Дарс жадвалини тузишга қуйиладиган талаблар

Дарс жадвали таълим-тарбия жараёнида юқори самарадорликка эришиш сифат кўрсаткични кўтариш, ўқувчи ва ўқитувчилар фаолиятини ташкилий жиҳатдан илмий асосда ташкил этиш, ўқувчиларнинг меҳнат қилишини ва дам олишини ҳамда бутун мактаб фаолиятини яхши йўлга қўйишда муҳим восита бўлиб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари комплексининг 2016 йил 18 февралдаги 07-1-20-сонли мажлис баёни билан 2016-2017 ўқув йилида узлуксиз таълим тизимини мазмунан модернизациялаш ва таълим-тарбия самарадорлигини янги сифат даражасига кўтариш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Зеро, ўқувчининг кун тартиби тўғри ташкил этилса, у кун мобайнида юқори иш фаолиятини сақлаб қолади. Шу нуқтаи назардан вилоят халқ таълими бошқармаси “Таълим маркази” томонидан ушбу тавсия ишлаб чиқилиб, умумий ўрта-таълим мактабларида фанлар бўйича дарс жадвалини тузишга қўйилган педагогик, психологик ва гигиеник талаблар тавсия сифатида эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.


Умумий ўрта таълим мактабларида фанлар бўйича дарс жадвалини тузишга қўйилган педагогик, психологик ва гигиеник талаблар

Умумий талаблар

Дарс жадвали-ўқув муассаси фаолиятидаги асосий расмий ҳужжатдир. Илмий, методик педагогик-психологик нуқтаи назардан тузилган дарс жадвали таълим муассаси фаолиятининг тўғри ташкил этилишини таъминлайди.

Дарс жадвалини тузишда ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ва иш қобилиятининг юқори ёки паст бўлган соатлари, фанларнинг мураккаблик даражаси, ўқитувчининг дарс юкламасини ҳисобга олиш керак.

Дарс жадвалини тузишда қуйидагиларга эътибор берилиши лозим:

1. Кичик мактаб даврида (1-4-синф ўқувчилари) 6-7 ёшдан 10-11 ёшгача бола биринчи маротаба мактабга боради, янги шароитга мослашади. Бу даврда боланинг жисмоний ўсиши билинарсиз кечади, лекин унинг бошқа кўрсаткичлари яққол ўзгаради, яъни организм аъзолари ва тизимлари фаолиятининг мукаммаллашуви кузатилади. Мазкур давр болалик ва ўсмирлик даври орасидаги кўприк ҳисобланади. Ўрта мактаб 5-9-синф ўқувчилари (11-12 ёшдан 14-15 ёшгача) даври шиддатли ўсиш ва ривожланиш даври бўлиб, жинсий ривожланишнинг бошланғич ва чўққисига тўғри келади. Ўғил болаларда ҳам, қиз болаларда ҳам ҳаракат-таянч ва марказий асаб тизимларининг мукаммаллашуви давом этади. Катта мактаб (10-11-синф ўқувчилари, 15 ёшдан 18 ёшгача) даврида болалар нафақат жисмоний, балки ақлий, маънавий ва ижтимоий жиҳатлардан ҳам ривожланади.

2. Олимларнинг илмий текширувлари натижасида, мактаб ёшидаги болалар ақлий қобилиятининг биоритмологик оптимуми 10-12-соатлар орасидаги интервалга тўғри келиши аниқланган. Бу соатларда ўқувчи берилган материални организмнинг психофизиологик имкониятларини энг минимал даражада сарф қилиб, максимал даражада ўзлаштириши мумкин. Шунинг учун бошланғич синфларнинг дарс жадвалида асосий фанлар 2-3-соатларга ўрта ва юқори синфларда эса 2,3,4-соатларга қўйилиши керак. Иш қобилияти ошишининг иккинчи чўққиси соат 16-18ларга тўғри келади, ана шу вақтда уй вазифасини бажаришга киришиш тавсия этилади.

