Физика фанида учрайдиган атамалар изоҳли луғати (М – П)

Фи́зика (юнон. φυσικός — «табиий», φύσις (physis) — «табиат») табиий борлиқ ҳақидаги фан бўлиб, коинотни ташкил этувчи асосий таркибларни, унинг моҳиятини тушунтириб берувчи майдон ва унинг хусусиятларини ўрганади. У қуйидаги асосий қисмлардан иборат:

  • Классик механика;
  • Электродинамика ва классик майдон назарияси;
  • fizikaКвант механикаси;
  • Статистик физика ва термодинамика;
  • Оптика ва спектроскопия;
  • Молекуляр физика;
  • Атом физикаси;
  • Квант майдонлар назарияси;
  • Гравитация ва космология;
  • Калибрланган майдонлар ва суперсимметрия.

Физика — табиат хақидаги умумий фан; материянинг тузилиши, шакли, хоссалари ва унинг ҳаракатлари ҳамда ўзаро таъсирларининг умумий хусусиятларини ўрганади. Бу хусусиятлар барча моддий тизимларга хос. Физика фани билан бошқа табиий фанлар орасида боғланиш бор. 


М

Магнит (юнонча – магнетус, литос – магнезия тоши) магнит майдон қила оладиган жисм. Магнит ўзига темир, никел ва темир аралашмалари бўлган жисмларни ўзига тортиш хусусиятига эга. Табиий ва сунъий магнитлар мавжуд.

Магнетизм – электр токларининг ўзаро таъсири, токлар ва магнитлар ёки магнит мамен,тига эга бўлган жисмлар орасидаги жараёнларда содир бўладиган ходисалар. Бу таъсир магнит майдонига боғлиқ.

Магнетит – магнит темиртош. Минерал. (FeO, Fe2O3)

Магнето-калорик эффект – магнетик жойлашган магнит майдони кучланганлиги адиабатик ўзгарганда магнетик температурасининг ўзгариши.

Магнетон – атом ва ядро физикасида магнит момент бирлиги. Атом физикасида Бор магнетони муҳим аҳамиятга эга. У «μю» билан белгиланади.

Магнето – ўзгарувчан ток магнито электр генератори. Ўт олдириш «свечаси» электродлари орасида электр разрядлари ҳосил қилиб беради. (ички ёнув двигателларда «свечани» ишга соладиган қурулма)

Магнето қаршилик, magnito rezistiv effect – ташқи магнит майдони таъсирида қаттиқ ўтказгичнинг электр қаршилигини ўзгариши.

Магнит барабан – рақамли ҳисоблашг машинасининг хотира қурулмаси. Магнит материал қатлами билан қопланган ва ўзгармас бурчак тезлик билан айланадиган цилиндр ахборот элтувчи ҳисобланади.

Магнит бирликлар – магнит майдонини ва жисмларнинг магнит ҳоссаларини характерловчи физик катталикларни ўлчов бирликлари.

Магнит бўрони – ер магнит бўронининг кескин ўзгариши. Ер юзасининг катта худудларида, баъзан бутун ер юзида кузатилади. Компас стрелкаларининг тўлқинланиши («бесабаб» тебраниши)га сабаб бўлади.

Магнит диполь – қарама-қарши ишорали (±m) магнит «заряд» йўқ, бу тушунча моддаларнинг магнит хоссаларини тушунтириш учун шартли киритилган. Магнит диполь, магнит «заряди» m билан магнит моменти l кўпайтмасига тенг. P= ml.

Магнит диск – рақамли ҳисоблаш машинасидаги хотира қурулмасидан бир тури. Магнит қоплама диск кўринишида бўлади.

Магнит занжири – магнит оқимини маълум томонга йўналтириб борадиган қурилма. Ферро – магнит жисмлар кетма-кетлиги.

Магнит заряди – жисмларнинг магнит майдонларини миқдорий ўрганишда ишлатиладиган шартли ибора. Электр заряд тушунчасига қиёслаб киритилган.

