Ота-оналар нега мажлисга боришмайди?

«Мактабимизда бўладиган ота-оналар мажлисига уйимдагилар боришмайди. Ота-онамнинг иккаласи ҳам ишлагани учун мажлисга келишга вақтлари йўқ. Бунинг учун ҳар сафар синф раҳбаримиздан танбеҳ эшитишимга тўғри келяпти. Наҳотки ота-онам мен учун, мажлислар учун озгина вақт топа олишмаса?» – дейди 9-синф ўқувчиси Сардор Маҳкамов.

Бундай ҳолат ўқувчиларга яхши таниш. Аслида ота-оналар мажлисида ҳар бир ўқувчининг отаси ёки онаси иштирок этиши шарт. Афсуски, баъзи ота-оналар бунга бееътибор қарашади. Журналнинг ушбу саҳифасида шу мавзу юзасидан фикр юритишга ҳаракат қилдик. Ушбу мақолани ота-онангиз билан бирга ўқисангиз, айни муддао бўларди. Шояд бу мулоҳазалар мажлисга хуши йўқ ота-оналарга мактабга олиб борадиган йўлни кўрсатиб берса…

Лола Алиева, психолог: — Бу мажлис ўз номи билан ота-оналар учун мўлжалланган. Унда ҳар бир ўқувчининг отаси ё онаси иштирок этиши зарур. Чунки мажлис давомида умумий масалалар билан бир қаторда ҳар бир ўқувчининг фанларга бўлган муносабати, мактабдаги интизоми, ўзини тутиши ҳақида гап боради. Ота-онаси мажлисга боришга вақт ажрата олмайдиган ўқувчиларнинг руҳиятида салбий ўзгаришлар рўй бериб, ўй-хаёлларига «Улар менга вақт ажрата олишмайди. Чунки мени яхши кўришмайди, мен билан ишлари йўқ», деган фикрлар ўрнашиб олади.

Лобар Турсунова, она: — Мажлисга келмайдиган ота-оналарни тушуниш қийин. Наҳотки фарзандининг ўқиши, мактабдаги ҳолати уларни қизиқтирмаса? Янаям ачинарлиси, мажлисга кўпинча оналар келишади. Бироқ бола тарбиясида оталарнинг ҳам ўз ўрни бор. Шундай экан, боласининг феъл-атвори, фаолияти муҳокама қилинадиган мажлисда оталар ҳам қатнашиши шарт.

Нилуфар Абдулазизова, ўқитувчи: — Ота-оналар мажлиси синф болаларига оид маълум масалаларни ҳал қилиш учун чақирилади. Афсуски, яхши ўқимайдиган, ялқов, жамоат ишларидан ўзини олиб қочадиган ўқувчиларнинг ота-оналари бундай мажлисларга умуман қатнашмайди. Бу эса ўқитувчига улар билан ишлашда қийинчилик туғдиради. Ахир мактаб-маҳалла-оила ҳамкорлиги бўлмаса бола тарбиясида кутилган натижага эришиб бўлмайди. Айрим ота-оналар орадан бир неча кун ўтгач синф раҳбари билан суҳбатлашиб кетиш учун келишади. Бундай ҳолларда улар кўпчилик билан му­ҳокама қилинадиган масалалардан бехабар қолишади.

Равшан Азимов, 9 синф ўқувчиси: – Мактабдаги мажлисга баъзи синфдошларимнинг ота-онаси келмаганини эшитиб қоламан. Билишимча, ота-оналар мажлисида ўқувчилар хулқи, билим олишидан ташқари баъзи молиявий масалалар ҳам кўтарилади. Шу сабаб кимнингдир ота-онаси келишни истамас. Аммо менинг ота-онам синф мажлисларида узлуксиз қатнашади.

 Кўриб турганингиздек, ота-оналар мажлиси ким учундир муаммога айланган бўлса, кимгадир фарзанд тарбиясидаги яқин кўмакчидир. Кичик суриштирувимиз шуни кўрсатдики, кўпгина ота-оналар синф мажлисига — фарзанди тарбиясига бефарқ. Ачинарлиси, бунинг ортида ЎҚУВЧИ деб аталмиш ниҳолнинг келажаги турганлигини ҳис қилишмайди. Бу эса… Келинг, хулоса чиқаришга шошилмайлик-да, бу масалани оила даврасида муҳокама қилиб кўрайлик.

манба

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*