3. Ўқувчиларнинг ақлий иш қобилияти ўқув ҳафтасининг турли кунларида турлича бўлади. Ҳафтанинг ўртасида у юқори даражада бўлади, ҳафтанинг бошида (душанба) ва ҳафтанинг охирида (жума) пасайиб кетади.

Шунинг учун ўзлаштириш мураккаб бўлган фанларнинг ўқув юкламасини ҳафта жавомида шундай тақсимлаш керакки, унинг энг катта ҳажми сешанба ва (ёки) чоршанба кунларига тўғри келиши керак. Чунки ўқувчилар янги материални ўзлаштиришининг энг юқори чегараси ҳафтанинг ўртасидаги кунларда самарали бўлиши психолог олимлар томонидан аниқланиб тавсия этилган.

4. Назорат ишларини ҳам иложи борича шу кунларда ўтказиш яхши самара беради. Бу кунларда дарс жадвалига мураккаб фанлар ёки ўрта оғирликдаги фанлар ҳафтанинг бошқа кунларидагига қараганда кўпроқ ҳажмда киритилиши лозим. Чоршанба куни эса дарслар бирмунча енгиллаштирилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

5. Биринчи синф ўқувчиларига адаптация жараёнини енгиллаштириш учун “босқичли” ўқув машғулотлари тартибли қўлланилиши керак ва бунда ўқув юкламаси аста-секинлик билан орттириб борилиши лозим. Сентябрь ойида 35 дақиқадан давом этадиган 3 та дарс, иккинчи чоракда 35 дақиқадан давом этадиган 4 та дарс қўйилиши керак. Бошланғич синфларда асосий фанлар бўйича ўтиладиган дарсларда ўқув ишларининг зичлиги 80 %дан ошмаслиги керак.

6. Мактабларда дарслар соат 800 дан эрта бошланмаслиги лозим. Жадвалдан ташқари дарсларни ўтказиш таъқиқланади. Чуқурлаштирилган дастур асосида ўқитиладиган ўқув муассасаларида ўқиш фақат бир навбат (смена) да ташкил қилиниши керак.

7. Навбат (смена)лар орасида дарс хоналарини тозалаш ва шамоллатиш.

8. Бир неча навбатда ишлайдиган умтаълим муассасаларида бошланғич синф ўқувчилари, бешинчи синф ва битирувчи синф ўқувчилари учун дарслар фақат биринчи сменада ўтилиши лозим.

9. Мактабларда дарс жадвалллари факультатив ва асосий дарслар учун алоҳида-алоҳида тузилиши лозим. Факультатив дарсларни асосий фанлар кам бўлган кунларга режалаштириш керак. Факультатив дарслар бошланишидан олдин ва асосий дарслар тугаганидан сўнг танаффус ташкил қилинади.

10. Бола организми толиқишга мойилдир. 5-7 ёшли бола 15 дақиқа давомида, 8-10 ёшли бола эса 20 дақиқа давомида, 11-12 ёшли бола эса 25 дақиқа давомида фаол диққатини сақлай олиши мумкинлиги аниқланган. Бош миянинг пўстлоқ қисми хужайралари толиққанда тормозланади ва шу билан ҳимояланади. Ўта толиқиш бу болалар ва ўсмирларда юзага келувчи кўпгина патологик холатларнинг сабабидир. Ўқувчиларнинг ўта толиқишига олиб келувчи уч гурух омиллар мавжуд:
А) умумий ўқув ва меҳнат жараёнини нотўғри ташкиллаштириш;
Б) болалар ва ўсмирларнинг ёши ва индивидуал хусусиятларига ўқув юкламасининг мос келмаслиги;
В) ўқув тартиби ва шароитларига қўйиладиган гигиеник талабларни инкор этиш;
Шунинг учун дарс жадвали тузишда бола организмининг толиқиб қолишини ҳам ҳисобга олиш лозим.

