Физика фанидан атамалар изоҳли луғати (К, Л)

Фи́зика (юнон. φυσικός — «табиий», φύσις (physis) — «табиат») табиий борлиқ ҳақидаги фан бўлиб, коинотни ташкил этувчи асосий таркибларни, унинг моҳиятини тушунтириб берувчи майдон ва унинг хусусиятларини ўрганади. У қуйидаги асосий қисмлардан иборат:

  • Классик механика;
  • Электродинамика ва классик майдон назарияси;
  • fizikaКвант механикаси;
  • Статистик физика ва термодинамика;
  • Оптика ва спектроскопия;
  • Молекуляр физика;
  • Атом физикаси;
  • Квант майдонлар назарияси;
  • Гравитация ва космология;
  • Калибрланган майдонлар ва суперсимметрия.

Физика — табиат хақидаги умумий фан; материянинг тузилиши, шакли, хоссалари ва унинг ҳаракатлари ҳамда ўзаро таъсирларининг умумий хусусиятларини ўрганади. Бу хусусиятлар барча моддий тизимларга хос. Турли ва аниқ моддий тизимларда материя шаклларининг мураккаблашган ўзаро таъсирига тегишли махсус қонуниятларни кимё, геология, биология сингари айрим табиий фанлар ўрганади. Бинобарин, физика фани билан бошка табиий фанлар орасида боғланиш бор. 


K

Калория (лотинча – calor – иссиқлик) – иссиқлик миқдорини СИ гача бўлган ўлчов бирлиги. 1г сувни 1оС иситиш учун зарур бўлган иссиқлик миқдори 1 калория деб аталади. 1кал=4, 187 Жоулга тенг.

Катод – электр занжирининг манфий қутби. Вакуумда метал катод қизиши натижасида электронлар чиқади.

Капилляр (лотинча copilarus – тола, қил) – жуда кичик ингичка толасимон найча.

Капилляр ходисалар – қаттиқ жисм билан суюқликнинг бир бирига тегиб турган чегара сиртида молекуляр кучлар таъсирида юзага келадиган ходисалар.

Квант (немисча – cuantum – сон, миқдор) – микросистеманинг ўзаро таъсирланишида атом, молекула, ядроларнинг ютиши ёки чиқариши чекли (бўлинмас) энергия миқдори, Е=hv ифода билан аниқланади, бунда v – нур частотаси, Е – энергия миқдори, h = 6, 6285.10 — 34ж. с ўзгармас сон, Планк доимийси дейилади.

Квази (лотинча-kuasi – хеч нарса бўлмагандек, гўё) – қўшма сўз бўлаги, сохта, ёлғондаким, ясама каби маноларни билдиради.

Квази стационар жараён (процесс) – чегараланган бирор системада ўтадиган ва ундан жуда тез тарқалганлигидан система ҳолати ўзгармай қоладиган холат.

Квази стационар ток – секин ўзгарувчан ток, унинг магнит майдони хар бир он учун ўзгармас токнинг магнит майдонига тенг. Унга ўзгармас ток қонунларини тадбиқ қилиш мумкин.

Квант генератор – электомагнит тўлқинлар генаратори. Молекула, атомлар ташқи таъсири ёрдамида мажбурий қўзғатилиб, қўзғалган молекула, атомлардан чиқадиган нурлардан фойдаланилади (мазерлар, лазерлар).

Квант механикаси – ўта қисқа тўлқин, жуда кичик массали зарралар (элементар заррачалар) ва улар системасининг ҳаракати ва ўзаро таъсири хақидаги фан (назария).

Квант сонлар – квант система (атом ядроси, элементар заррачалар) шунингдек элементар заррани ифодаловчи физик катталикларга хос бутун ёки ярим бутун сонлар (0, 1, 2. . ., 1/2, 3/2, 5/2. . . ).

Квант электроникаси – мажбурий нурланиш ходисасидан фойдаланиб электромагнит тебранишларини кучайтириш ва генерациялаш усулларини, шунингдек квант генераторлари ва кучайтириш қурилмаларини ўрганадиган физиканинг бўлими.

Квант ўтишлар – квант механикаси қонунларига бўйсунувчи системанинг бир энергетик сатҳидан иккинчи энергетик сатҳга ўтиши. Бунда квант энергия чиқаради ёки ютади.

Кварклар – нуклонларни ташкил қилувчи фаразий заррачалар. (протон, нейтронлар кварклардан ташкил топади деган фараз бор).

Кварц генератори – кам қувватли юксак частотали турғун электр тебранишлар ҳосил қилувчи генератор. Кварц генераторида тебраниш системаси вазифасини кварц (минерал SiO2) пластинкаси ўтайди.

Кварц лампаси – электр энергияси ёрдамида ультробинафша нурлар хосил қилувчи манба.

Кварц соати – вақтни катта аниқлик билан ўлчаш учун мўлжалланган соат.

