Юрак қандай ишлайди? (видео)

Юрак такрорий ритмик қисқаришлар орқали қонни томирларда юргизувчи органдир.Юрак қон айланиш тизимига эга барча ҳайвонларда мавжуд. Юрак — одам ва ҳайвонларнинг қон айланиш системасидаги марказий аъзо, у доим бир хилда қисқариши (систола) туфайли қонни қон айланиш системаси бўйлаб ҳайдаб беради ва уни веналар орқали қайтиб келишини ҳамда артериал қон томирлардаги ҳаракатини таъминлайди.

Юракнинг қиёсий морфологияси

Юрак қон томирлари системаси тўла ривожланган ҳайвонларда бўлади. Тубан даражали ҳайвонлардан ёмғир чувалчангида юрак вазифасини ҳалқасимон томирлар, дарё қисқичбақасида юрак ва юрак атрофидаги бўшлиқ синуслари бажаради. Кўпчилик моллюскалар юраги яхши ривожланган, 2 бўлмача ва қоринчадан иборат, у фаол қисқариш хусусиятига эга. Уларда юрак томон йўналган веноз қон юрак синусларига, сўнгра унинг жабрасига йўналади. У ердан кислородга бойиб юрак одди синусига тушади ва юракка ўтади. Юрак қоринчаси қисқариши натижасида қон ҳайвон танаси бўйлаб тарқалади. Хордалилардан лансетникларда юрак вазифасини қорин аортаси бажаради.

Юрак уриши (видео)

Сувда ва қуруқликда яшовчиларда юрак 3 камерали — 2 бўлмача ва қоринчадан; судралиб юрувчилар, қушлар ва сут эмизувчилар юраги 4 камерали — 2 бўлмача ва 2 қоринчадан иборат. Одам юраги 4 камерали: 2 та бўлмача ва 2 та қоринчадан иборат бўлиб, конус шаклида, асоси орқага, юқорига ва ўнг томонга, учи (чўққиси) пастга, оддинга ва чап томонга қараган. Юрак олдинги пастки кўкс оралиғи соҳасида жойлашиб, икки ён томондан ўпка ва плевра халталари олдинги тўш суяги ва қовурға тоғайига тегиб туради. Юрак юқоридан ва орқадан қон томирлар, пастдан диафрагма пай маркази билан мустаҳкамланиб туради. Юракнинг ҳолати ҳамма одамларда бир хил бўлмай, у кишининг ёши, жинси, гавдасининг вазияти ва тузилишига ҳам боғлиқ. Жумладан, янги туғилган болаларда юрак юмалоқ шаклда бўлиб, диафрагма гумбази баландроқ кўндаланг ва юқорироқ жойлашган, айрисимон без уни тўш суягидан анча орқа томонга суриб туради.

Кейинчалик 1—3 ёшда юрак қўндаланг вазиятини ўзгартиради ва катта одамларда кўрилганидек, қийшиқ ҳолатда жойлашади. Юракнинг ўртача оғирлиги эркакларда 300 г , аёлларда бир оз камроқ (220—250 г). Юракнинг узунлиги ўрта ёшдаги одамларда 13—15 см, энг сербар қисми (кўндалангига) 9—11 см, олдинги сатҳи билан орқа сатҳининг узунлиги 6—7 см. Ушбу орган ташқи юзасининг ўткир (ўнг) ва ўтмас (чап) чеккалари уни орқа, олд томондаги юзаларга ажратиб туради. Ҳар бир одам юрагининг катталиги ўзининг ўнг муштидек келади. Ўрта яшар одамнинг юраги бир минутда ўрта ҳисобда 70—75 марта, бир суткада 100000 марта қисқара олади. Бу эса 20 тонна юкни 1 метр баландликка кўтариш кучига тенг (!).

Юракнинг устки чегараси III қовурға тоғайининг тўш суягига ёпишаётган жойидан ўтказилган горизонтал чизиққа тўғри келади.

Юракнинг ўнг чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан (ўнг III ва V қовурғалар рўпарасида) 2—3 см четроқда бўлади. Бир ёшгача бўлган болаларда юракнинг ўнг томондаги чегараси тўш суягининг ўнг чеккасидан 1,0—1,5 см чиқиб туриши мумкин. Юракнинг пастки чап чегараси V қовурғанинг ўрта ўмров чизиғидан 1,5 см ичкарига учига тўғри келади.

Юрак чегараси ва вазияти одам кўкрагининг шаклига ҳам боғлиқ, қўкраги кенг одамларда у пастроқда жойлашади. Шунинг учун бундай конституцияга эга бўлтан одамларда юрак горизонтал ҳолатда туради. Кенг (узунлиги ўртача бўлган) кўкрак қафасида юрак қийшиқ туради. Аёллар юраги бир оз кичик бўлиб, горизонтал жойлашади. Жисмоний меҳнат ва спорт билан шуғулланадиган одамларда юракнинг ҳажми бирмунча катта бўлади.

