Мактаб кутубхонаси ва кутубхоначиси: у қандай бўлиши керак?

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлигининг 2011 йил 19 августдаги буйруғи билан тасдиқланган Умумтаълим муассасаси кутубхонаси тўғрисида”ги низомда шундай дейилади: “Кутубхона қуйидаги вазифаларни бажаради: фойдаланувчиларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, маданий ва таълим олиш эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш… Кутубхона-ахборот маданиятини тарбиялаш, фойдаланувчиларни ахборотлар қидиришнинг замонавий методларига ўқитиш; ҳомий ташкилотлар, турли ташкилотлар ва муассасалар, айрим фуқароларнинг ёрдамлари ҳисобидан кутубхона фондини тўлдириб бориш”. Қолаверса, “Электрон кутубхона ва электрон каталогни шакллантиради”.

Мазкур Низомни ўқиган кишининг кўз олдида болаларнинг ёшига мослаб тахланган ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналарини, фанга доир илмий рисолалар, қолаверса, даврий нашрларни ўзида жамлаган, электрон фондга эга, ташқи шовқиндан ҳимояланган шинамгина хона гавдаланиши турган гап. Аслида бугунги давр талаби ҳам шу. Хўш, бизнинг мактаб кутубхоналаримиз бу талабларга нечоғлик мос келади?

Мактаб кутубхонаси маданият ва таълимнинг асосий қисми сифатида янгича мазмун касб этмоқда. Кутубхоначиларнинг меҳнати туфайли инсоннинг ахборот олиш маданияти, мутолаага, илм-фан, тарих, маданиятга барқарор қизиқиши ҳар томонлама шаклланиб бормоқда. Мактаб кутубхоначилари болалар ва ўсмирларни китоб ўқишга жалб этиш йўли билан уларнинг интеллектини камол топтиришда бебаҳо ҳисса қўшмоқдалар. Шундай экан, мактаб кутубхонаси ўзининг одатдаги қиёфасини ўзгартириши, энг замонавий талабларга жавоб берадиган асл ахборот-таълим, маданий марказга айланиши керак.

Республикамизда ахборот-кутубхона маркази (АКМ) ва ахборот-ресурс маркази (АРМ)нинг мавжуд бўлишини кўзда тутадиган ахборот-кутубхона тизимининг вужудга келтирилиши мактаб кутубхоналарини ривожлантиришдаги инновацион жараёнларнинг фаоллашувига имкон яратди. Компютер ва ахборот технологиялари, интернетнинг вилоят, туман, мактаб ахборот-ресурс марказига жадал жорий этилиши мактаб кутубхонаси китобхонларининг ҳам жаҳон ахборот ресурсларига эркин кириб боришини таъминлайди. Кўпгина мактаб кутубхоналари бугуннинг ўзидаёқ ўз шахсий сайтларига эга. Уларнинг саҳифаларидан кутубхонанинг бутун мактаб ҳамжамиятига таклиф этиш учун тайёр ресурслари ва хизматлари ҳақида маълумот олиш, мавжуд локал ва тармоқ электрон материалларни ўрганиш, ўқув жараёни ва индивидуал ишларга хизмат кўрсатишнинг янги турлари тўғрисида билиб олиш мумкин.

Бундан буён мактаб кутубхоналари иш тажрибасида ахборот-коммуникация технологияларидан, электрон ташувчилардаги материаллардан, ахборот-таълим дастурларидан фойдаланиш мумкин. Ва бу мактаб кутубхонасининг асосий функциялари ва ахборот-кутубхоначилик хизматлари бўлмиш китобларни каталоглаштириш; адабиётлар ва дарсликларни комплектлаш ишларини автоматлаштириш имконини беради.

Фан-техника тараққий этган замонамизда мактаб кутубхонасининг миссияси ўзгаради. Замон АРМ кутубхоначисининг профессионал фаолиятидаги янги қоидаларни талаб этмоқда. Энди тадбирлар миқдорию китобхонлар ва берилган китоблар сони каби кўрсаткичларгина АРМ фаолиятига баҳо беришда белгиловчи омил бўла олмайди. Кутубхоначидан аудиовизуал ва электрон ҳужжатлар, замонавий техника билан ишлаш малакаси ҳам талаб этилмоқда. Айни мана шунинг учун ҳам мактабда АРМни юқори малакали мутахассис бошқармоғи даркор.