Килограмм – масса ўлчов бирлиги. Эталон платинаиридий қотишмасидан қилинган маҳсус цилиндр. Цилиндр баландлиги, диаметрга тенг, 39мм (миллиметр).

Киловатт – соат – 1 киловатт қувватни 1 соатда бажарган иши. 1000 ватт*3600 сек= 6 миллион ватт. сек (жоул).

Кирхгоф қоидалари – тармоқланган электр занжири учун ўзгармас ток ва кучланишлар орасидаги муносабатни ифодалайдиган қоидалар.

Кирхгофнинг нурланиш қонуни – жисмнинг иссиқлик нурланиши хақидаги қонун. У жисмнинг энергия ютиши ва чиқариши орасидаги боғланишни ифодалайди. Хар қандай жисмнинг энергия ютиши, чиқариши ҳароратига ва нур частотасига боғлиқ.

Клапейрон тенгламаси – идеал газ ҳолатини аниқловчи тенглама. PV=RT бунда P – босим, V – хажм, R – газ доимийси, T – Кельвин шкаласи бўйича ҳарорат R=8. 31ж/мол.К.

Клапейрон – Менделеев тенгламаси (одатда Менделеев – Клапейрон дейилади) Клапейрон тенгламасини Д. Менделеев томонидан тўлдирилиб, мукаммал холга келтирилган, идеал газ ҳолатини аниқловчи тенглама PV=m/м RT. Бунда P – газ босими, V – газ турган идиш хажми, m – газ массаси, м (мю) – газнинг моляр массаси, Т – газ ҳарорати, R – газ доимийси бўлиб, у ўзгармас сон. 8. 31 ж/моль К.

Когерентлик (лотинча koharens – алоқадаги, боғлиқликдаги) – икки тўлқин жараённинг қўшилиши натижасида умумий жараённинг кучайиши ёки сусайиши.

Когерент тўлқинлар – иккита ёки бир неча, частотаси, амплитудаси, фазалари бир хил бўлган тўлқинлар, когерент тўлқинлар алоҳида – алоҳида манбалардан тарқалиши мумкин ёки физик усуллар билан уларни ажратиб яна қўшиш мумкин.

Код – турли хабарларни (информация) – узатиш, ишлаш ва сақлаш учун мўлжалланган шартли белгилар системаси.

Код импульсли модуляция – узатилаётган сигнал параметрларини ўзгартириш, код импульсли модуляция шовқинларни йўқотишда (хосил қилишда) хозирги замон алоқа системалари, космик алоқа телемеханикада қўлланилмоқда.

Коинот – замон ва макон билан чекланмаган хаддан ташқари хилма хил шакл ва мазмунга эга борлиқ. Одатда коинот деб Ердан ташқари маконлар тушунилади.

Коллиматор – оптик линзалар системаси, призмали спектрал асбобларда параллел нурлар дастасини олиш учун ишлатиладиган қисм.

Кома – оптик системалардаги абберацияларнинг бири. Линзанинг фокус нуқтаси аниқ бир нуқта (шарча) бўлмай чўзиқроқ (қовунсимон) бўлади. Натижада тасвирда нуқсон (кома) хосил бўлади.

Компрессор – ҳаво ёки газни сиқадиган ва босим остида узатадиган қурилма. Тузилишига кўра поршенли, ротацион, марказдан қочирма, ўқ ва оқимли. Сиқиладиган газ холига қараб ҳаво, кислород компрессорлари, босимга қараб паст, ўрта ва юқори босимли хилларга бўлинади.

Комптон эффекти – юқори энергияли электро магнит тўлқинлар электронлар билан тўқнашиб сочилганда тўлқин узунлигининг ўзгариши. Нурларнинг одатдаги сочилишида нур жисм билан тўқнашиб йўналишини ўзгартиради, энергияси ўзгармайди. Комптон эффектида тўқнашган нурнинг энергияси камаяди, частотаси камаяди.

Конвекция – атмосфера, ҳаво қатламининг алмашиниши.

Конвекция токи – зарядланган жисмлар кўчганда электр зарядини ўзи билан бирга кўчиши. Ўтказувчанлик токда заряд жисмга нисбатан кўчади, жисм ичида тартибли ҳаракат қилади.

Конденсатор (лотинча-зичламоқ, қўйилтирмоқ) – 1) электротехникада ўтказгич сиртлар ва улар орасига қўйиладиган изолятор (диэлектрик)лар системасидан иборат физик қурилма. Конденсатор электр манбаига уланганда ўтказгич сиртларида икки хил ишорали зарядлар тўплайди. Заряд тўплашига кўра конденсатор сиғими хар хил бўлади. Сиғим бирлиги фарада. Қандай материалдан ясалганига қараб электролитли, қоғозли, керамикли, сегнетокерамикли, ярим ўтказгичли, ҳаволи хиллари мавжуд. Шакли ҳам хар хил бўлади (ясси, цилиндрик, сферик). 2) Иссиқлик техникасида бирор модда буғини суюқликга айлантирувчи аппарат.

