Фан олимпиадаси низоми

Ёшларимизнинг бугун турли халқаро кўрик-танловлар, нуфузли мусобақалар, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритаётгани уларнинг тарихий ҳақиқатни, ўзлигини теран англагани, буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга интилаётгани нишонасидир. Ҳа, таълимнинг янги модели жамиятимизда мустақил фикрловчи шахс шаклланишига олиб келди. Онгли турмуш кечириш ҳаётимизнинг бош мезонига айланди. Ўз қадр-қимматини англаган, иродаси бақувват, иймони бутун, мақсади аниқ ёшлар ҳаётга ҳал қилувчи куч бўлиб кириб келмоқда. Ўз ақли, тафаккури, меҳнати билан, онгли тарзда, ҳур фикрли инсон бўлиб яшамоқда.



Фан олимпиадасининг биринчи, яъни мактаб босқичи қандай ўтказилади? Ушбу саҳифамиз орқали фан олимпиадаси низоми билан танишиб билиб олишингиз мумкин.


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг 2009 йил 1 майдаги 18 Қ/Қ, 20, 13/ҚҚ-сон қарори билан тасдиқланган

Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадаларини ўтказиш ва халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаш тўғрисида
низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 226-сонли қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 42-сон, 422-модда) мувофиқ академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларни ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда халқаро фан олимпиадалари иштирокчиларини танлаш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Қуйидагилар ўқувчи ёшлар ўртасида фан олимпиадаларини ўтказишнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади:
а) ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш;
б) ўқувчиларда ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишларини ошириш;
в) ўқувчиларнинг келажакдаги касбларни тўғри танлашига кўмаклашиш.

2. Фан олимпиадаларининг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
а) Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари ҳамда ушбу Низом талаблари асосида таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнининг замонавий талаблар даражасида бўлишини таъминлаш, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ошириш, қобилиятли ва истеъдодли ўқувчиларни аниқлаш ҳамда тарбиялашга қаратилган ижодий изланишлари ва меҳнатини рўёбга чиқариш;
б) қобилиятли ўқувчиларни аниқлаш, рағбатлантириш ва камолотга етказиш жараёнида таълим муассасаси, ота-оналар ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш;
в) фан олимпиадаларининг ғолиблари орасидан халқаро фан олимпиадаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган ўқувчиларни аниқлаш.

II. Республика олимпиадаларини ўтказиш тартиби

3. Республика (фан) олимпиадалари ҳар йили академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг 1, 2, 3-курс ўқувчилари ва умумтаълим мактабларининг IХ, Х, ХI синфлари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгунгача) ҳамда IX синфлар ўқувчилари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгандан кейин) ўртасида ўтказилади.

4. Фан олимпиадалари тўрт босқичда ўтказилади:
а) 1-босқич — ўқиш жойи бўйича;
б) 2-босқич — туман, шунингдек ҳудуди туманларга бўлинмаган шаҳар бўйича;
в) 3-босқич — вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида;
г) 4-босқич — республика бўйича.

5. Фан олимпиадасининг биринчи босқичида умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг барча ўқувчилари иштирок этишлари мумкин. Навбатдаги босқичларда эса фақат олдинги босқичларда I, II, III ўринни эгаллаб, ғолиб бўлганлар қатнашадилар.
Ғолиблар 76 — 100 балл тўплаган ўқувчилар орасидан аниқланади.

6. Биринчи босқичда академик лицейлар ва умумтаълим мактабларининг чуқурлаштирилган фанлар бўйича I ўринни эгаллаган ўқувчилари олимпиаданинг II босқичида қатнашмасдан тўғридан-тўғри 3-босқичида қатнашадилар.

7. Фан олимпиадаларининг барча босқичларида ғолиблар ҳам фанлар бўйича, ҳам курслар (синфлар) бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 226-сонли қарорига мувофиқ фан олимпиадаларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъулият тегишли равишда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига юкланади.
Якунловчи — тўртинчи босқич бўйича — мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгунгача Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига ва Халқ таълими вазирлигига, мажбурий 12 йиллик таълимга ўтилгандан кейин эса Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига юкланади.

