Тарбияда оилавий муҳитнинг ўрни қандай?

Болажон халқмиз. Топган-тутганимизни фарзандларимиздан аямаймиз. Уларнинг соғлом, маънавиятли, оқил ва доно бўлиб улғайиши, жамиятга наф келтирадиган инсонлар бўлиши учун елиб-югурамиз. Бу халқимизга хос фазилатдир.

Фарзандга ғамхўрлик қилиш, унинг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайиши учун ҳаракат қилишнинг нимаси ёмон. Тўғрику-я, аммо баъзи оилаларда бу ғам-хўрлик бирёқлама, яъни фақат моддий таъминотига кўпроқ эътибор қаратилиши билан намоён бўлмокда. Энг ёмони эса, айрим ота-оналар оиладаги тўкислик, таъминот аъло даражада эканидан хотиржам юришади, боламнинг усти бут, қорни тўқ, таъминоти рисоладагидек деб, тарбиянинг маънавий жиҳатларига эътибор қаратмайдилар. Ваҳоланки, бола тарбиясида оиладаги маънавий муҳитнинг ўрни кўпроқ аҳамият касб этади. Буни дарс жараёнида жуда кўп кузатганман.

Сабоқ бераётган ўқувчиларимнинг ота-оналари турфа касб эгалари. Бу табиий, бироқ уларнинг маънавий дунёқарашлари ҳам турфа эканлиги мени ўйлантиради. Суҳбат жараёнида шуни англаб етаманки, улар тарбияда ўқитувчи муҳим рол ўйнайди, биз ота-оналар фарзандимизнинг кийимини, китобини, дафтар-қаламини таъминлаб турсак, бас, дея фикрлашади. Бундай ота-оналарга ўзингиз охирги марта қайси китобни ўқидингиз, болангизнинг дарс тайёрлашини қачон назорат қилиб, кўмаклашгансиз, унга қандай ибратли ҳикоятларни айтиб бергансиз, қандай китобларни олиб бераяпсиз, дея сўрашнинг ўзи ортиқча.

Тўғри, бола мактабда таълим олиш билан бирга тарбия ҳам кўради. Илм даргоҳларида ёш авлод ҳар томонлама мукаммал билим ва салоҳият эгаси бўлиб улғайиши лозим. Бу борада давлатимиз томонидан катта ғамхўрлик кўрсатилмокда. Замонавий услубда қурилган, юксак технологиялар билан жиҳозланган мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари улар ихтиёрида. Илм даргоҳларида ўғил-қизлар учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бундан, албатта, ҳар бир ота-онанинг кўнгли тўқ, лекин унутмаслик керакки, тарбияда ота-онанинг ҳам, ўқитувчи-мураббийнинг ҳам ўз ўрни бор. Мана, масалан, ўқувчилар билан суҳбатлашганимда уларнинг дунёқараши, ўй-фикри, орзу-ниятлари билан қизиқаман. Айрим тўкис оилада улғаяётган болалар фикрини боқимандалик ҳисси эгаллаб олган. Улар келажагини ота-оналари белгилаб қўйганини «фахр» билан сўзлаб беришади.

Юқорида биз фарзандга ғамхўрлик ҳақида сўз очгандик. Ота-она оила даврасида фарзандига «сен ҳеч хавотир олма, уй-жой, автомобиль, нима керак бўлса, мана, бизнинг зиммамизда» деса, бу асло ғамхўрлик эмас. Ёки баъзи ота-оналарни олайлик. Улар фарзанди билан гаплашишга умуман вақт топиша олмайди. Бола улардан меҳр кутса, қўлига пул тутқазишади. Шуми, ғамхўрлик?

Ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ҳақида айтмоқчиман. Ёш ҳамкасбим бир куни мендан маслаҳат сўради: «Устоз, бир ўқувчим дарсга доим халақит бераяпти. Яхши гапириб ҳам кўрдим, танбеҳ хам бердим фойдаси бўлмади. Отасини чақиртирсам, вақти йўқ экан, ҳайдовчисини жўнатибди. Отанинг бундай эътиборсизлигидан жуда ранжидим. Охири ўзи ҳам келди. У мендан анчагина «аччиқ» гапларни эшитса-да нописандлик ва баландпарвозлик билан эътибор хам бермади». Ҳамкасбимнинг гапларини эшитиб Хожа Самандар Термизийнинг бир ибратли ҳикмати ёдимга тушди: «Ҳар ким агар ёшлигидан беадаб кишилар ичида ўсиб улғайса, катта бўлгач унинг вужудига ўрнашиб оладиган бадфеъллик иллатини чиқариб ташлаш қийин бўлади».

Яқинда бир воқеани эшитиб янада ҳайрон қолдим. Қишлоқ мактабларидан бирининг ўқитувчиси беодоб ўқувчиларидан бирига танбеҳ бераётиб, жаҳл устида қўлига уриб юборибди. Маълумки, педагогикада болага қўл кўтариш мумкин эмас. Ўқитувчи бу хатосини англаб етган бўлса ҳам, бола уйига бориб дарҳол ота-онасига шикоят қилган. Ота эса ўз мавқеидан фойдаланиб шифокордан боласининг қулоқ пардаси йиртилгани ҳақида сохта маълумотнома тайёрлатиб олган. Тўпланган ҳужжатлар асосида муаллимни судга бериб, ўқитувчининг тегишли тартибда жавобгарликка тортилиши ва ишдан маҳрум этилишига «эришган». Бир одамнинг ноқонуний хатти-ҳаракатини деб, бир фидойи инсон ноҳақ қораланди. Отанинг бу қилмишини кузатиб турган фарзанднинг эртага бундай номақбулчиликка қўл урмаслиги даргумон.

