Сибир куйдиргиси қандай касаллик? (видео)

Юртимиз аҳолисининг салкам олтмиш фоизи қишлоқ жойларида яшайди. Шахсий томорқа ва ёрдамчи хўжаликка эга ҳар бир қишлоқ хонадонида мол, қўй боқилади. Айниқса, қариялар ва ёш болалар истиқомат қиладиган оилаларни «рўзғорнинг беминнат дўкони» — соғин сигирсиз тасаввур қилиш қийин. Йилнинг серёғин келиши дала-даштларда ўт-ўланларнинг гуркираб ўсишига омил бўлди. Натижада мамлакатимизда чорва туёғи ҳар йилгидан-да ортди.

Албатта, инқироз ўсиш ва юксалиш билан ёнма-ён юради. Агар турли хавф-хатарнинг, аниқроғи, касалликларнинг олди олинмаса, чорва моллари вақтида эмланмаса, соҳада ўсиш ўрнини йўқотиш, фойда ўрнини харажат эгаллаши тайин. Гап шундаки, айрим қўшни давлатларда чорвага қирон келтирадиган, кишиларнинг соғлиғига жиддий таҳдид туғдирадиган касалликлар, жумладан, куйдирги тарқагани кузатилмоқда. Хусусан, маҳаллаларда аҳоли ўртасида хўжаликларда ва хусусий хонадонларда сақланаётган чорва молларининг куйдирги ва бошқа юқумли касалликларга чалиниши олдини олиш бўйича тарғибот тадбирлари тизимли равишда йўлга қўйилмоқда. Дарҳақиқат, куйдирги, фан тили билан айтганда, «сибир яраси» ёки «антракс» қандай касаллик? Унинг белгилари нималардан иборат? Оқибатлари-чи? Касалликнинг олдини олиш, ундан фориғ бўлиш учун нимларга аҳамият берилиши лозим?

Куйдирги — одам ва ҳайвонларда учрайдиган ўткир юқумли касаллик; зооноз касалликлар гуруҳига киради. Касаллик қадимдан маълум. Гиппократ ҳам бу ҳақда ёзиб қолдирган. Куйдирги касаллигининг қўзғатувчиси (Bacillus antrax) аэроб, ҳаракатсиз тайёқча бўлиб, узунлиги 5-10 микрон, эни 1-1,5 микронни ташкил этади, ташқи шароитга қараб таёқчали яъни вегататив ва спора шаклида бўлади. Куйдирги микробини вирулентлиги шундаки, ташқи қобиғида ва ҳайвон организимида, специфик капсула ҳосил қилиб, ўзидан кучли заҳар (токсин) ишлаб чиқаради, шу билан бирга спора шаклида кислород етишмаган ва қуруқ тупроқларда 100 йилгача яшаш хусусиятига эга.

Куйдирги касаллигига асосан қорамоллар, қўй ва эчкилар, от, эшак ҳамда туялар мойил ҳисобланади. Ит, мушук ва ёввойи йиртқич ҳайвонлар касалликка камроқ чалинади. Совуқ қонли ҳайвонлар ва паррандалар касалликка чалинмайди. Шу билан бирга ёввоий ҳайвонлар ва йиртқич паррандалар (қарға, қузғун ва бошқа) касалланган ҳайвон гўштини ёки жасадини егандан сўнг узоқ муддат давомида куйдирги спорасини ахлати ва сийдиги ёрдамида касаллик қузғатувчисини ташқи муҳитга тарқатади.

Касаллик манбаалари бўлиб касал хайвонлар, улардан олинган махсулотлар (гўшт, сут, тери ва бошқалар), касал хайвонлар ўлган жойдаги зарарланган тупроқ хизмат қилади.

Одамга касал ҳайвонлардан — ҳайвонни сўйиш, гўштини нимталаш вақтида, шунингдек, сув, тупроқ, чорвачилик маҳсулотлари орқали юқади. Одатда, касаллик шу соҳа ходимларида, яъни ҳайвонлар билан бевосита мулоқотда бўладиган кишилар – молбоқарлар, сут соғувчилар, гўшт маҳсулоти ва тери билан ишловчилар, қушхоналар, қоракўл, тери-мўйнани қайта ишлайдиган муассасаларнинг ишчи-хизматчиларида, қассобларда учрайди. Касаллик асосан ёз-куз фаслларида кузатилади. Унинг яширин даври бир неча соатдан то 14 кунгача давом этиши мумкин. 