9. Фан олимпиадаларини ўтказиш бўйича бутун тадбирлар комплексини бажариш учун Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Халқ таълими вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.

10. Ташкилий қўмиталар фан олимпиадасига тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайдилар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари таркибини шакллантирадилар ва тасдиқлайдилар, тестлар ва синов топшириқларини тайёрлашни ташкил этадилар, баҳолаш мезонларини ва якунлар чиқариш тартибини тасдиқлайдилар.

11. Фан олимпиадаларининг барча босқичларида ташкилий қўмита, ҳайъат аъзоларининг фарзандлари, ҳайъат аъзоларининг ўқувчилари ёки яқин қариндошлари иштирок этаётган бўлса, ушбу шахслар ташкилий қўмита қарори асосида ташкилий қўмита ёки ҳайъат аъзолари таркибидан чиқарилади.
12. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги фан олимпиадаларининг барча босқичларини, 4-босқичини ўтказишда эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан ҳамкорликда тасдиқланган мезонлар ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш чора-тадбирларини белгилайдилар ва амалга оширадилар.

13. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги фан олимпиадаларининг барча босқичлари учун ишлаб чиқилган тест топшириқлари, ёзма ва амалий ишларни Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларига мазмунан мос келишини ҳамда мураккаблигига қўйиладиган талабларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилинадиган абитуриентлар билимлари даражасига мувофиқ бўлишини таъминлайди.

14. Кўзи ожизлар махсус мактаб-интернатлари ўқувчилари орасида она тили ва адабиёт, математика фанларидан олимпиада Брайль усулидаги ёзув асосида ўтказилади. Топшириқлар ташкилий қўмита тасдиқлаган ижодий гуруҳлар томонидан ишлаб чиқилади, махфийлиги таъминланади ҳамда қатнашчилар кўрсатган натижалар баҳолаш мезонлари асосида баҳоланади.

15. Фан олимпиадалари ғолибларининг ёки бошқа қатнашчиларнинг ишларини ўзга жамоа раҳбарлари, иштирокчилар ва уларнинг ота-оналарига кўрсатиш қатъиян ман қилинади.

16. Фан олимпиадалари жараёнида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаган ўқувчилар ҳакамлар ҳайъати қарори билан олимпиададан четлаштирилади. Бу ҳақда тузилган далолатнома ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.

III. Фан олимпиадасининг биринчи босқичини ўтказиш тартиби

17. Фан олимпиадасининг биринчи босқичини ўтказиш масъулияти академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари директорлари зиммасига юкланади.
18. Биринчи босқичда умумтаълим мактабларининг 9 — 11-синф ўқувчилари ва академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг 1 — 3-курс ўқувчилари учун топшириқлар таълим муассасаси ташкилий қўмитаси томонидан тайёрланади.
19. Олимпиаданинг биринчи босқичида умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг барча ўқувчилари иштирок этишлари мумкин.

20. Фан олимпиадаларининг биринчи босқичи натижалари таълим муассасасининг педагогик кенгашларида муҳокама этилади ва олимпиада ўтказилган фанлардан I, II, III ўринни эгаллаган ғолибларнинг туман олимпиадасида қатнашиши тўғрисида қарор қабул қилинади.

IV.Фан олимпиадасининг иккинчи босқичини ўтказиш тартиби

21. Фан олимпиадасининг иккинчи босқичини ўтказиш масъулияти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлими раҳбарларининг зиммасига юкланади.

22. Иккинчи босқич учун тест, ёзма ва амалий ишлар вилоят ташкилий қўмитаси томонидан тайёрланиб, махфийлиги таъминланган ҳолда ўтказиладиган куни махсус вакиллар томонидан етказилади.

23. Фан олимпиадасининг иккинчи босқичи якунлари ҳудудий ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ва Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари кенгашларида кўриб чиқилади, III босқичда иштирок этувчи ўқувчилар рўйхати тасдиқланади.

