Келажак телефони: у қандай? (видео)

Ҳар куни мобил телефонлар бозорида нимадир янгилик рўй беради. Барчамизни қандайдир сюрприз кутиб туради. Ишлаб чиқарувчилар биз тасаввур ҳам қилмаган янги ечимларни таклиф этадилар. www.computerra.ru сайти келажакда бу соҳада бизларни нималар кутаётгани ҳақида фикр юритди. Келажак ҳақида хаёл суриш ҳаммамизга қизиқарли бўлгани учун, бу мулоҳазаларни сизлар билан ўртоқлашамиз.


Бир пайтлар мобил телефонларни бир-бири билан солиштириш жуда мароқли эди. Чунки уларнинг дизайни хилма-хил, ички тузилиши бир-бирига ўхшамасди. Ҳозир-чи? Ишлаб чиқарувчилар деярли бир хил смартфонлар чиқара бошладилар – ҳамма «ким ўзар»га катта экранли, иложи борича кам тугмали ингичка қурилма яратишга берилиб кетди. энг зерикарлиси – барча ишлаб чиқарувчилар ягона ғоя асосида ишлаяптилар: телефон иложи борича ингичка, экран эса имкон қадар катта бўлсин. Индивидуаллик йўқ! Наҳотки, мобил телефонлар бозорида ғоялар булоғи қуриб битган бўлса? Бозор ривожининг чўққисига етиб келдикми?

Аслида, аҳвол бунчалик ачинарли эмас. Янги ғоялар, аввалгидек тўлиб-тошиб ётмаган бўлса ҳам, ҳар ҳолда бор. Уларнинг баъзиларини биргаликда кўриб чиқамиз.

1. Шаффоф телефон

Фантастик киноларда шаффоф телефонлар одатий ҳолга айланди. Реал ҳаётда-чи? Ҳаётда бунга эришиш мумкинмикан? Polytron Technologies компанияси бунинг уддасидан чиқди. У аксарият таркибий қисмлари шаффоф бўлган дастлабки телефон прототипини яратди.

Келажак телефони (шаффоф телефон)

Батарея, хотира картаси, камера ва яна бир-иккита қисмлар шаффофлик рўйхатидан тушиб қолишган. Лекин, уларнинг ҳаммаси бир жойга жамлаб, корпуснинг қолган қисмини «кўринмас» қилса бўлади. Дарвоқе, АҚШнинг Стенфорд университети олимлари батареяни ҳам шаффоф қилиш устида ишламоқдалар. Асосий масала бошқа томонда: бундай телефондан нима фойда? Шунчаки фантастик кўринишдан ташқари, бошқа яна нимадир афзаллиги борми? Шаффоф экран жуда ажойиб кўринади, лекин кўринмас қурилмадан фойдаланишни тасаввур қилиб кўринг!

Бу саволларга тўлиқ жавоб топилганича йўқ, лекин шаффоф корпус кўплаб янги иловалар яратилишига имкон бериши аниқ.

2. Орқа томондаги экран

…Афанди бир пиёла ёғ сўраб қўшнисиникига чиқибди. Қўшниси бир идишдан унинг пиёласига солибди. Шунда идишнинг тагида яна озгина ёғ қолибди. Қўшниси: «Аттанг, озгинаси сиғмай қолди-да»,- деса, Афанди пиёлани шартта тўнтариб, «Қолганини орқасига солинг!» деган экан.

«Yota» компанияси тутган йўлни кўриб, шу латифа эсга тушиб кетди. Гап шундаки, бугунги кунда смартфон экранлари тобора катталашиб, қурилма олд томонини бутунлай эгаллаб олмоқда. Шундай экан, уни орқа томонга ҳам улаб юборилса қалай бўларкин?

«Yota»чилар ана шундай ақл бовар қилмас ғояни илгари сурдилар. Тасаввур қилинг: Андроид асосидаги смартфон, орқа томонидан электрон сиёҳли (худди e-bookлардаги каби) экран. Уни асосий экраннинг муқобили сифатида ишлатиш мумкин – батарея анча тежалади, шунингдек ёрдамчи экран ҳам бўла олади, зарур бўлиб қолса, муҳим маьлумотни унда кўриш мумкин. Бундай экран энергияни деярли талаб этмайди. Шундай экан, батарея «ўтириб» қолса ҳам, бу экрандан фойдаланса бўлади (масалан, узоқ саёҳатга чиққанда харитани сақлаб қолиш мумкин).

Орқа томондаги экран

Телефон шу йилнинг иккинчи ярмида сотувга чиқиши кутилмоқда. Демак, яқин фурсатларда янгиликни амалда синаб кўриш имконига эга бўламиз. Айтиб ўтамиз, «Samsung» бу ғоядан руҳланиб, Samsung Galaxy S4 учун S View қопқоғини чиқарди. Бу қопқоқ хабарлар учун кичкинагина экран билан таъминланган.

3. Иккита экранли телефон

Иккинчи экранни бошқача усулда жойлаштириш ҳам мумкин – телефонни йиғиладиган, тўғрироғи, ёйиладиган қилиш орқали. NEC компаниясининг маҳсули – Mediac W йиғилган ҳолатда «Yota» смартфонини эслатади. Фақат унинг иккинчи экрани ҳам тачскринлидир. Яна, бу телефонни ёйиб (очиб), иккала экранни ёнма-ён жойлаштириш мумкин.

