Билимлар беллашуви низоми (янги) | «Умид» ИДУМ

Билимлар беллашуви низоми (янги)

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги 203-сонли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 26 февралдаги “Халқ таълими муассасаларини молиялаштириш механизмини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-3857-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 226-сонли ва 2011 йил 1 мартдаги “Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида”ги 52-сонли қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, умумтаълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини (кейинги матнларда беллашув) ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайди.

Умумтаълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашувини ташкил этиш тўғрисида
низом

(Халқ таълими вазирлигининг 2014 йил 17 ноябрдаги 318- сонли буйруғига 1- илова)

I. Умумий қоидалар

1. Беллашув ўқувчиларнинг қобилият ва иқтидорларини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш билан биргаликда мактабларда соғлом рақобатни шакллантириб, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини ривожлантириб, умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандартлари талабларини сифатли бажарилишини таъминлайди.

2. Беллашув халқ таълими тизимидаги барча умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилади ва мазкур Низом асосида амалга оширилади.

3. Беллашув Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари томонидан ўтказиладиган Давлат таълими стандартлари мониторинги жараёнининг ажралмас қисми ҳисобланади.

II. Беллашувнинг мақсад ва вазифалари

4. Беллашувни ташкил этишдан мақсад умумий ўрта таълим муассасаларида Давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг бажарилиш ҳолатини мунтазам ўрганиб, таҳлил қилиб бориш, ўқувчилар билимларидаги бўшлиқларни тўлдириш чораларини кўриш, ўқувчиларнинг иқтидор, қобилиятларини қуйи синфлардан бошлаб ривожлантириб, тизимли равишда уларни халқаро олимпиада ва танловларга тайёрлаш ҳамда жамоаларнинг натижалари асосида таълим муассасасалари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолиятига таълим сифати асосида баҳо бериб, рейтингини аниқлашдан иборат.

5. Беллашувнинг асосий вазифалари:

  • умумий ўрта таълим тизимида Давлат таълим стандартларининг бажарилишини назорат қилиш, ўқувчиларда билим, кўникма ва малакаларнинг шаклланишини мунтазам равишда таҳлил қилиш;
  • ўқувчилар билимларида аниқланган бўшлиқлар ва уларни келтириб чиқарган омилларнинг бартараф этиш чораларини кўриш;
  • ўқувчиларнинг иқтидорини ўз вақтида аниқлаш, уларнинг қобилиятларини рўёбга чиқариш учун етарли шарт-шароит яратиш;
  • ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари, мактаб раҳбарияти, педагогик жамоаларнинг таълим сифатини оширишга бўлган масъулиятлари ва фаолликларини кучайтириш;
  • ўқувчиларнинг ўқув фанларига бўлган қизиқишларини ошириш, уларни касбга йўналтириш ва таълимнинг кейинги босқичига тайёрлаш;
  • юқори натижага эришган ўқувчилар, уларнинг ўқитувчилари ва мактаб педагогик жамоасини рағбатлантириш орқали тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш;
  • натижалар асосида ўзлаштирилиши қийин бўлган билимлар ёки жамият ва фан-техниканинг ривожланиши билан боғлиқ янгиликлар асосида ўқув дастурларига ўзгартиришлар киритиш ҳамда ўқитиш методикаси бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

олимпиада2

III. Беллашувни ўтказиш тартиби

6. Беллашув ҳар ўқув йили умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган фанлардан 5-синф ўқувчилари учун уч босқичда, 6-8-синф ўқувчилари учун (қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан ташқари) тўрт босқичда ўтказилади.

Беллашув дарс жараёни ва ўқув режадаги дарс соатларини бажарилишига халақит бермаслиги ҳамда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида таътиллар вақтида қуйидаги муддатларда ташкил этилади:

а) Биринчи (мактаб) босқич қишки таътил вақтида январь ойининг биринчи ўн кунлигида;

б) Иккинчи (туман, шаҳар) босқич баҳорги таътил вақтида март ойининг охирги ўн кунлигида;

в) Учинчи (Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят) босқич май ойининг учинчи ўн кунлигида;

г) Тўртинчи (республика) босқич июнь-июль ойида “Интеллектуал ривожлантириш” оромгоҳининг навбатлари муддатларига мос равишда ташкил этилади.

