«Она тили» ва «Ўқиш» дарс соатлари қисқартирилмаган ҳолда бирлаштирилиб, ягона фан жорий этилади

Шу пайтгача «Она тили» ва «Ўқиш» фанлари алоҳида ўқитилган. Энди эса ушбу икки фанни бирлаштирган «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» деб номланган ягона фан ташкил этилади. Бу ҳақда Республика таълим маркази хабарида айтилмоқда.

Ўқиш фани, асосан, бадиий услубдаги, мавҳум тушунчаларни ташийдиган матнлардан иборат эди. Янги дарслик учун танланган матнлар ва шеърлар эса боланинг ижтимоий ҳаётга киришиб кета олишида кўмаклашадиган, ҳам бадиий, ҳам информатив, ҳам илмий-оммабоп услубдаги матнлардан иборат.

Амалдаги дарсликларда тинглаб тушуниш компетенциясини ривожлантириш учун топшириқлар ажратилмаган бўлса, янгисида бу компетенциясини ривожлантириш учун ҳар бир мавзуга алоҳида топшириқлар ишлаб чиқилган, дейилади хабарда.

Ўқиб тушуниш компетенциясини ривожлантириш учун ажратилган топшириқлар эса, асосан, матнда очиқ ифодаланган маълумотларга, ёки дидактик элементларга қаратилар эди. Энди эса дарсликда ўқиб тушуниш компетенциясининг барча қисмларини қамраб оладиган савол ва топшириқлар бўлади.

Шу пайтгача она тилини ўқитишдан мақсад тилнинг грамматикасини ўргатиш, тил структурасига оид қоидаларни ёд олдириш эди. Янги дарсликда энг муҳим қоидаларгина қолдирилган. Ранг-баранг тасвирлар ва қизиқарли топшириқларга кўпроқ урғу берилган.

Аҳамиятли томони энди ўқитувчилар учун «Ўқитувчи китоби», ўқувчилар учун эса «Машқ дафтари» ҳам бўлади.

Эски дарсликлар тил структурасини ўргатишга қаратилган. Янги дарсликларда эса тил структурасидан кўра, тилнинг лекцикологик, семантик томонларига урғу берилган. Яъни асосий эътибор сўз, унинг маънолари, ўриндошлари, қўлланиш ўринлари, луғат бойлиги каби томонларга қаратилган.

Амалдаги дарсликдан ўрин олган матнларда бола ёшига мос бўлишидан кўра, дидактик аҳамиятига урғу берилган. Тақдим этилаётган дидактика эса ёшга мос, қизиқарли мавзулардаги матнлар ҳамда шеърларга сингдирилган. Ёзувчилар билан биргаликда матнлар қайта ишлаб чиқилган.

Дарсликлардаги тушунарсиз бўлиши мумкин бўлган сўзлар изоҳсиз қолдирилар эди. Янги дарсликларда боланинг тушуниши учун қийин бўлган сўзлар дарсликнинг орқа қисмида махсус луғатга жойлаштирилган. Бундан ташқари улар устида алоҳида машқлар ишлаб чиқилган.

Тайёрланаётган дарсликда гапдан то яхлит матн яратишгача бўлган жараён тизимли равишда ишлаб чиқилган. Аввал гаплардаги бўш ўринларни тўлдиришни бошлаган бола маълум мавзу доирасида кичик матн ярата олиш даражасига олиб чиқилади.

Шунингдек, дарсликда ўқувчиларнинг энг оғриқли муаммоси бўлган оғзаки жавоб бериладиган, оғзаки тарзда бажариладиган алоҳида топшириқлар ҳам ишлаб чиқилган. Ёдлаш учун берилган шеърни айтиб беришлари учун алоҳида вақт ажратилган.

Янги дарсликда уйга вазифалар мавжуд эмас. Нутқий мавзулар асосида изчилликда бир-бирини тўлдирадиган, ўзи изланиб топишга қаратилган ностандарт машқ ва топшириқлар ишлаб чиқилган.


🔥700 раз просмотрено

Добавить комментарий

55863853