Разработка урока по узбекскому языку

Предлагаем вашему вниманию разработку урока по узбекскому языку «Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” асарини саёҳатнома намунаси сифатида ўрганиш ва таҳлил қилиш» учителя Специализированной Общеобразовательной школы-интернат «Умид» при Джизакского ОблОНО Нематовой Хулкар Абдулбакиевны.


Мавзу: «Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” асарини саёҳатнома намунаси сифатида ўрганиш ва таҳлил қилиш».

Дарснинг мақсади:
а) таълимий мақсад: — ўқувчиларга истиқлол даврида яратилган сафарномалар ҳақида кўпроқ маълумот бериш;

б) тарбиявий мақсад: — ёшларни ватанга муҳаббат, буюк аждодларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;

с) ривожлантирувчи мақсад: — ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатиш, уларнинг фикрлаш қобилиятларини ривожлантириш ҳамда дунёқарашини кенгайтириш.

Дарсда фойдаланиладиган усуллар: суҳбат, баҳс-мунозара, ”Занжир”, ”Кластер”

Дарсда қўлланиладиган жиҳозлар: Қамчибек Кенжа сафарномаларидан намуналар, слайдлар, альбомлар.

Дарснинг бориши:

I. Дарснинг ташкилий қисми: саломлашиш, давомадни аниқлаш, куннинг муҳим янгиликларидан хабардор этиш.
II. Ўтилган мавзуни “Занжир” усулидан фойдаланиб такрорлаб олиш.
III. Машғулот мавзусини эълон қилиш, режа ва адабиётлар рўйхати билан таништириш.
Мавзу: Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” асарини ўрганиш ва таҳлил қилиш.

Режа:

1. Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” асари истиқлол даври сафарномалари туркумига мансуб.
2. Асарнинг тузилиши: композицион тузилиши, пейзаж тасвири, бадиий хусусиятлари.
3. Сафарномадаги муҳим тарихий ва илмий маълумотлар.
4. Хулоса: Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” асарининг ўзбек бадиий сафарнома жанридаги аҳамияти.

IV. Дастлаб ўқувчиларнинг фикрлари сўралади, уларнинг саёҳат сўзи қандай маънога эга эканлиги ва бу ҳақда улар қандай маълумотга эга эканлиги бир қанча саволларга берилган жавоблар орқали билиб олинади. Саволлар қуйидаги тартибда тузилиши мумкин:
1. Саёҳат деганда нимани тушинасиз?
2. Саёҳатга чиққанмисиз, қайерларда бўлгансиз?
3. Саёҳатдан қандай таассуротда қайтгансиз, бу ҳақда ёзиб қўйганмисиз?
4. Саёҳатнома жанрида яратилган қандай асарларни биласиз?

Савол-жавобдан сўнг, ўқувчиларга қисқача саёҳат сўзининг луғавий маъноси ва ушбу жанрда яратилган сафарномаларнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот берилади. Проектор экранида Қамчибек Кенжанинг “Бобур изидан” халқаро илмий экспедициянинг бир қатор сафарларидаги иштирок этиши; ўша сафарлар натижасида ёзилган сафарномалар; “Ҳинд сориға” асарининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги слайд намойиш этилади ва ўқитувчи слайдларга изоҳ бериб ўтади.

Ўқувчилар 3 гуруҳга бўлинади. Ҳар бир гуруҳга қуйидаги саволлар берилади:

Биринчи гуруҳга: Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға” сафарномасининг Муқимий “Саёҳатнома”си билан ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатларини санаб беринг.
Иккинчи гуруҳга: Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға” сафарномасининг тарихий ва илмий аҳамияти нимада?
Учинчи гуруҳга: Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға” сафарномасининг ёшлар тарбияси, маънавиятидаги ўрни.

Янги мавзуни мустаҳкамлаш: Мавзу юзасидан бўлиб ўтган савол-жавоблар натижасидаги фикрлар “ФСМУ” технологиясини қўллаш орқали умумлаштирилади.

Ф – фикр беринг.
С — сабабини кўрсатинг.
М – мисол келтиринг.
У – умумлаштиринг.
Ушбу технологияни барча гуруҳлар биргаликда бажаришади. Жавоблар
қуйидагича бўлиши мумкин:

Ф — Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға” сафарномасида тарих ҳамда бугунги кунни боғловчи кўплаб маълумотлар билан таништиради. Жумладан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан бунёд этилган боғлар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигини таъкидлаб, бевосита уни бунёдкор шоҳ сифатида эътироф этади.