Магнит индукция – магнит оқими таъсирида жисмларнинг магнит майдонини, магнит оқимини ҳосил бўлиши. Магнит индукция майдон ҳосил бўладиган муҳитнинг хоссасига боғлиқ. Магнит индукция макроскопик (муҳитга нисбатан ташқи) ва микроскопик (муҳит молекулалари ҳосил қилган) токлар вужудга келтирган тўла магнит майдонининг кучланганлигидан иборат.

Магнит линзалар – аниқ симметрик магнит майдонини ҳосил қилувчи қурилма. Магнит линзалар зарядли зарраларни йўналишини ўзгартиришда, тўплашда, сочишда ишлатилади.

Магнит майдони – магнит моментли жисмлар ва харакатланаётган зарядли объектларга таъсир қиладиган куч майдони ёки магнетик жисмларнинг таъсир қиладиган куч майдони.

Магнит материаллар – магнет майдонида тўйингунча магнитланадиган ва қайта магнитланадиган материаллар.

Магнит моменти – моддаларнинг магнит хоссасини ифодалайдиган катталик. Атом, молекулаларнинг электрон қобиқлари, атом ядроси элементар зарралар магнит моментига эга.

Магнит резонанс – модданинг маълум бир узунликдаги электро магнит тўлқинларини интенсив кучли ютиши. Магнит резонанс ходисаси асосан 4 турга бўлинади: ядро-магнит резонанс, электрон паромагнит резонанс, ферромагнит резонанс, антиферромагнит резонанс.

Магнит сингдирувчанлик – ташқи магнит майдон таъсирида модданинг магнит моментини ўзгартира олишини ифодаловчи физик катталик. Бирлик хажмдаги модда магнитланишининг (J) магнит майдон кучланганлиги (H) га нисбатига тенг катталик. Одатда κ (лотинча – капа) харфи билан белгиланади.

Магнит сирқиши ёки магнитострикация – жисмлар магнитланаётганда шакл ва ўлчамларининг ўзгариши. Ферро магнит, феримагнитларда бу ходиса бошқаларга нисбатан кучлироқ бўлади.

Магнит совитиш – парамагнит моддаларни адиабатик магнитсизлантириб 10К дан паст температуралар хосил қилиш. Магнит термометрия шу усул асосида 10К дан паст хароратни ўлчаш методи.

Магнит қаршилик – магнит занжирининг характеристикаси. Магнит қаршилик магнит занжирига таъсир этувчи магнит юритувчи куч F нинг занжирда хосил қилинган магнит оқими Ф га нисбати билан ўлчанади.

Магнит қутби – магнитланган жисм сиртининг маълум қисми. Шартли равишда магнит куч чизиқлари чиқиш томон-шимолий қутби, кириш томон жанубий қутби дейилади.

Магнитланиш – магнит майдонидаги жисмнинг магнит холатини ифодаловчи катталик. Магнитланиш миқдор жихатдан, жисм магнит моментининг жисм хажми нисбатига тенг: Z=M/V

Магнитловчи куч – электр токининг магнит таъсирини характерловчи катталик. У электр занжирларида қўлланиладиган Э.Ю.К га ўхшаганлиги учун, баъзан магнит юритувчи куч (М.Ю.К) деб хам юритилади F=∫Hdl, бунда dl контур юзасининг элементар бўлаги.

Магнитогидродинамик генератор МГД – генератор – энергетик қурилма. Магнит майдонида харакатланадиган жисм (суюқ ёки газсимон электр ўтказувчи муҳит) нинг энергиясини бевосита электр энеригиясига айлантириб беради. Электр ўтказувчи муҳитнинг харакати магнит гидродинамика қонунлари билан ифодаланади.

Мангитодефектоскопия – ферромагит материал ва буюмларнинг нуқсонли жойини топиш усули. Нуқсонли жойларда вужудга келадиган магнит майдони бузулишларини текширишга асосланган.

