Жаҳон тарихининг муҳим саналари (1-қисм)

ТарихТарих фани шундай бепоён уммонки, унинг сарҳадлари чексиз, мазмуни теран ва улуғвор ҳисобланади. Тарих фанининг ажралмас қисмини жаҳон тарихи ташкил килади. Бугунги кунда Ер юзида 193 давлат БМТ аъзоси бўлиб (аслида Ер юзидаги мустақил давлатларнинг сони 230 дан ортиқ), уларнинг ҳар бири жаҳон сиёсий майдонида ўзининг муайян овозига эга. Беш китъада жойлашган ушбу давлатлар тарихи эса бугунги кунда кўпчиликни қизиқтиради.

Жаҳон тарихидаги муҳим саналарни ажратиб олишда бугунги кунда Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида ўқитилаётган «Жаҳон тарихи» дарсликлари ва турли ўқув қўлланмалари асос қилиб олинди. Шунингдек, «Ўзбекистан миллий энциклопедияси», «Жаҳон мамлакатлари» ва рус тилида нашр килинган «Тарих энциклопедияси», «Бутунжахон тарихи» ҳамда бошқа тарихий адабиётлардан ҳам фойдаланилди.

Жаҳон тарихининг муҳим саналари
(энг қадимги даврлардан бугунги кунгача)

Ибтидоий жамоа тузуми

6 миллион йил олдин – Ер юзида австралопитек афаренсислар (австралопитек африка одамлари) яшаган. Уларнинг қолдиклари Африка қитъасидан (Сомалининг шимолида) топилган.

5 миллион йил олдин – Шарқий ва Жанубий Африкада австралопитеклар яшаган.

3 миллион йил олдин – Шарқий ва Жанубий Африкада австралопитек африка одамлари яшаган. И. Коппанснинг фикрича, улар «ишбилармон одамлар»нинг аждодлари эди.

3 миллион йил олдин – инсоният тарихида палеолит даври бошланди.

2,7 миллион йил олдин – илк палеолит (Олдувай маданияти) даври.

2,2 миллион йил олдин – ер юзида «ишбилармон одамлар» (Homo habilis) яшаган. Улар Шарқий Африка (Кения, Танзаниянинг Олдувай дараси, Эфиопиянинг Омо дарёси воҳаси) ва Жанубий Африкада топилган. Археологлар томонидан дастлаб топилган бу одам колдиқлари Танзаниянинг Зинж номли қишлоғида жойлашгани учун уни шу жойнинг номи билан Зинжантроп одами деб ҳам атаганлар. Уларнинг суяк қолдиқлари ёнидан тош қуроллар ва ҳар хил ҳайвон суяклари хам топилган.

2 миллион йил олдин – Жанубий Африкада австралопитек робустуслар пайдо бўлган. Улар 1,5 млн. йил муқаддам йуқолиб кетган.

2 миллион йил олдин – Африка ва Осиёдан 1 млн. йил кейин Европада палеолит даври бошланди.

1,9 миллион йил олдин – Африкада «тўғри юрувчи одам» (Homo erectus) пайдо бўлган. Олимларнинг фикрича, улар бутун ер юзига, хусусан, Осиё ва Европага тарқалганлар. Осиёда улар синантроп («пекин одами») ва питекантроп («ява одами») номи билан машҳур булган. Бу одамларнинг қолдиқлари илк бор Хитой ва Ява оролидан топилган. Шунингдек, инсоният аждодларининг қадимги излари Марказий ва Жанубий Европадан ҳам топилган. Улар одам тараққиётининг иккинчи босқичи вакиллари ҳисобланади.

1,7 миллион йил олдин – «ишбилармон одамлар» томонидан ясалган илк меҳнат куроллари Эфиопиядан топилган.

1,4 миллион йил олдин – инсон томонидан оловдан фойдаланишнинг энг қадимги излари Кения ва Эфиопиядан топилган.

1,4 миллион йил олдин – Европада илк палеолит даври. Ашель маданияти бошланди.

