Мактаб ошхонаси қандай бўлиши керак?

Эрталаб фарзандимизни мактабга кузатар эканмиз усти бут, қорни тўқ эканлигига алоҳида аҳамият қаратамиз. Имкониятимиздан келиб чиқиб тушлик тамаддиси учун қўлига пул ҳам берамиз. Аммо боламиз мактаб ошхонаси ёки ўқув муассасаси атрофида ўз “бизнес”ини ташкиллаштирган “пистачи хола”лардан нима олиб еяётгани бизга қоронғу. Ҳақли савол туғилади. Бугун мактабларимиз ошхонасида ўқувчилар учун қандай егулик маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилган? Улар ўқувчи фарзандларимиз ва ота-оналарни нечоғли қониқтиради? 🍴 🍔🍟🍶


Мактаб ошхонаси (2)

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи унинг овқатланиши ва ҳаёт тарзига, 20 фоизи наслга ва 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ. Демак, инсоннинг яшаш тарзи ва овқатланиш маданияти унинг саломатлигида муҳим ўрин тутади. Абу Али ибн Сино узоқ умр кўришнинг асосий омили сифатида тўғри овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Яқинда қўшнимиз суҳбат чоғида ўғлининг мактаб ошхонасидан эмас, унинг атрофидаги дўконлардан егулик сотиб олаётгани, бунга анча-мунча пул сарфлаётганидан нолиди. Ҳайрон бўлдим. Ахир, ҳар бир мактабнинг ўз ошхонаси бор-ку?! Гоҳида кўча-кўйда ўқувчиларнинг сомса, хот-дог, турли хил салатлардан тайёрланган бутербродлар истеъмол қилаётганига кўзим тушади. Қисқа танаффусларда мактаб ҳудудидан чиқиб, йўл қоидаларига амал қилмай дўконларга югуриб кетаётган ўқувчилар хавфсизлигига ким жавоб беради?

Мактаб ошхонаси кандай булиши керак?

Аслида эса бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда бир қатор қонунлар қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги “2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги “Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 майдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Шу билан бирга Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан 2016-2020 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Мактаб ошхонаси (3)

2016-2017 ўқув йилининг 2-чорагидан бошлаб барча умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчиларига синфдан ташқари машғулотлар учун белгиланган соатлар доирасида «Тўғри овқатланиш дарслари» машғулотлари ўтказилади. Таълим муассасаларида “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари”, “Соғлом оила асослари” дарслари орқали ташкил этилаётган семинарлар, давра суҳбатлари, соҳа мутахассислари билан учрашувларда тўғри ва соғлом овқатланиш қоидалари юзасидан сабоқ берилмоқда. Дарсларда ўқувчиларга соғлом овқатланиш тартиби, санитария ва гигиена қоидалари, зарарли одатлар ва уларнинг олдини олиш, витаминларнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти бўйича тушунчалар берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси давлат санитария-эпидемиология марказининг 2010 йил 18 сентябрдаги 8-сонли қарорига биноан, умумтаълим муассасалари мактаб ошхонасида сотилиши тақиқланган маҳсулотлардан айримлари қуйидагилар ҳисобланади:

📌  булочкага солинадиган гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари;

📌   чипслар, кириешка ва хрустяшкалар;

📌   газланган салқин ичимликлар;

📌 уйда тайёрланган барча озиқ-овқат маҳсулотлари;

📌 кремли қандолат маҳсулотлари;

📌 қўлбола қатиқ;

📌 ўткир таъмли соуслар, кетчуплар, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мевалар;

📌 табиий кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи ичимликлар;

📌 сақич.

