Ўқувчи соғлиги: сколиозни олдини олиш мумкинми?

СколиозҚишки даврда ўқувчиларда умуртқа поғонасига босим сезиларли даражада ошади. Ўтириб ишлаш доимий ҳолатга айланади. Бундай вазиятда умуртқа поғонаси нотўғри ривожланиши касаллиги – сколиоз хавфи юзага келади. Ота-оналар ушбу муаммога юзаки қарамасдан жиддий эътибор беришлари талаб этилади. Бугунги мақоламизда ушбу касаллик ҳақида батафсил маълумот бермоқчимиз.

Қадди-қомат деганда нимани тушунамиз? У одамнинг вертикал ҳолатини белгилайди. Ҳар кунги турмуш тарзи, кайфият киши қоматининг ўзгаришига сабаб бўлади. Ўқувчиларнинг қадди-қомати тўғри ўсиши унинг партада қай даражада ўтиришига боғлиқ.

Келишган қадди-қомат ҳаётий жараёнда ёмонлашиши мумкин, кўп ҳолларда бу боланинг мактаб даврида, партада нотўғри ўтириши натижасида пайдо бўлади. Бунда боланинг мускул бойлам бирлашмаси ўтиришнинг физиологик ҳолатига мослашиб боради. Мускул ва бойламларнинг таъсирида умуртқа поғонаси функцияси ўзгариб туради. Мускуллар одам танасини нормал ушлаб туришдан ташқари қарама-қарши кучларни (антигравитацион куч) бир-бирига мутаносиб қилиш вазифасини ҳам бажаради. Агар мускуллар яхши ривожланган бўлса, уларнинг ҳаракати бир-бирига мутаносиб (синхрон) бўлади. Бу, ўз навбатида, умуртқа поғонасининг қийшаймасдан тўғри ривожланишига ёрдам беради.

Инсонда суякларнинг ўсиши 18—20 ёшларга бориб деярли тўхтайди ва ҳамма физиологик эгриликлар бу вақтга келиб силлиқланади. Чунки унинг мускул-бойлам бирикмалари, тоғай соҳаси қаватлари жуда ҳам ҳаракатчан ва эгилувчан ҳолатга етади. Шу боис, умуртқа поғонасининг яхши ривожланиши тўғри ва адл қоматнинг тамал тоши эканлигини ҳисобга олган ҳолда айнан мактаб даврида бола қоматининг тўғри шаклланишига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Умуртқанинг физиологик эгриликлари умуртқа поғоналарининг эгилувчанлик хусусиятини оширади ва одамнинг ички аъзоларини ташқи муҳит таъсирларида шикастланишдан асрайди.

Болаларда қадди-қоматнинг тўғрилигини текшириш

Эътибор билан қараганда бу — осон. Бола тик турган ҳолатда ёнбош тарафдан қараб текширилади (у ўзингиздан 1,5—2,0 метр узоқликда бўлиши зарур).

Текшириш пайтида, албатта, бошни тутиб туриш, олдинга ёки орқага эгилганлиги, кўкрак қафасининг формаси, қорин чизиғи, тизза бўғими букилмаси, умуртқанинг бўйин, кўкрак ва бел эгрилиги эътиборга олинади.


Боланинг юзма-юз қараб турган ҳолатидаги текширувда эса унинг елка соҳаси бир хил эканлигига эътибор қилиш зарур. Орқа билан турган ҳолатда текширилганда унинг елкаси, кўкрак пастки бурчагининг бир хиллиги ва умуртқадан бир хил узоқликда эканлиги кўздан кечирилади. Сўнгра бола олдинга 900 эгилтирилиб текширилади (тизза букилмайди, қўл осилиб туради). Бунда курак соҳаларининг икки ярми ҳам бир хиллиги ёки чап ё ўнг курак соҳасининг бўртиб чиққанлигини кўриш мумкин.

Сколиоз

Болалардаги қадди-қомат нуқсонларидан бири сколиоз касаллигидир. Бу касаллик умуртқанинг ўнг ёки чап ён тарафга қийшайиши натижасида пайдо бўлади. Касаллик фақат умуртқа поғонасининг хасталиги эмас, балки бир бутун организмда чуқур ўзгаришлар бўлиши билан фарқланади. У секин ривожланади, беморни безовта қилмайди. Натижада касаллик кеч аниқланади. Шунинг учун ҳам уни даволаш ниҳоятда қийин кечади.

