Кийиниш одоби (видео)

Инсоннинг феъл-атворини унинг кийинишидан ҳам билиш мумкин экан. Пала-партиш, кир-чир кийимда юрадиганларнинг аксарияти бадфеъл кишилар бўлгани каби диду фаросат билан кийиниш юксак одоб белгиси саналади. Аммо кейинги пайтларда баъзи аёллар ғарбона модага кўр-кўрона тақлид қилишади. На турмуш ўртоғи, на ака-укаси, на маҳалла аҳлидан уялишни билмайдиганларга эса эртага қизи, синглиси, келини эргашади.

Не саодатки, Истиқлолимизга, Ватанимизга, келажагимизга муносиб баркамол авлод вакиллари вояга етди. Уларнинг одоб-ахлоқ, илму тафаккур бобидаги муваффақиятлари кўп. Бундан қувонамиз, фахрланамиз. Бироқ, айрим ҳолларда, кўча-кўйда, жамоат жойларида миллатимизга мос келмайдиган тарзда кийиниб олган ёшларни, айниқса, қизларни кўриб, кўнглимиз ранжиши ҳам бор гап.

Аслида, ким қандай кийиниши ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Лекин бир туйғу борки, уни писанд қилмаслик кўнгилга хавотир солади. Бу туйғу – гўзал хулқ, ўзбекона одобу ва андишага нисбатан эҳтиром ҳамда ҳурматдир. Чуқур ва холис назар ташлаганда кийиниш одоби миллийликка хослик, қадриятлар ва анъаналардан келиб чиқади. Зотан, азалдан халқимизда “Ҳаё ва ибонинг ташқи кўриниши – кийимдур”, мазмунидаги ҳикмат бор.

Бу ҳолат онги ва шуури ўзбекона тарбия таъсирида вояга етган ҳар кимни ўйга толдириши табиий. Кўча-кўйга, бозорга чиққанимизда ҳам, тўйларда ҳам, тарбия масканлари — олий ўқув юртларида ҳам бугун аксарият ҳолларда ана шундай калта кийимларга “бурканган”ларни кўрамиз. қараманг, дейсизми? Айтишга осон, ахир улар саноқли эмас-ку?! Қизиқ, кимдир бундай йиртиқ шиму калта кўйлакларни (бошқа нима ҳам дейиш мумкин?) замонавийлик деб, яна биров эса ҳамма шундай қилаётгани учун кияётгандек туюлади. Нега десангиз, ярашса-ярашмаса қиз-жувонларнинг эгниларида шундай кийимни кўриб энсаси қотади кишининг. Буни тақлиддан бошқа яна нимага йўйиш мумкин?!

Минг таассуфки, яратилаётган айрим кинолдарда ҳам, клипларда ҳам суратга тушаётган қизларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Улар ёқасию енги очиқ либосларда шундай муқом қилишадики, оила даврасида бўлсангиз, уятдан бошингиз эгилади. Санъатнинг ҳар қандай тури — у кино ёхуд қўшиқчилик бўладими ёки рақс ва театрми, таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Унинг ғоявий кучи олдида унча-мунча кучлар ожиз қолади. Шундай экан, шарқона фазилатлардан ҳоли, ҳаётийликдан йироқ, удумларимизга тескари енгил-елпи кино ва клипларни суратга олишдан, унинг тарғиботидан кимлар манфаатдор?

Бу билан биз ўзимизда ишланаётган клип ва киноларни ёмонотлиққа чиқармоқчи эмасмиз. Бадиий пишиқ-пухта, кишини эзгуликка етаклайдиган лавҳаларимиз ҳам кўп. Қолаверса, тарбияли, одобли киши ҳеч қачон дуч келган кино ёки сериал қаҳрамонларига тақлид ҳам қилавермайди. Гап шундаки, ҳар қандай тасвир ортида бирор бир мақсад ётади. Шундай экан, ўзимиз билиб-билмаган ҳолда ғарбдан ёпирилиб келаётган маънавий таҳдидларнинг иштирокчиси, тарғиботчиси бўлиб қолмаслигимиз керак. Президентимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида ёзилганидек: “ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти оила муқаддаслиги ва ёшлар тьарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқалиб бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим экканини англаб олмоқда”.