Дарс жадвалини рационал тузиш

1. Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режада 1 ва 2 ярим йилда айрим фанларнинг ўқув соатларининг ўзгариши кўзда тутилганлиги сабабли мактабларда дарс жадвали амалда ярим йилга мўлжаллаб тузилади. Ўқув йилининг биринчи ярми учун дарс жадвали ўқув йили бошланишидан 10 кун илгари, 2-ярим йиллик учун эса қишки таътил вақтида тузилади.

2. Ўқувчиларни уй вазифалари билан ортиқча банд қилиб қўймаслик учун фанларни ҳафтанинг кунларига тўғри тақсимлаш керак. Уй вазифаларини бажариш 1-синф ўқувчилари учун иккинчи ярим йилликдан бошлаб 1 соатдан, 2-синфлар учун 1,5 соатдан, 3-4-синфлар учун 2 соатдан, 5-6-синфлар учун 2,5 соатдан, 7-8-синфлар учун 3 соатдан, 9-11-синфлар учун 4 соатдан ошмаслиги керак.

3. Шунингдек, фанларнинг оғир ва енгиллигига эътибор берган ҳолда ҳафта кунларига тўғри тақсимлаш лозим. Бошланғич синфларда математика, ёзув, ўқиш-мураккаб; тасвирий санъат, жисмоний тарбия, мусиқа-енгил фанлар ҳисобланади. 5-11-синфларда фанларни оғир-енгиллигига қараб тўрт қисмга: математика, физика, кимё-биринчи даражали; чизмачилик, ҳуқуқ биология, хорижий тиллар, она тили-иккинчи даражали; география, табиат, тарих-учинчи даражали; жимоний тарбия, мусиқа, тасвирий санъат-тўртинчи даражали фанларга тақсимланади.

Ўқувчилар баъзи фанларни осон ва қийин ўзлаштирадилар. Ўқувчиларнинг математика дарсидан кейин ўзлаштириш қобилиятлари сустлашишини, табиатшунослик, тасвирий санъат дарсларидан кейин эса эслаб қолиш қобилияти кўтарилишини кўриш мумкин.

Шуни эътиборга олган ҳолда тузилган қуйидаги жадвалдан дарс жадвалини тузишда фойдаланиш тавсия этилади.

Фанлар Мураккаблик даражасини ҳисобга олган ҳолда болалар миқдори
Математика, информатика 11
Она тили ва адабиёти, хорижий тиллар (рус, инглиз, француз0, немис тиллари) 10
Физика, кимё, астрономия 9
Тарих, ҳуқуқ, иқтисодий билим асослари 8
Табиий фанлар, география, биология 7
Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари 6
Жисмоний тарбия 5
Меҳнат 4
Чизмачилик 3
Тасвирий санъат 2
Мусиқа 1

Юқоридаги жадвал асосида қийин фанлар осонроқ ўзлаштириладиган фанлар билан алмаштирилиб турилиши лозим. Жисмоний тарбия, меҳнат, тасвирий санъат фанлари ўқувчиларнинг асаб тизими иш қобилиятининг қайта тикланишида муҳим ўрин тутганлигини инобатга олган ҳолда 1-5-синфларда 3-4 соатлар қўйиш лозим, шунда 5-6 соатларда ўқучилар чарчамайдилар.

4. Биринчи ва иккинчи соатларда бошланғич синф ўқувчиларининг биринчи, иккинчи, учинчи соатларда 5-11-синф ўқувчиларининг иш қобилияти юқори бўлганлиги учун шу соатларга оғир фанлар қўйиш, ёзма ишлар ўтказиш лозим.

5. Дарс жадвали тузишда ўқувчиларнинг максимал ўқув ҳажми ҳам эътиборга олиниши керак.

