«Адабиётда уруш фожиалари талқини»

(Михаил Шолоховнинг “Хол” ҳикояси мисолида)

   Уруш мавзуси барча миллат адабиётида бўлгани каби рус адабиётида ҳам долзарб мавзу бўлиб келган. Ёзувчилар ўз асарларида урушни қандай бўлган бўлса, бор ҳолича, уруш ҳақиқатини бадиий ҳақиқат даражасига кўтариб, маҳорат билан китобхонларга етказиб беришга ҳаракат қилганлар. Чунки китобхон уруш ҳақида тасаввурга эга бўлар экан, ҳозирги осуда ҳаётнинг қадрини англайди, шукроналик ҳиссини туяди. Тарих кўзгусига бадиият орқали назар ташлаб, аждодларимизнинг шу тинч кунларга қанчадан-қанча машаққат билан эришганини англаб етади, ўтмишининг қора кунлари ҳақида маълумотга эга бўлади. Биринчи президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” эканини тушуниб етади.

   20-асрнинг 20-йиллари адабиётида шўро ҳукуматининг гражданлар урушидаги ғалабаси кенг акс эттирилган. Асарларда гражданлар урушида музаффар бўлган собиқ шўронинг ғалабаси фахр билан куйланган. Аслида эса бу уруш бутун бир миллатнинг фожиаси эди. Большевиклар оташин шиорларида йўқсилларга ўз ерларининг эгаси бўлишларини айтиб бонг урдилар. Ёлғон ваъдалар билан уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирдилар. Бошқарувни қўлга олишганларидан сўнг уларнинг ваъдалари ёлғон эканлиги аён бўлди, натижада халқ орасида ҳукумат тарафдори ва унга қарши бўлганлар гуруҳ вужудга келди. Ота болани, қариндош қариндошни, миллатдош миллатдошни қира бошлади. Халқ ўртасида парокандалик бошланади. Халқнинг яшаш шароити оғирлашади, бир парча ер, бир бурда нон учун одамлар бир-бирларини ўлдира бошлашади.

   Рус ёзувчиси Михаил Шолоховнинг бир қатор ҳикояларида ўтган асрда рўй берган гражданлар урушининг моҳияти ҳар томонлама реал воқеалар асосида ёритиб берилган. Бу ҳикоялар реализм йўналишида ёзилган бўлиб, ҳикояларни умумий мавзу – оддий инсонларнинг гражданлар уруши давридаги ҳаёти, рус халқининг умид ва ғам-ташвишлари бирлаштириб туради. Муаллиф миллатнинг фожиали ҳаётини тасвирлар экан, Дон казакларининг юксак қалб ва жасорат эгалари эканлиги, эрк, ишонч ва ҳалоллик туйғуларининг улар ҳаётидаги аҳамиятини очиб беришга ҳаракат қилади. Михаил Шолоховнинг “Хол” ҳикояси қаҳрамонлари жасур, мард, даҳшатга тўла уруш шароитида ҳам фидоийлик, қаҳрамонликлар кўрсатишга қодир казак йигитларидир. Ёзувчи асарда қизиллар ёки бандитлар томонида бўладими, қаҳрамонлар гражданлар урушида Ватан ҳимоячиси, халқ фаровонлигини фарз деб билган курашувчан, ўз ҳақиқатига эга, шу ҳақиқат йўлида ҳатто жонини ҳам аямайдиган инсонлар образини акс эттирган. Фожиавий “Хол” ҳикоясининг қаҳрамони 18 ёшли эскадрон командири-Николка Кошевой. Унинг отаси казак бўлиб, Николкани мард бўлиб вояга етишига сабаб бўлган. Аммо қаттол сиёсат, уруш туфайли ота-боланинг йўли айро тушди. Юқорида айтилганидек, ҳар бири ўз эътиқоди йўлида қўлига қурол олди. Николка қизиллар сафида, отаси янги ҳукумат душманлари оқлар, яъни бандитлар тарафида. Кунларнинг бирида Николка қон тўкилиши ва адоқсиз жанглардан чарчади ва илм олиш ҳақида ўйлай бошлайди. Лекин унга яна бир янги топшириқ берилди. Бандитлар тўдасини тугатиш керак эди. Бандитлар ҳам казаклар эди. Жанг пайтида атаман от қўйиб бораётиб Николкани ўдиради. Ғалабасидан сармаст атаман ўликнинг этигини ечиб олмоқчи бўлади. Этикни ечиб олаётиб кўзи Николканинг оёғидаги кабутар тухумидай келадиган холга тушади. Шу онда у ўз жигарбандини- ўғлини ўлдириб қўйганини тушуниб етади. “Хол” ҳикояси 1924-йилда “Ёш ленинчи” газетасида илк бор чоп этилган эди. Шолохов асарнинг икки қаҳрамонини турлича тасвирлайди. Улар гарчи қондош, жондош бўлса ҳам, бир – бирига қарама-қарши одамлар, ҳар бири бу йўлда ўзича ҳақ. Асар қаҳрамони Николканинг болалиги ҳамма болаларники каби оддий бошланди, лекин у эрта йўқотиш ва алам, изтироб азобини тортди: отаси изсиз йўқолди йўқолди, онаси вафот этди. Уч йилдирки, у жанг майдонида. Унинг хотирасида отаси ҳақидаги айрим жиҳатлар эсда қолган: унинг чап оёғида кабутар тухумидай келадиган холи бор. Бу хол аждодларни авлодлар билан боғлаб турадиган белги, тимсол. Николка ёш, жасур ва қайноқ йигит. Бу жиҳатдан у ёш лочинга қиёс. Иккинчи қаҳрамон эса атаман бўлиб, унинг тақдири уруш билан боғлиқ. У етти йилдирки, ўз яқинларини кўрмаган, унинг қалби парчаланган. Ҳаёти осон кечмаган, йўқотишларга, азоб-уқубатларга тўлиқ. Ёзувчи унинг ички дунёсини ёритиб бераркан, шу сабаб уни ҳар доим маст ҳолатда тасвирлайди. Ҳикояда инсон образи билан ёндош бўри, калхат образлари борки, улар асарда қўшимча бадиий маъно ташийди. Атаман бўрига қиёсланади.У ҳам атаман каби ёлғиз, оч ва бахтсиз. Асар сўнггида эса атаманнинг жасади узра калхат тасвирланади. Калхат тимсолида ўзаро қирғинбаротлардан манфаатдор ғанимларлар қиёфаси очилгандек. Бу образлар орқали биз ҳикоя қаҳрамонларининг суратию сийратини тўлиқроқ ҳис этамиз. Ёки бу образлар ўрни билан ўша давр, шароит қиёфасини очишга хизмат қилади. Асарнинг иккала қаҳрамони ҳам урушлардан чарчаган, Николка ўқишни хоҳласа, қалби тошга айланган атаман эса ўз она ерига қайтишни қўмсайди.

