Отажон, менга 10 доллар бериб туринг…

daddy2Ҳурматли оталар. Баъзида турмуш ташвишлари билан бўлиб, фарзандимиз тарбиясини аёлимизга ташлаб қўямиз. Шу тўғримикин? Албатта, ота сифатида мен ҳам бу ишни ёқламайман. Бугун сизлар билан ажойиб бир ҳикояни бўлишмоқчиман. Фарзандимизга вақт ажратишимиз бизнинг бурчимиздир ва буни эсимиздан чиқармайлик азиз дадалар. Марҳамат, қуйидаги ҳикояни ўқиб, керакли сабоқни уқиб олайлик.

Бир киши ишдан ҳориб, жиғибийрони чиққан ҳолда ярим кечаси уйига келди. Эшик остонасида 5 яшарлик ўғли уни кутиб турарди.
— Ота, сиздан бир нарсани сўрасам майлими? — савол берди бола.
— Майли, нимани сўрамоқчисан?
— Отажон, бир соатда қанча пул топасиз?
— Бу сенинг ишинг эмас. Нимага буни сўраяпсан?
— Шунчаки билгим келяпти. Илтимос, айтақолинг! Бир соатда қанча пул топасиз?
— Шунчалик билгинг келаётган экан, майли, айтақолай. 20 доллар топаман.
— Эҳ, — деди бола бошини хам қилиб ва бир зум ўтмай яна сўрай бошлади:
— Отажон, менга 10 доллар қарз бериб тура оласизми?

Отанинг қоши уйилди.
— Мендан қанча пул топишимни сўрашдан мақсадинг бирор бир аҳмоқона ўйинчоқ ёки шунга ўхшаш бемаъни нарсаларни сотиб олиш бўлса, овора бўлма. Тур, хонангга бориб ухла! Мен кун бўйи узоқ ва қаттиқ меҳнат қиламан. Бунақа беҳуда майнавозчиликларга вақтим ҳам, тоқатим ҳам йўқ.

Болакай хонаси томон оҳиста қадам ташлади ва эшикни секингина ёпди.

Боласининг қилиғи отанинг энсасини қотира бошлади. «Пул ундириш учун бундай саволлар беришга қандай ҳадди сиғди экан?» — ўйларди у. Бирор соатлардан сўнг ҳовуридан тушди. «Ўз боламга бироз қаттиққўллик қилиб юбормадиммикан?» — дея ўйга тола бошлади. «Эҳтимол ўғлим ўша 10 долларга чинакамига муҳтож бўлиб қолгандир. Ахир бунчалик тез-тез пул сўраб турмасдику!»

Ота ўғлининг хонаси тарафга юрди ва эшикни очиб паст овозда сўради:
— Уйғоқмисан, ўғлим?
— Ҳа, уйғоқман — жавоб берди бола.
— Ўйлаб қарасам, боя сенга бироз ноҳақлик қилган эканман, — деди ота, — Кун бўйи тўплаб юрган аламимни сендан олибман. Мана сенга 10 доллар.

Боланинг чеҳраси ёришди ва отасининг қаршисига ўтириб хурсандлигидан қичқирди: «Вой, отажон, раҳмат сизга!». Бола ёстиғининг тагига қўлини тиқиб озроқ майда пулларни чиқариб олди. Ўғлида пул борлигини кўриб, отанинг янада жаҳли чиқа бошлади. 

Бола пулларни жамлаб санадида, отасига назар солди.

— Шунча пулинг бор экан, нега яна мендан сўрайсан? — овозини кўтарди ота.
— Чунки ўзимдаги етарли эмас эди. Ҳозир эса тўппа-тўғри бўлди, — жавоб берди бола, — Ота, мана менда 20 доллар пул бор.
Бир соатингизни сотиб ола қолай. Бу вақтни мен билан ўтказинг!..

манба: www.entt.uz

🔥929 марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853