Аттестацияга оид термин ва атамалар изоҳли луғати | таълим янгиликлари

Аттестацияга оид термин ва атамалар изоҳли луғати

Ушбу саҳифа орқали аттестация ва малака ошириш тестларида чиққан ва чиқиши мумкин бўлган педагогика ва актга оид термин ва атамалар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Педагогика нима дегани? Педагогика сўзининг маъноси

Педагогика (юнончадан ‘παῖς’, paіda — бола, ‘ἄγω’, gogos — этакловчи) атамаси қадимий бўлиб, «бола етакловчи» деган маънони билдирувчи грекча «paydogogos» сўзидан келиб чиққан. Тарихий манбаларнинг кўрсатишича, қадимги Юнонистонда ўз хўжайинининг болаларини сайр қилдирган, эҳтиёт қилган, ҳарбий маҳоратни ўргатган тарбиячини, яъни қулларни «педагог» (бола етакловчи) деб аташган. Кейинчалик эса, махсус ўқитилган ва педагогликни ўзига касб қилиб олган кишиларни педагог деб атай бошлашган.

Педагогика (юнончадан paidagogike) — тарбия, таълим ҳамда маълумот беришнинг назарий ва амалий жиҳатларини ўрганувчи фанлар мажмуаси. Педагогика институтлари ва айрим бошқа ўқув юртларида мутахассислик дастури асосида ўрганиладиган ўқув предмети ҳам педагогика деб юритилади. Педагогика фан сифатида бола тарбиясининг назарий асослари билан шуғулланган. Замонавий педагогика болалар билан биргаликда катталарнинг ҳам ўқув-тарбиявий, маданий ҳамда маънавиймаърифий тарбияси билан шуғулланишни кўзда тутади. Ўзбекистон Республикасида педагогикага баркамол шахс маънавиятини шакллантиришнинг асосий воситаси сифатида ёндашилади.

Педагогика тарбия жараёнининг қонуниятлари, таркиби ва уни ташкил этиш механизмларини тадқиқ этади, тарбиявий ва ўқув ишларининг мазмуни, тамойиллари, уларни ташкил этиш шакл, усул ҳамда йўсинларини белгилаб беради.

АКТ нима дегани? АКТ сўзининг маъноси

АКТАхборот Коммуникацион Технологиялар – Ахборот технологиялари маълумотларни бошқариш ва қайта ишлаш технологияларидир. Одатда бу атама остида компьютер технологиялари тушунилади. Ахборот технологиялари соҳасида турли ахборотни ЭҲМ ва компьютер тармоқлари орқали йиғиш, сақлаш, ҳимоялаш, қайта ишлаш, узатиш каби амаллар устида ишлар олиб борилади.

Ахборот технологияси асосий техник воситалари сифатида ҳисоблаш- ташкилий техникадан ташқари алоқа воситалари – телефон, телетайп, телефакс ва бошқалар қўлланилади.

Ушбу саҳифада АКТ бўйича аттестация тестлари ёрдамида ўз билимингизни синаб кўринг – http://idum.uz/uz/archives/8396

Аттестация нима дегани? Аттестация cўзининг маъноси

Аттестация (фр. attestation ёки лот. attestātio — гувоҳнома) — ходимнинг малакасини, ўқувчиларнинг билим даражасини бел-гилаш; маҳсулот, иш ўринлари сифатини аниқлаш.

Педагогикадан терминлар таърифи


Артикуляция (лот. “аrticulation” < “articulare” – “аниқ талаффуз қилмоқ”) нутқ орган (аъзо)ларининг товуш ҳосил қилишдаги ҳаракатлари ҳолати

Баҳолаш маданияти – педагогнинг у ёки бу педагогик воқелик, ҳодиса, жараёнлар бўйича уларнинг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тўғри хулоса чиқариш, оқилона қарор қабул қилиш қобилиятига эгалигини англатувчи сифат

Билиш қобилияти – ўқитувчининг таълим жараёнининг иштирокчилари – талабалар, ота-оналар, ҳамкасблар ва таълим муассасасининг раҳбарлари билан осон мулоқотга киришиш, улар билан муносабатни тўғри йўлга қўйишга ёрдам берадиган индивидуал психологик хусусият

Дикция (лот. “diction” – “талаффуз қилиш”) – сўзларнинг аниқ талаффуз қилиниши

Инновацион компетентлик – педагогик жараённи такомиллаштириш, таълим сифатини яхшилаш, тарбия жараёнининг самарадорлигини оширишга доир янги ғояларни илгари суриш, уларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этиш

Интуиция (лот. “intuition” < “intueri” – “синчиклаб, диққат билан қарамоқ”) – мантиқий боғланмаган ёки мантиқий хулосага келиш учун етарли бўлмаганда қидирув йўналишлари асосида масалани ечишнинг таркибини бўлган эврестик (унумли ижодий фикрлаш) жараёни

