«Дарс – муқаддас» услубий тавсия | таълим янгиликлари

«Дарс – муқаддас» услубий тавсия

Таълим-тарбия тизимининг бугунги кундаги асосий вазифаси ўсиб келаётган ёшларни ватанпарвар, замонавий билим, кўникма ва малакаларни ўзлаштирган ҳамда жамиятда ўз муносиб ўрнини эгаллашга қодир бўлган – комилликка интиладиган баркамол авлодни вояга етказишдир.

Халқимизнинг шундай эзгу мақсадларини рўёбга чиқариш йўлида мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бунинг учун давлат умуммиллий дастури доирасида барча шароитлар яратилди. Жумладан, 2004-2009 йилларда 8501 та мактаблар янгидан қурилди, реконструкция қилинди, мукаммал таъмирланди. Улар замонавий ўқув мебеллари, компъютер синфлари ҳамда лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланди. Жорий 2011 йилда ҳам 45та мактаб янги қурилди, 121 та мактаб реконструкция ва 151та мактаб капитал таъмирланди. Педагогларнинг ойлик маошлари ҳам йилдан йилга ошириб борилмоқда.

Бугунги кунда илм-фан, техника ва ишлаб чиқариш соҳаларининг тез суръатларда жадаллик билан ривожланиши барча таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бу ўз ўрнида ҳар бир тизим ходими, айниқса, ўқитувчилар зиммасига янада юксак масъулият ва вазифаларни юклайди. Негаки, рад қилиб бўлмайдиган бир ҳақиқат бор – қилинган барча саъй-ҳаракатлар охир-оқибат ўқитувчи меҳнати орқали ўз натижасини намоён этади. Шундай экан, педагоглардан виждонан меҳнат қилиш, ёруғ келажагимиз олдидаги масъулиятлилик, кўрсатилаётган юксак эътиборга муносиб жавоб бериш талаб этилади. Бу эса фарзандларимизнинг чуқур билим эгаллашларида асосий рол ўйнайдиган сифатли дарсда намоён бўлади.

Бугун ҳар бир ўқитувчи ўзига ишониб топширилган ҳар бир соат дарсни муқаддас деб билиши ва унга заррача хиёнат қилиб бўлмаслигини ҳис этиши лозим. Ана шу мақсадда Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, таълим жараёнига татбиқ этилаётган “Дарс – муқаддас” деб номланган, умумтаълим мактабларида ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этишда ўқитувчиларга ёрдам берадиган тавсиялар мажмуи эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу тавсияларга фидойи ўқитувчиларимиз ижодкорлик билан ёндашган ҳолда, уларни ўзларининг янгидан-янги тажрибалари билан бойитади. Масалан, Фарғона вилояти халқ таълими бошқармасининг вилоятдаги барча ўқитувчи-мураббийлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари иштирокида мазкур тавсияларни жараёнга татбиқ этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини тузиб олганлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасининг “Бугуннинг дарси ўқитувчи нигоҳида” шиори остида ўтказилган фестиваллар каби дарснинг сифатини оширишга қаратилган ташаббуслари ана шундай ўзига хос ёндашувга мисол бўлади.

Муҳтарам устозлар, сизлардан ҳам бу борада янгиликлар, ташаббуслар ва фарзандларимизни юксак интеллектуал билимли қилиб тарбиялаш йўлидаги муваффақиятларингизни кутиб қоламиз.

II “Дарс – муқаддас” тадбирини амалга ошириш:

Ўқитувчининг дарсга пухта тайёргарлиги таълим муваффақияти ва самараси гаровидир.

Дарс бу, синфда тақвим-мавзу режа асосида белгиланган вақт давомида ўқитувчи томонидан ўқувчилар учун ўқув-тарбия жараёнининг мақсадли ташкил этилишидир.

Шундай экан, ҳар бир ўқитувчи дарсга сифатли ва пухта тайёрланмасдан киришни инсонийликка, пок виждонга хиёнат эканлигини ва иш ҳақини ҳалоллаб олиш лозимлигини ҳис қилиши керак. Чунки, ҳар бир фан ўқитувчиси фаолияти асосини сифатли дарс ўтиш, ўқувчиларга яхши таълим-тарбия бериш ташкил этади.

