«Оммавий маданият» таҳдиди (тақдимот)

Ўзбекистонда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғун қабул қилиш, маънавий ва ахлоқий фазилатларга янгича муносабатлар, анъаналар шаклланди. Айни пайтда, жамиятни демократлаштириш жараёнида турли маънавий ва ахлоқий қадриятларга зид бўлган таҳдидлар ҳам пайдо бўлиб, улар биринчи президентимиз И.А. Каримов таъкидлаганларидек, «ўз-ўзидан мамлакат хавфсизлигини, унинг миллий манфаатларини, соғлом авлод келажагини таъминлаш йўлидаги жиддий хатарлардан бирига айланиши ва охир-оқибатда жамиятни инқирозга олиб келиши мумкин». Шу маънода кейинги даврда жамиятимизда «оммавий маданият» деб аталмиш маънавий таҳдид ҳам пайдо бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу таҳдид аввало жамиятнинг маънавий-мафкуравий омилларига хуруж қилмоқда. Биз мазкур рисолада ана шу таҳдининг мазмун-моҳият, намоён булишнинг айрим хусусиятлари ҳақида фикр юритмоқчимиз.

Оммавий маданият

«Оммавий маданият»: у билан боғлиқ тушунчалар талқини

Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсиндириш воситалари тубдан ўзгарди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳалар, қимммат-баҳо техника, минглаб аскарлар ва анча-мунча вақт ҳам керак бўлар эди. Ҳозирда эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатяпти.

Оммавий маданият — XX аср ўрталарида оммавий мулоқот ва ахборот воситаларининг жамият ҳаётига чуқур кириб бориши ва барча ижтимоий гуруҳлар учун етарли бўлиши натижасида шаклланган ва моҳиятан барча ёшдаги аҳоли учун тушунарли бўлган маданият намуналаридир. 

Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида харакат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам. Бу кураш яширин равишда, зимдан оширилгани боис, унга уюшқоқ ҳолда қаршилик кўрсатиб бўлмайди, айнан шу омил бундай қарашларнинг муваффақиятини белгилаб беради.

Оммавий маданият

Гегемониянинг бу шакли “маданий гегемония” (устунлик, йўлбошчилик) деб номланади. Жаҳон миқёсида авж олдирилаётган бундай маданий гегемония курашда алданиб қолмаслик учун истилочиларнинг асл мақсад-муддаоларини билиш, қўлланилаётган услуб ва воситаларни пухта ўрганиш талаб этилади.

«Оммавий маданият» таркибидаги кишиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча, нарсалар ва буюмларни эъзозлашади. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси – маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Американинг таниқли адиби Р. Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси – автомобил, телевизор, компьютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдир. 

«Оммавий маданият» да «Оммавий мусиқа» алоҳида ўрин тутади. «Оммавий мусиқа» ни «Янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. «Оммавий маданият» даги техник-ижро воситалари мусиқа имкониятларини ниҳоятда торайтирмоқда, полифонизм – мусиқий садолар бойлиги ва ранг-баранглигини йўққа чиқармоқда.

Ҳозирги даврга келиб «оммавий маданият» ривожланган мамлакатлар ва айниқса, ривожланиш жараёнида бўлган миллий давлатчиликка жиддий хавф сола бошлади. Турли олимлар «оммавий маданият» тушунчасини турли талқин этсаларда, «оммавий маданият» ХХ асрда инсоният яратган классик маданиятга салбий таъсир этиши билан намоён бўла бошлади. Олимлар «оммавий маданият»ни алоҳида олинган ижтимоий омил сифатида талқин этиб, унинг келиб чиқиши, ўзига хос хусусиятлари ва ривожланиш тамойилларини тадқиқ этмоқдалар.

«Оммавий маданият»га қарши кураш чоралари

Жамиятимизда демократик қадриятлар изчил таркиб топиб бормоқда. Бу жараёнда миллий ва умуминсоний қадриятларни уйғун қабул қилиш, маънавий ва аҳлоқий қоидаларга янгича муносабат, мафкуравий ва маърифий янгиланиб бориш каби хусусиятлар шаклланди. Айни пайтда, демократик турмуш тарзининг юзага келишида маънавий ва аҳлоқий тубанлик иллатлари ҳам пайдо бўлмоқда. Бундай ҳолат онгли ва мақсадли равишда четдан туриб шакллантирилмоқда. Биринчи президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек, «ҳақиқат ва холисликдан йироқ бўлган, фақат ғаразли сиёсий манфаатларни кўзлайдиган бундай қарашлар ҳеч кимга наф келтирмайди ва ҳеч кимнинг обрўсига обрў қўшмайди, албатта». Шу маънода кейинги пайтларда жамиятимизда «оммавий маданият» аталмиш маънавий ва ахлоқий тубанлик иллати пайдо бўлаётгани кўпчиликка аёндир.

Оммавий маданият

«Оммавий маданият» тушунчаси биз учун янги тушунча ҳисобланади. Бироқ у ғарб олами учун анча танишдир. Ўзбекистонда бу муаммога жамоатчилик эътиборини илк бор биринчи президентимиз И.А.Каримов қаратиб, қуйидаги фикрларни билдирган эди: «Биз юртимизда янги ҳаёт асосларини барпо этар эканмиз, бир масалага алоҳида эътибор беришимиз лозим… Четдан биз учун мутлақо ёт бўлган, маънавий ва ахлоқий тубанлик иллатларини ўз ичига олган «оммавий маданият ёпирилиб кириб келиши мумкинлигини унутмаслик керак»

Хуллас, Ғарб жамияти маънавий ҳаётида инқироз тушкунлиги туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Зеро, глобаллашув жараёни, замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиши, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меъросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга беками-кўст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади!

 

 

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idumuz

Facebook даги гуруҳимизга қўшилинг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*