Наврўз ҳақида шеърлар

Баҳор келиши билан кексаю ёш қалбига бирдек қувонч инади. Борлиқ уйғониб, теварак-атрофнинг кўм-кўк либосга бурканиши дилларга ўзгача шукуҳ, кўнгилларга бир олам севинч бахш этади. Зеро, биринчи президентимиз таъкидлаганидек, Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодасидир.


Наврўз ҳақида шеърлар

Бир неча минг йиллик тарихга эга, миллий урф-одат ва анъаналаримизни ўзида мужассам этган бу улуғ айёмни ўтган асрда халқимиз онгу шууридан сидириб ташлашга уринишлар ҳам бўлганига тарих гувоҳ. Бироқ халқимиз мафкуравий тазйиқ авжга чиққан оғир вақтларда ҳам, хоҳ ошкора, хоҳ яширинча бўлсин, Наврўз билан боғлиқ удумларни адо этаверди. 1990 йилда Наврўзни миллий қадриятларимизнинг ноёб намунаси сифатида кенг нишонлаш учун барча шароит яратилди, 21 март умумхалқ байрами, деб эълон қилинди.

Наврўз ҳақида шеърлар билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

🌷💐🌷

Кўриндими бойчечак изи,
Демак, келар баҳорнинг иси.
Наврўз қалбга меҳр уфургай,
Аллақайда сайрар бўзтўрғай.

Қувончларга диллар қонадир
Тоғ қўйнида лола ёнадир.
Туғилгандай қайтадан олам,
Туғилгандай қайтадан одам.
navruzz

🌷💐🌷

«Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!»

Тунга кундан жой талаштириб,
Қалдирғочга йўл қараштириб,
Баҳоримни бир яраштириб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Йиғиштириб қорли тўшаклар,
Қир адирга ёйиб чечаклар,
Ушалтириб эзгу тилаклар,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Оқ булутлар ёйиб осмонга,
Сумалаклар солиб қозонга,
Ризқ тарқатиб бутун жахонга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Замин бағрин нурга ийдириб,
Майсалардан атлас кийдириб,
Ёмғирлардан сувга тўйдириб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Жон бағишлаб ердаги донга,
Майсаларни тортиб осмонга,
Уйғон дея танти дехқонга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Чумолига ташвишни бошлаб,
Боларига қанот бағишлаб,
Шижоатга жонни олқишлаб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Чирой бериб қалам қошларга,
Завқ улашиб йигит бошларга,
Мухаббатдан куйлаб ёшларга,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Хар кадамда сайллар бошлаб,
Элу-юртни кўнглини хушлаб,
Бахорини қўлидан ушлаб,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

Аё дўстлар, келинг, биз билан
Қучоқ очинг нону туз билан.
Қаршилайлик очиқ юз билан,
Қаранг, қаранг, Наврўз келмоқда!

🌷💐🌷

Болалар варраги ҳаёлни олган.
Бадом гулларидан, қувонади кўз.
Диллардан мутлақо ғубор йўқолган.
Ҳуш келдинг баҳор, ҳуш кўрдик наврўз.

Анҳорлар оқмоқда сувларга тўлиб.
Шукроналик айтдим тинчликни кўриб.
Мустақил диёрга, безаклар бўлиб.
Хуш келдинг бахор, хуш кўрдик навроз.

Наврўзда улашинг эзгу тилаклар.
Ахир тилак билан, камаймайди сўз.
Баҳор гулларидек яшнаб юраклар.
Хуш келдинг баҳор, хуш кўрдик наврўз.

🌷💐🌷


sumalak


Ҳадемай настарин гуллайди бодраб,
Осмонга ҳушимни элтиб ифори.
Қуёшли шудринглар тушар эрталаб.
Ювиб диллардаги қишнинг ғуборин.

Ҳадемай қалдирғоч келади қайтиб,
Ўрик шоҳларида бўртар довучча,
Турналар азалий қўшиғин айтиб,
Сумалак пишади тонг отгунича.

Ҳадемай лолалар бўсадек титраб,
Тоғлар виқорига мунис боқарлар,
Яна неча-неча ошиқлар йиғлаб,
Бир-бирин бағрида гулҳан ёқарлар.

Менинг бир куним ҳам кун деб Қиш ночор,
Кетолмай қор сепиб туради ҳануз,
Бир куй яралади,Қуёш бастакор,
Ҳадемай Наврўздир, ҳадемай Наврўз!

🌷💐🌷

Баҳор гулларидан гулдаста сизга,
Чин қалбим табриги пайваста сизга.
Бир аср яшанггу, яъна ним чорак,
НАВРЎЗИ ОЛАМ бўлсин муборак.

Соғинчлардан ясай сизга гулдаста,
Гулдаста қилиб қалбим пайваста.
Олислардан туриб дейман мен аста,
Наврўзи айём муборак бўлсин!
Аввал юрагингга мўралайди у,
Сўнгра куртакларга ўргатади сўз.
Заминнинг кўзидан қочади уйқу,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Қишнинг аҳволига боқиб ҳойнаҳой,
Юм-юм ёш тўкмоқда эриётган муз.
Жилва қилаётир тенгсиз бир чирой,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Она бағри каби илиқдир олам,
Ҳарир ҳовур ичра яйрар дала-туз.
Қолди пучмоқларда хазон янглиғ ғам,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.

Яна кўнгиллардан рутубат кетди,
Яна шуълалардан қамашмоқда кўз.
Яна дилдорликнинг фурсати етди,
Демак, Баҳор келди,
Келмоқда Наврўз.





🔥51.5 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853