Лекин кўп ҳолларда ўқувчилар мактаб ошхонаси, буфети бўлса ҳам муассасаси қошида “ёйма бозор”ини очиб ўтирган “тадбиркор”лардан чупа-чупс, кириешка ва қадоқланган тайёр маҳсулотлар, сақич, кун нурида ўз калорияси ва сифатини йўқотадиган шоколад ва бодроқ каби маҳсулотларни олиб ейишади. Нима учун? Саволларга жавоб топиш мақсадида бир нечта ўқувчиларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

Дилдора Ҳайдарова, ўқитувчи, Наманган вилояти:
— Телевизорни қўйсангиз “Ҳей, сенда зизи борми?” дейди, “Канго қани, канго?..” дейди, ҳали аллақандай попкорнмией, қарсилдоқ-пансилдоқмией, хрустияшкалардан тортиб, сақичу, ширин кулчаларгача реклама қилишяпти. Бола билан бирор дўкон ё бозорга тушиб бўлмайди. Ҳатто “зизи олиб бермасангиз боғчага бормайман” деб йиғлайдиган болалар ҳам бор. Бир томонда тақиқлаб, бир томонда рекламасига зўр берилса, ота-она билан мактабнинг кучи телевизорнинг кучи олдида ожиз бўлиб қолади-да!

Умида Убайдхўжаева, Тошкент шаҳри, фарзанди 5- синфда ўқийди:
— Ўқув муассасалари атрофида мактаб ошхонасида тақиқланган егуликлар савдоси билан шуғулланадиганлар фаолиятини чеклаш керак. Бола бола-да! Ҳар қанча тақиқласангиз, уришсангиз ҳам кўзи тушса егиси келаверади.

 Нозим Юсупов, 6-синф ўқувчиси:
— Ҳар куни учинчи соатдан кейин ўн беш дақиқалик танаффус бўлади. Ўша вақт ичида овқатланишга улгурамиз. Устозимиз танаффус вақтида мактабдан чиқиб кетмаслигимизни, йўл қоидаларига қатъий риоя қилишимизни кўп такрорлайди. Ўртоқларим билан баъзида кўчадаги овқатлардан истеъмол қилишимизни айтмаганда, деярли ҳар куни мактаб ошхонасида овқатланамиз. Мактаб ошхонасининг тозалиги, нарх-навоси ҳам талабга жавоб беради.

Сарвар Исматов, 8-синф ўқувчиси:
— Мактабимиз ошхонасидан хоҳлаган егуликларимизни тополмаймиз. Дўкондан эса ўзимизга ёққан ширинликлар ва сокларнинг исталган турини сотиб олишимиз мумкин. Мактабимиз яқинидаги бозорчада сомса, гумма, хоним, хот-дог ҳаттоки гамбургерлар ҳам сотилади. Овқатлар арзон, лекин сомсасига тўймаймиз, кичкина. Мазаси ҳам ширинмас. Сал қимматроқ бўлсаям, кўчадаги ошхоналардан тез-тез овқатланиб тураман.

Дилнура Тоғаева, 7-синф ўқувчиси:
— Мен ҳар куни мактабимиз ошхонасида овқатланаман. Бу ерда барча нарсалар арзон. Ўқувчилар ичиши учун сув қайнатиб қўйилади. Ошхонада қўлларимизни ювишга раковиналар, овқатланиш столлари ҳам етарли. Овқатлар мазаси, сифати ҳам талабга жавоб беради. Онам уйда тайёрланиб кўчада сотилаётган таомларни емаслигимни улар қандай маҳсулотдан, қай тарзда тайёрланганини билмай истеъмол қилиш соғлиғимга зарар эканлигини кўп такрорлайди. Шунинг учун барча тенгдошларимга мактаб ошхоналарида овқатланишни маслаҳат бераман.

