавотирланиш – тўқ ранглардан фойдаланиб, штрихлар берилса.
Нозик дид эгаси –гуллаган кактусни чизса, чиройли шакл ва безак берилса.
Экстраверт – агарда, расмда бошқа кактуслар ва гуллар чизилган бўлса теварак – атрофдаги одамларга, ташқи ҳодисаларга йўналиш бор.
Оилавий ҳимояга интилиш – гултувак чиройли безалган бўлса.
Ёлғизликка интилиш – ёввойи ҳолда ўсадиган кактус чизилса.

Ўқувчининг мактабга, билим олишга ва мактабдошларининг унга бўлган муносабатини аниқлаш методикаси.
Ўқувчига жадвалда берилган саволларга ўзига маъқул бўлган жавобларнинг фақат биттасини танлаб белгилаши таклиф этилади.
№ Саволлар Жавоблар
1 Мактабда ёки коллежда ўқиш сенга ёқадими ? Ҳа
Билмадим
Йўқ
2 Сен ҳар доим таълим муассасасига бажонидил борасанми ёки уйда қолишни истайсанми? Бажонидил бораман
Ҳар доим ҳар хил
Кўпроқ уйда қолишни хоҳлайман
3 Агар ўқитувчи эртага ҳамма ўқувчилар мактабга келиши шарт эмас деб қолгудек бўлса, сен қандай йўл тутасан? Мактабга борар эдим
Билмадим
Уйда қолар эдим
4 Сенга маълум сабабларга кўра дарсларнинг қолдирилиши ёқадими? Ёқмайди
Ҳар доим ҳам эмас
Ёқади
5 Ўқитувчи уй вазифаси бермаслигини хоҳлармидинг? Хоҳламас эдим
Билмадим
Хоҳлар эдим
6 Таълим муассасасида фақатгина танаффус бўлишини хоҳлармидинг? Йўқ
Билмадим
Хоҳлар эдим
7 Ота – онангга ва дўстларингга ўқишинг ва у жой ҳақида гапириб берасанми? Доим
Камдан – кам
Йўқ гапирмайман
8 Сен ўқитувчининг феълини юмшоқроқ бўлишини ҳоҳлармидинг ? Менга ўзимнинг ўқитувчим ёқади
Аниқ бир нарса дейиш қийин
Хоҳлар эдим
9 Синфда дўстларинг кўпми? Кўп
Кам
Дўстларим йўқ
10 Сенга синфдошларинг ёқадими? Ёқади
Унчалик эмас
Ёқмайди

Натижалар таҳлили:
Ҳар биринчи жавоб учун – 3 балл. Оралиқ жавоб учун – 1 балл,охирги жавоб учун – 0 балл
Энг юқори балл – 30 балл.
25 – 30 балл. Ўқишга фаоллиги юқори, ўқувчининг таълим муассасасига ва ўзига бўлган муносабати яхши шаклланган.
20 – 24 балл. Мактабга нисбатан муносабати меъёрида шаклланган.
15 – 19 балл. Таълим муассасасига бўлган муносабати ижобий шаклланган, лекин ўқув жараёни уни қизиқтирмайди.
10 – 14 балл. Ўзини ўқувчи сифатида ҳис этиш шаклланмаган.
10 баллдан паст. Таълим муассасасига, ўқишга муносабати салбий.

ИЖТИМОИЙ – ПСИХОЛОГИК МОСЛАШГАНЛИК ХАРАКТЕРИСТИКАЛАРИНИ ЎРГАНИШ МЕТОДИКАСИ

Методика ўсмирлар ва ўспиринлар учун мўлжалланган. Бироқ у кичик ўсмирлар билан ишлашда ҳам самара бериши мумкин.
Методика асосини ташкил қилган инсоннинг ижтимоий муҳит ва ўз-ўзига бўлган муносабати модели ўз-ўзида ривожланадиган, ўз хулқ-атвори учун жавоб беришга қодир субъект сифатида шахс концепциясидан келиб чиқади. Шкала 101 та ҳукмдан иборат бўлиб, уларнинг 37 таси шахснинг ижтимоий-психологик мослашганлик мезонларига мувофиқ келади (бу мезонлар кўп жиҳатдан шахс етуклиги мезонларига мос келиб, улар орасида ўз қадрини билиш ва ўзгаларни ҳурмат қилишга қодирлик, фаолият ва муносабатларнинг реал амалиёти учун очиқлик, ўз муаммоларини тушуниш ва уларни ҳал этишга уриниш кабилар мавжуд). Кейинги 37 та ҳукм мослашмаганлик мезонларига оид (ўзини ва бошқаларни қандай бўлса шундайлигича қабул қила олмаслик, шахсий тажриба устида фикр юритишда «тўсиқлар»нинг мавжудлиги, муаммолардан қочиш, психик жараёнларнинг мўртлиги кабилар). Қолган 27 бетараф ҳукмнинг бир қисми ёлғон шкаласини ташкил этади.
