Замонавий мактабнинг 3D кўриниши (видео)

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2017 йил 1 мартдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ҳовлисини, бино йўлаклари ҳамда синф хоналарини баннер ва стендлар билан жиҳозлашнинг намунавий талабларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 67-сонли буйруғи билан тасдиқланган мактабнинг намунавий 3D шаклидаги кўриниши.


 

Мактаб – қадимги юнончадан σχολή, σχολά — «вақт ўтказмоқ», «таълим билан шуғулланмоқ» – ўқитувчи раҳбарлигида ёш авлодга маълумот бериладиган ва тарбиявий ишлар олиб бориладиган ўқув тарбия муассасасидир. Ўзбекистонда мактаб, асосан, давлат мулки бўлиб, унда ўқиш бепулдир. Шу билан бирга олий ўқув юртларида ўқиш қисман шартнома асосида амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасининг 1997-йилда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонуни ҳамда «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» да белгилаб берилганидек, Ўзбекистон мактабларида таълим ўқувчиларнинг она тилида олиб борилади. Барча мактабларда ўқувчи ва талабалар учун узликсиз тарзда таълимнинг қуйи босқичидан юқори босқичига ўтиш таъминланган. Бошланғич ва ўрта мактабларда таълимнинг асосий шакли – дарс, ўрта махсус ва касб-ҳунар, ҳамда олий мактабларда – лексия.

Мактабни қуйидаги турларга бўлиш мумкин:
а) бериладиган билимнинг ҳарактерига кўра — умумий ва профессионал;
б) билимнинг кўламига кўра — бошланғич (ёки қуйи), ўрта, олий;
в) кимнинг қарамоғида бўлишига қараб — давлат, муниципал (жамоа) ва хусусий;
г) ўқувчилар жинсига кўра — аралаш (ҳар икки жинсдаги ўқувчилар учун);
д) динга нисбатан — дунёвий ва диний (конфессионал);
е) болалар мактабда бўлиш вақтига қараб — қатнаб ўқийдиган мактаб ва тунаб қолинадиган (пансион, интернат).

Илк мактаблар қадимги Шарқ мамлакатлари (Хитой, Бобил, Миср ва бошқалар)да пайдо бўлган; бу мамлакатлардаги ибодатхоналарда коҳинлар ва котиблар мактаблари бўлган. Европада дастлабки мактаблар тахминан милоддан аввалги 6-асрда Юнонистонда, милоддан аввалги 4-асрда қадимги Римда вужудга келган.

Ўрта Осиёда бошланғич таълим берадиган мактаб мактабхона деб номланган. Ўрта Осиёда мактаблар типидан яна Мадраса, қорихонанк кўрсатиш мумкин. Мадраса ўрта ва олий типдаги мактаб ҳисобланган; қорихонада Қуръонни тиловат қилиш ўрганилган.

Туркистондаги рус аҳоли маҳаллий аҳолига нисбатан мактаблар билан яхши таъминланган. 1876 йилдан гимназия, реал мактаб, муаллимлар семинарияси ва бошқа турдаги мактаблар очилган. Рус мактабларининг айримларида маҳаллий миллат болалари ҳам ўқиган. 19-аср охирларида маҳаллий миллат болалари учун рус-тузем мактаблари ташкил этила бошлади. Улар асосан, чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига хизмат қилган бўлсада, ўлкада илғор ўқиш усулларининг ёйилишида маълум рол ўйнади. Совет тузуми даврида мактаблардаги таълим жараёнининг ўзи ва ўқитиш услубиятидаги ҳар хил камчиликлар оқибатида билим беришда юзага келган нодемократик ҳамда жамият учун зарарли муҳит шунга олиб келдики, ўқувчиларда мустақил фикрлаш ривожланмай қолди.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, мактабларнинг моддий техника базасини ривожлантириш, уларни илмий методик жиҳатдан таъминлаш соҳасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Ўзбекистонда мактаб ишлари юксак суръатлар билан ривожланмоқда. Мамлакатда 9672 умумий ўрта таълим мактаби (6 млн. дан ортиқ ўқувчи), 224 ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юрти (223 минг ўкувчи), 71 олий ўқув юрти (125,5 минг талаба) мавжуд (2002).

Мактаб атамаси, шунингдек, рангтасвир, ҳайкалтарошликка, ўзига хослиги аниқ ифодаланган шаҳар ёки маълум вилоят меъморлигига, у ёки бу даражада аниқ, услубий ва тарихий чегараларига эга бўлган бутун бир мамлакатнинг миллий санъатига нисбатан ҳам қўлланади (мас, Ҳирот миниатюра мактаби).

Ўхшаш мавзулар:

2 thoughts on “Замонавий мактабнинг 3D кўриниши (видео)

  1. Djurayeva Gulnoza

    Bu maktab a’lo darajada. Ta’lim sohasida amalga oshirilayotgan ishlar mazmuni asosida tayyorlangani bilinib turibdi. Bir ovozda 5 ball desak bo’ladi. Shu o’rinda savol tugiladi: Hamma maktablarda binolar bir xilda qurilmagan. Ko’rgazmalarni joylashtirish bo’yicha turli muammolar paydo bo’lishi mumkin. Shunga o’xshagan boshqa vidiolar ham bormi?

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*