С — Тарихдан бизга маълумки, султонлар бирор давлатни эгаллаб олишса аксариятлари, ўша мамлакатнинг бойликларига эга бўлишгандан сўнг, шаҳар-у қишлоқларга ўт қўйиб юборишади. Натижада, талон-тарож оқибатида бор будидан айрилган халқ ҳатто бошпанасиз қолишади. Лекин шундай султонлар борки, улар эгаллаган мамлакатларини обод этиб, фаровон турмушни йўлга қўяди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам буюк аждодлари сингари борган жойини обод қилиш мақсадида кўплаб боғ-роғлар бунёд эттирди.
Жумладан, “Боғи ором” (Ромбоғ), “Чобуржи” ( Чорбоғ) каби боғлар ҳанузгача ҳинд халқига беминнат хизмат қилмоқда.

М — “Мана шу бунёдкорликлардан ҳам кўриниб турибдики, Бобур ҳар бир ишга узоқни кўзлаб қўл урган. Борган юртини талаб кетишни эмас, уни обод этишни, ўзидан яхши ном қолдиришни, ҳар йергаки қадам йеца гуллар ва яхшилик уруғларини экишни ният қилган. Бу эзгулик, яхшилик уруғлари авлодлари – Акбар, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон ва бошқа султонлар қалбида ҳам ҳар хил мевалар тукканлиги маълум ва бу мевалардан миллион-миллион ҳинд халқи ҳали-ҳамон баҳраманд бўлиб келмоқда”

У – Сафарнома қатларидан ўрин олган, тарихий маълумотлар билан биргаликда муаллифнинг бевосита кўрганлари асосида ёзилган Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бунёдкорлик фаолияти ёшлар билимини бойитиш билан бир қаторда уларнинг маънавиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бунёдкор аждодларига нисбатан ҳурмат ва садоқат ҳисси шаклланади.

Баҳолаш ва рағбатлантириш: Гуруҳлар тўплаган балларига кўра аъло, яхши, ўрта дея баҳоланиб, аъло гуруҳига Қамчибек Кенжа “Ҳинд сориға” сафарномаси, яхши гуруҳига ушбу сафарнома юзасидан тайёрланган албом, ўрта гуруҳига сафарнома юзасидан тайёрланган слайднинг диски тақдим этилади ёки ҳар бир гуруҳга “Ҳинд сориға” сафарномаси тақдим этилиши ҳам мумкин.

Уйга вазифа:1. Ҳар ким ўз саёҳати ҳамда ”Қамчибек Кенжа сафарномаларида пейзажнинг ўрни” мавзусида ихчам иншо ёзиш.

Адабиётлар рўйхати:
1. Қамчибек Кенжа. Ҳинд сориға. Т.: ”Шарқ”, 2000- йил.
2. Қамчибек Кенжа. Андижондан Даккагача. (Сафарнома-2.) Т.: ”Шарқ”, 2003- йил.
3. Қамчибек Кенжа. (Буюклар изидан; Сафарнома-3), Т.: “Шарқ”, 2006-йил.
4. Қамчибек Кенжа. Андижондан Бағдодгача (Буюклар изидан; Сафарнома-4), Т.: ”Шарқ”, 2007- йил.
5. Хайриддин Султон. Бобурийнома.Т.: “Шарқ”,1997 -йил.
6. Муқимий. Асарлар. Т.: “Ғафур Гулом номидаги” Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974- йил.
7. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома (В.Раҳмонов, К.Муллахўжаева табдили), – Т.: “Ўқитувчи” , 2008-йил.
8. Ўзбекистон Миллий энсиклопедияси, 7-жилд, Т.: “Ўзбекистон Миллий энсиклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2007-йил.
9. Ўзбек тилининг изоҳли луғати, Т.: “ Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2007-йил.
10. Салайев Ф, Г.Қурбониёзов. Адабиётшунослик атамаларининг изоҳли сўзлиги, Т.:Янги аср авлоди, 2010-йил.

🔥551 раз просмотрено

Добавить комментарий

55863853