Мактаб психологи хонасига қўйиладиган талаблар

Умумтаълим мактабларида психологик хизмат хонаси ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик Республика ташхис Марказининг 2010 йил 30 сентябрдаги 32-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Умумтаълим муассасаларида психологик хизмат хонаси фаолиятини ташкил этиш бўйича йўриқнома” асосида ташкил этилади. Қўйида ушбу йўриқнома билан танишишингиз мумкин.

Умумтаълим мактабларида психологик хизмат хонаси фаолиятини ташкил этиш бўйича йўриқнома

I. Умумий қоидалар

Психологик хизмат хонаси Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларида баркамол инсонни шакллантириш, ўқувчиларнинг шахсий ва интеллектуал жиҳатдан ривожланишини ташхис қилиш, таълим-тарбиядаги психологик нуқсонларни аниқлаш, ўқувчиларнинг интеллектуал ривожланишида содир бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай салбий оғишларни ўз вақтида олдини олиш, шунингдек, ўқув жараёнида ўқувчининг қобилиятлари, имкониятлари, ўзига хос (индивидуал) хусусиятларини ўрганиш, касб-ҳунарга мойилликлари, қизиқишлари ва кўникмаларини ҳисобга олган ҳолда, уларга академик лицей ёки касб-ҳунар коллежларидаги таълим йўналишини танлашда кўмаклашиш, оилада, жамоада унинг аъзолари ўртасида содир бўладиган турли низолар сабабли шахсдаги руҳий кечинмаларни енгиллаштириш, стресс ҳолатларни бартараф этиш, мактаб педагогик жамоасини ҳамда ўқувчилар ва ота-оналарни психологик билимларни эгаллашга жалб этиш, уларнинг психологик маданиятини оширишга қаратилган турли машғулотлар, ўқувлар, маърузалар, тренинглар, индивидуал суҳбатларни етарли жиҳозлар билан таъминланган қулай шароитда амалга ошириш мақсадида ташкил этилади.

II. Психологик хизмат хонасининг асосий вазифалари

Ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналарга психологик маслаҳат бериш, психологик ташхис, психологик коррекцияга оид тадбирларни ўтказиш, тарбия ва ахлоқ масалаларида ўқитувчилар ва мураббийлар билан ҳамкорликда кечалар, давра суҳбатлари, кўрик – танловлар, коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар, психологик тренинглар ва ўқувчилар орасида тушунтириш ишларини ташкил этиш, шахс ва жамоага фаол руҳий таъсир ўтказишга оид руҳий мувозанатлаштириш тренингларини олиб бориш, ўқувчиларнинг лаёқати, қизиқиши ва қобилиятларини ташхис қилиш ҳамда уларнинг қобилиятларига мос касб-ҳунарларни онгли танлашларига кўмаклашиш учун қулай шароит яратиш.

III. Психологик хизмат хонасига қўйиладиган талаблар

Умумий ўрта таълим мактабларида психологик хизмат хонасининг ташкил этилиши, ўқувчиларнинг индивидуал-психологик хусусиятларини ўрганиш билан шахснинг ҳар томонлама камол топиши, маънавий ҳамда ақлий ривожланиши, ўзлигини англаши ва қобилиятларини намоён этишлари учун тегишли шароитлар яратишга имкон беради.
Психологик хизмат хонасининг фаолиятига қуйидаги йўналишлар доирасида талаблар қўйилади.

1. Педагогик талаблар.
2. Психологик-физиологик талаблар.
3. Техника хавфсизлиги ва гигиеник талаблар.
4. Эстетик талаблар.

Педагогик талаблар

Психологик хизмат хонасида коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар, психологик ташхис, психотренинглар, индивидуал суҳбат, психологик маслаҳатлар билан бир қаторда турли психологик ўқувлар ўтказилади, психологик ва касб-ҳунарга йўналтирувчи билимлар берилади. Юқоридаги вазифалардан келиб чиқиб, психологик хизмат хонасининг жиҳозланишида педагогик муҳит яратиш, шахснинг руҳиятига хонанинг ижобий педагогик таъсир ўтказиши инобатга олиниб, у барча педагогик мезонлар ва меъёрларга мос келиши керак.

Психологик-физиологик талаблар

Психологик хизмат хонасини жиҳозлашда хонанинг таъмирланиши, жиҳозлари ва материалларининг барчаси психологик-физиологик қонуниятларга амал қилинган, қўллашда қулай бўлиши, улардан фойдаланганда ўқитувчи ва ўқувчиларда қаноатланиш ҳиссиётларини уйғотиши назарда тутилади.