Магнитодинамика – вақт бўйича ўзгарувчан магнит майдонида моддаларнинг магнитланиш хусусиятларини тадқиқ этувчи фан сохаси. Масалан: ўзгарувчан магнит майдонида ишлайдиган асбоб ва қурулмалардаги ферромагнит материаллар магнит хоссаларининг магнит частотасига муносабати.

Магнитооптика – магнит майдони таъсирида муҳитнинг оптик таъсири, хоссалари ўзгаришини ўрганувчи физиканинг бир сохаси. Магнит майдонидан ёруғлик ўтказилганда қутбланиш текислигининг айланиши, спектор чизиқларининг қўшимча чизиқларига айланиши… кабилар рўй беради.

Магнитофон – товушни магнит лентасига ёзиб олиш ва қайта эшитиш учун ясалган қурулма.

Майдон – физиканинг асосий тушунчаларидан бири. Майдон сўзининг физик маъноси шундаки, моддий бўлмаган борлиқнинг (материянинг) кўринишидир. Масалан: гравитация майдони, электр, магнит, биологик майдонлар.

Макон – физик жисмларнинг банд этган жойи.

Макро (юнонча – макрос – катта, узун) – қўшимча сўз бўлаги. Масалан: макрожисм, макродунё.

Максвелл – магнит оқимининг ўлчов бирлиги мкс (мкс – магнит индукцияси 1 гаусс бўлган майдон куч чизиқларига тик жойлашган контурнинг 1 см квадрат юзасидан 1 сек.да ўтган магнит оқими, ХБСдан ташқари системада).

Максвелл тенгламаси – макроскопик электродинамиканинг асосий тенгламаси. «ҳар қандай магнит майдониннг ўзгариши, муҳитда индукция ЭЮКни, электр майдонининг ҳар қандай ўзгариши магнит майдонини ҳосил қилади» деган тушунчани математик ифодаси.

Манометр (юнонча –манос – сийрак) – суюқлик ва газлар босимининг ўлчайдиган асбоб. манометрлар ишлаш ва тузилишига қараб: суюқликли, поршенли ва деформацион хилларга бўлинади.

Манфий температура – ўзгармас умумлашган координатада ички энергия (U) ўзгаришига энтропия (S) ўзгариши манфий бўлган системанинг [ ] температураси.

Манфий қаршилик – электр занжиридан ўтаётган ток кўпайганда занжир бўлагида кучланишнинг пасайиши. Занжирнинг манфий қаршиликка эга бўлган бўлаги электр энергиясини исроф қилмайди, балки занжирда энергия ортади.

Масса (лотинча – mаssa – бўлак) – физик модданинг инерцион ва гравитацион хусусиятларини ифодаловчи физик катталик.

Масса дефекти – эркин холдаги заррачалар массаси билан шу заррачалар бирлашиб ядро ҳосил қилгандаги массаси орасидаги фарқ.

Масса сони – кимёвий элементнинг атом массасини яхлидлаб олинган қиймати. Масалан: литий Li – 6, 999=7; мис Cu-63, 54=64; темир Fe – 55, 85=56. бунда литийда 3 та, мисда 29 та, темирда 26 та протон бўлиб, литийда 7-3=4 та, мисда 64-29=35 та, темирда 30та нейтрон борлигини аниқлаш мукин.

Масспектрометр – модданинг ионлашган зарраларининг массалари бўйича аниқлайдиган қурилма. Ионлар магнит майдонидан ўтаётганда ёки электр майдонидан ўтаётганда тўғри чизиқли харакат йўналишидан оғади. Шу оғиш ион массасига боғлиқ. ўтиш бурчаги ёки масофасига қараб (ўлчаб) ион массаси аниқланилади.

Материя (лотинча – материя – модда) – бизни ўраб олган борлиқ. Материя умуман икки кўринишда мавжуд: моддий ва майдон кўринишида.

Машина (лотинча – машина – иншоат) – бирор ишни бажариш ёки энергия, материаллар ва информацияни бир турдан иккинчи турга айлантириш учун мўлжалланган қурилма.