Зиё – Шарқдан, деганларидек, дарҳақиқат, азалий қадриятларимиз бизни мудом одоб-ахлоқли, хушхулқ бўлишга ундайди. Қалб покизалиги инсонни улуғлайди, комилликка етаклайди. Шундай экан, қалб тозалиги либосларимизда ҳам акс этмоғи керак. Бу билан биз ёшу қари, қизу жувоннинг кийимга бурканиб оллишини назарда тутмаяпмиз. Калта кийим кийганнинг ҳаммаси беҳаё бўлмаганидек, одоблилик ҳам фақат ўраниб кийниш билан ўлчанмайди. Аслида “оммавий маданият”дан ортда қолишни истамайдиган, ўзини кўз-кўз этишни хуш кўрадиган, бошқалардан ажралиб туришга ружу қўйганларгина мана шундай либосларда юришади.

-Видеони *.flv форматида юклаб олмоқ – 122.36 мбайт
-Видеони *.flv (оригинал) форматда юклаб олмоқ – 113.64 мбайт

Шу ўринда интернетдан олинган бир маълумотни келтиришни жоиз деб билдик. Ижтимоий кузатувлар натижасига кўра, ривожланган давлатлар аҳолиси бугунги кунда болаларнинг эркин ўсишларини қўллаб-қувватлаган. Яхши фикр, бироқ ўзанидан ошган бундай “эркинлик” ҳаддан зиёд қимматга тушаётгани ҳам бор гап. Масалан, айрим ғарб давлатларида ўсмир йигит-қизларнинг ахлоқий тубанлашувига ота-оналарнинг фарзандлари кўз ўнгида очиқ-сочиқ ўт ириши ва суяксиз тилга зўр бериши сабабдир. “Қуш уясида кўрганини қилади” деган нақлини эшитмаганларнинг “уяси”да айтишга ҳам тил бормайдиган “тарбия усуллари” борки, бу болаларга таъсир этмай қолмаяпти. Натижа эса маълум: эндигина 14 ёшдан ҳатлаган қизлар “алданиб” қоляпти, йигитчалар эса 16 ёшга етар-етмас ахлоқ тузатиш колонналарининг фаол “мижози”га айланиб бормоқда. Биз эса бундай воқеаларни эшитганимизда ҳам сесканиб кетадиган халқмиз.

Шу маънода, такрор айтамизки, ушбу мулоҳазалар билан очиқ-сочиқ кийинаётганларнинг барчасини ахлоқсиз ёки дидсиз дея олмаймиз. Фақат бу ҳолат ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига жиддий зиён етказмасин. Хавотиримиз шундан!

Дилбар Узоқова “Eko Hayot”
Раҳмонберди Собиров, Андижон шаҳри.



«Кийиниш одоби»

Дид билан кийинган бойдек кўринар,
Юлдуз бўлса ҳамки ойдек кўринар.

Кийса киши баданига мос,
Кўринади улуғларга хос.

Танда либос одамни очар,
Дидсиз бўлса, одамлар қочар.

Янги кийма, тоза либос кий,
Ҳайвон бўлма, одамга хос кий.

Эр олдида ҳар қандай аёл,
Минг ясанса мумкин-у ҳалол.

Оро бериб, аёл ўзига,
Ташланмасин ётлар кўзига.

Аёл киши кийса агар тор,
Номаҳрамлар ўқига дучор.

Кийса аёл ярим яланғоч,
Тездагина бу аёлдан қоч.

Ўзига мос кийинса аёл,
Дилда ҳурмат уйғонар дарҳол.

Кетса агар аёлдан ҳаё,
Ўзгани ҳам қилар беҳаё.

Кимда ақл бўлса уқади,
Ёмон феъллар тезда юқади.

Кияр бўлсанг ҳарқачон либос,
Либос кийгин миллатингга хос.

Кийимда бор ўзбек удуми,
Бўлма ўзга миллатнинг думи.

Кимлигингни айтар либосинг,
Кимсан ўзи, кимда ихлосинг.

Либос қилар аҳволинг баён,
Либосингдан кимлигинг аён.

Маҳмудхон Махдум

Ўхшаш мавзулар:

One thought on “Кийиниш одоби (видео)

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*