Техника хавфсизлиги ва гигеник талаблар

  • Хонага ўрнатилган барча электротехника жиҳозлари, жумладан, шахсий компьютернинг электр тармоқларига уланиши техника хавфсизлиги қоидаларига жавоб бериши керак;
  • психологик хизмат хонасини ёритгичлар билан таъминлашда уларнинг замонавийлигига, бутун хонани меъёрида ёритишига ва хавфсизлигига эътибор қаратилади;
  • психологик тренинг машғулотлари, психологик ташхис қилиш ва индивидуал суҳбат ўтказиш жараёнларида техника воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига тўлиқ риоя қилиниши лозим.

Эстетик талаблар

Психологик хизмат хонасидаги жиҳозлар, ахборот берувчи восита ва материалларнинг умумий кўриниши эстетик талабларга мос келиши, дид билан жиҳозланиши ҳамда уларнинг замонавий бўлишига эътибор қаратилиши, бу ўқувчиларнинг гўзалликка бўлган ижобий интилишини тарбиялашига аҳамият берилиши лозим.

IV. Хонанинг ўқув ва моддий -техник таъминоти

Умумтаълим мактабларидаги психологик хизмат хонаси, мактаб биносининг биринчи қаватида, касб-ҳунарга йўналтириш ва тиббий хизмат хонаси билан ёнма-ён, яъни битта бинода бўлиши мақсадга мувофиқ. Мазкур хона учун камида 36 кв.м. майдондаги хона ажратилади.

Психологик хизмат хонасининг ўнг томонидаги бурчагининг 5 кв.м. жойи индивидуал суҳбат ўтказиш бурчаги учун, 16 кв.м. эса шкаф, стол-стул, доска ва бошқа жиҳозлар учун, 15 кв.м. жой ўқувчиларнинг эркин ҳаракатланишлари учун қолдирилади.

Хонадаги жиҳозларнинг тавсифи

Жиҳозларнинг ранги, тузилиши, дизайни, қулайлиги шахс психологиясига катта таъсир кўрсатишини инобатга олиб, психологик хизмат хонасини таъмирлашда ва жиҳозларни танлашда уларнинг рангига, жойлаштириш учун қулайлигига, бирининг иккинчиси билан уйғунлашиб кетишига аҳамият берилиши лозим.

Оч яшил рангнинг шахсни тинчлантирувчи хусусияти инобатга олиниб, психологик хизмат хонаси деворларининг ранги оч яшил бўлиши тавсия этилади. Полнинг жигар рангда бўлиши эса шахсда ўзига ишонч ва қатъиятлилик ҳисларини уйғотади. Хонанинг шифти оқ рангда бўлиши, шахсда енгил кайфият ҳиссини уйғотиб, диққатини жамлашга ёрдам беради.

Психологик хизмат хонасида ўқувчилар учун 15 та индивидуал стол, 15 та юмшоқ стул ва психолог учун 1 та стол, 1 та стул бўлиши лозим. Хонада ўтказиладиган машғулотларнинг шартларига кўра стол ва стуллар турлича жойлаштирилади. Индивидуал столларни танлаш ва турли шаклларда жойлаштириш, психолог учун ўқувчига индивидуал ёндошиш имкониятини беради ва ўқувчилар орасидаги оралиқ масофа бузилмайди. Оралиқ масофанинг бузилмаслиги эса, ҳар бир шахснинг руҳиятига маълум даражада таъсир кўрсатиб, уларнинг эркин ва мустақил фикрлаши ҳамда ўзида ишонч туйғуларини шакллантиришда ёрдам беради.

Имконият даражасида психологик хизмат хонасига жиҳозларни камроқ бурчаклиларини, яъни бурчаклари айлана шаклдаги жиҳозларни танлаш ва тўғри жойлаштириш тавсия этилади. Хона жиҳозларидаги қирра ва тўғри бурчаклар ақлий меҳнат жараёнида фикрлар изчиллиги, мантиқий боғлиқлик ва шахснинг онг ости фаолиятига салбий таъсир кўрсатади.

Хонадаги жиҳозларнинг ранги девор ранги билан уйғунлашиши макон кенглиги ва психологик шинамликни вужудга келтиради. Шунинг учун жиҳозларнинг рангини танлашга алоҳида эътибор билан қараш керак.

