Умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг лавозим йўриқномаси

Синфда тарбиявий ишларни асосий йўлга қўювчи, ўқувчиларнинг биринчи тарбиячиси ва мураббийси синф раҳбаридир. Синф раҳбарининг асосий вазифаси ва мажбуриятлари нималардан иборат?

Ушбу саҳифада Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб вазирлигининг 2023 йил 27 июндаги 190 сонли буйруғига илова этиб тасдиқланган «Умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг лавозим йўриқномаси» келтирилади.


sinf rahbari nizomi


1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур йўриқнома умумий ўрта таълим муассасалари синф раҳбарларининг (кейинги ўринларда синф раҳбарлари деб юритилади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳамда иш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Синф раҳбарлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг буйруқларига, мазкур йўриқномага ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширади.


2-боб. Синф раҳбарларига қўйиладиган талаблар, уларнинг асосий вазифалари ва функциялари

3. Синф раҳбари қуйидаги мезонларга асосан танлаб олинади:
– камида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;
– мактабда асосий ишчи сифатида фаолият олиб бораётган (умумтаълим муассасаларида меҳнатини соатбай (шу жумладан ўриндошлик) асосда фаолият олиб борувчи ўқитувчиларнинг синфга раҳбарлик қилишига йўл қўйилмайди);
– бошқарувчанлик қобилиятига эга бўлган;
– ўқувчилар билан ишлаш жараёнида масъулият билан ёндаша оладиган;
– бошланғич синфларда синф раҳбарлиги бошланғич синфга бириктирилган ўқитувчиларга юклатилади.

4. Қуйидагилар синф раҳбарларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим муассасасининг тарбиявий тизиинидаги таянч педагоглардан бири сифатида ўзига бириктирилган синфдаги ўқувчиларнинг (кейинги ўринларда синф ўқувчилари деб юритилади) белгиланган таълим ва тарбия олишларини ташкил этиш;

одоб-ахлоқ ва ички тартиб қоидаларига мувофиқ муомала ва кийиниш маданиятига амал қилиш, жамоада намунали бўлиш;

ўқувчиларнинг ўсиб-улғайишларини педагогик кузатувлар асосида назорат қилиш, ёрдамга муҳтож ўқувчиларга якка ҳолда ёндашиш асосида улар қалбида миллий ғурур, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, масъулият, ташаббускорлик, ишбилармонлик каби хислатларини уйғотиш;

синф ўқувчиларининг маънавий ва маърифий тарбиясини ташкил этишда ўқитувчилар, психолог, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб юритилади), таълим муассасаси раҳбарияти орқали Болалар масалалари бўйича комиссиялар, маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлаш;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси борасида вояга етмаганларнинг назоратсиз ва қаровсиз қолишлари, ўқувчилар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ўтказиладиган “Ўқувчи”, “Давомат” каби профилактик рейдларда ҳамкорлик қилиш.

Синф раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам бажариши мумкин.

5. Синф раҳбарлари ўзларига юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

ҳар томонлама етук, баркамол – маънавий, ақлий, жисмоний ривожланган шахс тарбиясини амалга ошириш, синф ўқувчиларининг қобилиятларини тўлиқ намоён этишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш;

педагогик ва ўқувчилар жамоаси ҳамкорлигида тарбиявий ишларни ташкил этишда ҳар бир ўқувчининг ўзига хос хусусиятларига қараб ёндашишни йўлга қўйиш;

эрталабки сафланишларда синф ўқувчиларининг белгиланган тартибда тўлиқ иштирок этишларини таъминлаш;

бириктирилган синф хонасидаги мавжуд жиҳозларнинг сақланишини ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш;

синф раҳбарлари ўз фаолиятини ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари, умумий ривожланиш даражаси ва қобилиятларини ҳисобга олган ҳолда, кенг қамровли тарбиявий ишлар ва аниқ мезонлар асосида ташкил этади.

