Барча фанлардан «Билимлар беллашуви» баҳолаш мезони 2016

Маълумки ҳар йили Халқ таълими вазирлиги томонидан тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини янада ривожлантириш, бошланғич синфлардан бошлаб ўқувчиларнинг қобилият ва истеъдодларини аниқлаш мақсадида умумтаълим муассасаларида умумтаълим фанлари бўйича билимлар беллашуви ўтказилиб келинади. Билимлар беллашуви натижаларага кўра ҳудудий халқ таълими бошқарув идоралари ва таълим муассасалари рейтингини аниқланади. Ҳудудий босқичда ғолиб бўлганлар эса республика босқичида қатнашишади.

Ушбу саҳифада билимлар беллашуви баҳолаш мезони билан танишишингиз мумкин.

Билимлар беллашуви

Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг фанлар бўйича билимлар беллашувининг барча босқичларини ўтказиш учун баҳолаш мезонлари

1.Она тили ва адабиёт фанидан баҳолаш мезонлари

Она тили ва адабиёт фанидан билимлар беллашуви умумтаълим мактабларининг 5-8 синфларида 4 та босқичда ўтказилади. 5-синф ўқувчилари 4-босқичда иштирок этмайди. Барча босқичларида ёзма иш ва тест синови тарзида ўтказилади.

Ёзма иш:

Ўқувчилар беллашувнинг 1-,2-,3-босқичларида 5-6-синфлар диктант, 7-8-синфлар ижодий баён ёзадилар. 4-босқичда 6-синфлар диктант, 7-8-синфлар ижодий баён ёзадилар. Мазкур босқичларда ўқувчининг ижодий, мустақил фикрлаш қобилияти ҳамда саводхонлиги синовдан ўтказилади. Ёзма ишлар учун матнлар кўп вариантлилик (3 вариант) асосида тайёрланади. Ҳар бир вариантда 1 тадан матн тақдим этилади. Бу вариантлардан биттаси танлаб олинади. Танланган битта матн бўйича диктант (баён) ёзадилар. Ёзма иш мавзулари ўқувчиларни ижодий изланишга, шахсий фикр-мулоҳаза билдиришга, бир хил мавзудаги бир неча манбаларда ифодаланган фикрлардан умумлашма хулосалар чиқара олиш ва уни ёза билишга кўмаклашувига қаратилиши лозим. Ўқувчилар томонидан ёзиладиган матнларнинг минимал ҳажми қуйидагича бўлади:

Диктантдаги сўзлар ҳажми 5-синфда 100-110 тагача, 6-синфда 110-120 тагача бўлади. Диктант ёзиш учун 45 дақиқа вақт берилади.

Баён ўтказишда ўқувчилар матн мазмунини қандай тушунганликлари, ўз фикр ва тушунчаларини ижодий ва мустақил ифодалаганлари, ёзма нутқ малакаси ва саводхонлиги синаб кўрилади.

Матндаги сўзлар миқдори 7-синф учун 250-300 сўздан, 8-синф учун 300-350 сўздан иборат бўлиб, ўқувчи унга ижодий, мустақил фикрлаб, 2,5-3 бет ҳажмида ёзади. Баён ёзиш учун 90 дақиқа вақт берилади.

Диктант ва ижодий баён учун Ватан, миллий ва умуминсоний қадриятлар, дўстлик, ота-онага ҳурмат, устозлар, табиат, китоб, одоб, бурч каби мавзулардаги матнлар танлаб олиниши тавсия этилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, таълимий баённинг мураккаб турларидан бири-ижодий баён танланган матн мазмунига ўқувчининг ижодий ёндашиши жиҳатидан баённинг бошқа турларидан фарқ қилади. Бунда ўқувчи матнга тасвир унсурларини қўшиб ёки лисоний ҳамда имловий топшириқлар киритган ёҳуд ўқитувчи бошлаб берган ҳикояни давом эттирган ҳолда баён ёзиши мумкин.

Она тили таълими методикасида ижодий баённинг шахсини ўзгартириб ёзиш, лисоний топшириқли баён, тасвирий ифодалардан фойдаланиб баён ёзиш, бошлаб бериш йўли билан баён ёзиш турлари мавжудлиги таъкидланади.

Тасвирий воситалардан фойдаланиб баён ёзишда ўқувчи матн мазмунига боғлаб, мустақил равишда айрим нарса, воқеа-ҳодисаларни тасвирлайди. Бошлаб бериш йўли билан баён ёзишда бошланиши берилган матнни ўқувчилар ижодий давом эттириб, уни тўлиқ матн шаклига келтирадилар. Баён матни ўқитувчи томонидан бир марта ўқиб берилади.

Ўқувчи баёни мазмун изчиллиги ва лисоний қурилиши жиҳатидан талаб даражасида бўлиши билан бирга, саводли бўлиши керак. Шунингдек, баённинг режа асосида ёзилишига эришиш зарур. Аниқ тузилган режа ўқувчи баёнининг изчил, мантиқий бўлишини таъминлайди.

Билимлар беллашувида ёзма иш билан бир қаторда тест беллашуви ўтказилади. Бунда она тили ва адабиётдан 25 та (18 тасининг жавоби танланадиган, 7 тасининг жавоби ёзиладиган) тестлардан иборат бўлади.

Тест саволларини бажариш учун 50 дақиқа вақт берилади.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*