Компетентлик – ахборот муҳитида зарур, муҳим, керакли, фойдали маълумотларни излаш, йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва улардан мақсадли, ўринли, самарали фойдаланиш

Касбий билимларни пухта ўзлаштириш маданияти – педагог томонидан мавжуд педагогик билимларни пухта ўзлаштириш йўлида амалий ҳаракатларнинг ташкил этилаётганлигини англатувчи сифат

Касбий зийраклик – ўқувчилар руҳий ҳолатларини, дарс, тарбиявий тадбирларни ўтказишга бўлган иштиёқларини тўғри баҳолаш, уларнинг ўзаро ёки педагоглар билан зиддиятларини англаш, ўқувчи ва гуруҳга таъсир кўрсатишда қулай вазиятини танлай билиш

Касбий компетентлик – мутахассис томонидан касбий фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган билим, кўникма ва малакаларнинг эгалланиши ва уларни амалда юқори даражада қўллай олиниши

Касбий-педагогик бурч – мутахассис сифатида ўқитувчи томонидан касбий фаолиятда адо этилиши мажбурий бўлган вазифа

Коммуникатив компетентлик – таълим жараёнининг барча иштирокчилари, жумладан, талабалар билан самимий мулоқотда бўлиш, уларни тинглай билиш, уларга ижобий таъсир кўрсата олиш

Компетентлик (ингл. “competence” – “қобилият”) – фаолиятда назарий билимлардан самарали фойдаланиш, юқори даражадаги касбий малака, маҳорат ва иқтидорни намоён эта олиш

Креатив компетентлик – педагогик фаолиятга нисбатан танқидий ва ижодий ёндошиш, ўзининг ижодкорлик малакаларига эгалигини намойиш эта олиш

Креативлик (ингл. “create ” – яратиш, “creative ” – “яратувчи”, “ижодкор”) – индивиднинг янги ғояларни ишлаб чиқаришга тайёрликни тавсифловчи ҳамда мустақил омил сифатида иқтидорлиликнинг таркибига кирувчи ижодий қобилияти

Махсус компетентлик – касбий-педагогик фаолиятни ташкил этишга тайёрланиш, касбий-педагогик вазифаларни оқилона ҳал қилиш, фаолияти натижаларини реал баҳолаш, БКМни изчил ривожлантириб бориш бўлиб, ушбу компетентлик негизида психологик, методик, информацион, креатив, инновацион ва коммуникатив компетентлик кўзга ташланади

Маҳорат (араб. “моҳирлик”, “усталик”, “эпчиллик”) – 1) бирор иш, касб учун зарур ёки шу соҳада орттирилган усталик, санъат, моҳирлик; 2) бир иш ёки фаолиятни юксак даражада, ҳеч бир қийинчиликсиз, ўта моҳирлик билан бажариш; 3) муайян иш, хатти-ҳаракат ёки касбий фаолиятнинг усталик, моҳирлик билан, санъаткорона ташкил этилишига имкон берадиган билим, кўникма ва малакалар мажмуи

Методик компетентлик – педагогик жараённи методик жиҳатдан оқилона ташкил этиш, таълим ёки тарбиявий фаолият шаклларини тўғри белгилаш, метод ва воситаларни мақсадга мувофиқ танлай олиш, методларни самарали қўллай олиш, воситаларни муваффақиятли қўллаш

Мимика (юнон. “mimikos” – “тақлидий”) – юз мускуллари ҳаракатлари орқали шахснинг ўз фикри, ҳис-туйғулари, кайфияти ҳамда мавжуд воқеликка муносабатини ифодалаши

Мулоқот – 1) кишиларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирларига таъсир кўрсатишлари кишилар ўртасидаги алоқани тиклаш ва ривожлантириш жараёни; 2) кишиларнинг бир-бирларига таъсир кўрсатиши асосида улар ўртасида рўй берадиган ахборот алмашинуви

Мулоқот маданияти – 1) мулоқот жараёнини ахлоқий меъёрлар, ижтимоий талабларга мувофиқ ташкил этиш асосида суҳбатдошни тушуна олиш эҳтиёжи ва қобилиятига эгалик; 2) педагогик маданиятнинг таркибий элементларидан бири

Ноёб қобилиятлар – шахсга хос индивидуал психологик хусусиятнинг шундай тури бўлиб, у жуда кам сонли шахслардагина кузатилади ва кўп учрайдиган психологик ҳодиса саналмайди

Нутқ аппарати – нутқни ҳосил қилишда иштирок этувчи органлар.