Жумладан:
а) ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўналишида:
ўқувчилами Ватани ва халқига садоқат, фидойилик, Давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш;

ўқувчилар онгига буюк аждодларимиз мероси ва халқимизнинг бугунги бунёдкорлик ишларига юксак эҳтиром туйғуларини сингдириш, юртимиздаги бунёдкорлик ишлари, иншоотлар ва маърифат масканлари билан уларни таништириб бориш;

синфда ўқувчиларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш муҳитини яратиш, тарбия жараёнига бой маданий меросимиз, миллий одоб-ахлоқ меъёрларини татбиқ этиш, меҳнатга ижодий муносабатни тарбиялаш;

ўқувчиларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, уларни жамиятда ўз ўрнини топа оладиган шахс сифатида шаклланишлари учун зарур кўникмаларни ривожлантириш;

ўқувчиларни ўзбек ва бошқа халқларнинг маданий, тарихий, миллий анъаналарига ҳурмат руҳида тарбиялаш;

б) ота-оналар ва маҳалла билан ҳамкорлик йўналишида:
баркамол авлодни тарбиялашда “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигидаги Жамоат кенгаши фаолиятини кенг татбиқ этиш, аниқ белгиланган режа асосида синф ота-оналар мажлисларини ўтказиб бориш;

ўқувчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ота-она қаровисиз қолган, васийлик ва ҳомийликка берилган вояга етмаганларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоялаш;

ўқувчиларнинг таълим муассасасига белгиланган мактаб формасида келишларини назорат қилиш;

ўқувчилар kundalik.com электрон платформасидан фойдаланишини назорат ва таҳлил қилиш, ўқув қуролларининг мавжудлиги ва тўғри тартибли сақлашларини кузатиб бориш, натижаларини ота-оналар билан муҳокама қилиш;

ўқувчиларнинг турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, уларда бу борада иммунитет шаклланиши учун тарғибот ишларини олиб бориш;

ота-оналар билан ҳамкорликда ота-оналар мажлислари, давра суҳбатлари, мулоқотлар уюштириш, ўтказган тарбиявий ишлари юзасидан педагогик кенгашларда ҳисобот бериш;

дарсларга сурункали ва мунтазам келмайдиган, тарбияси оғир ўқувчилар билан ишлашда уларнинг ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорлик қилиш, натижалари бўйича директор ҳузуридаги йиғилишларга маълумот киритиб бориш;

ўқувчиларни ота-оналар ва катталарга ҳурмат, кичикларга иззат руҳида тарбиялаш, уларга камтарлик, сахийлик ва саховатпарварлик, инсонларга ёрдам бериш, меҳрибонлик, меҳнатсеварлик хислатларини сингдириб бориш.

в) ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мактабдан ва синфдан ташқари фаолиятга жалб этиш йўналишида:

ўқувчиларнинг қизиқиши, имконияти ва қобилиятларига қараб фан тўгараклари, спорт секциялари, бадиий-эстетик, техник, экологик, сайёҳлик ва ўлкашунослик йўналишидаги тўгаракларга, клубларга жалб қилиш;

қобилиятли ва истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантириш, уларнинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

миллий маданиятнинг асоси бўлган мусиқа ва қўшиқ, кино, адабиёт, халқ оғзаки ижоди, театр, наққошлик ва меъморчилик каби халқ амалий санъати турлари воситасида ўқувчилар дунёқарашини кенгайтириш мақсадида уларни маданият масканларига ота-оналар билан ҳамкорликда жалб этиш;

ўқувчиларни ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида дам олишини ташкил этиш, кузги, қишки ва баҳорги таътил кунларини мазмунли ўтказиши учун ота-оналар билан ҳамкорликда шароит яратиш;

турли (байрамлар, кўрик-танлов, спорт мусобақалари, учрашувлар, кечалар ва бошқалар) маънавий-маърифий тадбирларда синф ўқувчиларининг фаол иштирокини таъминлаш;

г) ўқувчиларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини такомиллаштириш йўналишида:

синф жамоаси билан биргаликда синф сардорларини сайлаш ва синф ишларини режалаштириш, ўқувчилар давоматини мунтазам кузатиб бориш ва таҳлил қилиш;

ўқувчиларни табиатга муҳаббат, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш ва асраб-авайлашга ҳамда тозаликка ўргатиш, экологик саводхонлигини ошириш, уларда меҳнатсеварлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида синф жамоаси билан келишган ҳолда “Синф хонаси навбатчилари” режа-графигини тузиб олиш;