Дилафрўз Бердиева, Бухоро шаҳри, фарзанди 6 – синфда ўқийди:
— Қизимга ҳар куни икки минг сўм йўл кирасидан ташқари тушлиги учун бераман. Мактаб ошхонасида иссиқ овқат тайёрланади, лекин нархлари ота-оналарни қониқтирмайди. Ҳамманинг ҳам иқтисодий имконияти ҳар куни боласига тўрт-беш минг сўм беришни кўтармайди. Қизим икки минг сўмлик овқат олиб ейишини, лекин унга қорни тўймаслигини айтади. Бироз олдин ота-оналар мажлисида ўқитувчисига барча ота-оналар келишиб маълум миқдорда пул йиғишимизни, болаларимизга бир хил иссиқ овқат ташкиллаштиришимизни айтгандим. Менимча, фикримни бошқа ота-оналар ҳам маъқулласа керак. Кўпнинг қозонида барака бор дейишади. Ота-оналар бирлашиб шундай ташаббус билан чиқадиган пайт келди.

Муҳайё Саримсоқова, Тошкент вилояти, Қибрай тумани:
— Мактаб ошхоналарининг фаолияти қониқарли, тайёрланаётган овқатлар сифати кўнгилдагидек бўлса-да нархлар кўпчилик ота-оналарга маъқул эмас. Мактаб ошхонасида тайёрланган овқат нон, чойи билан 5 минг сўмга тушса, икки ёки уч-тўрт фарзанди ўқувчи бўлган ота-она учун бу маблағ бир мунча оғирлик қилади. Икки фарзандим коллеж талабаси, бир фарзандим мактаб ўқувчиси. Уч болага ҳар куни йўл кирасидан ташқари 4-беш минг беришга имкониятимиз етмайди. Биз бераётган минг- икки минг сўм пулга эса болалар олиб еётган егуликлардан кўнгил тўлмайди…

Дилбар Зияева, олий тоифали, диетолог-шифокор:
— 4-5 соат оч ҳолда ўтириб сақич чайнаш, шоколад ёки печенье ейиш ёки қарсилдоқ кириешки, чипс каби егуликларни истеъмол қилиш катта одамнинг соғлиғига жиддий хавф уйғотади. Бола организми учун бу хавф бир неча баробар ортиши, ҳатто оғир асоратларга олиб келиши мумкин. Тез тайёр егуликлар болалар ва ўсмирларга мутлақо тавсия этилмайди. Бундай маҳсулотлар бола организмига оғирлик қилиши билан бирга уларга қарамлик келтириб чиқаради. Бу кейинчалик оғир касалликларга олиб келиши эҳтимоли юқори.

Бизни қизиқтирган бир нечта саволлар билан Республика Давлат санитария эпидемиология назорат маркази овқатланиш гигиенаси бўлимининг олий тоифали шифокори Рауф ака Қосимовга мурожаат қилдик. У киши шундай деди:

– Мактаб ошхонасидан биринчи навбатда озодалик талаб қилинади. Бу ер умумий овқатланиш жойи ҳисоблангани учун тозаликка тўла амал қилинмаса, турли хил касалликлар юзага келиши мумкин. Бу ҳолатларнинг келиб чиқмаслиги учун мактаб ошхоналари олдига бир нечта талаблар қўйилган.