Касаллик тарихи

Кўп асрлар давомида куйдирги кенг тарқалган касаллик бўлиб бир замонлар одамзот бошига кўп талофат келтирган. Куйдирги билан ҳар йили миллионлаб одамлар касалланган. Абу Али Ибн Сино, Гиппократ, Гомер, Овидийлар уни “ҳайвонлардан одамларга юқадиган касаллик” деб таърифлашган.

Қадим замонларда куйдиргини “муқаддас олов”, “форс олови”, “Эрон алангаси” номлари билан ҳам аташган. 1788 йили рус олими С.С.Андреевский Сибирдаги эпизоотия вақтида бу касалликни ҳайвондан ўзига юқтириб, одамлар билан ҳайвонларда учрайдиган касаллик бир хил эканлигини исботлади ва бу касалликни “сибир яраси” (“сибирская язва”) деб аташни тавсия этди. У куйдиргининг патологик анатомияси, клиник хилларини тасвирлаб берди, даво ва профилактика усулларини ишлаб чиқди. Куйдирги қўзғатувчисини биринчи марта 1876 йилда Р.Кох ажратган, 1881 йилда Л.Пастер, 1883 йилда эса Л.С.Ценковскийлар куйдиргига қарши вакциналарини ихтиро қилганлар. Юқумли касалликларни халқаро таснифи бўйича бу касалликка «Антракс» деб ном берилган.

Касаллик белгилари

Дастлаб бош оғрийди, бутун тана зирқирайди, нафас олиш тезлашади, касалликнинг 2-3 кунлари эса тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади ва заҳарланиш белгилари кучаяди. Бош оғриб, бемор ҳолсизланади, қон босими пасаяди. Инфекция соғлом одам организмига нафас йўллари, тери ва оғиз орқали тушиши мумкин. Одамда куйдиргининг ўпкага, ичакка, терига зарар етказадиган ва инфекция — қонга ўтиб тарқаладиган септик хиллари учрайди. Касаллик аломатлари ҳам зарарланган аъзоларга қараб турлича бўлади. Куйдиргининг тери шаклида куйдирги қўзғатувчиси зарарланган тери орқали киради. Бу шаклда яширин (инкубацион) давр 2—3 кун. Терининг инфекция кирган соҳасида дастлаб бўртма (папула) пайдо бўлади, у лойқа ёки қонли суюқлик билан тўлган пуфакча (пустўла)га айланади.

Пуфакча тез орада ёрилиб, қора қўтир бўлади. Атрофида янги пуфакчалар ҳосил бўлиб, қора қўтир катталашади, унинг тагида оғримайдиган шиш кўзга ташланади. Одатда, шу жароҳатни “куйдирги хўппози” деб аталади. У кўпинча юз соҳаси, билак, бўйин ёки оёқда бўлади. Бунда гавда ҳарорати кўтарилиши, бош оғриғи, дармонсизлик, уйқусизлик ва бошқалар кузатилади. Орадан 2—3 ҳафта ўтгач, бемор тузала бошлайди. Ўпка куйдиргисида тўсатдан иситма кўтарилиб, йўтал тутади, қонли балғам келади, беморнинг кўкрак соҳаси оғрийди, нафас олиши қийинлашади. Ичак куйдиргиси овқатдан заҳарланишга ўхшаб бошланади, бемор кўнгли айниб, қусади, қорни қаттиқ оғрийди, ичи дам бўлади. Куйдиргининг ўпка ва ичак шакллари жуда кам учрайди. Даволаш мақсадида пеницилин ва куйдирги гаммаглобулини қўлланилади. Профилактика мақсадида моллар билан мулоқотда бўладиган касбдагилар: чорвадорлар, қассоблар, тери ошловчилар куйдиргига қарши вакцина билан эмланади.

Куйдирги касаллиги ҳайвонлардан ҳайвонларга, улардан одамларга юқади, Бироқ касалликни одамдан одамга ва улардан ҳайвонларга юқиши исботланмаган.

