Бола бозорда таълим олмайди…

Бугунги дунё изланувчан кишиларни ёқтиради. Зеро, қўл-оёғи бут, ақли теран киши боқимандаликдан ўзини қутқармоғи лозим. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг барча соҳаларда кенг имкониятлар яратилгани каби тадбиркорлик субъектларининг эркин фаолияти учун ҳам қатор шарт-шароитлар вужудга келди. Инсоннинг интилувчан, ташаббускорлиги фаровон, тўкин-сочин ҳаётга етаклашини бугунги кунимиз мисолида кўришимиз мумкин. Тадбиркорлар қўллаб-қувватлаб келинаётган шароитда ўз имконият ва омадини синаб кўраётган ишбилармон юртдошларимиз сафи кундан-кунга, йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Улар орасида бой маънавий тафаккур ва дунёқараш соҳибларининг кўп бўлиши эса янада яхши. Ахир айтишади-ку, ҳар соҳанинг ўз илми бор, деб. Шу маънода, савдо ишининг ҳам ўз маданияти, бурч ва масъулияти, унутилиши мумкин бўлмаган маънавий вазифалари мавжуд. Қолаверса, маънавият ҳар қандай соҳа вакилининг, ҳар бир касб эгасининг, умуман, инсонийликнинг зийнатидир. Усиз ҳаёт мазмунини тасаввур қилиб бўлмайди.

Шундай экан, бугун фарзандларини илм-маърифатли, зиёли, юксак маънавият эгаси этиб камол топтиришни ҳам унутмаётган тадбиркор ҳақиқий тадбиркордир. Ана шунда жамият ҳақиқий маънода бойиб боради. Топган даромадини яхши ва хайрли ишларга сарфлаётган тадбиркорларни кўриб қувонамиз. Албатта, салгина ночорроқ яшаётган қўшнисига ёрдам қўлини чўзиб, унинг балоғатга етиб қолган ўғил-қизларининг ўқишию ишларига жон куйдириб кўмак бераётган, маҳалласини обод этишга, йўлларни таъмирлашга маблағ ажратиб, бу ишларда ташаббускорликни зиммасига олаётган саховатли инсонлар орамизда кўплаб топилади. Уларга ҳавас қилмай бўладими?!

Савдоси юришиб турган бўлса-да, фарзандларининг отаси давлатига ишониб, эркаланиб кетмаслиги учун ҳар бирини қизиқишларию қобилиятига яраша касбга йўналтириб, ўқишига катта аҳамият қаратаётган оталарнинг ҳақиқий маданиятли ва маънавиятли инсон эканлигига шубҳангиз қолмайди. Бундайлар узоқни кўра биладиган, келажакни ўйлаб яшовчи, доно кишилардир. Чунки улар мол-дунё ўткинчи, олинган илм ва ҳунар эса кишига абадий ҳамроҳ эканлигини яхши биладилар.

Аммо баъзи бир тадбиркор, савдогар бойларни кўриб ўйланиб қоламиз. Унинг иш бошлашдан олдинги мақсадлари, орзу-ўйлари қандай бўлган экан?! «Пул топсам бўлди, данғиллама уй қураман, энг сўнгги русумдаги машина меники бўлади, фарзандларимнинг ҳар бирида алоҳида машина, уй ва яхши иш бўлади», деган мақсадлармикан фақат? Билмадим, эҳтимол ҳеч ким бундай қуруқдан-қуруқ ва маънисиз мақсадларни кўзламас, аммо айрим омади юришиб кетган савдогарларнинг яшаш тарзи айнан шу тахлит кечади. Кундан-кун бир-биридан баланд довонларни ошиб, бойиб бораётган одам дастлаб пул жамлайди, кейин савдони кенгайтиради, машина олади, уй қуради, хотинига, ўғлига, қизига бирин-кетин машина олиб беради, дала ҳовли қуради… Хуллас, унинг назарида ҳаммаси режа асосида кетаяпти. Ҳаммасини қилиб бўлдим, энди савобли ишларга қўл ураман деганда, уйининг дизайни кўзига эскиргандек, бироз соддароқдек туюлиб қолади. Ахир аввалги орзулари «рўйхати»да ўзи ўқиган мактабига спорт майдончаси қурдириб бермоқчи, фарзандини эса қайси касбга қобилияти бўлса, ўша соҳа бўйича яхши устозлар қўлида ўқитиб, етук мутахассис қилмоқчи эди. Аммо негадир уларга ҳеч навбат етиб келмайди. Ҳаттоки, уйда ҳам оила аъзолари билан иқтисодий режалар, савдо-сотиқ, ҳисоб-китоб борасидаги суҳбатлардан нарига ўтмай қолганини сезмайди.

Бундай муҳитда катта бўлган болалар ўқиш, билим олиш, етук кадр бўлиш ҳақида ўйлармикан?! Уларнинг мурғак хаёлотига ҳам фақат пул топиш, ота-онаси бизнесини ривожлантириш масаласи ўрнашиб улгурган. Йиллар ўтаверади, бола улғайган сари шу ишга шўнғиб, ота касби ташвишларига кўникиб қолади. Отасининг дўконида ёки бозордаги савдо растасида дарслардан сўнг ишлаётган бола дастлаб шунчаки бўш вақтни «унумли» ўтказишга жалб этилади, бориб-бориб дарсларининг ўзлаштириш сифати тушиб кетади. Ҳеч ким уни оилада назорат қилмай қўяди. Сабаби, ҳамма «муҳим ишлар билан банд». Энди бола мактабга бориш ўрнига бозорда куни билан вақт ўтказадиган бўлади. Ўқитувчи болани ҳеч эплай олмагач, ота-онасини чақиртиради. Шу вазиятда ўша «фалон бойвачча»нинг мактабга келиб ўқитувчининг ўз фарзанди ҳақидаги шикоятларини эшитаётганини ҳеч бирингиз кўз олдингизга келтира олмадингиз, шекилли. Бунинг устига уддабурон фарзандининг отасига кўмаги бинойидек бўлаётган бир пайтда ота ҳам ўқитувчининг ўқувчига бераётган қониқарсиз баҳосига ишонармиди? Ота мақсадга ўтади: «Ўғлимнинг ўқишидан сиз ташвишланманг. Мактабга келди нимаю, келмади нима?! Мен ўзим уни энг зўр университетларга олиб кириб қўяман. Ўқиган билан шаҳар олиб берармиди». Ана шунда бизнинг қаҳрамонимизнинг дастлабки мақсадлари, ўйлари унутилмаган, аксинча, ўзгариб кетгани маълум бўлиб қолади.

Минг афсуски, зиёли, маданиятли тадбиркорларимиз қанчалик кўп бўлса, тилга олганимиз маънавиятсиз ишбилармонлар ҳам орамизда топилади. Илмсиз, маърифтсиз фарзанд ота-онасига фақат азият етказиши эса ҳаётда кўп бора ўз исботини топган…

Албатта, ёшларни меҳнатга, изланишга ҳам ўргатиш керак. Лекин бу фақат пул топиш мақсадидагина бўлмаслиги лозим.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*