Психологик хизмат хонасидаги шкаф хонанинг чап томонига жойлаштирилиб, унинг бир томонида меъёрий ҳужжатлар, диагностика натижалари, иш ҳужжатлари, иккинчи томонида кўргазмали қуроллар, дидактик материаллар, психодиагностик тест ва услубий қўлланмалар, журнал ва бошқа психологик адабиётлар жойлаштирилади.

Психологик хизмат хонасида интернет тизимига уланган персонал компьютер ва принтер бўлиши психологга интернет тармоғига чиқиш, мультимедиядан унумли фойдаланиш, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида турли психологик ҳамда интелектуал тестларни ўтказиш, барча психодиагностик маълумотлар банкларини тўплаш имкониятини беради.

Амалиётчи психолог мактабда психологик маърифат ва ташвиқот, психологик профилактика, коррекция, маслаҳат ва касб-ҳунарга йўналтириш ишларини олиб бориш билан бирга, мактабда ўтказиладиган тадбирларга психологик хулосаларини бериб боради. Бундай ҳажмдаги ишларни олиб бориш учун албатта, компьютер бўлиши лозим.
Психологик хизмат хонасининг деразаларида оқ парда ёки замонавий жалюзлар бўлиши шахсда жўшқинлик ҳиссини уйғотади, меҳнат фаолиятининг самарадорлигини ортишига олиб келади.

Хонанинг ўнг томонида индивидуал суҳбатларга мўлжалланган психологик бурчак ташкил этилиб, иккита кресло, журнал столи, стол лампаси, тувакларда хонаки гуллар жойлаштирилади. Кресло суҳбат вақтида бемалол ўтиришга имконият яратади, хонадаги табиий гуллар шахснинг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда хона ҳавосини янгилайди. Психологик хизмат олиб боришда аквариумнинг бўлиши шахсга ўз ижобий таъсирини кўрсатади, ундаги диққат турғунлигини оширади.

Хона пойгагидаги деворнинг 6 кв.м. га табиат манзараси акс эттирилган гулқоғоз ёпиштирилади. Гулқоғозни танлашда албатта табиат манзараси бўлиши ва унда табиатнинг энг чиройли манзараларидан тоғ, шаршара, яйловлар, гулзорлар, дарё ва денгизларнинг бўлишига эътибор қаратиш зарур. Энг аҳамиятли жиҳатлардан бири эса гулқоғоздаги рангларнинг хона рангига уйғун, яъни, табиат манзараларида мовий, оч яшил ранглар кўпроқ бўлиб, очиқ ҳаво манзараси бўлиши керак. Бундай рангларни танлаш хонада психологик муҳитни яратишга, шахс тасаввурини ривожлантиришга имконият беради ва психотренингларни ўтказишда кўргазмали материал сифатида ҳам хизмат қилади.

Табиат манзаралари расмини танлашда қўрқинч, хавотир ҳисларини пайдо қилувчи тўқ рангли қалин ўрмонларни, чўл ва саҳроларни, қиялик ва тоғу-тошларни танламаслик керак. Бундай табиат манзаралари шахсда қўрқиш, тушкунлик, таъсирчанлик ҳисларини пайдо қилиб, хонадаги психологик муҳитни бузади ва индивидуал суҳбат, психотренинг ҳамда коррекцион-ривожлантирувчи машғулотларни ўтказишда салбий таъсир кўрсатади.

Хонада ҳаракатланувчи кўчма доска бўлиши, тренинг тартибига кўра машғулотларни олиб боришда, жойни ҳоҳлаган тартибда ўзгартириш имкониятини яратади. Досканинг оқ рангда бўлиши турли рангдаги маркерлардан фойдаланиш учун қулайлик яратиб, тренинг жараёнида ўқувчиларнинг эътиборини тортишга, машғулотларни ранг-баранг ва қизиқарли ўтишига ёрдам беради.

Пол ва гилам-палоснинг жигар рангда бўлиши шахсда ишонч ва қатъиятлилик ҳисларини уйғотади. Хонада гилам-палоснинг бўлиши шинамликни таъминлаш билан бирга коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар ва тренингларни ўтказишда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг эркин ҳаракатланишлари учун хизмат қилади.
Психологик хизмат хонасига киришдаги йўлакда «Ишонч қутиси» жойлаштирилади. Ишонч қутисининг эни 25 см ва бўйи 35 см ўлчамда (қулф-калитли) бўлади. Қутининг юза қисмига «Ишонч қутиси» деб ёзилади. «Ишонч қутиси» ўқувчиларнинг сирли савол ва муаммолари пайдо бўлганда психолог билан илк мулоқотга киришиш воситаси ҳисобланади.