Мактаб кутубхонаси ўқувчилар, ўқитувчилар, маҳалла жамоасининг ахборот-кутубхона билан таъминланишини белгилаб берувчи таркибий марказга, кутубхоначилик хизмат кўрсатишида илғор ахборот технологияларидан жадал фойдаланиш асосида шахснинг ахборот олиш маданиятини шакллантириш базасига айланиши керак.

Халқ таълими вазирлиги мактаб кутубхоналари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан замонавий таълим савияси ва унинг истиқболига мос келадиган ёндашувлар ишлаб чиқмоқда. Ҳозирда мамлакатимизда 20 миллион нусхага яқин маълумотнома, илмий-оммабоп, бадиий, ўқув-методик адабиётлардан иборат китоб фондига эга бўлган 9502 та умумтаълим мактаб кутубхоналари фаолият кўрсатмоқда. Республикамиз ўқувчилари ва ўқитувчиларига кутубхоначилик-библиографик хизмат кўрсатишни 10311 нафар кутубхоначи амалга ошираётган бўлиб, энди улар мактабдаги инновацион бунёдкорликлар иштирокчилари саналадилар.

Кутубхона

Соҳадаги мавжуд муаммолар таҳлили республикамиз мактаб кутубхоналари ишини такомиллаштиришнинг қуйидаги асосий йўналишларини белгилаб берди:

  • мактаб кутубхонасини техник жиҳозлаш;
  • кутубхоначилик жараёнларини автоматлаштириш, янги ахборот технологияларидан фойдаланиш, кутубхона фаолиятини ахборотлаштириш учун шароитлар вужудга келтириш;
  • китоб фондларини шакллантириш;
  • мактаб кутубхонаси фаолиятини ташкил этишга доир янги бошқарув ва методик ёндашувларни аниқлаш;
  • мактаб кутубхоналарининг ташкилий шаклларидаги истиқболли моделларни ажратиш;
  • умумтаълим муассасалари кутубхоначиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш, уларнинг ахборот олиш маданиятини юксалтириш;
  • умумий таълим кутубхона муассасаларининг кооперациялашуви ва интеграциясини ривожлантириш, шунингдек, мактаб кутубхоналари, АРМлар, бошқа тизим ва идораларга қарашли кутубхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш.

Юқорида тилга олинган вазифаларни ҳал этиш иши ахборот-ресурс маркази зиммасида бўлиб, у мактаб кутубхоналарининг ривожланиш жараёнларини қўллаб-қувватлаб туради, шунингдек, ўқув жараёнининг мактаб кутубхонасининг фаолиятини модернизациялаш йўли билан ахборот ва илмий-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турилишини таъминлайди. Кутубхоначилик ишида янги ахборот технологиялари таълими билан шуғулланади.

Ҳозирги пайтда республикамизда Халқ таълими вазирлиги ташаббусида ташкил этилган ва Осиё Тараққиёт Банки томонидан қисман молиялаштирилаётган «Ўзбекистон умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув адабиётларини нашр қилиш тизимини такомиллаштириш» лойиҳаси ҳаракатда.

Унинг компонентларига қуйидагилар киради:
-мактаб кутубхоналарини ривожлантириш ва уларни компютерлаштириш;
– кутубхонани китоблар ва бошқа материаллардан, жумладан, электрон ўқув ресурсларидан иборат китоб фондлари билан таъминлаш;
– мактаб кутубхоналари ишини такомиллаштириш юзасидан миллий стандартлар ва инструкциялар ишлаб чиқиш.
Ташкил қилинган лойиҳа орқали янги кутубхона — ахборот-ресурс маркази деб аталмиш мактаб кутубхонасининг модернизациялашган янги кўриниши ўқувчиларнинг ўзлаштиришига, таълим сифати ва ўқитувчининг ишига катта таъсир қилиши кўзланади.

АРМни ривожлантириш қуйидаги муҳим омилларга асосланади:

  • Техник таъминот;
  • Дастурий таъминот;
  • Ахборот таъминоти;
  • Кадрлар таъминоти.

Лойиҳага биноан 2007—2009 йиллар мобайнида республика миқёсида 1000га яқин мактаб кутубхонаси модернизацияланди. Лойиҳа мактаб кутубхоналари ишига асосий аудиовизуал ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари — компьютерлар, принтерларни жорий этиш, Интернет тармоғига уланиш, шунингдек, кутубхоналар янги авлодининг мактабга яқин жойлашган маҳалла ҳамжамиятларига очиқлигини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчиларга кутубхоналар ресурсларидан ўқув жараёнида қўшимча фойдаланишда ёрдам бериш, АРМни ўқувчиларнинг кундалик машғулотларига интеграциялаш имконини берди.