Ўқитувчининг дарсга тайёргарлиги шартли равишда қуйидаги икки босқичдан иборат:

1. Ўқитувчининг ўз фани юзасидан умумий тайёргарлиги.
2.
Ўқитувчининг ҳар бир дарсга кундалик тайёргарлиги.

Ўқитувчининг умумий тайёргарлиги мунтазам амалга ошириб бориладиган жараён бўлиб, ўқув йили бошланиши олдидан қуйидагиларни қамраб олади:

– Давлат таълим стандарти (ДТС), ўқув дастури, ўқув режа ҳамда уларга берилган тушунтириш хатларини ўрганиб чиқиш;
– Ўзи дарс берадиган ўқув фанига оид янги илмий ва методик адабиётларнинг мазмуни билан танишиш;
– тегишли кўргазма материалларни, ўқув-жиҳозларини ўрганиш, уларни қўллай билиш;
– илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали ўз билимини кенгайтириш;
– компъютер техникасидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириб, бу борадаги маҳоратини ошириш, электрон дарсликлар, матн муҳаррирлари, “Ziyonet” ахборот таълим порталига жойланган маълумотлардан самарали фойдаланиш кабилардир.

Ўқитувчининг дарсга кундалик тайёргарлиги энг асосий вазифалардандир.

Дарсга тайёргарлик кўриш қуйидаги босқичларда амалга оширилиши лозим:

1-босқич: Тақвим-мавзу режадаги янги мавзу ва унга ажратилган вақт (соат) аниқлаштириб олинади.

2-босқич: ДТС ва ўқув дастуридан ўтилаётган мавзу юзасидан ўқувчида қандай тушунчалар (билим, кўникма ва малакалар) шакллантирилиши лозимлиги аниқлаштирилиб, шу асосида дарс мақсадлари белгилаб олинади.

3-босқич: Мавзу асосида дарсда фойдаланиладиган техник воситалар, электрон манбалар, слайдлар, кўргазмали ва дидактик материаллар, адабиётлар ўрганиб чиқилади ҳамда дарс ишланмаси (конспекти) ёзилади.

Дарс ишланмаси (конспект)нинг таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:

Сана, синф (параллел синфлар учун битта мавзу бўйича алоҳида-алоҳида дарс ишланмаси(конспект)ни ёзиш шарт эмас, битта мавзуга битта дарс ишланмаси ёзилса кифоя. 5-“А”, “Б” синфлар деб кўрсатилади), фан номи ёзилади.

Дарснинг мавзуси (тақвим-мавзу режа асосида).

Дарс мақсади (дарсга қўйилган мақсад 45 дақиқа давомида бажариладиган (эришиладиган), аниқ, ҳаётий (реал) ва дарс якунида баҳоланадиган(ўлчамли) бўлиши мақсадга мувофиқ):

а) таълимий мақсад – дарс жараёнида ўқувчиларда шакллантириладиган билим, кўникма ва малакалар асосида белгиланади;

б) тарбиявий мақсад – дарс жараёнида ўқувчиларда қайси ахлоқий сифатлар шакллантирилиши асосида белгиланади;

с) ривожлантирувчи мақсад – дарс натижасида ўқувчиларда қайси билимлар ва ахлоқий фазилатлар ривожлантирилиши асосида белгиланади.

Дарс тури: янги тушунча, билимларни шакллантирувчи; ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини ривожлантирувчи; умумлаштирувчи; ўқувчилар эгаллаган билим, кўникма ва малакаларни таҳлил, назорат қилувчи каби дарс турлари бўлиши мумкин.

Дарсда фойдаланиладиган методлар: бунда анъанавий, замонавий, интерфаол методлардан ўтилаётган мавзунинг ўқувчилар томонидан самарали ўзлаштирилишига хизмат қиладиганини оқилона танлаш лозим.

Дарсда фойдаланиладиган жиҳозлар: техник воситалар, слайдлар, кўргазмали ва дидактик материаллар.

Дарсни таркибан қуйидаги қисмларга ажратиш мумкин:

ташкилий қисм;
– ўтилган мавзуни такрорлаш (мустаҳкамлаш);
– янги мавзуни тушунтириш;
– янги мавзуни мустаҳкамлаш;
– ўқувчиларни баҳолаш;
– уйга вазифа бериш.