Синф

 1 ҳафтадаги соатлар сони

1-синф

22 соат

2-синф

24 соат

3-синф

26 соат

4-синф

26 соат

5-синф

32 соат

6-синф

34 соат

7-синф

35 соат

8-синф

36 соат

9-синф

37 соат

10-синф

39 соат

11-синф

39 соат

6. Мактабларда факультатив, гуруҳли ва индивидуал машғулотлар ўқувчиларга юклатилиши мумкин бўлган максимал ҳажм меъёридан ошмаслиги керак. Олти кунлик ўқув ҳафтасида кундалик ўқув юкламаси 1-2-синфлар учун 3-4 соатни, 3-4-синфлар учун 4 соатни, 5-7-синфлар учун 5-6 соатни ва 8-9-синфлар учун 6 соатни ташкил қилади.

7. Бошланғич ва ўрта синфларда биринчи дарс соатида ўқувчиларнинг иш қобилияти пастроқ бўлиб, 2-3-дарсларда асаб тизимининг иш қобилияти юқори даражага етади, 4-дарсда чарчашнинг биринчи аломатлари пайдо бўлади. 5-6 соатларда эса ўқувчининг иш қобилияти кескин камая бошлайди. Шунинг учун кучли асаб фаолиятини талаб қиладиган математика, физика, она тили, хорижий тиллар, кимё каби фанларни имконият даражасида 1-3 соатларга қўйиш лозим.

8. Ўқувчиларнинг ёш хусусиятларини ҳамда фанлардаги мавзулар интеграциясини ҳисобга олган ҳолда, айрим фанларни ёки турдош фанларни кетма-кет 2 соатга қўйиш мумкин. 5-9-синф ўқувчилари учун иккита дарсни кетма-кет ўтказиш қуйидагилар учун рухсат берилади: лаборатория дарслари, назорат ишларини ўтказиш, меҳнат дарслари ва жисмоний тарбия дарслари.

9. 5-9-синф ўқувчилари учун иккита асосий ва махсус фан дарсларини кетма-кет ўтказишга, агар улар жисмоний тарбия дарсларидан кейин ёки 30 дақиқалик динамик танаффусдан сўнг ўтказилса , рухсат берилади. 10-11-синф ўқувчилари учун иккита дарсни кетма-кет ўтказиш асосий ва махсус фанлар бўйича рухсат берилади.

10. Фанлар чуқурлаштирилиб ўқитиладиган мактаб (синф)ларда ва ихтисослашган мактабларда махсус фанларнинг хусусияти ва ўқувчиларнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кетма-кет 2 соат қўйиш мумкин.

11. Дарс жадвалига 2 соатли фан қўйилса, яна бошқа 2 соатли фан қўйиш мумкин эмас.

12. Ўқув режада 1 ёки 2 соатдан ҳафтасига ўқитилиши белгиланган фанлардан дарс жадвалига 2 соатга кетма-кет қўйиш мумкин эмас.

13. Бошланғич синфларда иккита дарсни танаффуссиз кетма-кет ўтказиш таъқиқланади. (1-4-синфлар учун қўшалоқ дарслар ўтказиш таъқиқланади).

14. Дарс жадваллари тузилганда кун ва ҳафта давомида кичик мактаб ёшидаги ўқувчилар учун асосий фанларнинг мусиқа, расм, меҳнат, жисмоний тарбия дарслари билан оралатиб ўтказилиши, ўрта ва катта ёшдаги мактаб ўқувчилари учун эса математика ва ижтимоий фанларни оралатиб ўтказиш керак.

15. Уй вазифасини бажаришга кўп вақт сарфланадиган фанларни дарс жадвалига бир кунга киритиш тавсия этилмайди.

16. Барча умумтаълим муассасалари ўқувчилари учун бир сменали мактабларда дарслар орасидаги танаффуслар 10 дақиқадан кам бўлмаслиги, катта танаффус эса (2 ва 3-дарслар орасида) 30 дақиқагача бўлиши керак. Битта катта танаффус ўрнига иккита, яъни 2 ва 3-дарслардан сўнг 20 дақиқалик танаффуслар ташкил қилиш ҳам мумкин. Танаффусларни максимал даражада очиқ ҳавода ҳаракатчан ўйинларда ўтказиш лозим.