Бугун мактаб ўқув жараёнига шундай ахборот ва педагогик технологиялар тадбиқ этилмоқдаки, бунда дарслик таълимнинг бош воситаси ва ахборотнинг асосий манбаи ролини бажаролмай қолади. Ўқувчилар энди дастлабки манбаларга кириб бориш имкониятига эга бўлиб, ўзлари учун зарур билимлар, фактлар, ахборотни хоҳ босма, хоҳ электрон шаклда бўлсин мустақил топа олишлари лозим.

Ахборотнинг замонавий ташувчилари фондига эга бўлган АРМлар ишида шахснинг ахборот олиш маданиятини шакллантириш бош вазифага айланадики, бу нарса китобхонларни кутубхоначилик-библиографик, мутолаа маданиятига доир билимлар, шунингдек, компютер саводхонлиги билан таъминлайди. Китобхонлар марказдан алоҳида янги ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланган ҳолда ахборотни излашга доир билим ва малакалар ҳосил қилишлари, зарур ахборот маҳсулотлари–кўчирмалар, маърузалар, рефератлар, шарҳларни мустақил равишда тайёрлаш технологиясини ўзлаштиришлари лозим.

Ахборот-ресурс маркази фаолиятини бошқаришда «Таълим муассасаси ахборот-ресурс маркази тўғрисида намунавий Низом» ишлаб чиқилиб, у АРМ иш амалиётига жорий қилинган. Унда мактаб ахборот-ресурс маркази фаолиятининг умумий қоидалари, марказнинг асосий вазифалари ва функциялари акс этган. Шунингдек, «Таълим муассасасининг ахборот-ресурс марказидан фойдаланиш қоидалари», «Ходимларнинг лавозим вазифалари» тасдиқланган.

Вилоят ва туман халқ таълими бўлимлари қошидаги ахборот-ресурс марказларининг фаолияти ҳам умумтаълим муассасаси ахборот-ресурс марказини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш сари йўналтирилган бўлиб, улар зиммасига марказларга ташкилий-методик раҳбарлик қилиш, методик ва амалий ёрдам кўрсатиш функцияси юкланган. Жумладан, улар методик раҳбарликни амалга ошира бориб, инновацион кутубхоначилик ва ахборот тажрибасини ўрганадилар. Идорага қарашли АРМлар, умумтаълим мактаб кутубхоналари фаолиятига ёрдам кўрсатадилар.

Замонавий кутубхонанинг янги қиёфасини шакллантириш жараёни таълим соҳасидаги мавжуд АРМлар билан умумтаълим муассасалари кутубхоналарини бирлаштирадиган ягона компютер тармоғини вужудга келтириш имконини беради.

Мактаб АРМлари компютерлар, принтер, сканер, факс, проекторлар билан жиҳозланган. АРМлардаги кутубхоначилик жараёнларини автоматлаштириш (каталоглаштириш, комплектлаш, китоб бериш, хизмат кўрсатиш ва ҳоказолар) учун мўлжалланган Автоматлаштирилган кутубхона тизимининг мавжуд бўлиши ҳам кўзда тутилади.

Тўпланган тажрибалардан шу нарса маълум бўладики, халқ таълими тизими учун ҳар бир АРМни зарур илмий-таълимий ахборот билан тезкор таъминлаш учун уч босқичли тизим барпо этиш самарали ҳисобланади. Уч босқичли корпоратив тармоқни вужудга келтиришдан кўзланадиган мақсад – АРМлар орасида ахборот ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, электрон ресурсларни шакллантириш сарф-харажатларини қисқартиришдир.

