Жиззах вилоят ахборот–ресурс марказига ташриф

Ўқувчиларнинг дарсдан ташқари вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида ўқувчилар ўртасида турли тадбирлар амалга оширилмоқда. 2016-йилнинг 27-апрел куни «Умид» мактаб-интернатининг 6«Ж» синф ўқувчилари «Жиззах вилоят ахборот – ресурс маркази» фаолияти билан яқиндан танишиб қайтишди.


Марказ ходимлари ўқувчиларни ҳар бир бўлим билан таништириш асносида, уларнинг саволларига ҳам жавоб беришди. Жумладан, марказнинг «Ўрта ва катта ёшлилар учун», «Болалар бўлими», «Электрон ахборот манбалари», «Китобларни сақлаш» каби бўлимлари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

«Ўрта ва катта ёшлилар учун» бўлимида илмий, бадиий ва публицистик адабиётларнинг турли давр ва кўпгина тиллардаги таржималари ўрин олган бўлиб, ўқувчилар ўзларига ёққан жанрдаги адабиётларни ўша ернинг ўзида мутолаа қилишлари ёки кутубхонага обуна бўлиш орқали танлаган китобларини уйларига ўқиш учун олиб кетишлари мумкинлиги (ўз вақтида қайтаришлари лозимлиги) ни билиб олишди. Ўқувчилар ўша ернинг ўзида китобларни бир-бир варақлаб маълум бир тасаввурга эга бўлишди.

«Болалар бўлими»да эса турли эртак китоблари, ҳикоялар ва шеърий тўпламлар, ҳар хил турдаги энциклопедияларнинг ҳам босма, ҳам электрон вариантлари борлиги билан эътиборни тортди. Бу бўлим асосан боғча ёшидаги болалар ва бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган бўлиб, у ерга нафақат китобларни балки, кичик китобхонларнинг тасаввури ва дунёқарашини ўзида намоён этувчи турли-туман эртак қаҳрамонлари акс эттирилган қўғирчоқларни ҳам кўриш мумкин эди.

Бир олам таассуротлар оғушида «Электрон ахборот манбалари» бўлими томон йўл олишди. Ушбу бўлимнинг қулайликлари ва имкониятлари тўғрисида етарлича маълумотларни қўлга киритишгач, «Китобларни сақлаш» бўлими томон йўл олишди. Марказ ходимлари томонидан бугунги кунда китобларнинг илк нашрлари ва ҳозиргача сақланиб қолган тарихий ва илмий аҳамиятини йўқотмай келаётган китобларни кейинги авлодларга етказиш учун олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.

Жиззах вилоят ахборот-ресурс марказига уюштирилган сафар сўнгида ўқувчилар билан эркин мулоқот ташкил этилди. Унда ўқувчиларнинг марказ фаолияти ва у билан боғлиқ қўлга киритилган маълумотлар хусусида фикр алмашилди. Мулоқот сўнгида шундай хулосага келиндики, ўқувчиларни бу каби зиё масканларига тез-тез олиб боришнинг ҳам назарий, ҳам амалий аҳамияти беқиёсдир.

Китобларни мутолаа қилиш тўғрисида соатлаб маъруза қилишдан кўра, ахборот-ресурс марказлари фаолияти билан яқиндан танишиш, китобларнинг турлари, асар муаллифлари, асар мазмуни билан бевосита таништириш имкониятини яратиш ва бундай саёҳатларни ташкил этиш китобхонлар сафини кенгайтиришга ёрдам беради. 

«Умид» мактаб-интернати ўзбек тили
ўқитувчиси Неъматова Ҳулкар

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*