Компетенция нима дегани?

Янги ўқув йилидан кўпчилик педагогларда «Компетенция нима дегани?», «Компетенциянинг қандай турлари бор?» ва шунга ўхшаш бошқа саволлар кўплаб учрагани сабабли сайтимизда «Фанлар бўйича компетенция» рукни очилди. Ушбу рукнда хар бир фандан компетенциялар ҳақида ўзбек ва рус тилида маълумот бериб борамиз.


Компетенцияларни шакллантиришга йўналтирилган таълим – ўқувчиларнинг эгалланган билим, кўникма ва малакаларини ўз шахсий, касбий ва ижтимоий фаолиятларида амалий қўллай олиш имкониятидир. Компетенциявий ёндашувга асосланган таълим ўқувчиларда мустақиллик, фаол фуқаролик позициясига эга бўлиш, metodicsташаббускорлик, медиаресурслар ва ахборот-коммуникация технологияларидан ўз фаолиятида оқилона фойдалана олиш, онгли равишда касб-ҳунар танлаш, соғлом рақобат ҳамда умуммаданий кўникмаларини шакллантиради.

Инсон ўз ҳаётида шахсий, ижтимоий, иқтисодий ва касбий муносабатларга киришиши, жамиятда ўз ўрнини эгаллаши, дуч келадиган муаммоларнинг ечимини ҳал этиши, энг муҳими, ўз соҳаси, касби бўйича рақобатбардош бўлиши учун зарур бўлган таянч компетенцияларга эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, таълимда ҳар бир ўқув фанини ўзлаштириш жараёнида ўқувчиларда, шу фаннинг ўзига хослиги, мазмунидан келиб чиққан ҳолда, соҳага тегишли хусусий компетенциялар ҳам шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, баркамол шахсни тарбиялашга йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар талимида (9+3) ўқитиладиган умутаълим фанлари мазмунининг изчиллигини таъминлаш мақсадида таянч компетенциялар ҳамда ҳар бир ўқув фани мазмунидан келиб чиққан ҳолда хусусий компетенциялар белгиланди.


Таянч компетенциялар:

1.Коммуникатив компетенция

  • жамиятда ўзаро мулоқотга киришиш учун она тили ва бирорта хорижий тилни мукаммал ўзлаштириш ҳамда мулоқотда самарали фойдалана олиш;
  • ўз фикрини оғзаки ва ёзма тарзда аниқ ва тушунарли баён қила олиш, мавзудан келиб чиқиб саволларни мантиқан тўғри қўя олиш ва жавоб бериш;
  • ижтимоий мослашувчанлик, ўзаро мулоқотда муомала маданиятига амал қилиш, жамоавий ҳамкорликда ишлай олиш;
  • мулоқотда суҳбатдош фикрини ҳурмат қилган ҳолда ўз позициясини ҳимоя қила билиш, уни ишонтира билиш;
  • турли зиддиятли вазиятларда ўз эҳтиросларини бошқариш, муаммо ва келишмовчиликларни ҳал этишда зарур (конструктив) бўлган қарорларни қабул қила олиш.

2.Ахборот билан ишлаш компетенцияси

  • мавжуд ахборот манбаларидан (интернет, телевизор, радио (аудио-видео ёзув), телефон, компьютер, электрон почта ва бошқ.) фойдалана олиш;
  • медиа воситалардан зарур бўлган ахборотларни излаб топа олиш, саралаш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш, хавфсизлигини таъминлаш ва фойдаланишда медиа-маданиятга риоя қилиш;
  • маълумотлар базасини ярата олиш, асосийларини танлай олиш ва уларни таҳлил қила билиш;
  •  кундалик фаолиятда учрайдиган ҳужжатлар билан ишлай олиш (оддий табрикномалар ёза олиш, анкеталарни тўлдириш, меҳмонхона рўйхатида ўзи тўғрисидаги маълумотларни қайд эта олиши ва бошқалар.)

3.Шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш компетенцияси

  • шахс сифатида доимий равишда ўз-ўзини ривожлантириш, жисмоний, маънавий, руҳий ва интеллектуал камолотга интилиш;
  • ҳаёт давомида ўқиб-ўрганиш, билим, тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш;
  • ўз ҳатти-ҳаракатини адекват баҳолаш, ўзини назорат қила билиш, ҳалоллик, тўғрилик каби сифатларга эга бўлиш;
  • ўқиб-ўрганганлари ва ҳаёт тажрибасидан фойдаланган ҳолда кундалик турмушда учрайдиган муаммоларни ҳал эта олиш.

4. Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси

  • Жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва фаол иштирок этиш;
  • ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиши, унга риоя қилиш (яъни харидор, сайловчи, мижоз, ишлаб чиқарувчи сифатида фаолият юрита олиш);
  • меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала, иқтисодий, ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш;
  • касбий мавқеининг ўсишига интилиш билан жамият ва оиласи манфаатлари учун хизмат қилиш, ёрдамга муҳтожларга саховатли бўлиш.

5. Умуммаданий компетенциялар

  • Ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш;
  • бадиий ва санъат асарларини тушуниш, таъсирлана олиш;
    ораста кийиниш, юриш-туришда маданий меъёрларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш;
  • умумбашарий аҳамиятга эга бўлган қадриятларни (урф одатлар, маросимлар, миллий-маданий анъаналар ва.ҳ.к.) билиш, унга ҳурмат билан муносабатда бўлиш;
  • ўзгаларга нисбатан меҳр-мурувват, сахийлик, ўзгаларнинг дунёқараши, диний эътиқоди, миллий ва этник ҳусусиятлари, анъана ва маросимларини ҳурмат қилиш;
  • халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб асраш, жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш.