Машина ва механизмлар назарияси – машина ва механизмларни тадқиқ этиш ва лойиҳалашнинг умумий методлари ҳақидаги фан.

Машина ва механизмлар динамикаси – машина ва механизмлар назарияси фанининг бир бўлими, унда машина ва механизмлар харакати, уларга таъсир этувчи кучлар муносабати ўрганилади.

Машинасозлик – оғир саноатнинг халқ хўжалиги учун машиналар, жиҳозлар, аппаратлар ва асбоблар, маданий-маиший моллар, ҳамда мудофаа қуроллари ишлаб чиқарадиган тармоқлари мажмуи.

Мега (юнон – megos- катта) – қўшма сўз бўлаги физик катталикларда “бир миллион” ни билдирувчи қўшимча. Масалан: мегаом, мегагерц, мегаэлектровольт (МЭВ).

Мезон (юнонча-mesos-ўрта, оралиқ ) – ўзаро кучли таъсирлашадиган зарралар.

Металл (юнонча-металлан-кон, металлеко-қазийман, ердан қазиб оламан) – қаттиқ холдаги, кристалл тузилишдаги моддалар.

Метр (юнонча-метрон- ўлчов) – ХБСда бир метр криптон – 86 элементининг (атомининг) 2 Р, 10 ва 5 Р, энергетик сатхлар орасидаги ўтишига мос келадиган (ўтишида хосил бўладиган) нурланиш тўлқин узунлигининг (вакуумдаги) 1650763,73 тасига тенг узунлик, m билан белгиланади. 1 м = 39,71 дюм = 3.281 фут = 1.6 аршин.

Механизм (юнонча-механе-машина) – бир ёки бир неча жисм харакатини бошқа жисм харакатига айлантириб берувчи мослама (мосламалар системаси).

Механик кучланиш – деформацияланувчи жисмда ташқи таъсир туфайли ички кучларнинг ўзгариши.

Механик харакат – маълум куч таъсирида жисмнинг вақт ўтиши билан фазодаги ўрнини узлуксиз ўзгартириши. Механик харакат тушунчаси фазо, вақт ва харакатланувчи жисм, мухит, унга бериладиган кучга боғлиқ.

Механика – моддий жисмларнинг механик харакати хақидаги физиканинг бўлими (фан).

Мессбаур эффекти – атом ядроларининг гамма квантларини (γ нурларни) резонанс ютиши.

Микро (юнонча- микрос – кичик) – қўшма сўз бўлаги; кичик, жуда хам майда маъноларни билдиради.

Микроампер – электр токи кучининг кичик ўлчов бирлиги (1 ампернинг миллиондан бир қисми).

Микрометр – метрнинг мингдан ва ундан кичик бўлагини ўлчаш учун ишлатиладиган асбоб.

Микрон – метрнинг миллиондан бир қисми – μ харфи билан белгиланади.

Микроскоп (юнонча-скопео-қарайман) – заррабин, кўзга кўринмайдиган жуда кичик майда нарсаларни катталаштириб кўрсатадиган оптик асбоб. Микроскоп ишлатиш сохаси ва тузилишига кўра хилма-хил бўлади.

Микротрон – элетронларнинг циклик резонанс тезлаткичи. Унда электронлар бир жинсли ўзгармас магнит майдонида, резонаторнинг юксак частотали электр майдонида айланма харакат қилиб тезлигини ортиради.

Микрофон – товуш тебранишларини электр тебранишларига айлантириб берувчи асбоб.

Микрофотометр (микроденситометр) – фотосуръатларнинг кичик қисмидаги оптик зичликни ўлчайдиган асбоб. Астрономияда, оптик усул билан товуш ёзишда, спектроскопия, рентгенограмма в бошқаларда ишлатилади.

Модуль (электроникада) – радиоэлектрон аппаратларнинг мустақил функционал ўзаги.

Модуляция – физика ва радиотехникада бирор доимий жараённи ифодаловчи катталикни маълум қонун асосида вақт бўйича ўзгартириш. Модуляция ташқи таъсир ёрдамида амалга оширилади.