7. Белгиланган фанлар ва синфлар бўйича беллашувларнинг барча босқичларида юқори балл тўплаб 1-ўринни эгаллаган бир нафар ўқувчи ғолиб, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар эса совринли ўринни эгаллаган ўқувчилар деб ҳисобланади.

8. Биринчи босқичда умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари қизиқиши, қобилияти ва хоҳишларига қараб 1-иловада кўрсатилган фанлар бўйича иштирок этадилар. Беллашувларнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи босқичларида белгиланган фанлар ва синфлар бўйича бир нафардан аввалги босқичларда 55 балдан юқори балл тўплаб, ғолиб деб топилган ўқувчилар иштирок этади.

9. Умумий ўрта таълим мактаблари ва айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун билимлар беллашувлари ягона ёндашув асосида ўқув дастурларига ажратилган дарс соатларининг миқдорини инобатга олган ҳолда алоҳида-алоҳида ташкил этилади.

10. Ваколатли органларнинг қарорлари билан ташкил этилган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларида билимлар беллашувининг биринчи босқичида ғолиб бўлган ўқувчилар муассасанинг қайси халқ таълими бошқаруви органига бўйсунишидан қатъий назар беллашувнинг иккинчи босқичидан бошлаб умумий тартибда иштирок этадилар.

Беллашувлар иккинчи бочқичдан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун алоҳида, умумтаълим муассасалари учун алоҳида ташкил этилади.

11. Синфлар ва фанлар бўйича ўқув дастурларининг мазмуни ҳамда улардаги мавзуларни ўқишга ажратилган дарс соатларини инобатга олган ҳолда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари учун назорат топшириқлари ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқув дастурлари талаблари асосида, умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун умумий ўрта таълимнинг Давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари асосида тайёрланади.

Беллашувнинг барча босқичлари учун тайёрланган назорат материалларининг 20% гача топшириқлари халқаро фан олимпиадалари ва беллашувлар талаблари асосида тайёрланиши мумкин.

12. Ўтган ўқув йилида беллашувнинг учинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар кейинги ўқув йилида шу фандан тўғридан-тўғри иккинчи босқичда, тўртинчи босқичида 1-ўринни эгаллаган ўқувчилар кейинги ўқув йилида шу фандан тўғридан-тўғри учинчи босқичда ўзлари таълим олаётган синф ва таълим муассасасининг турига мос равишда беллашувда иштирок этадилар.

13. Беллашувларни ўтказиш бўйича Халқ таълими вазирлиги ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ва таълим муассасалари Ташкилий қўмита, Ҳакамлар ҳайъати ҳамда Аппеляция комиссияларини ташкил этадилар.

14. Ташкилий қўмиталар беллашувга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда мазкур Низомда белгиланган талаблар асосида ягона услубий ёндашувни таъминлайди ҳамда Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига кўра ғолибларни аниқлайди, беллашув натижаларини кейинги тур бошлангунча эълон қилади.

15. Халқ таълими вазирлиги ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари беллашувларни тасдиқланган мезонлар ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш чора-тадбирларини белгилайди ва амалга оширади.

16. Ташкилий қўмита томонидан беллашувларнинг бошланиш вақти белгиланади ва беллашувлар бошланишидан энг камида бир ҳафта олдин эълон қилинади. Белгиланган вақтдан кечикиб келган ўқувчи беллашувнинг шу турида иштирок этишига йўл қўйилмайди ва бу ҳақида тегишли далолатнома тузилиб ташкилий қўмита раисига топширилади.

17. Беллашув пайтида ўқувчиларнинг аудиториядан узрли сабабларсиз чиқиши таъқиқланади ва рухсатсиз аудиториядан чиққан ўқувчилар қайта беллашувга қўйилмайди.

 

🔥167 марта кўрилди

3 thoughts on “Билимлар беллашуви низоми (янги)

    1. admin Мавзу муаллифи

      Бу йилдан бошлаб билимлар беллашуви республика босқичи ўтказилмайдиган бўлди. Бу ҳақида тегишли буйруқ чиқарилиб, жойларга вазирлик томонидан юборилган.
      Иложи бўлса, шу ерга буйруқни юклайман.

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*