Сколиоз касаллигига чалинган бола тез чарчайди, бир жойда узоқ ўтирганда, кўп юрган пайтда умуртқа поғонасида оғриқ сезади.

Сколиоз касаллиги:

1) Ёйсимон

2) С — симон турлари учрайди.

Касаллик оғир-енгиллигига қараб, 4 даражали бўлиши мумкин:

1-даражали сколиоз — енгил тури бўлиб, текширилганда умуртқа қийшиқлиги бола горизонтал ҳолда ётганда йўқолади.

2-даражали сколиозда — бола текис жойда ётган пайти ҳам қийшиқлик йўқолмайди. Кўкрак ва бел соҳасида қийшиқлик натижасида мускул ўрами ёки бўртмасини аниқлаш мумкин.

3-даражали сколиозда эса танада мўътадиллашган қийшиқлик кузатилади. Бундай сколиозда букрилик пайдо бўлади. Тос суягининг қийшайиши натижасида оёқнинг функционал калталиги кўзга ташланади. Бола ён тарафга эгилиб, ўша калталикни йўқотишга ҳаракат қилади.

4-даражали сколиоз — касалликнинг энг оғир кўриниши бўлиб, боланинг ички аъзоларида патологик ўзгаришларга олиб келади. Оёқ соҳаларида фалажлик, невралгия, парез қайд қилинади. Касалликни даволамаса, унинг хуружи натижасида умуртқанинг ўз ўқи атрофида айланиб кетиши асосида яна ҳам мураккаб деформацияловчи асоратларга олиб келиши мумкин. Бундай нуқсонлар ўз-ўзидан боланинг ички аъзолари жойлашган жойидан у ёки бу тарафга силжишига сабаб бўлади ва уларнинг функцияси бузилади. Ўпка, юрак-қон темир системаси зарарланади. Агар беморга ўз вақтида, касалликнинг бошланғич даражаларида ёрдам берилмаса, келажакда у ногирон бўлиб қолиши мумкин.

Сколиоз касаллиги қиз болаларда ўғил болаларга қараганда уч баробар кўпроқ учрайди. Шуни қайд этиш керакки, тенгдошлари томонидан шундай нуқсонлар мазах қилиниши оқибатида ҳеч кимга қўшилмайдиган, одамови, жаҳлдор ва тез хафа бўладиган бўлиб қолиши мумкин.

Қадди-қоматнинг бузилишларига олиб келувчи омиллар талайгина. Рахит, камқонлик, нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши, юқумли инфекцион касалликлар шулар жумласидандир.

Бу омилларнинг вужудга келишига, энг аввало, яхши овқатланмаслик, очиқ ҳавода сайр қилмаслик, етарли вақт ухламаслик, спорт билан шуғуланмаслик, мактабда парталарнинг болаларга мос келмаслиги сабаб бўлади.

Сколиоз касаллигининг олдини олиш мумкинми?

Қадим замонда бир киши фарзандини тарбиялашда маслаҳатлашиш мақсадида донишманд ҳузурига келибди. Шунда доно ҳамма гапдан воқиф бўлгач, у кишига бола тарбиясида анча кечикканлигини айтибди ва фарзанд тарбиясини туғилганданоқ бошлаш кераклигини уқтирибди. Ҳа, шундай! Қиссадан ҳисса шуки, ота-оналар боласининг қадди-қоматида нуқсонлар бўлмаслиги учун улар туғилганидан бошлаб қайғуриши зарур. Болани 6 ойгача ўтирғизмаслик керак, 3 ойликдан эса уни тез-тез қоринга ётқизиш мақсадга мувофиқдир. 9 ойгача болани оёққа қўйишга шошилмаслик тавсия этилади.

Болани бир қўлидан етаклаб юриш тавсия этилмайди, иложи борича ўзи юриши зарур, акс ҳолда умуртқа поғонасига оғирлик тушиб, баъзи нуқсонларни келтириб чиқариши мумкин. Болаларга гимнастик машқлар қилдириш ижобий натижаларни беради.

Мактабгача ёшдаги болалар кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиши, турли ўйинлар ўйнаши лозим. Агар болада рахит касаллиги аниқланса, ота-она дарров болалар шифокорига мурожаат қилиши ва маслаҳатлар олиши шарт.

Қадди-қоматнинг профилактикаси учун албатта, 2—3 ёшдан бошлаб комплекс гимнастика машқларига эътибор бериш, 3 ёшдан бошлаб чана ёки чанғи учишни ўргатиш яхши самараларга олиб келади. .