Молекула (лотинча-molek – масса) – муайян модданинг хамма кимёвий хоссаларига эга бўлган энг кичик бўлаги, бир хил ёки хар хил атомлардан ташкил топиши мумкин.

Молекуляр генератор – когерент электромагнит тўлқинларни молекулаларнинг мажбурий квант ўтишлари ҳисобига генерациялайдиган махсус қурилма (мазер).

Молекуляр оғирлик – молекуляр масса – молекула массасини ифодаловчи миқдор.

Молекуляр физика – физиканинг хар хил агрегат холатдаги моддаларнинг хусусиятларини уларнинг молекуляр тузилиши асосида текширадиган, ўрганадиган бўлими.

Моно (юнонча – монос – бир, ягона) – кўшимча сўз бўлаги бир, ягона, ёлғиз маъносини беради.

Монохроматик нур – муайян ва ўзгармас электромагнит тўлқини (бир хил ранг).

Н

Нано -10 –9 ни билдиради. Нанометр = 10 –9 метр.

Насос – газ ва суюкликларни босим остида cўриш ва хайдаш учун ишлатиладиган қурилма.

Нейтрон – атом ядросининг таркибий кисми. Массаси протон масасига якин, бироз катта, зарядсиз зарача. Нейтрон хусусиятлари ядро физикасида алохида ўрганилади.

Николь призмаси – табиий ёруғликдан ясси қутбланган ёруғлик ҳосил қилиш учун ишлатиладиган исланд шпати (СаСо2)дан ясалган иккита тўғри бурчакли призма. Ўткир бурчаклар 680 ва 220 қилиб тайёрланади. Призманинг кўндаланг кесими ромб шаклида бўлади.

Нисбийлик назарияси – табий ходисаларнинг вақт билан фазо боғланишлари хакидаги хозирги замон физикасининг таълимоти. Нисбийлик назарияси асосчиси А.Эйнштейн хисобланади. Жисмнинг харакатини факат бошқа жисмларга нисбатан аниқлаш мумкин. Аслида харакатсиз жисм йўқ, турлича жисмларга нисбатан жисм харакатда экан, унинг вақт ва фазо (хажм) хусусиятлари хам турличадир.

Нит (лотинча-niteo-яркираш, ялтираш) ёруғлик манбаи равшанликнинг ХБСдаги бирлиги. Бир шам ёруғлик кучи 1м2 юзага тик тушганда сирт равшанлиги 1нт га тенг бўлади.

Нуклонлар, нуклеонлар – атом ядросини ташкил киладиган зарралар, протон ва нейтроннинг умумий номи.

Нур – тўлқин ходисасида (процессда) тўлқин энергияси оқимининг йўналиши (тўлқинларни тўғри чизиқ билан ифодалаш). Масалан, ёруғлик нури.

Нурланиш дозаси – ионловчи нурланишнинг табиатидан қатъий назар, унинг ўзаро таъсирланиши миқдор жихатидан нурланган моддага берилган энергиянинг шу модда массаси нисбатига тенг. Доза бирлиги грей. 1 кг массали модда 1 жоуль энергия берувчи нурланиш билан нурланса 1 грей дозали нурланган бўлади.

Ньютон-ХБСда куч бирлиги. Массаси 1кг бўлган жисмга 1м/с2 тезланиш берадиган куч.

Ньютон халқаси – ясси сиртга тегиб турган қабариқ линзадан ўтаётган ёруғликнинг қайтишидан хосил бўлган интенференцион халқасимон йўллар.

Ньютон қонунлари – классик механика асосини ташкил қилган 3 та қонун.

О

Обьектив (лотинча objekt – нарса) – оптик асбоб, бир неча линза ва кўзгулардан иборат қисмнинг олди, нарсани кўрувчи қисми. Масалан: микроскопни обьективи.

Окуляр (лотинча-okilus – кўз) – оптик асбоб, системанинг кузатувчи қарайдиган жойи.