«Психологик маслаҳатлар», «Психологик мониторинг» стендлари ва «Ишонч қутиси» йўлакка психологик хизмат хонасининг эшиги ёнига жойлаштирилади. «Психологик маслаҳатлар» бурчаги қизиқарли психология, психология йўналишидаги янгиликлар, умумий йўналишдаги психологик маслаҳатлар, ғаройиб ходисаларга оид маълумотлар, рисолалар, қўлланмалар ва тестлар билан жиҳозланади. Мазкур бурчакдаги маълумотларни бойитиб бориш ва уларни тез-тез янгилаб туриш ўқувчи, ўқитувчи ҳамда ота-оналарнинг психологик билимларини, психология фанига қизиқишларини оширишга ёрдам беради.

«Психологик мониторинг» бурчагида психологик хизмат йўналишида олиб борилаётган ишларнинг мониторинги натижалари акс этиши керак.

V. Психологик хизмат хонасида юритиладиган ва сақланадиган ҳужжатлар

Психологик хизмат хонасида қуйидаги иш ҳужжатлари бўлиши ва ўрнатилган тартибда юритилиши лозим.

Психологик хизмат кўрсатиш хонасидаги расмий, меъёрий ва иш ҳужжатлари

Амалиётчи психологлар мактабда психологик хизматнинг 6 та (психологик маърифат, психологик-педагогик ташхис, психологик профилактика, психологик коррекция ва ривожлантириш, психологик маслаҳат, касб-ҳунарга йўналтириш) йўналиши бўйича фаолият олиб боради ва улардан мазкур йўналишлар доирасидаги иш ҳужжатларининг юритилиши талаб этилади.

Мазкур йўналишлар доирасида психолог томонидан юритилган ҳар бир ҳужжат биринчидан, психологнинг ўзи учун ўқувчи шахсининг барча жиҳатлари, унинг оилавий муҳити, атрофдагиларнинг таъсири, хатти-ҳаракати ҳамда хулқ-атворидаги ўзгаришлар, бузилишлар ва бошқалар хусусида тўпланган маълумотлар тизимининг яратилишига, ушбу маълумотларни бирини иккинчиси билан таққослашдан олинган хулосаларнинг тўпланиб боришига имконият яратади.

Иккинчидан, иш ҳужжатларининг мавжудлиги психолог фаолиятининг босқичма-босқич, тизимли равишда боришини ва юқори натижалар олишга эришилишини таъминлайди.

Расмий ва меъёрий ҳужжатлар

1. Ўзбекистон Республикасининг таълимга, вояга етмаганлар ҳуқуқларини муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари, Республика Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармон ва фармойишлари.

2. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими муассасаларида психологик хизмат тўғрисида Низом.

3. Ўзбекистон Республикасида ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш тизимини ривожлантириш Концепцияси.

4. Меъёрий ҳужжатлар тўплами (буйруқлар, қарорлар, фармойишлар, баённомалар).

5. «Мактаб ва ҳаёт» журналининг тўпламлари.

6. Ҳисоботлар. Шунингдек, юқори ташкилотлардан келган ҳужжатлар ижросини назорат қилиш дафтари юритилади.

Тарқатма (дидактик) материаллар

1. Тестлар
2. Сўров варақалари
3. Жавоб варақалари
4. Тренинг дастурларига доир турли тарқатма материаллар
5. Коррекцион-ривожлантирувчи машғулотларга доир тарқатма материаллар
6. Психологик ташхис қилишга доир тарқатма материаллар

Хонанинг ўқув методик таъминоти

1. Психологик-педагогик ташхис методикалари мажмуаси
2. Касб-ҳунарга йўналтирувчи ташхис методикалари мажмуаси.
3. Коррекцион машғулотлар ўтказиш бўйича услубий қўлланмалар.
4. “Психологик саломатлик мактаби” коррекцион машғулотлар тўплами (2002, 2005, 2007 йиллар)
5. 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлик даражасини аниқлаш бўйича методикалар тўплами.
6. Тренинг машғулотларини ўтказиш бўйича методикалар мажмуаси.
7. Иқтидорли ва истеъдодли болаларни аниқлаш ҳамда улар билан ишлаш бўйича тест саволлари, услубий қўланмалар.
8. Тарбияси оғир болалар билан ишлаш, индивидуал суҳбат бўйича методикалар.
9. Иқтидорли ва истеъдодли, шунингдек, тарбияси оғир, педагогик қаровсиз болалар, уларнинг оилалари тўғрисида маълумотлар банки.
10. CD дисклари (тестлар, кўргазмали материаллар, методикалар).

