Якуний имтиҳон тўғрисида бўйруқ ва низом

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 13 майдаги «Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида»ги 203-сонли қарори ижросини таъминлаш, умумтаълим муассасаларида 2016-2017 ўқув йилини якунлаш, ўқувчиларнинг эгаллаган билим, кўникма ва малакаларини босқичли ва якуний назорат имтиҳонларидан ўтказиш мақсадида 2017 йил 10 мартда Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг босқичли ва якуний назорат имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғи қабул қилинди.

Унга мувофиқ, барча турдаги умумий ўрта таълим муассасалари, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари, имконияти чекланган болалар учун давлат ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқув машғулотлари 25 майда тугалланади. Ўқувчиларнинг билими, малака ва кўникмаларини синовдан ўтказиш учун 4-8-синфларда оғзаки, ёзма имтиҳон ёки тест синовлари шаклида босқичли назорат, 9-синфларда эса давлат аттестацияси шаклида якуний назорат имтиҳонлари ташкил этилади. 9-синф ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари 2017 йил 26 майдан 16 июнгача ўтказилади, зарурат бўлганда имтиҳонларни якшанба куни ҳам ўтказиш назарда тутилади (жисмоний тарбия фани бундан мустасно).

Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларининг 5–8-синфларида ихтисослаштирилган ўқув фанидан қўшимча имтиҳон топшириш учун муддат 3 кунга узайтирилиши мумкин.

9-синф ўқувчиларининг якуний назорат имтиҳонлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўҚрисида низом»га (Адлия вазирлигида 2008 йил 20 мартда 1778-рақам билан рўйхатга олинган) мувофиқ амалга оширилади.

Босқичли назорат имтиҳонлари иккита ўқув фанидан ўтказилади. Жадвалда * билан белгиланган фандан имтиҳон мажбурий. Босқичли назорат учун иккинчи фан ўқувчиларнинг кўпчилик овози билан босқичли назорат ўтказилишидан бир ой олдин танланади. Ўар бир синф учун танланган ўқув фанидан босқичли назоратни ўтказиш ҳақида мактаб педагогик кенгаши қарор қабул қилади.

Жадвалда ** билан белгиланган она тили ва адабиёт фанидан якуний назорат имтиҳонлари 26 май, математикадан 30 май, жисмоний тарбиядан 2–8 май кунлари ўтказилади.

9-синф ўқувчилари учун жисмоний тарбия фанидан якуний назорат имтиҳонлари 2017 йил 2–8 май кунлари малакали тиббиёт ходимларининг назорати остида ўтказилишини таъминлаш қатъий белгиланган (жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб, мактаб-интернатлар ҳамда сколиоз билан касалланган болалар учун санаторий туридаги мактаб-интернатлар бундан мустасно).
Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасалари, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабларида бирорта ихтисослик фани чуқурлаштириб ўтилаётган бўлса, ушбу фандан педагогик кенгаш қарори асосида қўшимча имтиҳон киритилишига рухсат берилади.

Кўзи ожиз, заиф кўрувчи ва таянч-ҳаракат аппаратида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда босқичли назорат ҳамда якуний назорат имтиҳонлари умумтаълим мактабига қўйилган талаблар асосида ўтказилади (жисмоний тарбия фани бундан мустасно).

Кар ва заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларнинг битирувчи синфларида якуний назорат имтиҳонлари она тили ва адабиёт фанидан баён ва математика фанидан ёзма назорат иши шаклида амалга оширилади.

Ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатларда фақат меҳнат таълими фани бўйича якуний назорат имтиҳонлари ўтказилади. Имтиҳонлар муддати муассаса педагогик кенгаши томонидан белгиланади.

Халқ таълими вазирлигининг тегишли бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармалари зиммасига умумтаълим муассасалари педагоглари, ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида Халқ таълими вазирлигининг 2008 йил 4 мартдаги 56-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисида низом”нинг мазмун-моҳиятини ўрганишни ташкил этиш, босқичли ва якуний назорат имтиҳонларининг ўз муддатида ўтказилишини назорат қилиш, босқичли ҳамда якуний назорат имтиҳонлари натижалари ва уларни ўтказиш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, 2017 йилнинг 3 июлига қадар Республика таълим марказига тақдим этиш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар ва мактаб-интернатлар битирувчи синфлари ўқувчилари учун меҳнат таълими фанидан якуний назорат имтиҳонини ўтказиш учун тегишли тавсия ва мезонлар ишлаб чиқади, умумтаълим муассасаларида 2016-2017 ўқув йилини якунлаш, битирувчи синфларда якуний давлат аттестацияси натижаларининг умумлаштирилган таҳлилий маълумотномасини 2017 йил 1 августгача вазирлик раҳбариятига тақдим этади.

Мазкур буйруқ қабул қилиниши муносабати билан вазирликнинг 2016 йил 25 февралдаги “Умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг босқичли ва якуний назорат имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги 50-сонли буйруғи ўз кучини йўқотган деб ҳисобланиши белгиланди.


Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг
буйруғи

“Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг босқичли ва якуний назорат имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруққа ўзгартиришлар киритиш хақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил
5 мартдаги 140-сон “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ буюраман:

1. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2017 йил 10 мартдаги 78-сонли “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг босқичли ва якуний назорат имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига тўғридан-тўғри бўйсунувчи давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари раҳбарлари:

  • мазкур буйруқнинг барча умумий ўрта таълим муассасаларига етказиб берилишини таъминлаш;
  • умумий ўрта таълим муассасалари педагог ходимларига мазкур буйруқ билан киритилаётган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларини олиб бориш вазифалари юклатилсин.

3. Ахборот хизмати (Б.Шайвалиев) ва “ZiyoNET” ресурс марказининг вазирликдаги бўлими (У.Тайлақов) га мазкур буйруқни вазирликнинг расмий веб-сайти (uzedu.uz) ва ZiyoNET.uz ахборот таълим порталига 2017 йил 10 апрелига қадар жойлаштириш тавсия этилсин.

4. “Маърифат” ва “Учитель Узбекистана” газеталари (А.Раҳимов) га мазкур буйруқни зудлик билан чоп этиш тавсия этилсин.

5. Ушбу буйруқ ижросини назорат қилиш вазирнинг биринчи ўринбосари Б.Данияров зиммасига юклатилсин.

Вазир У.Иноятов

Тошкент ш.,
2017 йил 30 март
97 – сон


Халқ таълими вазирининг
2017 йил 30 мартдаги
97-сон буйруғига
илова

“Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг босқичли ва якуний назорат имтиҳонларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги буйруққа киритилаётган ўзгартиришлар

1. Буйруқнинг 2-бандидаги “4-8-синфлар” деган сўзлар “5-8-синфлар” деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг босқичли назорат имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (1-иловада):

  • 3-банддаги “4-8-синфларида” деган сўзлар “5-8-синфларида” деган сўзлар билан алмаштирилсин;
  • 30-банднинг биринчи хатбошисидаги “4-8-синф ўқувчилари” деган сўзлар “5-8-синф ўқувчилари” деган сўзлар билан алмаштирилсин.

3. 2-илова қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

Халқ таълими вазирининг
2017 йил 10 мартдаги
78-сонли буйруғига
2-илова

Босқичли ва якуний назорат имтиҳонлари ўтказиладиган фанларнинг рўйхати ва имтиҳон ўтказиш шакллари:

Босқичли назорат

Фаннинг номи Имтиҳон ўтказиш шакли

5-синф

Математика* ёзма
Ўзбек тили (рус тили) оғзаки
Адабиёт оғзаки

6-синф

Чет тили* оғзаки
Тарих оғзаки
Ботаника оғзаки

7-синф

Она тили ва адабиёт* ёзма (диктант)
Ўзбек тили (рус тили) оғзаки
Физика оғзаки
Информатика ёзма

8-синф

Чет тили* оғзаки
География оғзаки (харита билан ишлаш орқали)
Давлат ва ҳуқуқ асослари оғзаки
Биология оғзаки

Якуний назорат

9-синф учун

Она тили ва адабиёт** ёзма (баён)
Математика** ёзма
Физика* оғзаки (лаборатория ишлари билан)
Тарих* оғзаки (харита билан ишлаш орқали)
Кимё* ёзма
Ўзбек тили* (таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумий ўрта таълим муассасаларида) оғзаки
Чет тили* оғзаки
Жисмоний тарбия** назарий ва амалий

Изоҳ: босқичли назорат иккита ўқув фанидан ўтказилади.

“*’’мазкур фандан имтиҳон мажбурийдир, иккинчи фан эса ўқувчиларнинг кўпчилик овози билан босқичли назорат ўтказилишидан бир ой олдин танланади. Бу ҳақда ҳар бир синф учун танланган ўқув фанидан босқичли назоратни ўтказиш ҳақида умумий ўрта таълим муассасаси педагогик кенгаши қарор қабул қилади.

“**” мазкур фанлардан якуний назорат имтиҳонлари қуйидаги муддатларда ўтказилади: жисмоний тарбия – 2-8 май; она тили ва адабиёт — 26 май; математика – 30 май.

 

Ўхшаш мавзулар:

4 thoughts on “Якуний имтиҳон тўғрисида бўйруқ ва низом

  1. Kamoliddin

    Bu 97 sonli buyrug’iga ilova hamma umum ta’lim muassalariga tegishlimi. Bizning rayonimizda bu haqida hech kim bilmas ekan, boshqa saytlarda ham bu haqida ma’lumot topilmadi. Bu omma e’tiboriga havola qilgan Imtihon to’g’risidagi buruq qanchalik to’g’ri. Iltimos javobingizni ayamang. (qayerda origanal nusxasi mavjud)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*