Ом қонуни – ўтказгичнинг бирор қисмидан ўтувчи ўзгармас ток кучи I ва ўтказгичнинг учларидаги потенциаллар айирмаси U нинг ўзаро тўғри пропорционаллигини аниқловчи қонун U=IR. R – ўтказгич қаршилиги.

Омметр – ўтказгич қаршилигини ўлчайдиган асбоб.

Оптика (юнонча-оptike – кўриш ҳақидаги фан) – физиканинг бўлими, ёруғликнинг табиатини, ёруғлик ходисалари қонуниятларини, ёруғлик билан моддаларнинг ўзаро таъсирини ўрганади.

Оптик алоқа – оптик диапазондаги электромагнит тебранишлар ёрдамида боғланадиган алоқа.

Оптик квант генератор – атом ва молекулаларнинг мажбурий нурланишига асосланган нурлар манбаи (мажмуи).

Оптик локация – оптик диапазонли (ультра бинафшадан инфрақизилгача) электромагнит ёрдамида узоқдаги обьектларни сезиш, координаталарини ўлчаш, шаклини аниқлаш усуллари тўплами (мажмуи).

Оптик система – линза, кўзгу, призма, пластинка ва х.к. оптик элементлар мажмуи

Оптик спектрлар – кўзга кўринадиган нурлар спектри.

Оптик куч – симметрия ўқига эга бўлган линзаларнинг ёруғлик кучини, синдирувчанлик қобилиятини ифодаловчи физик катталик. Оптик куч ўлчов бирлиги диоптрия. Линза фокус масофасини тескари қиймати.

Оптик шиша – ўта шаффоф, кимёвий турғун бир жинсли шиша.

Оптик ўқ – линзанинг оптик ўқи – линзанинг нур синдириши сиртлари симметриясини ўқлари. Линзанинг оптик марказидан ўтувчи тўғри чизиқлар.

Оптик марказ – линзадан ўтувчи нурлар синмай ўтадиган нуқта.

Орбита (лотинча-оrbita – из, йўл) – бирор жисмнинг харакат доираси, сфераси.
Орбитал квант сон – элементларнинг атом қобиғидаги ўрнини аниқлайдиган сон. l билан белгиланади.

Орбитал момент – сферик симметрияли куч майдонида харакатланаётган микрозарранинг харакат миқдори моменти, ёпиқ эгри чизиқ (айлана, эллипс) бўйича харакатлангани учун “орбитал момент” номини олган.

Органик шиша – шаффоф пластик модда.

Осмотик босим – суюқликда эриган модданинг диффузия харакати туфайли юзага чиқадиган босим.

Осциллограмма (лотинча-osellimu – тебраниши) – осциллограф экранида тасвирланадиган ва текширилаётган ходисанинг (кўпроқ электр тебранишларнинг) вақтида боғлиқлигини ифодалайдиган эгри чизиқ. (илон изи чизиқ)

Оғирлик кучи – Ер сиртига яқин жойларда, (ер сиртида) жисмларга ернинг таьсир кучи mg га тенг, бунда g-эркин тушиш тезланиши. g = 9, 81 m/c2.

Оғирлик маркази – қаттиқ жисм билан мунтазам боғланган нуқта, жисм зарраларига таъсир этувчи оғирлик кучининг тенг таъсир этувчиси шу нуқтадан ўтади.

Оптик активлик – баьзи моддаларнинг ўзидан ёруғлик ўтаётганида кутубланиш текислигининг айланишини вужудга келтириш хоссаси. Масалан: сувда эриган қанд бўлган мухитдан кутубланган ёруғлик ўтаётганида кутубланиш текислиги маълум бурчакка бурилиб қолади.

П

Парамагнетизм – ташқи магнит майдонига киритилган жисмларнинг шу майдон йўналишига мос равишда магнитланиш хоссаси. Ташқи магнит майдон бўлмаганда, яъни Н=0 бўлганда парамагнитларнинг магнитлангани 0 (ноль) га тенг бўлади.