Ҳайвонлардаги касаллик

Касаллик ўзига хос клиник белгилар билан кечади. Касалликнинг яширин даври 1-3, баъзан 8 кунгача давом этади. Касалликнинг кечиши ўткир, ярим ўткир, баъзан эса яшин тезлигида бошланади. Касаллик яшин тезлигида бошланганда ҳайвон бирдан йиқилиб, оғзи, бурни, орқа тешикдан қон аралаш суюқлик (кўпик) ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Оққан қон ивимайди.

Йирик шохли ҳайвонларда касаллик ярим ўткир тарзда кечганда тана ҳарорати 40-45 даражагача кўтарилади, мушаклари қисқаради, томир уриши тезлашади, нафас олганда шовқин пайдо бўлади, қорин шишади, орқа ичакдан ахлат билан қон аралаш суюқлик, сийдик билан қон ажралади ва ҳайвон нобуд бўлади. Йирик шохли ҳайвонларда касаллик карбункулёз шаклида ҳам кечади.

Отларда касаллик қаттиқ санчиқ билан бошланади, ичак турида кечади ва терида, бошда, кукракда, елинда, инфильтратлар пайдо бўлади. Касаллик карбункулёз турида ҳам кечиши мумкин, бунда инфильтратлар чуқур жойлашиб, гангрена ва парчаланиш билан тугайди.

Майда шохли молларда куйдирги яшин тезлигида ёки ўткир кечади. Ҳайвонлар тусатдан тиришиш, қон кетиш аломатлари билан нобуд бўлади. Ҳайвонлар тўғри ичаги ва жинсий аъзолари шиллиқ қаватида тугунли ясси геморрагик шишлар пайдо бўлади.

Чучқаларда сепсис аломатлари деярли кузатилмайди, кўпинча касаллик ангина, яъни ҳиқилдоқнинг яллиғланиши, бўйин, кўкрак қафасининг шишуви билан ўтади, тилда, қаттиқ танглайда шиш ва карбункул пайдо бўлади, ҳайвон механик асфиксия (бўғилиш) дан нобуд бўлади. Чучқаларда касаллик баъзан сурункали шаклда ҳам кечиши мумкин.

Касаллик қўзғатувчиларининг атроф мухитга тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида куйдиргига гумон қилинган ҳайвонларни ёриб кўриш, ташиш қатъиян тақиқланади. Лаборатор ташҳис учун патматериал мутахассис томонидан махсус усулда олинади.

Ҳайвонларда касалликнинг яширин даври 1 —3 кун давом этади. Микробнинг организмга қаердан киришига қараб тери (корбункулёз), ичак формалари бўлади. Касалликни ўткир ҳолатларида ҳайвон бир неча соат ичида (ҳатто 1 соат ичида) ўлади. Ҳайвоннинг бурун, оғиз тёшикларидан қон аралаш кўпик, орқа тёшикдан қора рангдаги қон оқади, ҳарорати 41—42° га кўтирилади, нафас олиш ва юрак уриши тезлашади, ҳолсизланади, иштаҳа йўқолади ва кўпинча ётади. Касалликнинг ичак турларида ошқозон, ичак органлари фаолияти бўзилади ва ўлгандан кейин ҳам орқа ва бошқа табиий тешиклардан қон оқади. куйдирги билан касалланган ҳайвонни билмасдан сўйганда қони қопқора бўлиб, ивимайди. Бу касалликка гумон қилинган ҳайвонни сўйиш мумкин эмас, чунки организмдаги капсула холатидаги, тез ўлдириб бўладиган микроб ташқи, кислородли муҳитга тушиши билан жуда чидамли спора турига айланади ва тупрокда 100 йилгача сақланиб қолади.

Ҳайвонларга ем-хашак, ифлос сув ва ҳаво, шунингдек, қон сўрувчи ҳашаротлар, сўва, пашша ва бошқа орқали юқади. Касаллик қўзғатувчи ташқи муҳитдан организмга тушгандан кейин қон ва лимфага ўтиб ривожланади ва умумий септицемияни чақиради, қонда ўз атрофида қобиқ пайдо қилиб, кўп миқдорда токсин ишлаб чиқаради. Тез ривожланиб кўпайган микроблар тери ости ва бошқа тўқималарда шишлар пайдо қилади, токсинлар эса қон томирларининг ўтказувчанлигини ошириб, бутун ички орган ва тўқималарда қон қуйилишига олиб келади, қон айланиши секинлашади.