   Аммо тақдир ота ва фарзандни қўлидан ушлаб жанг майдонига олиб боради гўё. Ва улар жангда учрашадилар, бир-биридан нафратланадиган икки инсон рубарў турарди. Жанг ҳолати асарнинг кулминатсион нуқтаси ҳисобланади. Ота ва бола юзма-юз курашга чиқдилар. Бу бутун бир бошли оиланинг, миллатнинг, юртнинг фожиаси эди. Ота ўз ўғлини ўлдиради. Ўлжа сифатида қизил командир оёғидан этикни ечиб олаётган атаманнинг кўзи унинг оёғидаги таниш, жуда таниш белгига тушди. Оиланинг муқаддас ришталари узилди. Хол, яъни Николканинг ўлик, ҳаракатсиз оёғидаги қондошлик белгиси атаманнинг тузатиб бўлмас хатосини тасдиқларди. Атаманнинг оғриқли қичқириғи янграйди:” Ўғлим, Николушка! Нуридийдам!” Гражданлар урушининг бир оила бошига солган бундай даҳшатини англаб етиш, тушунишнинг ўзи янада даҳшатлидир. Шу сабабдан ҳам Шолохов гражданлар уруши ҳақида бор ҳақиқатни акс эттиришга ҳаракат қилди, ҳаёт ҳақиқатига суянади. Бандитлар сафида бўлган атаман қизиллар армияси командири бўлган ўғлини, продкомиссар Игнат Бодягин ўз отасини, қизиллар пулемётчиси Яков Шибалок ўзининг севимли аёлини, 14 ёшли Митька қизил армия аскари бўлган акасини қутқариш учун ўз отасини ўлдиради. “Хол” фожиавий ҳикоясида воқеалар маълум бир ижтимоий синф ёки табақага эмас, бутун инсониятга тегишли бўлган қайғуни, дардни акс эттиради.

   “Хол”да Михаил Шолохов гражданлар урушининг ғайриинсоний, ғайриахлоқий қиёфасини катта бир дард билан очади. Атаман ва унинг ўғли Николка фожиаси мисолида бу уруш одамларни падаркушга, фарзандкушга, биродаркушга айлантириб қўйганини фош этади.

   Хулоса қилиб айтганда, Михаил Шолоховнинг асарларида тинчлик ва осойишталик энг буюк неъмат эканлиги таъкидланади, бир сўз билан айтганда, истеъдодли ёзувчининг дурдона асарлари одамларга яшашни, тўғри яшашни ўргатади.

Раҳматова Хонзодабегим Ўткир қизи
Жиззах вилояти Жиззах шаҳар “Умид”
мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*