Юрак бўлмачалари — веналар қонини қабул қилувчи бўшлиқлар

Ўнг бўлмача катта қон айланиш доирасидан веноз қон олиб келувчи юқориги ва пастки ковак веналар; чап бўлмачага 4 та ўпка веналари қуйилади. Иккала бўлмача қоринчалар билан бўлмачақоринча тешиклари орқали туташади. Қоринчалар қисқарганда тешиклар тавақали (қопқоқлар) клапанлар билан беркилади. Қоринчаларнинг ички юзасида, бир-бири билан кесишган мускул толалари ва қоринча бўшлиғига чиқиб турадиган сўрғичсимон мускуллар бор. Бу мусқуллар учидан чиққан пайли толалар бўлмачақоринча клапанлари тавақаларининг қирраларига ёпишган. Улар клапанлар тавақаларини бўлмачага қараб бурилишига (кўтарилишига) тўсқинлик қилади.

Юракнинг расми

Аорта ва ўпка артерияси асосида яримойсимон клапанлар жойлашган. Клапанлар шу томирларнинг йўналиш томонига очиладиган 3 табақадан иборат. Юрак қисқарганда қон ўнг қоринчадан ўпка артериясига, чап қоринчадан аортага қуйилади.

Юракнинг ўнг қоринчасидан ўпка пояси кичик қон айланиш, чап қоринчасидан аорта катта қон айланиш доираси бошланади. У ўз халтаси — перикардга ўралган, девори 3 қават: ички эндокард, ўрта миокард ва ташқи элмиокарддан иборат. Эпикард ва перикард ўртасидаги тор бўшлиқда бўладиган сероз суюқлик юрак ишлаётганда унинг деворларининг ишқаланишини камайтиради. Юракнинг мускул қавати — миокард бўлмачаларида 2, қоринчаларида 3 қават бўлиб, ихтиёримизга бўйсунмай қисқарувчи махсус кўндалангтарғил мускул толаларидан таркиб топган. Бу хусусият уни скелет мускулларидан ажратиб туради. Юракнинг бўлмача ва қоринча мускул толалари 2 та (ўнг бўлмача ва қоринча, чап бўлмача ва қоринча орасидаги тешикни ўровчи) фиброз тола ҳалқасидан бошланади. Лекин бўлмача мускуллари, қоринча мускуллари бир-бири билан туташмаган айрим фазада қисқаради. Бўлмача мускуллари ичдан бўйлама, сиртдан кўндаланг, қоринчаларда эса ички, ташқи қавати бўйлама, ўртадагиси кўндалангига жойлашган. Ички ва ташқи бўйлама мускуллар юрак чўққисида туташади, кўндаланг (ўрта) мускуллар туташмайди. Қоринчалараро тўсиқ, асосан, мускул тўқимаси ва уни қоплаб турган эндокард варағидан тузилган.

Юрак физиологияси

Юрак фаолияти миокарднинг ритмик қисқаришига асосланган. Юрак қисқариши систола, бўшашиши диастола дейилади. Юрак автоматик тарзда қисқаради. Миокарднинг қисқаришини таъминлайдиган импулслар унинг ўтказувчи системасида ҳосил бўлади. Ковак вена (синус) тугунида нормада минутига 60—80 марта ҳосил бўладиган бу импульслар аввал бўлмача миокардига тарқалиб, ундан бўлмачақоринча тугуни ҳамда Гис тутами ва оёқчалари орқали қоринчалар миокардига ўтади ва улар қисқаришига сабаб бўлади. Қоринчаларга ўтиш вақтида импулсларнинг тезлиги пасаяди. Шу сабабли қоринчаларникига нисбатан бўлмачалар қисқариши илгарироқ тугалланади. Юракнинг қисқариш ва бўшашиш даври унинг фаолияти циклини ташкил этади. Бу цикл бўлмачалар систоласи (0,1 сек), қоринчалар қисқариши (0,33—0,35 сек) ва умум (қоринчалар ва бўлмачалар бир йўла бўшашиш фазаси) пауза (0,4 сек)дан иборат.

Бўлмачалар қисқарганда улардаги қон босими (ўнг бўлмачада симоб устуни ҳисобида 1–2 мм дан 6–9 мм гача, чап бўлмачада 8–9 мм гача) кўтарилади. Натижада қон бўлмачақоринча тешиги орқали қоринчага чиқади.

Бўлмачалар қисқарганда қоринчаларга қоннинг фақат 30% и чиқиб, 70% и умум пауза вақтида бемалол оқиб келади.

Қоринчалар систоласи ҳам фазаларга бўлинади. Қоринчалар босими ошганда бўлмачақоринча клапанлари ёпилади, лекин яримойсимон клапанлари очилмайди. Бунда (изометрик қисқариш фазаси) қоринчаларнинг барча мускул толалари қисқариб, таранглиги тобора кучаяди. Натижада қоринчалар босими аорта ва ўпка поясидаги босимдан ҳам ошгач, яримойсимон клапанлар очилади; қон қоринчалардан томирларга отилиб чиқади; қонни ҳайдаш фазаси шу тариқа бошланади.

Одамнинг тинч ҳолатида юракнинг минутлик ҳажми ўрта ҳисобда 4,5—5 л, бир қисқаришида ҳайдалган қон миқдори эса — систолик ҳажми ўрта ҳисобда 65—70 мл га тенг.

Юрак қандай ишлайди? (видео, рус тилида)

 

 

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*