Нутқли (ёки товушли) нафас олиш (фонацион, юнон. “phono” – “товуш”) – нафаснинг нутқ жараёнидаги олиниши

Нутқ маданияти – ўз фикрини нутқ ёрдамида мантиқли, тўғри, образли, аниқ ва ифодали етказиб бериш малакаларининг ўзлаштирилганлик даражаси

Нутқ техникаси – нутқни тингловчи ёки ўқувчига етказишда қўлланиладиган воситалар мажмуи

Пантомимика – педагог томонидан баён этилаётган муайян фикрни алоҳида ажратиб кўрсатишга, маълум қиёфа орқали гавлантиришга имкон беради гавда, қўл ва оёқларнинг ҳаракати

Паралингвистик тизим (юнон. “parб” – яқин, нем. “linguistik” – тил) – мулоқот таркибида сўзли, назарий маълумотларни сўзсиз воситалар билан биргаликда узатилиши англатувчи тизим.

Педагогик билим – болаларни ўқитиш ва тарбиялаш, таълим ҳамда тарбия жараёнини ташкил этиш асосида шахсни ҳар томонлама камол топтиришга доир тизимланган маълумотлар йиғиндиси

Педагогик билимдонлик – 1) педагог томонидан мутахассислик билимларининг пухта эгалланганлиги; педагогнинг билағонлиги; 2) педагогнинг касбий фаолиятни мавжуд ижтимоий талаб, ҳуқуқий меъёр ва стандартларга мувофиқ ташкил этишга бўлган қобиллиги, касбий тайёргарлик даражаси

Педагогик бошқариш – педагогик жараёнларни ташкилий-методик жиҳатдан уюштириш (талабалар фаолиятни бошқариш; талабалар жамоасини бошқариш)

Педагогик дунёқараш – педагог ва таълим олувчилар ўртасидаги ўзаро муносабатлари жараёнининг мазмунини, натижаларини белгиловчи диалектик қарашлар ва эътиқодлар тизими

Педагогик ижод – педагогнинг касбий жараённи самарали ташкил этишга йўналтирилган яратувчанлик фаолияти

Педагогик интуиция (лот. “intueri” – “синчиклаб, диққат билан қараш”) – педагог томонидан педагогик воқеа-ҳодисанинг моҳиятини, ўқувчи хатти-ҳаракатлари мазмунини тасаввур, эмпатия ва орттирилган тажриба асосида ҳис-туйғу, сезги ёрдамида, зийраклик билан мантиқий далилларсиз бевосита англаш

Педагогик креативлик (лот. “creatio” – “яратиш”) – педагогнинг анъанавий педагогик фикрлашдан фарқли равишда таълим ва тарбия жараёнини самарадорлиги таъминлашга хизмат қилувчи янги ғояларни яратиш, шунингдек, мавжуд педагогик муаммоларни ижобий ҳал қилишга бўлган тайёргарлигини тавсифловчи қобилияти

Педагогик лойиҳалаш маданияти – педагог томонидан ўзининг ички имкониятлари билан талаб, хоҳиш-истакларни ўзаро уйғунлаштира олган ҳолда мақсад, вазифаларни тўғри белгилай олиш, педагогик жараённи босқичлар бўйича режалаштириш, режани амалга оширишда зарур воситаларни танлаб билиш малакаси эгаликни тавсифловчи сифат

Педагогик маданиятга эгаликни ифодаловчи сифатлар – ўқитувчида касбий хулқ-атвор, одоб, муомала ва хатти-ҳаракат кўникма, малакалар мавжудлигини ифодаловчи сифатлар

Педагогик маданиятнинг таркибий элементлари – ўқитувчининг мутахассис сифатида касбий маданияти сифатларини ҳосил қилувчи таркибий элемент (унсур)лар (педагогик лойиҳалаш маданияти; касбий билимларни пухта ўзлаштириш маданияти; педагогик дунёқараш; фикрлаш маданияти; ҳис этиш маданияти; баҳолаш маданияти; мулоқот маданияти; ташкилотчилик қобилияти)

Педагогик маданият – 1) педагогнинг шахс ва мутахассис сифатида муайян хулқ-атвор, одоб, муомала ва хатти-ҳаракат кўникма, малакаларини ўзлаштириш даражаси; 2) педагогнинг касбий вазифаларни ҳал қилиш усул ва воситаларини ўзлаштирганлик, педагогик билимдонлик, такт, техника ва маданиятни намоён қила олишнинг юқори даражаси

Педагогик мажбурият – жамият томонидан ўқитувчи шахсига, у томонидан бир қатор педагогик мажбуриятларнинг бажарилишига нисбатан қўйиладиган талаб ва ахлоқий йўл-қўрий, кўрсатмалар мажмуаси