Психологик маърифатга доир ҳужжатлар

1. Педагогика кенгаши, семинар, метод бирлашма, ота-оналар мажлислари учун тайёрланган психологик материаллар ва маърузалар.
2. Педагог ходимларнинг психологик билимларини ошириш бўйича тадбирлар материаллари.
3. Ўқувчиларнинг психологик билимларини ошириш бўйича тадбирлар материаллари.

Психологик-педагогик ташхисга доир ҳужжатлар

1. Психологик ташхис методикалари:
иқтидорли болаларни аниқлашга доир методикалар;
педагог ходимлар билан ишлашга доир методикалар;
6 ёшли болаларнинг мактабга мослашуви ва ривожланиш динамикасини ўрганишга доир методикалар;
ўзлаштириши паст, руҳий оғиш ва кечикишларни ташхис этишга доир методикалар;
жамоада ижтимоий муҳитни ўрганишга доир методикалар;
ўқувчиларни касб-ҳунарга қизиқиши, қобилияти, лаёқатини ташхис қилиш бўйича методикалар.
2. 6 ёшли болаларни ҳисобга олиш журнали.
3. Тарбияси қийин болалар ва ўсмирларнинг психологик хусусиятларини ўрганиш натижалари.
5. Психологик ташхиснинг қайта ишланган натижалари, расмийлаштирилган хулосалар, берилган тавсиялар.
6. Гуруҳий психологик ташхиснинг қайта ишланган натижалари, расмийлаштирилган психологик хулосалар.
7. “Психологик-педагогик ташхис дафтари”.

Психологик профилактикага доир ҳужжатлар

1. Педагоглар учун маъруза, суҳбат ва тренинг материаллари.
2. Дарсларнинг психологик таҳлили ва бериладиган тавсиялар.
3. Психологнинг мактабда психологик муҳитни ўрганиш ва уни барқарорлаштириш хусусида олиб борган тадбирлари материаллари.
4. Педагогик консилиумлар материаллари.

Психологик коррекция ва ривожлантиришга доир ҳужжатлар.

1. Коррекцион ва ривожлантирувчи методикалар:

  • Фанларни суст ўзлаштираётган ёки ўзлаштира олмаётган болалар билан индивидуал ва гуруҳлаштирилган коррекцион машғулотлар;
  • зиддиятли ва низоли вазиятларни юмшатиш бўйича коррекцион машғулотлар;
  • ўқувчиларнинг психик ривожланишида содир бўладиган салбий ўзгаришлар, руҳий оғиш ва кечикишларнинг олдини олувчи коррекцион машғулотлар ишланмалари.

Психологик маслаҳатга доир ҳужжатлар

1. Психологик маслаҳат дафтарлари:

  • ўқувчилар билан олиб бориладиган индивидуал суҳбатлар;
  • ўқитувчилар билан олиб бориладиган индивидуал суҳбатлар;
  • ота – оналар билан олиб бориладиган индивидуал суҳбатлар;
  • раҳбар ходимлар учун индивидуал суҳбатлар.

Касб-ҳунарга йўналтиришга доир ҳужжатлар

1. Ташхис хариталари
2. Касб-ҳунарга йўналтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар
3. Касб-ҳунарга йўналтирувчи тренинглар дастурлари
4. Касб-ҳунарга йўналтириш комиссиясининг баённомалари
5. Тавсияномалар берилишини қайд қилиш журнали
6. Республикада, вилоятда ва ҳудудда фаолият кўрсатаётган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари тўғрисида ахборотномалар, ўқув фильмлари, видео роликлар.

Тўпланган барча маълумотлар махсус папкаларда психологик хизмат хонасида сақланади. Ўқувчилар, ота-оналар, муассаса раҳбарлари, ўқитувчилар шахси билан боғлиқ барча маълумотлар психолог томонидан сир сақланиши ва қулфланадиган шкафларда жамланиши шарт.

манба: idum.uz

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*