синф ўқувчиларининг эҳтиёж ва қизиқишларини ҳар томонлама ўрганиш, уларни аҳил жамоага жипслаштириш ва ташаббускор ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш;

ҳар бир ўқувчининг ўзи учун кун тартибини тузишларини ташкил этиш ва унинг бажарилишини ота-оналар ҳамкорлигида назорат қилиш;

ўқувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро, шахс ва муассасалар томонидан бажарилиши шарт бўлган қонун ҳужжатлари, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида тушунчалар бериб бориш, қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш;

д) педагогик жамоа билан биргаликда:

синф ўқувчиларнинг таълим муассасаси (уставида белгиланган) ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бажаришларини таъминлаш;

kundalik.com электрон платформаси ва бошқа ҳужжатларнинг тўғри юритилишини таъминлаш;

ўқувчилар ўзлаштиришини юқори даражага кўтариш, тартиб-интизомни мустаҳкамлаш мақсадида синф мажлисларини ўтказиб бориш;

ўқишда ютуқларга эришган, умумий фойдали меҳнатда, мактаб ҳаёти ва жамоатчилик ишларида фаол ўқувчиларни тақдирлаш, уларнинг ота-онасига ташаккурнома, миннатдорчилик хатлари юбориш бўйича таклиф бериш;

соғлом турмуш тарзи, оилавий ҳаёт гигиенаси ҳамда жисмоний тарбия, зарарли одатлардан сақланиш каби масалаларга эътибор бериш;

ўқувчиларнинг паст ўзлаштириш сабабларини аниқлаш, бартараф этиш бўйича тегишли фан ўқитувчилари, мактаб психологи билан биргаликда ёрдам бериш;

таълим муассасаси тиббиёт ходимлари, ўқитувчилари, психолог ва ота-оналар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, маънавий-маърифий, жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланишини назорат қилиш;

ўқувчиларнинг таълим муассасасида техника хавфсизлиги, уларни муҳофаза қилиш, санитария-гигиена қоидалари ва меъёрий талабларига риоя қилишини таъминлаш;

касбий малакасини ошириб бориш, йўналиши бўйича турли семинарларда иштирок этиш.

Синф раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функциялами ҳам амалга ошириши мумкин.

6. Синф раҳбарлари зиммасига мазкур йўриқнома ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган вазифаларни юклаш, уларни иш вақтидан ташқари, фаолиятига оид бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этишга йўл қўйилмайди.

7. Таълим муассасасидан ташқарида дарсдан кейинги пайтдаги ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари учун амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уларнинг ота-оналари жавобгар ҳисобланади. Бундай ҳолатларда синф раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилмайди.


3-боб. Синф раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

8. Синф раҳбарлари ушбу йўриқномада белгиланган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

синф ўқувчиларининг дарс машғулотлари ва имтиҳонларида иштирок этиш;

бўш ўзлаштирувчи ўқувчилар учун қўшимча дарслар ташкил этиш бўйича таълим муассасаси раҳбариятига таклиф киритиш;

ўқувчилар тарбиясига оид илғор иш тажрибаларини амалга ошириш бўйича таълим муассасаси раҳбариятига ташаббус билан чиқиш;

синф фаоллари ишини назорат қилиш, улар билан биргаликда йиғилиш кун тартибини белгилаш ва синф йиғилишларини уюштириш;

ўқишда ютуқларга эришган, умумий фойдали меҳнатда, мактаб ҳаёти ва жамоатчилик ишларида фаол ўқувчиларни тақдирлашга тавсия этиш;

синф соатларини режалаштиришда ўқувчилар ёш хусусиятларидан келиб чиқиб танланган мавзуларга ўзгартиришлар киритиш;

синф соатлари мавзуларининг таъсирчанлигини ошириш учун мактаб психологи билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, зарур ҳолатларда дарс жараёнига мактаб психологини таклиф қилиш;

ўқувчиларнинг ота-оналари билан таълим-тарбия масалалари юзасидан суҳбатлашиш, ҳамкорлик қилиш, педагогик маслаҳатлар бериш;

ўқувчилар хулқини баҳолаш;

ҳамкорликда олиб бориладиган тадбирларда мунтазам қатнашмайдиган, фарзанди тарбиясига эътиборсиз ота-оналар бўйича мактаб кузатув кенгашига, “Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги” Жамоат кенгашига мурожаат қилиш.

