Миллий интернет танловига 1249 та ариза келиб тушди

Жорий йилда 4-маротаба ўтказилаётган “MIT.uz” — миллий интернет танловига 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган веб дастурчи, дизайнер, робототехник, журналист ҳамда блогерлардан 1249 та ариза келиб тушди. 2015 йили саккиз юздан зиёд ариза қабул қилинганини инобатга олсак, жорий йилда танловга қизиқиш янада ошганини кўриш мумкин. Умуман, “MIT.uz”га асос солингандан буён келиб тушган аризалар сони 4449 тани ташкил этади. 2013—2015-йилларда 82 нафар иштирокчи совриндор бўлган.

mit-uz

Низомга кўра танлов уч босқичда ўтказилади. Булар: танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш, ғолиб ва совриндорларни саралаш ҳамда тақдирлаш босқичларидир. Биринчи босқич 2016 йилнинг 1 ноябрда якунланди. Айни пайтда иккинчи, яъни ғолиб ва совриндорларни саралаш босқичи давом этмоқда.

Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари Ташкилий қўмита тасдиқлаган эксперт гуруҳи ва ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланади. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари қуйидаги учта кичик ишчи гуруҳларга бўлинган ҳолда 2016 йилнинг 10 ноябригача номзодларнинг ишларини баҳолайди:

«Мазмундорлик ва интерфаоллик» ишчи гуруҳи (гуруҳ таркибига журналистлар, реклама ва ПР бўйича мутахассислар киради);

«Дизайн ва қулайлик» ишчи гуруҳи (гуруҳ таркибига рассом, дизайнер ҳамда сайтнинг қулайлигини аниқлаш бўйича мутахассислар киради);

«Функционаллик, технологик имконият ва хавфсизлик» ишчи гуруҳи (гуруҳ таркибига малакали дастурчилар ва тармоқ администраторлари киради).

Ишчи гуруҳлар аъзолари сайт (номинант)ни фақат ўз йўналиши бўйича баҳолайди. Сайтлар (иштирокчиларнинг ижодий ишлари) ҳакамлар ҳайъати томонидан 10 баллик тизимда баҳоланади. Ишчи гуруҳларнинг ҳар бир аъзоси ҳар бир номзодга ўз баҳосини қўяди. Ҳар бир сайт (иштирокчининг ижодий иши)га ишчи гуруҳлар томонидан қўйилган ўртача балл келтириб чиқарилади.

Танловнинг асосий ва қўшимча номинациялари ғолиб ҳамда совриндорлари эксперт гуруҳи ҳамда ҳакамлар ҳайъати томонидан қўйилган баҳоларга қараб аниқланади. Башарти баҳолар тенг бўлиб қолганда, ўз сайтида «МИТ.уз» миллий интернет танлови иштирокчиси” деган ёзувни жойлаштирган иштирокчи ғолиб деб топилади.

Дарвоқе, низомда белгиланишича, танловнинг асосий номинацияси ғолиби аниқланмаслиги ҳам мумкин. Хусусан, муайян номинация бўйича танловга топширилган ишларнинг ҳеч бири талабга жавоб бермаган тақдирда (агарда тўпланган жами баллар миқдори 5 баллдан паст бўлса) ташкилий қўмитанинг қарорига мувофиқ ғолиб аниқланмайди. Шунингдек, тегишли номинацияда иштирок этувчилар сони 5 тадан кам бўлса ҳамда улар орасидан биринчи ўринга муносиби топилмаса, шу номинация(лар) бўйича ҳам ғолиб аниқланмайди.

Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш ноябрь ойининг охирги ҳафтасида тантанали суратда ўтказилади. Тақдирлаш маросимининг куни ва жойи ташкилий қўмита қарорига асосан белгиланади ва www.mit.uz сайтида эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур танлов ҳар йили “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбектуризм” Миллий компанияси, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ташкил этилади. Уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшлар учун мўлжалланган ижобий мазмундаги энг яхши интернет ресурсларни яратиш, кўпайтириш, мавжудларини аниқлаш ва рағбатлантириш, веб-ресурсларни яратувчилар диққат эътиборини интернет технологияларидан масъулиятли, ахборот маданияти талаблари доирасида ҳамда хавфсиз фойдаланиш муаммосини ҳал этиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ва ривожлантиришдан иборат.

манба: www.tafsilot.uz

Ўхшаш мавзулар:

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Расмдаги белгиларни киритинг

*