6.Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси

  • аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иктисодий режаларини туза олиш;
  • шахсий, ижтимоий ва иқтисодий муносабатларда хисоб-китоб билан иш юритиш;
  • кундалик фаолиятда турли формула, модел, чизма, график ва диаграммаларни ўқий олиш ва фойдаланиш;
  • инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган ва қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдалана олиш.

1. Мазмун ва мақсадга йўналтирилган компетенция ўқувчиларни қизиқишлари ва уларнинг дунёқарашларини ўзида мужассам этиши, уларнинг атроф муҳит билан боғлиқ ҳолда жамиятда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз муносабатини билдира олиши ва мустақил қарор қабул қила олиши. Бу компетенция ўқувчини ўз олдига қўйган мақсад вазифаларига эришиш траекториясини белгилаб, ўқув жараёни ва бошқа фаолиятда ўзини англаш механизмини шакллантиради. Ўқувчининг жамиятда ўз ўрини топа олиши ушбу механизм билан боғлиқ бўлади.

2. Умуммаданий – компетенция ўқувчининг юксак тайёргарлилик даражаси, малакаси, маданий ва маънавий-ахлоқий савияси, умуминсоний ва миллий қадриятларни ўзининг фаолиятида акс эттириши, анъана ва қадриятларга асосланган ҳаёт фаолияти. Ўқувчининг жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, масалан ўзининг бўш вақтини фойдали равишда ташкил эта олиши, (музейларга бориши, уй ишларига қарашиши, китоб мутолаа қилиш, бошқаларнинг қадр-қимматни эътироф этиш ва уни ҳурмат қилиш в ҳ.к.).

Жисмоний, маънавий ва маърифий ўз-ўзини ривожлантириш, ўзининг ҳис туйғуларини бошқара олишга йўналтиради. Шахсий тушуниш ва ўрганиш эҳтиёжларини кузатиб бориш; мос келувчи манбаларни аниқлаш; билим олишни бир жабҳадан бошқасига кўчириб ўта олиш.

3. Ўқув-таълимий – компетенция ўқувчининг таълим жараёнида олган билимларини амалиётга тадбиқ эта олиши. Қуйидаги элементларни ўзи ичига олган ўзини-ўзи англашидаги билимлар йиғиндиси. Жумладан; мантиқий, методологик, қиёслаш, идрок қилиш, тадбиқ этиш, ўз-ўзини баҳолаш фаолияти. Мазкур компитентлилик доирасида ўқувчида фактларни асосийларидан ажрата олиш ва хулоса чиқариш малакаси шаклланади.

4. Ахборотлашган компетенция интернет, ОАВ ва бошқа тармоқлардан зарур бўлган ахборотларни излаб топиш, маълумотлар базасини яратиш мустақил тўплай олиш, уларни таҳлил этиш, баҳолаш, ахборотни қайта ишлаш ва уларни узатиш, асосийларини танлаб олиш, фойдалана олиш.

5. Коммуникатив компетенция  ўқувчиларда гуруҳларда ва жамоаларда ижодий ишлай олиш, ҳамкорлик қила олиш. Ўқувчиларнинг билим, кўникма, малакалари ва компетентлилик даражаларини шакллантириш бўйича тарих фани таълими мақсадларини ва баҳолаш мезонларини аниқроқ ва яққолроқ белгиловчи қуйидаги тамойиллар белгиланди.

Билиш, ўрганиш  ўрганилган материални билиб олиш, қайта айтиб бера олиш.

Тушуниш, идрок қилиш — ўрганилган материални хотирада сақлаб қолиш, моҳиятини идрок этиш ва тушунганликни намойиш қилиш, бир дарвдан бошқа даврга кўчира олиш. У ёки бу ҳолатга танқидий баҳо бера олиш. Мунозараларда иштирок эта олиш. Ўзининг фикрини ва қарашларини фанда олган билимлари асосида ҳимоя қила олиш.

Қўллай олиш — ўрганилган умумий тушунча, атамаларни, муаммоли вазиятларга, мисол орқали тадбиқ эта олиш ҳамда самарали қўллай олиш; Жамоада ишлай олиш ва етакчилик қобилиятларини намоён этиш; турли хил роллар ва масъулиятларни қабул қила олиш; бошқалар билан биргаликда самарали меҳнат қила олиш.

Анализ (таҳлил) ва синтез, фильтр қилиш — берилган муаммони ҳал қилиш учун зарур маълумотларни турли хил манбалардан тўплаш, тартибга солиш, таҳлил қилиш; ўрганилган бир бутун материални майда бўлакларга, таркибий қисмларга ажрата олиш ва улар орасида муносабатларни ўрнатиш ва таҳлил қила олиш; аниқланган хусусий натижаларни умумлаштириб, асосийларини ажратиш, хулоса чиқара олиш.

Танқидий фикрлаш ва тизимли фикрлаш — Масалани англашда ва мураккаб қарорлар қабул қилишда пухта далиллар келтиришдан фойдаланиш; тизимлар воқеалар ва ҳодисалар, вазиятлар ўртасидаги узвий боғлиқликни англаш.

Баҳолаш ва хулоса чиқариш — Воқеа ва ҳодисаларга баҳо бера олиш, муаммоли вазиятни маълум ички ёки ташқи мезонлар асосида баҳолаш ва таққослаш, сабаб ва оқибатларини ўрганиш, натижаларни таҳлил қилиш асосида танқидий фикрлаш, хулоса чиқаришдир.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*