V. Фан олимпиадасининг учинчи босқичини ўтказиш тартиби

24. Фан олимпиадаларининг учинчи босқичини ташкил этиш Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига юкланади.

25. Фанлардан ёзма иш вариантлари, тестлар ҳамда амалий ишлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассислар жалб қилинган ҳолда кўп вариантлилик асосида ҳамда махфийлиги таъминланган ҳолда тайёрланади.

26. Тайёрланган топшириқлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан тавсия қилинган эксперт гуруҳлари томонидан биргаликда экспертиза қилинади.
Танлаб олинган топшириқлар ташкилий қўмитанинг икки мутахассис бўлмаган вакили томонидан конвертларга солиниб, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг муҳри қўйилади. Муҳрланган конвертлар вилоятларга Ўрта махсус касб-ҳунар таълим маркази ва Халқ таълими вазирлигининг масъул ходимлари томонидан етказилади.

27. Фан олимпиадасининг учинчи босқичи ёзма иш, тест ва амалий ишлар республиканинг барча ҳудудларида ҳамда Тошкент шаҳрида бир кунда ва бир вақтда ўтказилади.

28. Учинчи босқичда қатнашган ўқувчилар томонидан бажарилган ишлар вилоят ташкилий қўмитаси томонидан таҳлил этилади. Фанлар бўйича ғолиб бўлган ўқувчиларнинг бажарган тест топшириқлари, ёзма иш ва амалий ишлари ҳамда тавсия этилган бошқа ҳужжатлар хатосиз расмийлаштирилган ҳолда олимпиада тугаган куннинг эртасига вилоят ташкилий қўмитаси раиси ёки масъул котиби томонидан республика ташкилий қўмитасининг вакилига шахсан топширилади.

29. Учинчи босқичда аввалги ўқув йилида фан олимпиадасининг вилоят босқичида биринчи ўринни эгаллаган 10-синф ўқувчилари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 2-курс ўқувчилари ҳам тўғридан-тўғри иштирок этадилар.

30. Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тили ва адабиёти фани бўйича ўтказиладиган учинчи босқич олимпиадасида 76 ва ундан юқори балл тўплаб, I, II, III ўринларни эгаллаган ғолиблар якунловчи IV босқич синовларидан озод этилади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 226-сонли қарорида белгиланган фан олимпиада ғолибларига бериладиган имтиёзлардан тўлиқ фойдаланадилар.

31. Қорақалпоқ тили ва адабиёти фани бўйича 3-босқич олимпиада топшириқларини тайёрлаш масъулияти Қорақалпоғистон Республикаси Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги зиммасига юклатилади.

VI. Фан олимпиадасининг тўртинчи босқичини ўтказиш тартиби

32. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар халқ таълими бошқармалари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг ҳудудий бошқармалари олимпиаданинг учинчи босқичида ғолиб бўлган ўқувчиларни 4-босқичга уюшқоқлик билан тайёрлаш мақсадида барча ташкилий чора-тадбирларни кўради.

33. Учинчи босқич олимпиадасида I, II, III ўринни эгаллаб, ғолиб бўлган 3-курс (11-синф) ўқувчилари IV босқичда қатнашадилар. Ғолиблар 76 — 100 балл тўплаган ўқувчилар орасидан аниқланади.

34. Фан олимпиадасининг 4-босқичидаги тест синовлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан, амалий ишлар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази томонидан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда кўп вариантлилик асосида ҳамда махфийлигини таъминлаган ҳолда тайёрланади.

35. Республика фан олимпиадалари ўтказиладиган жойга иштирокчиларни олиб келиш ва олиб кетиш, уларнинг яшаш ва йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча ташкилий чора-тадбирлар масъулияти Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва Халқ таълими вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига юклатилади.

36. Республика фан олимпиадаларининг тўртинчи босқичида фанлардан 76 ва ундан юқори балл тўплаб, I, II, III ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг 11-синф ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 3-курс ўқувчилари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги 226-сонли қарорига биноан олий ўқув юртларига тест синовларсиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўладилар.

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*