Кимё фанида лаборатория иши

Кимё(арабча کيمياء‎, атама Мисрда km.t (қора, қора ер) сўзидан келиб чиққан дея тахмин қилинади, — моддаларнинг тузилиши ва ўзгаришини ўрганадиган фан. Кимё бошқа фанлар қатори инсон фаолиятининг маҳсули сифатида вужудга келиб, табиий эҳтиёжларни қондириш, зарурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, биридан иккинчисини ҳосил қилиш ва турли ҳодисалар сирларини билиш мақсадида рўёбга чиқди. Одамлар қадимда рудалардан металларни ажратиб олиш, турли хил қотишмалар тайёрлаш ва қўллаш, жумладан, шиша тайёрлаш ва ундан турли мақсадларда фойдаланишни билганлар.

КимёМилоддан аввалги Мисрда кимёвий жараёнларга асосланган ҳунармандчилик ривожланганлиги маълум. Пишиқ чарм тайёрлаш, уни бўяш, рангли шиша олиш, ўсимликлардан дори-дармон ва хушбўй ҳидли моддалар тайёрлаш, сопол буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ўша даврларда кимёвий маҳсулотлар Ҳиндистон, Хитой ва Ўрта Осиёда ҳам ишлаб чиқарилган. “Кимё ҳунар” соҳиби бўлган кимёгар бир моддадан иккинчи маҳсулотни тайёрлаш иши билан шуғулланган. Ўзбекистондан ўтган Буюк ипак йўли орқали милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 2-ярмидан бошлаб, мамлакатга савдо-сотиқ билан бирга ҳунармандчилик ҳам кириб келди. Топилган жуда кўп тарихий буюм ва ёдгорликлар Ўзбекистон ҳудудида яшаган аҳолининг кимё ҳунаридан қадимдан бохабар эканлигидан дарак беради. Бухоро яқинидаги Пойкенд манзилгоҳидан 8-асрга тааллуқли кимё лабораторияси топилган. Лаборатория жиҳозлари ичида турли идишлар, шиша асбоблар, болалар сумаги учрайди.

Дарсга ҳозирлик кўриш

Лаборатория ишига тайёргарлик кўрилар экан, кимё хонасининг санитария-гигиеник ҳолатига эътибор берилиши лозим: ҳаво алмашинуви, озодалиги ва бошқалар.

Кимёвий тажрибаларни ўтказишга зарур бўлган асбоб-жиҳозлар реактив қолдиқларидан тозаланган, ювилган ва қуритилган бўлиши зарур. Тажриба мақсади ва таълим мазмунига қараб, ўқувчилар сонига мос равишда зарурий асбоб ва жиҳозлар пластик тагликка жойлаштирилади. Бунда, лаборант-ассистент қўлланмада кўрсатилган жиҳоз ва реактивларни белгиланган миқдорларда тақсимлаб, пластик тагликка муайян тартибда териб чиқади.

Ҳар бир жиҳознинг ўз ўрни бўлиши лозим. Тажрибалар ўтказилиб бўлгангандан сўнг, барча жиҳозлар жой-жойига қўйилиши керак. Бу қоидани ўқувчиларга сингдириб бориш ва у одат тусига киришига эришиш лозим.

Қурилган ускуналар демонтаж қилиниб, жавонларга олиб қўйилади. Ишлатилган пробирка ва жиҳозлар ювилади ва қуритилган ҳолалда штативларга ўрнатилади. Реактивлар солинган идишлар маҳкам ёпилади ва «Реактивларнинг ишлатилишини қайд қилиш дафтари»да қанча миқдори ишлатилганлиги ёзиб борилади.

Ўқувчилар томонидан бажариладиган тажрибалар дарснинг қайси босқичида бажарилишини, қачон, қандай ташкил этилиши, жиҳозларни лаборатория ишида тайёрлаш, улардан самарали фойдаланиш, кам миқдордаги реактивлар билан ишлашга этиборларини кучайтириш, шунингдек, ўқувчиларда тежамкорликни тарбиялаш, тажрибаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тажриба натижаларини таққослаб, қонуниятларини аниқлаш, тоғри ва илмий асосланган хулосалар чиқариш, тажрибада аниқланган фактлар асосида умумлаштириш каби билим ва малакаларини ҳосил қилишга йўналтирилган.

Лаборатория ишини ўтказиш

Дарсда ўқитувчи томонидан тайёрланган йўриқномалар, тавсия ва топшириқли варақалар ишлатилиши мумкин. Одатда, уларда ишнинг мақсади мужассамланади ҳамда таркибига ишни бажариш режаси ва топшириқлар киритилади. Бундай варақалар ўқувчиларда қўйилган масалани мустақил ечиш, кимёвий тажрибаларни босқичма-босқич амалга ошириш малакаларини ривожлантиради. Мазкур топшириқ варақалари билан ишлаш жараёнида ўқувчиларнинг илмий-тадқиқотчилиги, фаоллиги ортиб боради.

Лаборатория иши самарадорлигини ошириш мақсадида ўқувчиларни кичик гуруҳларга бўлиш, ҳар бирига алоҳида вазифалар бериш, олинган натижаларнинг ҳимоясини ташкил қилиш мумкин. Ҳамкорликда амалга оширилган иш эса ўқувчиларнинг фаоллигини ўстиради, дарсда олинган билимларни янада мустаҳкамлайди.

Лаборатория машғулотларида янги материални кузатиш, табиий обектлардан кенг фойдаланиш услубини татбиқ этиш кўзда тутилади. Бундай дарслар реал билимларни тўплаш, амалий малака ва кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўтказилади.

 Билимларни шакллантиришда ўқувчиларда турли асбоблар (эвдиометр, кимёвий реаксияларда иссиқлик эффектини аниқлаш, сувни синтез қилиш, кимёвий реакция тезлигини аниқлаш ва бошқалар) ва кимёвий жиҳозлар билан ишлаш малака ва кўникмаларнинг ҳосил бўлиши катта аҳамиятга эгадир.

Кимё дарсларида ўқувчилар бажараётган амалий лаборатория тажрибалари таълим-тарбиявий аҳамиятга эгадир. Мустақил бажариладиган тажрибалар ўқувчиларнинг билим-малакаларни онгли ўзлаштиришга, фикрлаш фаолияти ва кимё фанига бўлган қизиқишларни ривожлантиришга, меҳнат малакаларини тарбиялашга, кузатувчанлик қобилиятини, борлиқни тўғри идрок этишни шакллантиришга ўз таъсирини кўрсатади.

Лаборатория ишини ташкил қилишда қуйидаги режадан фойдаланиш мумкин:
• ўтилган материални такрорлаш;
• лаборатория иши мақсади ва вазифасини тушунтириш,
• ўқув жиҳозлар билан ишлаш қоидаларини эслатиш;
• иш тартибини тушунтириш;
• белгиланган тажрибани амалга ошириш;
• тажриба натижаларини қайд қилиш;
• тажриба натижаларини ҳимоя қилиш;
• лаборатория ишини якунлаш;
• савол-жавоб ўтказиш;
• ўқувчиларни баҳолаш.

 

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*