Махмудхўжа Беҳбудий

Махмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) аллома, ёзувчи, драматург ва жамоат арбоби. У 1899 йилда ҳажга бориб, у ердан муфтий унвонига эга бўлиб қайтган. Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Қарши шаҳри 1920-1930 йилларда Беҳбудий номи билан аталган.


Туғилган сана: 1875 йил
Вафот этган сана: 1919 йил
Тўғилган жойи: Самарқанд
Асосий йўналиш: Адабиётшунослик


Таржимаи ҳол

Буюк маърифатпарвар аллома, ёзувчи, драматург ва жамоат арбоби Махмудхўжа Беҳбудий 1875 йилнинг 19-январида Самарқанд шаҳрида муфтий оиласида дунёга келди. Оиладаги муҳит ундаги маърифат, адабиёт ва ижтимоий ҳаётга бўлган қизиқишнинг кучайишига имкон туғдирди.

Беҳбудийнинг отаси ислом ҳуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу, ўз навбатида, Маҳмудхўжага таъсир ўтказмай қолмади. У кейинчалик бу ҳакда сўзлаб, мақолаларидан бирида отаси ёзган «Ҳидоя», «Ислом ҳуқуқига шарҳлар» асарининг ўз тақдирида катта роль ўйнаганини алоҳида қайд этган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт ва тарих қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борди. У Маккага бориш мақсадида араб тилини мукаммал ўрганиб, ислом тарихи ва назарияси билан жиддий шуғулланди. У 1899 йилда ҳажга бориб, у ердан муфтий унвонига эга бўлиб қайтди. Ҳаж баҳонасида Миср ва Истамбулда бўлди. Бу ерда давом этаётган ислоҳотлар, сўзсиз, унинг дунёқарашида бурилиш ясади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқци. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилди. Унинг қатор мақолалари мазкур нашрларда чиқа бошлади. Мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турди.

Видео: «Туркистон маърифатпарварлари»

Қрим-татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гаспринский) ва у бош муҳаррир бўлган «Таржимон» газетаси М. Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек жадидчилик ҳаракатининг раҳбарларидан бири бўлиб етишишида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Беҳбудий дунёқарашининг шаклланишида Россиянинг сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнаган кадетлар партияси ва уларнинг дастурлари таъсири ҳам катта бўлган.

1912-1913 йилларда Беҳбудий Самарқандда «Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журналига асос солади. У 1914 йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ у турли тўсиқларга учраб, «жадидлар раҳнамоси», «даҳрий» деб эълон қилинади.

Шунга қарамай у татар мутафаккири Исмоил Гаспиралининг маърифатпарварлик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади ва кўп ўтмай, маърифатпарвар сифатида халқ ҳурматига сазовор бўлади. У бир қатор Шарқ ва Ғарб тилларини билган юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданиятнинг толмас тарғиботчиси ҳам эди.

Фаолияти

Беҳбудий ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган. Жумладан, «Мунтахаби жуғрофияи умумий» («Қисқача умумий жуғрофия» 1903), «Китоб-ул-атфол» («Болалар учун китоб», 1904), «Мухтасари тарихи ислом» («Исломнинг қисқача тарихи», 1904), «Амалиёти ислом» (1905), «Русиянинг қисқача жуғрофияси» (1908) каби дарслик ва китоблар ёзган.

Унинг 1901 йилдан бошлаб «Туркистон вилояти газети», «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Тужжор», «Осиё», «Ҳуррият», «Турон», «Садои Туркистон», «Улуғ Туркистон», «Нажот», «Меҳнаткашлар товуши», «Тирик сўз», «Таржумон», «Шўро», «Вақт», «Тоза ҳаёт», «Самарқанд», «Ойна» каби газета ва журналларда чоп этилган мақолалари эса тараққийиарвар кишилар ва, айниқса, ёшларнинг диққат-эътиборини қозонган. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мазкур газета ва журналларда чоп этилган илм-маърифат, адабиёт-санъат, тарих-сиёсат, дин ва ҳаётга доир ўз замонасининг ўта долзарб муаммоларини акс эттирувчи ўнлаб мақолалари янги авлоднинг камол топишида жуда катта тарбиявий-тарғибот вазифасини ўтади.

Мактаб ва маориф, миллий маданиятга оид қарашлари эса асосий диққат- марказида бўлади.

У айни чоғда янги усулдаги мактабларнинг асосчиси ва тарғиботчиси, янги дарсликларнинг илк муаллифи ҳам бўлди. Хуллас, Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк маърифатпарвар ва етакчи жадидчи сифатида миллий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллайди.

Беҳбудий адиб сифатида «Падаркуш ёки ўқимаган боланинг ҳоли» драмасини яратган. Бу драмада у ёшларнинг (улар хоҳ камбағал, хоҳ бадавлат оилага мансуб бўлсин) илмли, маданиятли бўлишлари лозимлигини қайд этган.

Драма 1911 йилда ёзилган бўлиб, дастлаб 1912 йилда «Турон» газетасида босилган. 1913 йилга келиб Самарқандда китоб ҳолида чоп этилган. Шундан сўнг тез фурсатда Самарқанд, Бухоро ва Тошкент театрлари саҳналарида ижро этилган.

Драма композицион қурилишига кўра оддий бўлган ҳолда мазмун-ғоя жиҳатдан анча қамровлидир. Хусусан, ундаги характер ва ҳаракат, шакл-шамойил мазкур жанр талабларига анча мос эди.

Драмадаги қаҳрамонлар эса икки қутбда – икки хил ҳаракат билан яшайдилар. Бир томонда бой, ўғли ва унинг гумашталари бўлса, иккинчи томонда домла, зиёли образлари асар ғоясини очишда муҳим ўрин эгаллайди.

Ўзбек драматургиясига, умуман, театрига пойдевор қўйган бу асар ўз даврида Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв» драмаси, Мирмуҳсин-Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг «Янги саодат» каби қиссаларининг яратилишига туртки берган.

Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки болшевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919 йилда хориж сафарига чиққан Беҳбудий улар чақуви билан Қаршида ушланиб, Саид Олимхон фармони билан қатл қилинади.

Садриддин Айний алломанинг фожиали вафоти муносабати билан бундай ёзган: «Жафокаш шоир Беҳбудийнинг номини мусулмон Шарқи ҳурмат билан тилга олади, чунки у 20 йил мобайнида ўзининг онги ва инсоний қадру қимматини билган барча мавжудотни эркин ҳаёт, нур ва маърифат учун курашга чорлаб келди».

Қарши шаҳри 1920-1930 йилларда Беҳбудий номи билан аталган. Беҳбудий номи 1937 йилга келиб қатағон қилинади ва 1956 йилда оқланади.

1977 йили алломанинг асарларидан «Сайланма» чоп этилди. Унинг айрим асарлари дарслик ва қўлланмаларга киритилиб, бир қатор мактаб, кўча ва маҳаллалар унинг номига қўйилди.

Ҳозирги кунда аллома қолдирган бой ва ранг-баранг адабий, маданий ва маърифий мерос ўз халқининг истиқлолига хизмат қилмоқда.

манба: ziyonet.uz

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*