Контакт – бир бирига тегиб туриш, бирор нарсаларни туташ юзаси.

Конденсация (лотинча condensatio – қуйиқланиш) – газ ҳолидаги модданинг совиб ва сиқилиб суюқ ёки қаттиқ холга ўтиши. Конденсация – буғланишнинг тескариси.

Контакт пайванд – электр пайванд усулларидан бири. Металларнинг бир бирига бириктириладиган учлари электр токи ёрдамида қиздирилади ва катта куч билан сиқилади.

Контакт потенциаллар айирмаси – бир бирига пайванд қилинган икки хил метал учларида вужудга келадиган потенциаллар фарқи. Бир металдан иккинчисига электронлар ўтиб (квант қонунлари асосида) бири мусбат, иккинчиси манфий зарядланиб потенциал фарқи хосил бўлади. Вольта шундай металлар қаторини туздики бу қаторда хар бир метал ўзидан кейин турадиган металга пайвандланса у мусбат зарядланади (Al, Zn, Sn, Cd, Pb, Sb, Bi, Hg…)

Кристаллар (юнонча- cristalos – муз) – кўп ёқли шаклларга эга бўлган симметрик қаттиқ жисмлар.

Критик босим – критик ҳолатдаги модда ёки моддалар аралашмаси босими. Хар бир модданинг ҳусусий критик босими мавжуд. Критик босим модданинг физикавий доимийси хисобланади.

Критик масса – кетма-кет (занжирли) ядро реакциялари ўз-ўзидан давом этиб туришига имкон берадиган минимал радиоактив модда массаси. (радиоактив модданинг минимал массаси). Критик масса занжирли реакциясида ҳосил бўладиган нейтронларнинг кўпайиш коеффициентига боғлиқ. Критик масса миқдори реакторнинг ўлчам ва шаклига боғлиқ система ўлчами ортиши билан кретик масса ҳам тез ортади. Собиқ Иттифоқда қурилган биринчи реактор учун уран-235 радиоактив изатопнинг критик массаси 315 кг бўлган.

Критик нуқта – модда ҳолати диаграммасида критик ҳолатга мос келувчи нуқта. Икки фазали система фазаларининг ўзаро мувозанатда бўлиш нуқтаси. Масалан, сув учун харорат Т=647 К, босим Р=218,3 атм, хажм V=56•106 м3/моль бўлганда сув билан унинг буғи ўзаро мувозанатда бўлади.

Критик харорат – критик ҳолатдаги модданинг харорати. Ҳар бир модданинг ҳусусий критик харорати мавжуд. Критик харорат модданинг физикавий доимийси хисобланади.

Критик хажм – критик ҳолатдаги модданинг солиштирма хажми. Ҳар бир модда ҳусусий критик хажмга эга. Масалан, сувнинг критик хажми 3,20 см3/г. Модданинг суюқ ҳолатдаги хажми шу модданинг критик хажмидан катта бўлаолмайди. Критик ҳолатда модданинг суюқ ва газ фазалари солиштирма хажми тенглашади.

Критик ҳолат – модданинг суюқ ва газсимон фазалари статик мувозанатда, зичликлари эса бир хил бўладиган ҳолати. Модда ҳолатининг фазавий диаграммасида критик ҳолатга мос нуқта критик нуқтадир. Системанинг шу нуқтадаги параметрларини критик параметрлар дейилади. Тк – критик ҳарорат, Рк – критик босим, Vк – критик хажм.

Кюри – радиоактив модданинг нурланиш ёки активлигини (парчаланишини) аниқлайдиган физик катталик бўлиб ҳисобланади. 1 кюри =3,7·1010 та парчаланиш секундига.

Л.

Лазер (“Light Amplification by Stimulated Emission of Radiation” – мажбурий нурланиш туфайли ёруғликни кучайиши) – инглизча сўзларнинг бош харфлари. Лазер фанда оптик квант генератори дейилади.

Ламинар оқим (лотинча ламина – қатлам) – суюқлик ва газнинг тартибли (қатламли) охиста оқиши.

Локализация (лотинча-локалус – махаллий) – бир нарсани маълум жойга мансублиги. Ходиса, жараённинг муайян доирада чекланганлиги. Масалан тўлқин, электронлар локализацияси, локаллашган жараёнлар.

Ўхшаш мавзулар:

2 thoughts on “Физика фанидан атамалар изоҳли луғати (К, Л)

    1. admin Мавзу муаллифи

      Ассалому алайкум. Маълумотлар фақат бирламчи танишиш учун қуйилган. Ўтган йилларда сайт маълумотлари бошқа сайтларга кўчирилганлиги сабабли нусха олиш ёпиб қуйилган.

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*