Мана шундай ҳолатлардан бири менинг иш фаолиятимда ҳам содир бўлди. Бир ўқувчим уйга вазифани тайёрламаганлиги учун унга қониқарсиз баҳо қўйдим. Бу баҳони кундалигига ҳам қўйиб, боласининг ўқишидан ота-онасини хабардор қилиш учун хат ёзмоқчи бўлсам, у кундалигини тортиб олиб синфхонани рухсатсиз тарк этди. Ундан жуда хавотир олдим. Эртаси куни қарасам, дарсларга қатнашиб юрибди. Кўнглим анча жойига тушди, Кейин билсам, кеча бола ота-онасига «мени ўқитувчим урди» деб арз қилибди. Ҳолбуки, мен унга кўлимни хам кўтарганим йўқ. Бунга синфдошлари гувоҳ. Иш вақти тугагач уйга кетганимдан сўнг боланинг ота-онаси тўполон қилиб келган, ҳеч нарсани сўраб-суриштирмай мени роса айблашган. Ўша-ўша бола менинг дарсим бўладиган куни машғулотларга келмайдиган одат чиқарди. Синф раҳбари онасига қўнғироқ қилса: «Адабиёт ўқитувчиси қаттиққўллиги учун унинг дарси бор кунлари фарзандим қўрқиб бормаяпти,» деган жавобни айтибди. Мана, сизга баъзи ота-оналаримизнинг маънавий савияси. Охиригача сўраб-суриштирмай, билмай-нетмай, ўқувчимнинг ёлғон гапларига ишониб, унинг кўнглига бениҳоя катта эътибор бераётган бундай ота-она ўз фарзандига ёмонлик қилаётганини англаб етмайди.

Яна бир гап. Болалар «iPhone», «Samsung Galaxy», «Lenovo», LG, HTC русумидаги мобил Мактаб ўқувчисига уяли телефон керакми-1 телефонлардан фойдаланаётганини кўз-кўз қилаётганини кўриб киши чуқур ўйга чўмади. Ота-оналар уларга қимматбаҳо телефонларни олиб берганлар, аммо уларнинг кўпчилиги бундай телефонлардан фойдаланишни ўзлари билмайдилар-ку! Бола бу телефонлардан қай мақсадда фойдаланаяпти, унинг махфий кодланган папкаларида нималар сақланаяпти, ижтимоий тармоқларда кимлар билан дўст бўлаяпти, интернетда қандай сайтларга ташриф буюраяпти – буларнинг барчасини назорат қилиш учун ота-она ўша технологияни фарзандидан кўра яхшироқ тушуна олиши керак. Ахборот-коммуникация технологиялари таракқий этгани сари улардан фойдаланиш, тушунишда фарзандларимиздан ортда қолсак, билингки, уларни ҳен қачон назорат қила олмаймиз. Кўпгина ота-оналар фарзандларининг уяли алоқа воситасидан фойдаланишларини хавфсизлик нуқтаи назаридан дея изоҳлайдилару ундан дарс вақтида фойдаланиш мумкин эмаслигини уқтиришни унутиб кўядилар.

Айтмоқчиманки, болага ғамхўрлик қиламан деб, унинг маънавий дунёқарашига салбий таъсир қилмаслик керак. Эртага у наинки ота-онасига, балки жамият тараққиётига ёмон таъсир этувчи салбий иллатларга кўл уриши мумкин. Бунга йўл кўймаслик учун, аввало, боланинг юриш-туришини кузатиб, унга тўғри тушунтириш ва йўналишлар бериш, фарзандининг таълим олишига эътибор қаратиб, илм-фан, ижодга меҳр уйғотиш, тарбияси йўлида мактаб ва маҳалла билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатиш талаб этилади. Энг муҳими, боланинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига яқиндан кўмаклашиш лозим. Унинг қизиқишларини эътиборга олган ҳолда, турли фан ва спорт тўгаракларига қатнаштириш, имкон бўлса, мусиқа ва санъатга ошно қилиш мақсадга мувофиқ. Бу ёшларнинг онгини эгаллашга уринаётган турли ғаразли кучларга қарши энг яхши қалқон вазифасини ўтайди. Ёш ниҳолга истаганча шакл бериш мумкин бўлганидек, болада ёшлигидан қизиқишни уйғотиш ҳам унчалик қийинчилик туғдирмайди. Ота-оналар шу орқали фарзандлари ва уларнинг келажаги учун катта ғамхўрлик қилган бўладилар.

Тарбия борасида қилинган бир хатонинг таъсири одамни бир умр таъқиб этиши мумкин. Ўқитувчисига ҳурматсизлик билан гапираётган бола эртага ота-онасига шу муносабатни қилмаслигига ким кафолат беради?

Азиз ота-оналар, ҳурматли ҳамкасблар! Миллий анъана ва қадриятларимиз, ҳурмат, иззат тушунчалари ҳамда жамики ахлоқий фазилатлар бу йўлда бизга яхши қамроҳ бўлиши, шубҳасиз.

Фарзанд тарбияси жуда мураккаб ва масъулиятли вазифа. Бу вазифа юрт тараққиёти, мамлакат келажагига дахлдор эканини сира ёддан чиқармаслик керак. Юртбошимизнинг «Юксак маънавият – енгилмас куч» асарида, инсонга хос орзу-интилишларни рўёбга чиқариш, унинг онгли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган моддий ва маънавий олам бамисоли парвоз қилаётган қушнинг икки қанотига қиёсланган. Тарбияда мана шу икки олам уйғунлиги таъминланса, катта муваффақиятларга эришилиши айни ҳақиқат.

Маҳбуба КАРИМОВА,
Қарши шахридаги 19-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
(Умумтаълим фанлари методикаси. 2015-йил, сентябрь №9 / 57)

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*