Касалликнинг клиник белгилари

Одамларга касалликнинг қай йўл билан юқишига қараб, тери, ўпка, ичак ва септик (қонда) турлари мавжуд. Унинг, асосан (95-98 % ҳолда), тери шакли кўп учрайди. Бунда микробнинг терига кирган жойида қизғиш доғ пайдо бўлади. Кейинчалик у шишиб, ўша жойда суюқлик тўпланади, сўнгра ёрилиб, ўрнида яра ҳосил бўлади. Яра оғримайди, усти қора парда билан қопланади. Куйдиргининг ўпка шакли анча оғир кечади. Бунда касалликнинг яширин даври қисқа бўлиб, ҳарорат тезда кўтарилади. Йўтал, нафас қисиши, мушакларнинг тиришиши, қон аралаш балғам чиқиши кузатилади. Касалликнинг ичак шакли қоринда қаттиқ оғриқ туриши, ичакдан қон кетиши, тана ҳароратининг жуда юқорилиги билан таснифланади. Септик шаклида эса, юқорида айтиб ўтилган клиник белгилар намоён бўлиб, кейинчалик касаллик қўзғатувчи таёқчалар қонга ўтади ва қон орқали бутун танага тарқалади. Бунда беморнинг аҳволи оғирлашади. Йўталганда қон аралаш балғам ажралади, қайт қилади, ич кетади.

Ташҳис

Эпизоотологик, клиник белгиларга асосан қўйилиб, лаборатория текширувига асосан тасдиқланади.

Касалликни даволаш

Куйдиргига махсус гипериммун қон зардоби, гаммаглобулин ва антибиотиклардан пенициллин ишлатилади.

Касалликни олдини олиш (профилактика)

Касал ҳайвонлар яккалаб қўйилади, отхона, молхона, қўйхона, ем-хашак, асбоб-анжомлар, шунингдек, гўнг дезинфекция қилинади. Яйловлар ҳайдалади. куйдиргидан ўлган ҳайвонлар куйдирилади ёки махсус белги қўйиб ёрмасдан кўмилиб, устига хлорли оҳак қуйилади. Куйдирги қайд этилган жойларда соғлом ҳайвонлар эмланади.

Куйдирги касаллигининг ўчоқларини аниқлаш ва уларни тезкорлик билан бартараф этиш ветеринария хизмати томонидан амалга оширилади. Касалланган ҳайвонлар вақтида аниқланиб, бошқаларидан ажратилади ҳамда уларни чивин ва пашшалар чақишидан муҳофаза қилинади, ўлганда хавфсизлик чоралари ва дезинфекция қоидаларига амал қилинган ҳолда кўмилиб, усти бетонланади ва панжара билан ўраб қўйилади.

Куйдирги касаллигидан сақланиш учун:

  • ўзингизга тегишли хайвонларни худудингиздаги ветеринария муассасасида рўйхатга қуйинг, бу ҳайвонларнинг куйдиргига қарши самарали вакциналар билан ўз вақтида эмланиши гаровидир;
  • хайвонларда хар қандай касаллик аломатларини пайқасангиз дархол ветеринария мутахассисига хабар беринг, касалликни ўзингиз аниқлаш ёки даволашга уринманг;
  • гўшт, сут махсулотларини фақат махсус белгиланган жойларда (гушт дўконлари, дехкон бозорларидаги павильонлар, махсус маркетлар) харид қилинг, гўшт махсулотларида ветеринария кўриги хақида тамға (клеймо) бўлишига эътибор беринг, гўшт сотувчисидан ветеринария маълумотномасини талаб қилинг;
  • шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!

Бир сўз билан айтганда, куйдирги касаллиги тарқалишининг олдини олиш аҳоли ўртасида кенг кўламли тарғибот тадбирлари уюштиришни талаб этади. Бу борада жойларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари тиббиёт ходимлари ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликда тизимли ишларни амалга оширишлари зарур.

Ўхшаш мавзулар:

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*