Йўриқнома: Сўровномага инсон, унинг ҳаёт тарзи: кечинмалари, фикрлари, одатлари, хулқ-атвор услуби ҳақидаги ҳукмлар киритилган. Уларни ўз ҳаёт тарзимиз билан нисбатлаш мумкин.
Ҳар бир ҳукмни ўқиб, ўз одатларингизга, ҳаёт тарзингизга солиштиринг ва бу ҳукм Сизга қай даражада тааллуқли эканини баҳоланг. Бунинг учун жавоб варақасидаги «0» дан «6» гача
бўлган 7 та баҳодан, фикрингизга кўра, мувофиқ келган биттасини танланг.
ИПМ /ижтимоий – психологик мослашганлик сўровномаси.
1. Ким биландир суҳбатга киришаётиб, ўзини ноқулай ҳис этади.
2. Бошқалар ёнида очилиб – сочилишга ҳоҳиши йўқ.
3. Ҳар ишда беллашув, мусобақа, курашни ёқтиради.
4. Ўзига нисбатан юқори талаблар қўяди.
5. Кўпинча қилиб қўйган иши учун ўзини койийди.
6. Кўпинча ўзини камситилган сезади.
7. Қарама- қарши жинс вакилларидан кимгадир ёқиб қолиши мумкинлигига шубҳа билан қарайди.
8. Доимо ваъдасининг устидан чиқади.
9. Атрофдагилар билан илиқ, самимий муносабатлар.
10. Босиқ, ичимдагини топ, дейдиган инсон.
11. Омадсизликларида ўзини айблайди.
12. Масъулиятли одам: унга ишонса бўлади.
13. Ниманидир ўзгартириш қўлидан келмаслиги, барча уринишлар фойдасиз эканини билади.
14. Кўп нарсаларга тенгдошлари нигоҳи билан қарайди.
15. Умуман амал қилиш лозим бўлган қоида ва талабларни қабул қилади.
16. Ўз фикри ва қоидалари етишмайди.
17. Хаёл суришни, баъзан куппа- кундузи, яхши кўради. Хаёлларидан ҳақиқатга қийинчилик билан қайтади.
18. Ҳамма вақт ҳимоя ва ҳатто ҳужумга тайёр: хафагарчиликларига асир бўлиб, қасос йўлларини танлаб юради.
19. Ўзини ва хатти – ҳаракатларини бошқара олади, ўзини мажбур қила олади, рухсат эта олади: ўз-ўзини назорат унинг учун муаммо эмас.
20. Тез – тез кайфияти бузилади: дангасалиги тутади.
21. Атрофдагилар уни қизиқтирмайди, бутун хаёли ўзида, ўзи билан овора.
22. Одамлар, одатда унга ёқади.
23. Ўз ҳиссиётидан уялмайди, очиқ ифода этади.
24. Одамлар кўп бўлса, бир оз ёлғизлик сезилади.
25. Ҳозир ўзида эмас, ҳаммасини йиғиштириб, бирор жойга бекиниб олгим келяпти.
26. Одатда, атрофдагилар билан муносабатлари яхши.
27. Ўз – ўзи билан курашиш тобора қийин бўляпти.
28. Атрофдагиларнинг ўз – ўзидан яхши муносабатда бўлиши шубҳалироқ кўринади.
29. Яхшиликка ишонади, оптимист.
30. Қайсар одам, бундайлар билан муроса қилиш қийин.
31. Одамларга нисбатан танқидий қарайди, улар шунга лойиқ деб билса, танқид қилади.
32. Ўзини етакчи эмас, эргашувчи деб билади: ҳамма вақт ҳам мустақил фикрлай ва ҳаракатлана олдмайди.
33. Уни таниганларнинг кўпчилиги унга яхши муносабатда, яхши кўришади.
34. Баъзан шундай фикрлар келадики, бировга айтгинг келмайди.
35. Ташқи кўриниши дилни тортади.
36. Ўзини ожиз билади, кимдир ёнида бўлишига муҳтож.
37. Қарор қилгач, унга амал қилади.
38. Кўринишдан мустақил қарор қилгандай, бировларнинг таъсиридан қутула олмайди.
39. Ўзини айблашга сабаб йўқдай бўлса-да, айбдор ҳис қилади.
40. Ўзини ўраб турган нарсаларни ёқтирмайди.
41. Ҳамма нарсадан мамнун.
42. Ўзини йўқотиб қўйган: ўзини қўлга ололмайди, кучларини жамлай олмайди.
43. Ҳорғин: аввал қизиқтирган нарсаларининг барисига беҳосдан бефарқ бўлиб қолган.
44. Хотиржам, босиқ.
45. Жаҳли чиққанда, тез – тез ўзини йўқотиб қўяди.
46. Кўпинча ўзини хўрланган деб билади.