17. Икки сменали мактабларда дарслар орасидаги танаффуслар 5 дақиқадан кам бўлмаслиги, катта танаффус эса (2 ва 3-дарслар орасида) 20 дақиқа бўлиши керак. Навбат (смена)ларнинг орасида синфхоналарини шамоллатиш учун 20 дақиқа танаффус бўлиши керак.

18. Таътиллар давомийлиги кузги 6 кун, қишги 10 кун, бахорги 10 кун бўлиши керак. Ёзги таътилнинг бошланиши 1-синфлар учун 31 майдан, 5-8-синфлар учун 19 июндан, 9-синфлар учун 25 июндан бўлиши керак. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари учун 1-йилда ўқув хафталар сони 32- ҳафтани, юқори синфлар учун 34-ҳафтани ташкил қилади (имтиҳон даврини ҳисобга олган ҳолда).

19. Фанларни чуқур ўқитишга ихтисослашган мактабларда ўқитиш фақат 1 сменада олиб борилиши керак.

20. Ўқув фаолияти давомида организмнинг иш қобилияти ўзгаради. Шунинг учун йил бошида ўқув ҳафтасининг биринчи кунида, дарслар енгиллаштирилган бўлиши, янги ва муракаброқ материалларнитушинтириш, синов ишларини бериш тавсия этилади. Ўқув хафтасининг, чоракнинг ёки ўқув йилининг ўртасида ўқув дастурининг ўртасида ўқув дастурининг энг катта ҳажмини, факултатив машғулотларни, тўгарак ишларини ва бошқа тадбирларни режалаштириш мумкин.Толиқишнинг илк белгилари пайдо бўлиши юқори ва мустахкам иш қобилияти даврининг тугаганидан далолат беради. 

Дарс жадвалини тузиш учун ёрдамчи материаллар

Дарс жадвалини тузишда қуйдагиларга эътибор бериш лозим:

1.Ҳалқ таълими вазирлиги тамонидан ўқув йили учун тасдиқланган ўқув режа ;
2. ўқутувчиларнинг дарс тақсимотлари ( тарификация)га;
3.Туман халқ таълими билан келишилган ва директор тамонидан тасдиқланган ўқитувчиларнинг методик кунларига;
4.Ўқув режада икки гурухга бўлиб ўқитилиши белгиланган фанларга;
5.Фанларнинг мураккаблигини ҳисобга олиб, ҳафта кунларига тақсимлаб олинган жадвалга;
7. Сиртдан ўқиётган ўқитувчилар рўйхатига;
7. Ўқутувчиларнинг малака оширишига бориш жадвалига;
8. Ўриндош ўқутувчиларнинг дарс жадвалига;
9. ўқутувчиларнинг параллел синфларга кириши ва унинг кетма-кетлигига;
10.Ўқутувчиларнинг тажрибасига;
11. Ўқутувчиларнинг синф раҳбарлигига;
12. Ахборот технология воситаларидан фойдаланиш жадвалига;
13. Дарс машғулотларининг фан хона тизимида;
14. Физика, кимё, биология, информатика фанларининг ўқитилишини ҳисобга олишда ( фанларнинг мураккаблигини ҳисобга олиб, ҳафта кунларига тақсимлаб олинган жадваллар);
15. Синфларнинг навбатлари (сменалари) кўрсатилган рўйхатга;
16. Бошқа мактабга бориб ишлайдиган ўқутувчилар рўйхатига.

Ўхшаш мавзулар:

2 thoughts on “Дарс жадвалини тузишга қуйиладиган талаблар

Фикрингизни билдиринг

Сизнинг электрон манзилингиз эълон қилинмайди.
* билан белгиланган қаторлар тўлдирилиши шарт.

Расмдаги белгиларни киритинг

*