Икки экранли телефон

Бошида ғалати кўринса-да, лекин қўшекраннинг фойдаси бор: масалан, электрон почтани очиб, бир экранда хатлар рўйхатини текшириш, бошқасида хатларнинг ичидагини ўқиш мумкин. Ёки иккинчи экранни клавиатура ўрнида ишлатиш, иккала экранни бирлаштириб, кинофильм томоша қилиш мумкин – уларни бирлаштирса, 5,6 дюмли яхшигина экран ҳосил бўлади.

 Medias W  ҳозирча фақат японлар учун чиқарилди, у Япониянинг NTT DoCoMo оператори томонидан тарқатилади. Балки у она юртидан ташқарига чиқарилмас ҳам, лекин ноёб дизайни туфайли тарихда қоладиган бўлди.

4. Проекторли телефон

Анча йиллардан буён телефонларга проектор ўрнатишга уринишлар бўлиб келмоқда. Бу борада «Samsung» анча фаол иш олиб бораяпти – кореяликлар 2011- йилда W7900 моделини чиқарган бўлсалар, 2012- йилда Андроид асосида ишловчи Samsung Galaxy Beam яратилди. Лекин на у, на бу телефон оммалашмади.

Проекторли телефон

Фойдаланувчига проектордан нима наф? Проекторнинг асосий вазифаси – кино кўрсатиш. Тасаввур қилинг, чўнтагингиздан телефонни оласиз-у, исталган деворни киноэкранга айлантирасиз! Зўр-а? Лекин амалда сал бошқачароқ тус олади – кино кўриш учун тим қоронғи жой топиш керак, тасвир сифати унчалик яхши бўлмайди, бундан ташқари, телефоннинг батареяси қанчага ҳам етарди?

Келажакда проекторларни яна ҳам сифатли ва камроқ энергияталаб қилиб чиқаришса, бу бошқа гап. Масалан, проектор корпусда дўппайиб турмаса, уни нимқоронғи хонада ҳам ишлатиш мумкин бўлса, батарея бемалол етадиган бўлса – мана шунда бу гаджет одамларни қизиқтира олади.

5. Эгилувчан телефон

Эгилувчан суюқкристалли экран – бу энди муаммо эмас. Кўплаб компаниялар эгилувчан телефонлар прототипи (намунаси)ни яратишган. Охирги ютуқлардан «Samsung»нинг Youm номли концептини келтириш мумкин, уни CES 2013 кўргазмасида намойиш этишганди.

Эгилувчан суюқэкранли телефон

Умуман олганда, ўша кўргазмада «Samsung» фақат эгиладиган экранлар эмас, балки экранини ажратиб олиш мумкин бўлган телефонлар ҳам намойиш этганди. Реклама ролигида телефон-планшет намунаси ҳам кўрсатилганди – йиғилган ҳолатда у оддий телефонга ўхшайди, ёйилганда эса, планшетга айланади. Концепция юқорида айтганимиз Medias W  смартфонига ўхшаб кетади, лекин ундан ҳам фантастик кўринишга эга. «Самсунг» эгилувчан экранлардан ён томонлари қайрилган смартфон яратишда ҳам қўллашни таклиф этмоқда. Уларда дисплей фақат олд томонни эмас, балки ён тарафларни ҳам эгаллайди.

Орқа томонли телефон

Nokiaнинг 2011- йилдаги Nokia World кўргазмасида кўрсатилган ишланмаси ҳам қизиқарли – унда экраннинг эгилиши шунчаки олифтагарчилик учун эмас, балки маънога эга. Агар телефон ташқарига букилса, тасвир катталашади, ичкарига букилса – кичраяди.

6. Телефон-билакузук

Соат каби қўлга тақиладиган телефонлар ғояси мобил телефонлар пайдо бўлишидан анча олдин ҳам бор эди – фантастик киноларда қаҳрамонлар ўзаро қўл соатларга ўрнатилган микрофон орқали гаплашишарди. Лекин реал ҳаётда бу ғоя унчалик қизиқарли чиқмади. «Samsung» ҳам, «Sony» ҳам қўл соатларига ўрнатилган телефонларни яратиб кўришди, лекин бирортаси оммалашиб кетмади.

Келажакдаги телефонБундай омадсизликларга қарамай, «Nokia» ҳам бу мавзуга қўл урди. Лекин у масалага ўзига хос ёндашди ва Nokia 888 телефони анча қизиқарли чиқди. Балки, бунинг сабаби финлар қурилмани на телефонга ва на соатга ўхшамайдиган, мустақил кўринишда яратганларидадир. Бу қурилмани осонгина тақиш ва ечиш, эгиб-букиш мумкин. Масалан, уни узунасига букиб, найсимон шаклга келтириш ва қулоққа тутиб эшитиш мумкин.

Балки, келажакда эгилувчан экранлар, қайишқоқ батареялар бу намунавий нусхаларнинг кенг оммалашувига сабаб бўлар. Ким билади, бир неча йилдан кейин телефонларни чўнтакда ёки алоҳида ғилофда эмас, худди қўл соатидек билакда олиб юрармиз?

Кутамиз, вақти келганда кўрамиз. Ҳозирча ушбу видеоларни кўришимиз мумкин:



манба

 


🔥374 раз просмотрено

Добавить комментарий

55863853