Синф раҳбарлари ўз вазифа ва мажбуриятларини бажаришда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

9. Синф раҳбарларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

синф ўқувчиларининг давоматини назорат қилиш, сабабсиз дарсга келмаган ўқувчиларнинг ота-оналари билан (телефон орқали) боғланиб, дарсга келмаганлик сабабларини ўрганиш, натижалари бўйича мактаб раҳбариятига ахборот (зарур ҳолларда ёзма) киритиш;

“Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчи ва ўқувчиларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари” ҳамда “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун замонавий ягона мактаб формасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом” мазмун-моҳиятини ва талабларини синф ўқувчилари ва уларнинг ота-оналарига етказиш;

ўқувчининг хулқи, хатти-ҳаракатларида ўзгаришлар аниқласа, уларнинг ота-оналарига хабар бериш, ҳамкорликда иш олиб бориш, натижалари бўйича мактаб раҳбариятига ахборот (зарур ҳолларда ёзма) киритиш;

амалдаги қонунчилик ҳужжатларига кўра, фарзанд тарбиясида ота-онанинг масъулияти, мажбурияти ва жавобгарлиги тўғрисида ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш;

педагогик жамоа, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари билан мулоқотда вазмин ва хушмуомала бўлиш;

ўзининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билимларини ошириб бориш.


4-боб. Синф раҳбарлари фаолиятини ташкил этиш тартиби

10. Синф раҳбарлари таълим муассасаси директори томонидан мазкур йўриқноманинг 3-бандида белгиланган мезонларга жавоб берадиган ўқитувчилар таркибидан тайинланади ва озод этилади.

11. Бир ўқитувчига фақатгина битта синф раҳбарлиги топширилади. Директор ўринбосарлари, психологлар синф раҳбари бўлиши мумкин эмас.
12. Синф раҳбарлари фаолиятини маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари назорат қилади ва мувофиқлаштиради.

13. Синф раҳбарлари томонидан ўтиладиган “Синф соати”нинг йиллик тақвим мавзулар режаси таълим муассасасининг умумий режаси асосида ишлаб чиқилади ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари томонидан тасдиқланади.

14. Синф раҳбарларининг йиллик ишларини режалаштириш, тарбиявий ишларни ташкил этиш ва ўтказишга ёрдам бериш, уларнинг самарадорлигини ошириш, ишларини мувофиқлаштириш, иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида синф раҳбарлари услубий бирлашмалари ташкил этилади. Синф раҳбарлари услубий бирлашмасига барча синф раҳбарлари аъзо ҳисобланади.

15. Синф раҳбарлари томонидан қуйидаги ҳужжатлар юритилади:

– синф раҳбари дафтари;
– мактабнинг ички рўйхатига киритилган тартиббузар, тарбияси оғир ва сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар билан амалга оширилган ишлар йиғма жилди.

16. Синф раҳбарлари ўқув йили чораклари ва якуни бўйича ҳисоботлар тайёрлайди ҳамда фаолият йўналишлари бўйича ҳисоботларни маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарига топширади.


5-боб. Якунловчи қоидалар

17. Таълим муассасаси маъмурияти синф раҳбарлари ёрдамидан фақат ушбу йўриқномада белгиланган вазифалар доирасида маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари билан келишилган ҳолда фойдаланиши мумкин.

18. Мазкур йўриқнома талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

 


🔥38.8 K марта кўрилди

One thought on “Умумий ўрта таълим муассасаси синф раҳбарининг лавозим йўриқномаси

  1. Кузиева Дильдора

    К сожалению не все классные руководители выполняют прописанные тут обязанности ((((. Я воюю с классным руководителем моего сына уже год. Управы не нахожу она травит моего ребёнка и нет на неё управы(((

Fikr bildirish

55863853