Барчамизга маълумки, ҳозирги вақтда сунъий озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайди. Ярим тайёр, дудланган, пакет ва идишларда қадоқланган бу маҳсулотларни табиий озиқ-овқатларидан асло устун қўйиб бўлмайди. Фарзандларимизнинг кўпчилиги сут, турли мевалардан тайёрланган компотлар ўрнига газли ичимликлар ичишни маъқул кўришади. Аслида оқсил, ёғ, углевод каби озиқ моддалар, витаминлар, минерал тузлар таркибида турли микроэлементлар бўлиб, уларнинг барчасини табиий озиқ-овқат орқали кўпроқ олиш мумкин. Болалар тановулида саломатлик учун хавфли ва зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотларидан сақланиш зарур. Бу каби муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг 2010-йил 18-сентябрда 8-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланиши учун гўшт, товуқ ва балиқ, сосиска, колбаса, сут, тухум, мева ва сабзавот, ёрма, нон каби маҳсулотларига рухсат этилади. Гамбургер, чизбургер, хот-дог, чипс, кириешки, хрустяшки каби маҳсулотлар мутлақо тақиқланади. Яроқлилик муддати тугаган ва сифати кафолатланмаган, бир кун аввал тайёрланган овқат, ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, балиқ ва товуқ маҳсулотлари, уй шароитида қилинган таом ва кремли қандолат турлари ҳам сотилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, умумтаълим мактаблари ошхоналарида санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб берилиши керак. Бу ерда канализация тармоғи, вентилятор, музлатгич, идиш-товоқларни ювиш мосламалари ўрнатилган бўлиши, овқатланиш учун ҳар тўртта ўқувчига битта ўрин ажратилиб, йигирмата ўқувчига қўл ювишга биттадан раковиналар ўрнатилган бўлиши лозим. Ошхонада ишлайдиган ходимлар халат ва махсус бош кийимда бўлиши шарт. Улар ҳар 6 ойда тиббий кўрикдан ўтиб туриши керак.

Мактаб ошхонаси (5)

Юқоридаги талаблардан келиб чиққан ҳолда Тошкент шаҳридаги қатор мактаб ошхоналарини кузатдик. Афсуски, баъзи мактаб ошхоналарида қўл ювиш воситалари, овқатланиш столларининг камлиги, ишчи ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг йўқлиги, гигиенага тўла риоя қилмай, тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилаётганини гувоҳи бўлдик. Ҳар куни ўсиш, ривожланишда бўлган бола организми учун зарур дармон дорилар етишмайдиган мактаб ошхонасида овқатланадиган болалар аҳволини кўз олдимизга келтириб, дилимиз ранжиди. Улар соғлиғига ким жавобгар бўлади. Туман Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимими, Туман соғлиқни сақлаш бўлими ёки туман санитария-эпидемиология назорати марказидаги мутасаддиларми?

Боланинг соғлом овқатланишини ташкил этишда аввало ота-онадан кўпроқ масъулият талаб этилади. Фарзандимизга, албатта, уй шароитида тайёрланган табиий маҳсулотлар саломатлигимиз учун хавфсиз эканлигини тушунтириш, боламизнинг соғлом ва тўғри овқатланишга ўргатиш бизнинг вазифамиз.

Мактаб ошхонаси (1)

Мактаб маъмурияти ҳам ўзига юклатилган бурч ва вазифаларига масъулият билан ёндошсалар мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, мактаб ошхонаси ёки буфет биринчи навбатда санитирия-гигиена талабларига тўла жавоб бериши керак. Унда сотилаётган маҳсулотлар сифатли, арзон бўлиши ва амалдаги қонунчиликка асосан сотилиши тақиқланган маҳсулотлар савдосига барҳам бериш даркор. Шунингдек, ўқув муассасалари атрофида ҳар хил тез тайёр егуликлар, сақич, кириешка, чипс каби маҳсулотларни сотадиганларга ҳам инсоф берсин! Шундай “тадбиркор”ларга қарата: “Сизнинг ҳам фарзандингиз, неварангиз бор. Уларнинг саломатлиги сиз ва яқинларингиз учун ҳамма нарсадан муҳим бўлганидек, бошқа болаларнинг соғлиги ҳам ота-онаси учун аҳамиятли. Шундай экан, сифатидан ўзингиз бехабар бўлган маҳсулотларни бировнинг фарзандига сотишдан олдин ўз болангиз кўз олдингизга келсин!” деймиз.

P/S: Телевидение мутассаддилари ҳам болаларимиз саломатлигига фойдасидан кўра зиёни кўп тегадиган чипс, сақич, ҳар хил кимёвий воситалар қўшиб тайёрланган ичимликлар рекламаси хусусида дўппини бошдан олиб ўйласалар яхши бўлармиди…

Беҳзод Адизов, Ирода Умарова.

🔥3.2 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853