Парафин – тўйинган қаттиқ углеводлар аралашмаси. Умумий формуласи СН2n+2

Паскаль – босимнинг ХБСдаги ўлчов бирлиги. 1 паскаль – 1 Ньютон кучнинг 1 м2 юзага таъсир босими ёки бир бирлик кучнинг бир юза бирлигига таъсири.

Паскаль қонуни – гидродинамиканинг асосий қонуни. Ташқи кучларнинг суюқлик сиртига берган таъсири, суюқлик ичида барча йўналишларда бирдек бўлади.

Паст температуралар – суюқ хавонинг қайнаш температураларидан (-193°) паст температуралар.

Паули принципи – квант механикаси қоидаларидан бири. Ярим бутун (1/2, 3/2, 5/2 …) бир хил заррадан тузилган системада икки зарра бир вақтда айнан бир холатда бўла олмайди.

Пикнометр – қаттиқ, суюқ, газ холатдаги моддаларни хажмини аниқлайдиган ихчам шиша идиш. Моддаларни зичлигини аниқлашда ишлатилади.

Пиротехника – техниканинг портловчи ва ёнувчи аралашмалар тайёрлаш ва қўллаш билан шуғулланадиган тармоғи.

Пироэлектр – кристалл диэлектриклар қиздирилганда ёки совутилганда уларнинг сиртида электр зарядлари хосил бўлади.

Пито найчаси – суюқликнинг (газ) динамик оқими кучини ўлчайдиган асбоб. Г симон найчани учи суюқлик оқимига қарама-қарши қўйилади, суюқлик оқими тезлиги (босими) га кўра қолган қисмида сатх кўтарилади.

Плазма (юнонча-plasma – шаклланган) – тўлиқ ёки қисман ионланган ва зарраларнинг электр зарядлари йиғиндиси 0 (ноль) га тенг бўлган газ.

Плазматрон – (паст температурали ≈10000 К) плазма олиш учун ишлатиладиган газ разрядли асбоб.

Планк нурланиш қонуни – маълум бир хароратда қора жисмнинг мувозанат нурланиши спектрида энергиянинг тақсимоти хақидаги қонун.

Планк доимийси – квант физикасининг универсал доимийларидан бири. h=6.63∙10-34 Ж/с

Пластиклик – ташқи куч ёки ички зўриқиш (кучланиш) таъсирида қаттиқ жисмларнинг ўлчамлари ва шакли дастлабки холатига қайтмаслик.

Политроп жараён – газнинг солиштирма иссиқлик сиғими С ўзгармас бўлган жараён. Термодинамик жараёнлар, изохорик ва изобaрик жараёнларда газнинг иссиқлик сиғими бир–биридан фарқ қилади. Ср – босим ўзгармагандаги иссиқлик сиғими, Сv – хажм ўзгармагандаги иссиқлик сиғими.

Политрон кўрсаткич – n = ( С – Ср ) / (С – Сv ) га тенг миқдор, у бирдан катта Ср/Сv дан кичик бўлади.

Пневматик асбоблар – сиқилган ҳаво билан ишлайдиган асбоблар. Ишлов берадиган ва ўлчайдиган хиллари бор.

Поляризатор – чизиқли қутбланган ёруғлик нурини олишда ишлатиладиган асбоб (қутбловчи).

Поляриметр – оптик актив моддалар (камфора, вино кислотаси, кварц, киновар ва бошқалар) да монохроматик қутбланиш текислигининг айланиш бурчагини ўлчайдиган асбоб.

Поляроид – табиий ёруғликни қутбловчи юбқа шаффоф модда. (исланд шпати).

Портлаш – чегараланган хажмда катта миқдордаги энергиянинг қисқа вақт ичида ажралиб чиқиши.

Поршень – машинанинг моторидаги цилиндр ичида ҳаракатга келувчи бўлаги (қисми).

Потенциал (лотинча-potentia – куч) «потенциал» атамаси фаннинг физика, техника, биология, кимё, жамиятшунослик соҳаларида кенг қўлланилади. Физикада физикавий куч майдонини ва умуман векторлар орқали ифодаланадиган физик катталиклар майдонини характерлайдиган миқдор.