Дарс ишланмасини тайёрлашда ўқитувчи дарснинг ҳар бир қисмини эътиборга олиши мақсадга мувофиқ.

Дарс ишланмаси (конспект) ҳамма ўқитувчида бўлиши шарт. Лекин дарс ишланмаси қандай мазмунда, ҳажмда ва неча варақдан иборат бўлиши ўқитувчининг дарс ўтишдаги ўзига хос ёндашувидан келиб чиққани маъқул. Бунда ҳамма ўқитувчи учун бир хил чегара, чеклов ўрнатиб бўлмайди.

Агарда ўқитувчи дарс бераётган ўқувчиларнинг ўзлаштириш самарадорлиги юқори бўлса, улар турли кўрик-танловларда юқори натижаларга эришган бўлса, ўқитувчининг дарс жараёнига мактаб маъмурияти ва ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари ходимлари томонидан ҳалақит беришларига йўл қўйилмайди.

Дарс ишланмаси (конспекти) қўлёзма шаклида ёки компьютерда ёзилиши мумкин. Дарс ишланмасини компьютерда ёзиш учун эса ўқитувчи, албатта, ўзи компьютерда ишлашни билиши лозим.

Директорнинг ўқув-тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳар бир ўқитувчининг дарс ишланмасини кўриб, тасдиқлаш жараёнида уларда дарсга кириш учун қуйидаги энг муҳим(минимум) ҳужжатлар бўлишини назорат қилади:

– дарс ишланмаси (конспекти);
– тақвим-мавзу режа;
– ўқув дастури;
– дарслик.

Ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилиш – самарадорликка хизмат қилади.

Ўқитувчиларни ўз устида мустақил ишлашлари, ижодий изланишлари орқали таълим самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган омиллардан бири – мунтазам равишда ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил қилишдир.

Ўқитувчи дарсини кузатиш ва таҳлил қилиш, уларнинг педагогик маҳорати, иш тизими, ўқувчиларининг ўзлаштириши, билим даражаси каби соҳавий ва касбий лаёқати юзасидан хулоса чиқариш ҳамда ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиш имконини беради. Дарс таҳлили кузатиш ва ўрганиш шаклида олиб борилади.

Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мудирлари, ўринбосарлари, методистлари томонидан ҳафтасига камида 2 соат, таълим муассасалари директорлари, уларнинг ўринбосарлари томонидан 4 соат, фан методбирлашма раҳбари томонидан 2 соат, ўқитувчилар томонидан 1 соат ўқитувчилар дарслари кузатилиши ва таҳлил қилиниши белгиланган.

Дарс кузатиш ва таҳлил қилиш орқали ўқувчиларнинг умумий тайёргарлиги, билим олишдаги фаолликлари, фанга бўлган қизиқишлари, ўқув материаллари ва жиҳозлар билан мустақил ишлай билишлари, ўқитувчига бўлган муносабатлари аниқланиб, таҳлилга тортилади. Бунда асосий мезонлар сифатида ўқитувчи томонидан дарс мақсадининг тўғри қўйилганлиги, ўқув дастури асосида дарс жараёнини тўғри режалаштириши, материалларини билиш даражаси, янги мавзуни тушунтириш жараёнида асосий ғояни ажратиб олиши, илмийлик, кўргазмалилик тамойилларига риоя қилиши, дарсда ҳамкорликка эриша олиши, билим ва кўникмаларни ўзлаштиришни назорат этиши, дарс мобайнида вақтдан унумли фойдаланиши ва педагогик муомала маданиятини эгаллаганлик даражаси каби жиҳатлар инобатга олинади.

Унутмангки, сифатли дарс – бу, ўқувчилар томонидан самарали ўзлаштирилган дарс. Дарс бошлангандан кейин ҳеч кимнинг ушбу жараёнга ҳалақит беришига йўл қўйилмайди!

Дарснинг таҳлили қуйидаги турларга бўлинади:
1.Илмий таҳлил. 2. Психологик таҳлил. 3. Методик таҳлил. 4. Дидактик таҳлил. 5. Умумпедагогик таҳлил ва бошқа таҳлиллар (ёки буларнинг ҳаммасини қамраб оладиган комплекс таҳлил).