Биринчи босқичдаги ишларни АРМлар учун корпоратив каталоглаштириш маркази (ККМ) ролини бажараётган ва мактаб АРМлари учун жамлама электрон каталогни (ЭК) шакллантиришни таъминлаётган Республика илмий педагогика кутубхонаси амалга ошириши режалаштирилмоқда. Унинг функциясига электрон библиографик ёзувларни ўзаро алмашиш учун Ўзбекистон Миллий кутубхонаси каби етакчи кутубхоналар билан олиб бориладиган ишлар, каталогнинг электрон ёзувларини электрон почта орқали оммалаштириш ёки уларни веб-сайтда тақдим этиш, туман (2-) босқичида каталогизаторлар томонидан киритиладиган ёзувларнинг тўғрилигини текшириш, АРМларга электрон каталог ва бошқа маълумотлар базасини ўзлаштириш ва улардан фойдаланишда консултация ва методик ёрдам кўрсатиш (2-босқич) ҳам киради.
электрон ресурсларни яратишда илғор бўлган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёрдамини жалб этиш орқали Корпоратив каталоглаштириш маркази иши самарадорлигини оширишга эришилади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг тармоқдаги функциялари қуйидагилардан иборат:
— Корпоратив каталоглаштириш марказига жамлама электрон каталогни шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиш,
— АРМ фондига мос келадиган ККМга электрон библиографик ёзувларни тақдим этиш;
— электрон библиографик ёзувларни алмашиш ва олиш учун Корпоратив каталоглаштириш маркази билан бирга иш олиб бориш.

Туман АРМ иккинчи поғонада иш олиб бориш учун ККМдан электрон ёзувларни олади ва уларни локал электрон каталогга киритади. Шунингдек, локал электрон каталогни шакллантириб, тўлдириб боради. АРМга киритилаётган янги ёзувларни келишиб олиш ва таҳрир қилдириш учун ККМга жўнатиб туради. Тумандаги мактаб АРМларини электрон ёзувлар ва каталоглар билан (електрон почта орқали ёки магнит ташувчиларида — флешка, CД ва бошқалар) мунтазам равишда таъминлаб туради, консултациялар беради, мактаб АРМларига электрон каталог ва бошқа маълумотлар базаларини ўзлаштиришда (3-босқич) методик ёрдам кўрсатади.

Учинчи босқичда ишлаш учун умумтаълим мактаблари кутубхоналари базасида барпо этилган АРМлар ҳаракатга келтирилади. Уларнинг фаолияти иккинчи босқичдаги АРМлардан электрон ёзувларни олишда, АРМнинг локал электрон каталогини шакллантириш (тўлдириш)да, ахборот кутубхона хизматларини кўрсатишда намоён бўлади.

Тармоқни ишга тушириш, электрон каталогларни яратишга кетадиган сарф-харажатларни анча қисқартириш ва жамлама каталогларнинг тайёр ёзувларидан фойдаланиб, нашрларни каталоглаштириш машаққатини камайтириш, миллий ахборот ресурсларини (електрон каталоглар, маълумотлар базалари, электрон дарсликлар базалари ва бошқалар) самарали шакллантириш ва тезкор оммалаштириш, мактаб АРМларини керакли ахборот билан таъминлаш, уларга ўз локал электрон каталогларини шакллантириш учун шароит яратиш имконини беради.

Республика илмий педагогика кутубхонаси 2009 йилнинг ёзида ахборот-коммуникация технологиялардан фойдаланишга таянадиган замонавий кутубхоначилик технологияларини тажрибадан ўтказишга қаратилган пилот лойиҳасини амалга оширди. Ҳеwлетт-Паcкард (Хюлетт-Паккард) компанияси ҳамда Ёш дастурчиларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш маркази (ЁДТҚМ) ҳамкорлигида кутубхона каталоглари билан марказлаштирилган ишларни амалга ошириш учун даъват этилган дастурий аппарат комплекси ўз ишини бошлади. Шу мақсадда УЗИНФОCОМ Марказининг хостинг майдончаси марказида сервер ўрнатилган бўлиб, у ЗиёНет тармоғи воситачилигида ахборот-ресурс марказларининг марказлаштирилган кутубхона каталогларига ишончли ва тезкор кириб боришни таъминлайди. ЁДТҚМ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган «КаДаТа» дастурий таъминоти АРМ мутахассисларига марказий маълумотлар базасида аллақачон бор бўлган нашрларни локал каталогларга киритиш оворагарчилигига барҳам берди.

Шундай қилиб, маълумотларнинг ишончлилиги ва тўғрилиги ортади, локал каталогларни шакллантириш иши тезлашади. Республика илмий педагогика кутубхонаси базасида яна бир серверни ўрнатиш режалаштирилмоқда. Унинг асосий мўлжали – захира каталогини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тизимни функционал тестлаштириш. Бундан буён тизимни босқичма-босқич ривожлантириш кўзда тутилмоқда.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*