Энг асосий масала болаларнинг поябзалига қаратилиши зарур. Оёқ кийимлари катта ҳам, кичик ҳам бўлмаслиги керак. Агар ясси оёқлилик мавжуд бўлса, албатта, стелка –супинатор билан пояфзал кийиш тавсия этилади.

Бола стулда дарс қилаётган пайтда бир оёғини тагига қўйиб ўтирмаслиги керак, чунки бунда тананинг мутаносиблиги бузилади ва бу умуртқа поғонасининг нотўғри ривожланишига олиб келади. Яна болага ёни билан ётиб, китоб мутолаа қилишни таъқиқлаш зарур.

Ўқишда, ёзишда бола стулга суянган ҳолда қўлни кўкрагининг олдига қўйиб ўтириши, ўтирғич баландлиги болдирнинг узунлигига тенг бўлиши шарт. Ёруғлик фақат чап тарафдан тушиши, китоб ва дафтарга эгилмасдан масофани сақлаб ўтириш талаб этилади. Бу масофа шундай: тирсакни столга қўйган ҳолда қўл бармоқлари учини кўзнинг ташқи бурчагига олиб келиши керак. Ана шундай сурат ўқувчининг кўз олдига доска ёнига илиб қўйилса, мақсадга мувофиқ.

Қадди-қоматнинг нуқсонларини даволаш

Бола қоматидаги нуқсонларни бартараф этиш шифокор-ортопедлар, болалар шифокори, педагоглар, тарбиячилар олдидаги муҳим вазифалардан биридир.

Бундай пайтда муҳим режалар ишлаб чиқилади:

— Кроватдаги кўрпача тагига фанердан ясалган тахтача қўйиш ва унда болани орқаси ёки қорни билан ётишга ўргатиш;
— ўз вақтида овқатланишни йўлга қўйиш;
— сумкани орқага осиб юрадигани билан алмаштириш;
— боланинг кўриш ва эшитиш ҳолатини шифокорга текширтириш;
— кунлик режимни назорат қилиш, сайрга чиқиш, етарли уйқу ҳар доим бир хил вақтда бўлишини таъминлаш;
— мактабда синф раҳбари ва шифокор билан тез-тез мулоқотда бўлиш;
— боланинг синф партасида ўтиришини назорат қилиш;
— болага оғирроқ нарсаларни кўтартирмаслик;
— эрталабки бадантарбияга одатлантириш;
— шифокор-ортопед кўрсатмасига биноан даволаш гимнастикаси билан шуғулланишини ташкил этиш;
— сув спорти, чанғи учиш фойдали эканлигини тушунтириш каби бир қатор тартибларга амал қилдириш лозим.

Юқоридаги зикр этилган барча тавсиялар ҳаётга татбиқ этилгандагина болаларнинг фаол ривожланишини, ўсишини таъминлайди. Бу мавжуд нуқсонларни маълум босқичда тўхтатади ёки бутунлай олдини олади.

Биринчи президентмиз Ислом Каримов Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашининг йиғилишларидан бирида юртимизда соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш борасида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида болаларимизнинг ўртача бўйи, вазни ва кўкрак қафасларининг сезиларли даражада ижобий томонга ўзгариб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтгандилар. Таҳлилларга кўра, айни пайтга келиб 13-14 ёшли ўғил болаларнинг ўртача бўйи 2004 йилга нисбатан 1,9 сантиметрга, қизларники эса 1,2 сантиметрга ўсган. Ушбу ёшдаги ўғил болаларнинг ўртача вазни 3,3 килограммга, қизларники эса 2 килограммга ошган. Шунингдек, 2007 йил “ЎзЭкспоМарказ”да бўлиб ўтган ўқув жиҳозлари кўргазмасида ҳам Юртбошимиз барча ўқув жиҳозлари ўқувчи саломатлиги ўйланган ҳолда тайёрланиши лозимлиги, ўқувчи партаси, сумкасини ишлаб чиқаришда бола қадди-қоматининг тўғри шаклланишини ҳисобга олиш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтганди. Президентимизнинг кўрсатмаларига асосан бу йўналишда салмоқли ишлар амалга оширилдики, умумтаълим муассасаларида ўқувчининг психологик, жисмоний ва физиологик ҳолатларидан яхши хабардор бўлган олий маълумотли мутахассислар билан таъминланаётганлиги, мактабларда саломатлик сабоқлари каби дарсларнинг ўтилаётганлиги ҳам ана шу эътиборнинг бир кўринишидир.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*