Ўқитувчиларнинг дарсларини тизимли таҳлил қилиш ўқитувчиларга амалий-методик тавсиялар беришга ва натижада дарс самарадорлигининг ошишига хизмат қилади. Таълим муассасаларидаги фан методбирлашмаларининг асосий вазифаси ўзаро тажриба алмашиш асосида таълим ва тарбия жараёнининг илғор педагогик технологиялар асосида самарали ташкил этилишини таъминлашдан иборат.

Фан методбирлашмалари таълим муассасаларида фан ойликлари, очиқ дарслар фестиваллари жараёнида ўтказиладиган барча турдаги машғулотларнинг асосан ўрганилиши қийин ёки мураккаб бўлган мавзулар асосида ташкил этилишини таъминлайди.

Ҳар бир фан йўналишидаги методбирлашмаларда “Мен ўзлаштирилиши қийин бўлган мавзулар бўйича дарсларни қандай ташкил этаман?” мавзусидаги очиқ муҳокамалар ташкил этилади. Фан ўқитувчилари астойдил, виждонан ёндашган ҳолда “Билимлар беллашуви”да ўқувчиларининг фаол иштирокини таъминлайди. “Устоз-шогирд” тизимида, “Ўрган-ўргат” тадбирларида чин юракдан, фаол иштирок этадилар.

II Синфда таълим сифатини оширишга таъсир қилувчи омиллардан бири сифатида “Тенгдошлар” тизими жорий этилади

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, синф раҳбарлари, фан ўқитувчилари бу тизимни жорий этишдан олдин ўқувчиларга “Тенгдошлар” сўзининг маъносини тушунтиради, айниқса, “тенг” сўзига эътибор қаратади.

Синф ўқувчиларининг умумий билим савиясини ошириш учун билими ва ўзлаштириш қобилияти юқори бўлган ўқувчиларга мавзуларни ўзлаштиришда қийналадиган синфдошлари бириктирилади. Бунда ўқувчиларнинг уй вазифаларини бажариши, мураккаб (тушунмаган) мавзуларни ўзлаштиришида бир-бирларига кўмак беришини ташкил этиш мақсадида яшаш манзиллари бир-бирига яқин бўлган ўқувчиларни ўзаро бириктириш ва уларни синфда битта партага ўтиргизиш мақсадга мувофиқдир. Натижада айрим фанларни ўзлаштиришга қийналадиган ўқувчининг фанга бўлган муносабати яхшиланади, билими ошишига эришилади, синфдошлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва бир-бирига ҳурмат асосида шаклланган муҳит юзага келади.

Ҳар бир ўқувчининг шахсий хусусиятлари, қобилиятларини инобатга олган ҳолда уларга таълим-тарбия бериш жараёнини самарали ташкил этиш лозим. Жумладан, ўқувчиларда мактаб ёшидан бошлаб ўз-ўзини бошқариш кўникмаларини шакллантириш орқали синфда соғлом муҳитни яратиш учун “Тартиб посбони” тизими жорий этилади.

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, синф раҳбари синфдаги шўх, жисмонан бақувват, дарс жараёнига ҳалақит берадиган, етакчи(лидер)лик қобилияти юқори бўлган ўқувчи билан таъсирчан тушунтириш ишларини олиб бориб, улар “Тартиб посбони” этиб тайинланади.

Бунда ўқитувчи ўқитишнинг интерфаол усулларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларни биргаликда билим олишга йўналтиради ҳамда “Тартиб посбони” вазифасига тайинланган ўқувчиларнинг масъулиятлари юқори эканлигини таъкидлаб, мактаб маъмурияти, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар уларга катта ишонч билдирганлигини тушунтириб руҳлантиради.

Энг муҳими бу тавсиялар ҳисоботбозлик учун эмас, ўқув жараёнини тўғри ташкил этиш таълим сифатини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган. Педагогик жамоалар уларга ижодий ёндашган ҳолда бу тавсиялар асосида оддий ва таъсирчан методларни ишлаб чиқишлари мумкин.

 

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idum_uz

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*