47. Бетоқат, шошма- шошар одам, босиқлик етишмайди.
48. Ғийбат ҳам қилиб туради.
49. Ҳиссиётларига кўп ҳам ишонавермайди, улар баъзида алдамчи бўлиб чиқади.
50. Ўз -ўзингча қолиш анча қийин.
51. Ҳиссиёт эмас ақл биринчи ўринда, аввал ўйлаб олиб иш кўради.
52. Ўзи билан боғлиқ ҳодисаларни ўз билганича талқин қилади, бир нарсаларни… ўйлаб топиши мумкин.
53. Инсонларга нисбатан босиқ, ҳар кимни борича қабул қилади.
54. Муаммолари ҳақида ўйламасликка ҳаракат қилади.
55. Ўзини қзиқарли одам, шахс сифатида сезиларли деб билади.
56. Тортинчоқ, осонгина ҳовлиқиб қолади.
57. Ишини охирига етказиши учун албатта турткилаб туриш керак.
58. Кўнглида ўзгалардан устун эканини ҳис этади.
59. Бирор нарсада ўзини, ўз “Мен”ини кўрсата олмайди.
60. Бошқаларнинг ўзи ҳақидаги фикридан чўчийди.
61. Шуҳратпараст, омадга, мақтовга бефарқ эмас, ўзи учун муҳим нарсаларда энг яхшилар қаторида бўлишга интилади.
62. Ҳозирги кунда кўп жиҳатдан нафратга лойиқ одам.
63. Фаол, ташаббускор, ғайратли одам.
64. Қийинчиликлар, муракаб вазиятлардан қўрқади.
65. Шунчаки ўзини етарлича қадрламайди.
66. Табиатан етакчи ва бошқаларга таъсир қила олади.
67. Умуман ўзига яхши муносабатда.
68. Қатъиятли одам, ўзиникида қатъий туриш унинг учун муҳим.
69. Ким биландир муносабатлари бузилишини, айниқса бу яққол кўриниш ҳосил қилишини ёқтирмайди.
70. Узоқ вақт қарор қила олмайди, кейин унинг тўғрилигига иккиланиб юради.
71. Ҳаммаси қоришиб, аралашиб кетган, ўзини йўқотиб қуйган.
72. Ўзидан мамнун.
73. Омадсиз.
74. Ёқимтой, ўзига тортадиган одам.
75. Балки ташқи кўриниша унчалик эмасдир, лекин инсон, шахс сифатида ёқиши мумкин.
76. Қарама- қарши жинс вакилларини ёмон кўради ва улар билан ади-бади айтиб юрмайди.
77. Нимадир қилиш керак бўлса, қўрқув эгаллаб олади: эплай олмасам-чи, чиқмаса-чи?
78. Кўнгил хотиржам, тинч, алоҳида хавотирли нарса йўқ.
79. Қатъият билан ишлай олади.
80. Ўсаётгани, улғаяётганини ҳис этади, ўзига ҳам атрофга ҳам муносабати ўзгаряпти.
81. Баъзида ўзи мутлақо тушунмайдиган нарсалар ҳақида ҳам гапираверади.
82. Ҳамма вақт фақат ҳақиқатни гапиради.
83. Ҳавотирда. Нотинч. Асабийлашган.
84. Ниманидар бажаришга мажбур қилиш учун яхшигина қатъиятли бўлиш керак, шунда у ён босади.
85. Ўзига ишонмайди.
86. Кўпинча шароит ўзини оқлашга, ҳаракатларини асослаб беришга мажбур қилади.
87. Ён босадиган, юмшоқ одам.
88. Ақлли инсон, фикрлашни яхши кўради.
89. Баъзан мақтанишни яхши кўради.
90. Қарор қабул қилади-ю, шу заҳоти ўзгартиради, бунинг учун ўзини ёмон кўради, бироқ ҳеч нарса қилолмайди.
91. Ўз кучига ишонишга ҳаракат қилади, бировнинг ёрдамига кўз тикмайди.
92. Сира кечикмайди.
93. Қандайдир сиқиқлик, ички боғлиқликни ҳис этади.
94. Бошқалар ичида ажралиб туради.
95. Унчалик ҳам ишончли ўртоқ эмас, ҳамма нарсада унга суянавериш ярамайди.
96. Ўзини ўзи яхши тушунади, ўзида ҳамма нарса аён.
97. Киришувчан, очиқ одам, бошқалар билан тез чиқишиб кетади.
98. Куч ва қобилиятлари ҳал қилиш лозим бўлган вазифаларга тўла мос келади, ҳаммасини уддалай олади.
99. Ўзини қадрламайди: ҳеч ким уни жиддий қабул қилмайди, нари борса унга ачинишади, тоқат қилишади.
100. Қарама-қарши жинсдагилар хаёлини кўп банд қилишидан хавотирда.
101. Ўзининг барча одатларини яхши деб билади.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*