Педагогик маҳоратнинг муҳим таркибий қисмлари – ўқитувчиларда намоён бўладиган касбий маҳорат асосини ташкил этувчи элемент (унсур)лар (педагогик одоб, педагогик билимдонлик, педагогик қобилият, педагогик мулоқот маданияти, педагогик релаксация, коммуникатив таъсир кўрсатиш қобилияти, педагогик такт (назокат), педагогик техника, нутқ техникаси, педагогик ижодкорлик, педагогик тажриба, педагогик маданият)

Педагогик маҳорат – 1) ўқитувчининг педагогик жараённи ташкилий, методик, руҳий ва субъектив жиҳатдан ўта моҳирлик, усталик билан ташкил этиш ва бошқариш қобилияти, кўникма-малакасига эгалиги; 2) таълим-тарбия жараёнига онгли, ижодий ёндошув, методик билимларни самарали қўллай олиш қобилияти, юксак педагогик тафаккур; 3) педагог томонидан касбий фаолиятнинг усталик, моҳирлик билан, санъаткорона ташкил этилишини таъминловчи билим, кўникма ва малакалар мажмуи

Педагогик мулоқот – педагогнинг ўқувчилар жамоаси, ота-оналар, ҳамкасблар ҳамда раҳбарият билан уюштирадиган суҳбати

Педагогик мулоқот маданияти – педагогнинг ўқувчилар жамоаси, ота-оналар, ҳамкасблар, раҳбарият билан педагогик одоб ва мулоқот талабларига мувофиқ ҳолда уюштириладиган суҳбати

Педагогик мулоқотнинг авторитар услуби – педагогик мулоқотда ўқитувчининг мутлоқ устунлигини ифодаловчи услуб

Педагогик мулоқотнинг демократик услуби – педагогик мулоқотда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини ифодаловчи услуб

Релаксопедия (лот. “relaxation” – “қувватсизлик”, “заифлашиш”, руҳан ёки жисмонан ҳолда тойишни бартараф этиш педагогикаси) – шахсда руҳий ва жисмоний толиқишларни бартараф этишга қаратилган педагогик фаолият

Ритмика – айрим сўз ва бўғинларнинг айтилиш муддати ва тўхталиши, нутқ ва ифодаларнинг навбат билан ўз ўрнида ишлатилиши

Ритм (юнон. “rhythmos” < “rjeo” – “оқаман”) – нутқда товушларнинг муайян изчиллик, кетма-кетликда асосида такрорланиб келиши, яъни нутқ вазнини ифодаловчи муҳим хусусият

Руҳий барқарорлик – руҳий-ҳиссий ҳолат (таъсирланиш)ларнинг давомийлиги ва барқарорлик даражаси

Ташкилотчилик қобилияти – педагог томонидан таълимий ва тарбиявий жараёнларни илмий-назарий, методик ва ҳиссий жиҳатдан тўғри ташкил этилишини англатувчи сифат

Тембр (фр. “timbre” – “қўнғироқ”, “белги”, “тамға”, “фарқловчи белги”) – товушнинг товланиши (товуш рангдорлиги, ёрқинлиги, юмшоқлиги ва алоҳидалиги)ни ифодаловчи хусусият

Технологик компетентлик – касбий-педагогик БКМни бойитадиган илғор технологияларни ўзлаштириш, замонавий восита, техника ва технологиялардан фойдалана олиш

Экстралингвистик тизим (ингл. “exterior” – “ташқарида”, нем. “linguistik” – “тил”) – гапираётган шахснинг ижтимоий вазифалари билан бевосита боғлиқ ҳолда нутқнинг ташкил этилиши (нутқий танаффуслар, кулгу, йўталиш, нафас олиш, йиғлаш, тутилиш ва б.)ни ифодаловчи тизим

Ўзини ўзи баҳолаш (ЎЎБ) – шахснинг ўз-ўзини таҳлил қилиши орқали ўзига баҳо бериши

Ўз-ўзини ривожлантириш – шахснинг ўзида касбий тажриба, малака ва маҳоратни такомиллаштириш йўлида аниқ мақсад ва пухта ўйланган вазифалар асосида мустақил равишда амалий ҳаракатларни ташкил этиши

Ўзини ўзи таҳлил қилиш – педагог томонидан касбий фаолиятда ташкил этаётган ўз амалий ҳаракатлари моҳиятининг ўрганилиши

Ўз устида ишлаш – шахс ёки мутахассис томонидан ўзини ижтимоий ҳамда касбий жиҳатдан ривожлантириш, камолотга эришиш йўлида мақсадли, изчил, тизимли ҳаракатларнинг ташкил этиши

Ўқитувчи нутқи – педагогнинг таълим-тарбия жараёнида тил воситаларидан фойдаланиши

Қобилият – шахснинг осонлик билан бирон фаолиятни эгаллай олишини таъминлайдиган индивидуал психологик хусусият

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Facebook даги саҳифамизни кузатиб боринг

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*