Потенциал – электр майдонида зарядни кўчиришда майдон кучларининг иш бажара олиш қобилияти. Ишни заряд миқдорига нисбати билан ўлчанадиган катталик.

Потенциаллар айирмаси – стационар электр майдонининг заряд бирлигини бир нуқтадан (биринчи потенциал) иккинчи нуқтага (иккинчи потенциал) кўчиришда бажарган ишига сон жиҳатидан тенг миқдор. Ўлчов бирлиги вольт: φ1-φ2=Δφ

Потенциал энергия – система умумий механик энергиясининг бир қисми. Механикада ер тортиш кучи бажарган иш: Ер=mgh, бунда: Ер-потенциал энергия, m-жисм массаси, g-эркин тушиш тезлиги, h-баландлик (масофа).

Потенциал майдон – кучнинг таьсир майдони.

Потенциометр – электр кучланишни (Э.Ю.К) ни ўлчайдиган асбоб.

Прецессия – айланма харакатларда хосил бўладиган холат, жисм бирор текислик устида ўз ўқи атрофида айланса айланиш ўқи, текислик билан бирор бурчак ҳосил қилиб айланади. Масалан: пилдирокни айланишида ҳосил бўлади. У йиқилмай текисликка оғган ҳолда айланади – прецессияланади.

Проекцион аппарат – турли объектлар тасвирини ёруғлик оқими ёрдамида экранда ҳосил қилувчи оптик асбоб, қурилма.

Протон (юнонча-protos-биринчи) – атом ядросини ҳосил қилувчи, барқарор элементар зарра. Мусбат бирлик зарядга эга. Массаси электрон массасидан 1840 марта катта.

Психрометр – ҳаво намлиги ва ҳароратини аниқлашда ишлатиладиган асбоб. Оддий психрометр тик ҳолда тутиб турувчи туткичларга ўрнатилган, бири қуруқ ҳолда, иккинчиси намланган ҳолда турувчи термометрлардан иборат бўлади.

Пуаз – суюқликларнинг қовушқоқлик ўлчов бирлиги.

Пуайзель қонуни – ингичка найча орқали оқиб ўтаётган қовушқоқ суюқликнинг ламинар оқимидаги миқдорий хажмини кўрсатадиган қонун. Унга кўра, найчанинг кўндаланг қисмидан 1 секунда оқиб ўтаётган суюқлик хажми Q, найчага кираётган ва ундан чиқаётган суюқлик босимлари фарқига (P-P0) найчанинг диаметри- d нинг тўртинчи даражасига тўғри пропорционал, найчанинг узунлиги l га ва суюқликнинг қовушқоқлик коэффициенти- μ га тескари пропорционал.

Пуассон коэффициенти – эластик жисм характеристикаларидан бири. Жисм элементи нисбий кўндаланг деформациясининг нисбий бўйлама деформациясига нисбатининг абсолют қиймати билан ўлчанадиган катталик.

Пульсарлар – даврий импульсли радионурланишлар тарқатиб турувчи космик объектлар.

Пуассон тенгламаси – берк сирт орқали электр силжиш оқими сирт ичида жойлашган барча зарядларнинг алгебраик йиғиндисига тенг. бунда D – электр силжиши, ρ – заряд зичлиги, x, y, z лар координата ўқлари.

Пъезоэлектрик эффект (юнон-piezo – босаман, қисаман) диэлектрикнинг механик кучланиш таъсирида электр кутбланиши. Яъни диэлектрикда кутбланган зарядларни хосил болиши. Пъезоэффект 1500 дан ортик моддаларда кузатилган, улардан сегнет тузи ва титанат кенг қўлланилади.

Пъезоэлектр датчик – механик кучни электр сигналига айлантириб берувчи, ўлчовчи асбоб.

Ўхшаш мавзулар:

2 thoughts on “Физика фанида учрайдиган атамалар изоҳли луғати (М – П)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*