Корейс тили ҳақида

     Хорижий тилни ўрганишдан олдин бу тилнинг тарихи ва ривожланиши ҳақида билиб олиш фойдадан ҳоли эмас. Сиз билан корейс тилини ўрганишни мақсад қилиб олган эканмиз, корейс тили ҳақида қисқача маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдик.

    Корейс тили Корея Республикаси (Жанубий Корея) ва Корея Халқ Демократик Республикаси (Шимолий Корея)нинг давлат тили ҳисобланади. Корейс тилида 70 миллиондан ортиқ кишилар гаплашадилар. Корейс тилида гаплашувчи одамлар нафақат давлат тили корейс тили бўлган бу икки давлатда, шу жумладан Япония, Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Россия, МДҲ давлатлари ҳудудида, шунингдек Ўзбекистонда ҳам истиқомат қиладилар.

   Корейс тили фонетик, лексик ва грамматик хусусиятлари билан ажралиб турувчи 6та диалектни ўз ичига олади. Замонавий корейс тили Жанубий Кореяда Сеул диалектига асосланса, Шимолий Кореяда Пхеньян диалекти замирида тараққий этмоқда. Шу сабабдан Жанубий ва Шимолий Кореяда амалда ишлатилаётган корейс тилида фонетик, лексик ва грамматик тафовутларни учратиш мумкин. Шунингдек сўнгги 60—70 йил мобайнида чет тилидан сўзларнинг ўзлашишида Жанубий Кореяда инглиз тилининг, Шимолий Кореяда рус тилининг таъсири кучли бўлгани ҳам икки давлатда ривожланаётган корейс тили ўртасидаги тафовутнинг ортишига олиб келган. Бизнинг сайтимизда Корея Республикаси (Жанубий Корея)да гапириладиган корейс тилини ўрганишингиз мумкин.

    Корейс тили хитой тили таъсирида шакллангани боис, луғат бойлигининг 70%ини хитой тилидан ўзлашган сўзлар ташкил этади. Ўз навбатида корейс тили ўз ёзувига ҳам эга бўлмаган. Давлат ишлари юритишда хитой иероглифидан фойдаланилгани боис, оддий аҳоли ёзиш—ўқишни билмай саводсизлигича қолиб кетган. Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида 1440—йилларда Қирол Сежонг бошчилигида бир гуруҳ олимлар Корейс миллий ёзуви “Хангыль”ни яратдилар. Шунга қарамай бу ёзув 4 асрдан ортиқ бўлган давр мобайнида амалда ишлатилмади. 1895 йилга келиб амалдаги қирол сўзларни хитой иероглифлари билан грамматик қўшимчаларни “Хангыль”билан ёзиш тўғрисида фармон бериши билан “Хангыль” амалда ишлатила бошланди.

     Корейс тилини ўрганиш қийин кечади деб ўйлаб юрган бўлсангиз Сизга бир ҳушхабарни етказамиз. Олимлар корейс тилини олтой тиллар оиласига киритганлар. Ўзбек тилининг ҳам шу оилага киритилгани боис корейс тилини ўрганиш мобайнида икки тилнинг гапдаги сўз тартиби ва грамматик қўшимчаларнинг устма—уст тушишига ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Шундай экан, корейс тилини ўрганиш ўзбек тилида гапирадиган одамларга унча қийинчилик туғдирмайди. Шунингдек корейс тили билан тўқнашиб улгурмаган баъзи юртдошларимиз Корейс тилида иероглифлар ишлатилади деган нотўғри тушунчага эга бўлганлари боис, корейс тилини ўрганиш қийин бўлган тиллардан деб ҳисоблайдилар. Эслатиб ўтамиз, корейс тили ўз миллий алифбосига эга бўлган саноқли тиллар сарасига киради.

🔥3.9 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853