1 миллион йил олдин – Африка (Жанубий Африка ва Мағриб) ҳамда Яқин Шарқда кремнийдан меҳнат қуроллари тайёрланган.

Милоддан аввалги 900 минг йиллик – қадимги одамларнинг Европадаги дастлабки маконлари Франциянинг Юқори Лаура департаментида топилган.

Милоддан аввалги 700 минг йиллик – Ашель маданиятининг Европада тарқалган даври.

Милоддан аввалги 500 минг йиллик – «тўғри юрувчи одам»дан ақлли одамзот (Homo sapiens)нинг қуйидаги икки буғини ажралиб чиққан: Европада пренеандерталлар ва Ўрта Шарқда протокроманьонлар. Ҳозирги Хитой ҳудудида Homo erectus лари яшаган, улар олов ва унда овқат пиширишни билганлар.

Милоддан аввалги 200 минг йиллик – ўрта палеолит даври.

Милоддан аввалги 80 минг йиллик – Европа ҳудудида неандерталлар (Homo sapiens neandertalensis) тарқалган. Улар биринчи бўлиб ўлган одамларни дафн этишган. (Taxминан милоддан 30 минг йил аввал неандерталлар бутунлай қирилиб кетган.)

Милоддан аввалги 80 минг йиллик – Европада Мустье маданияти. Турли меҳнат қуроллари ясалган.

Милоддан аввалги 65 минг йиллик – Америка қитъасига дастлабки одамлар келиб ўрнашган. Олимларнинг фикрича, улар Осиёдан Беринг буғози орқали бу янги қитьага ўтишган. Американинг туб ахолиси – хиндулар билан Евроосиё даштларида яшаган туркий халқларнинг аждодлари битта протохалқдан келиб чиққан.

Милоддан аввалги 40 минг йиллик – замонавий қиёфадаги одамлар яшаганлар, улар фан тилида кроманьонлар (Homo sapiens sapiens) деб номланадилар. Уларнинг дастлабки қазилма суяклари ва маконлари Франция жанубидаги Кро-Маньон ғоридан топилган. Улар Европа, Осиё, Америка ва Австралияга тарқалишган. Улар дастлаб неандерталлар, сўнгра кроманьон одамлар дейилган. Улар ташқи қиёфалари, жисмоний тузилиши, бош миясининг ривожланганлиги билан ҳозирги одамларга ўхшаш бўлишган. Уларнинг онги, тили ривожланган бўлиб, бир-бирлари билан бурро-бурро сўзлашганлар. Улар «ақл-идрокли кишилар» деб хам аталганлар.

Милоддан аввалги 40 минг йиллик – «ақл-идрокли одамлар» пайдо булиши билан ибтидоий санъат юзага келди.

Милоддан аввалги 40-35 минг йилликлар – ер юзига тарқалган одамзод учта катта ирққа: қора, сариқ ва оқ ирқларга бўлинган. Ирқ сўзи асли арабча булиб, томир, илдиз ва асос деган маъноларни билдиради. Ирқ тушунчасини биринчи бўлиб, одамзодга нисбатан 1675 йили француз олими Ф. Берне қўллаган. Сариқ, оқ ва қора ирқ тушунчасини фанга 1800 йилда француз табиатшунос олими Жорж Кюве киритган.

Милоддан аввалги 40-35 минг йилликлар – бир неча миллион йил давом этган энг қадимги одамларнинг туда даври ўрнида уруғ жамоалари шаклланган.

Милоддан аввалги 40-12 минг йилликлар – сўнгги палеолит даври.

Милоддан аввалги 40-4 минг йилликлар – она уруғи (матриархат) жамоаси даври.

Милоддан аввалги 18-10 минг йилликлар – Мадлен маданияти тарқалган давр.

Милоддан аввалги 12-9 минг йилликлар – мезолит даври. «Мезолит» юнонча «mezos» – ўрта> «litos» – тош, яъни ўрта тош даври. Бу даврда ўк-ёй ясалди, якка овчилик, дайди ҳаёт юзага келди, ёввойи ҳайвонлар қўлга ўргатила бошланди.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*