Байрамингиз билан, азиз онажон (эссе)

Меҳрибон онажонимга бағишладим…

7-март куни… Байрамга бир кун қолганди. Онажонимга нима совға қилишни билмай, кеча-ю кундуз шу ҳақида ўйлардим. Ўзимча, уларга дунёдаги энг яхши нарсани совға қилаётганимни, онам эса буни кўриб қанчалик хурсанд бўлишларини тасаввур қилардим. Хаёлимда гўёки байрам қимматбаҳо совғага боғлиқдек туйиларди. Ўша куни мен Байрамингиз билан онажон!кирмаган дўкон, мен кўрмаган буюм қолмаганди гўё. Негадир ҳеч бир нарса менга ёқмас, ёқса ҳам, уларнинг бирортасини онажонимнинг меҳрларига тенг кўролмасдим. Совғасиз уйга қайтганимдан сўнг  эртанги кун режаларим бутунлай ўзгариб кетганини тушундим. Шунда ҳам ўз иродамни йўқотмасдан, бу чигал вазиятдан чиқишга ҳаракат қилдим. Чунки бу сафар  байрамда онажонимга чин кўнгилдан нимадир совға қилишни ўзимга мақсад қилиб қўйгандим-да. “Агар озгина ҳаракат қилсам, интилсам, мен, албатта, ўз кўзлаган мақсадимга эришаман,” деган гаплар худди менга ўрнашиб олгандек туйиларди. Ўшанда бирданига телефон қўнғироғи  жиринглаб, устозим онамни мактабимизда бўлиб ўтадиган байрамга таклиф қилдилар. Мен эса бундан беҳад хурсанд эдим. Ўша куни онажоним директоримиздан мен ҳақимда жуда илиқ гаплар эшитибдилар ва уларга мактаб маъмурияти томонидан “Ташаккурнома” берилибди. Онажоним уйга келгач, уларнинг юзларидан гўёки нур таралаётгандек менга қараб кулиб турардилар. Қўлларидаги “Ташаккурнома”ни қаттиқ ушлаб, фарзандларига тўғри тарбия бераётганларидан ич-ичидан суюнардилар. Онамнинг бу қадар хурсанд бўлганларидан мен ҳам жуда бахтли эдим. Шунда англаб етдимки, она  байрамнинг  чинакам нафасини унга фарзандлари берган қимматбаҳо совғадан эмас, балки уларнинг эришаётган ютуқларидан, улар ҳақида айтилган ширин сўздан сезади.

 Жиззах вилояти «Умид» ихтисослаштирилган мактаб интернати 8«В»
синф ўқувчиси Рахматова Хонзодабегим

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*