Жалолиддин Румий

Жалолиддин Румий Муҳаммад ибн Баҳоуддин Муҳаммад ал-Балхий (1207-1273) шоир, мутафаккир, мавлавийлар (Мавлавия) тариқатининг норасмий шайхи. Жалолиддин Румий ҳозирги Афғонистоннинг Балх шаҳрида, султонал уламо лақабини олган улуғ шайх Муҳаммад Баҳоуддин Валад хонадонида дунёга келган. Отаси Баҳоуддин Валад сўфийлар ва фиқҳ донишманди бўлган.

Туғилган сана: 1207 Сентябр 30
Вафот этган сана: 1273 Декабр 17
Туғилган жойи: Балх, Ҳуросон
Йўналишлар: Ўрта аср арбоблари, Файласуфлар, Ёзувчилар, Шоирлар

Таржимаи ҳол

Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик сайидаларидан, яъни шажарада, у Муҳаммад Пайғамбарга боғланар, яна кимсан – хоразмшоҳнинг қизи эди. Хоразмшоҳ билан келишолмаган Валад, оиласи, муридларини олиб, Балхдан чиқиб кетади ва Макка сафаридан сўнг Ироқу Ажам шаҳарларини кезиб, Туркиянинг Куня (Коня) шаҳрида қўним топади. Салжуқ султонлари тарафидан иззат-икром билан қабул қилинган RumiyБаҳоуддин Валад шу ерда муқим туриб қолади. Румий отасининг вафотидан сўнг, унинг ўрнига Куня мадрасасининг бош мударриси бўлади.

Жалолиддин Румийнинг тасаввуф оламига кириб келиши Шайх Фаридиддин Атторнинг башорати билан бўлганини унинг илк тафсирчиларидан Ҳусомиддин Чалабийдан тортиб, Давлатшоҳ Самарқандийгача бир овоздан тасдиқлайдилар: Каъба зиёратига йўл олган Баҳоуддин Валад ва унинг ўғли Нишопурга етганидан хабар топиб, Шайх Аттор зиёратчиларнинг қаршисига чиқади.

Ўспириннинг суҳбатидан мамнун бўлиб, унга ўзининг “Асрорнома” китобини тақдим этади ва отасига қарата:
“Ўғлингиз тез орада оламдаги барча куйганлар қалбига оташ солади”, – деб башорат қилади. Румий тариқат йўлини тутиб, шоир Саид Бурҳониддинга шогирд тушади, сўнг қаландар сўфий Шамсиддин Муҳаммад Табризий билан дўстлашиб, уни ўз пири деб эълон қилади. Табризий уч йил Румийга дарс беради: фалсафа, хусусан, сўфийлик таълимотини ўргатади.

Румийнинг ўзи ҳам бир байтида: “Агар Аттор менга руҳ бахш этган бўлса, Шамси Табризий тилсим калитини тутқазди,-деган. Табризий таъсирида Румий ақлий изланишларидан воз кечади. Бу Румий муридлари, уламолар норозилигига сабаб бўлади ва улар фатвоси билан Табризий ўлдирилади. У бу фожиадан қаттиқ таъсирланиб, пирининг исми шарифини тахаллус қилиб, ғазаллар ёза бошлайди. Унинг “Шамси Табризий девон” номи билан шуҳрат қозонишининг боиси, у “Шамси Табризий”, “Шамси” тахаллусларини қўллашидадир. [42 минг байтли “Девони Кабир” (“Улуғ девон”)нинг иккинчи номи “Девони Шамси Табризий”].

Жалолиддин Румийнинг илмий ва адабий мероси ғоят катта. Ғазал, маснавий ва рубоийларни ўз ичига оладиган “Девони кабир” (“Улуғ девон”)да уч мингдан ортиқ шеър бор. Фалсафий- сўфиёна мушоҳадалар, руҳият диалектикасини кашф этиб, инсон ақлини лол қолдирадиган теранлик билан ёзилган “Маснавий-маънавий” ҳам бир неча минг байтдан иборат. Бундан ташқари “Мактубот”, “Фиҳи мо фихий” (“Ичиндаги ичиндадир”) номли асарлари ҳам мавжуд.

“Ичиндаги ичиндадир” насрий асар бўлиб, унда Жалолиддин Румийнинг илоҳиёт, тасаввуф, ҳаёт ва борлиқ ҳақидаги қайдлари, дўстлари ва суҳбатдошлари даврасида айтган фикрлари, баҳс-мунозараларда пайдо бўлган мулоҳаза-муқоясалари тўпламидан ташкил топган. Бу китобни “Муиниддин Парвона” китоби ҳам дейишади. Сабаби: унда Амир Парвона номи кўп марта тилга олиб ўтилганидир. Чунки Муиниддин Парвона Мавлоно Жалолиддин Румийнинг мухлисларидан бўлиб, Мавлоно билан қилган суҳбатларини ёзиб жамлаган.

Бундан ташқари, китобга Румийнинг дўстлари ва шогирдлари Ҳисомиддин Чалабий, Соҳиб Фахриддин, Амир Бадриддин Гуҳартош, Отабек султон Алоидин, Тожиддин Мўътаз Хуросоний, ўғли Султон Валад билан бўлган суҳбатларда айтган гаплари ҳам киритилган.

“Ичиндаги-ичиндадир” – содда форс тилида ёзилган асар, улуғ муаллиф “Маснавий маънавий”даги ҳадис ва оятлар, ҳикоят ва тамсилларга ўралган, ўта мураккаб бир фалсафий муҳокамалар асосига қурилган фикрларини бу ерда равшан ва содда қилиб тушунтириб берган. Асарни ўқир экансиз, улуғ ва ноёб бир тафаккур хазинаси устидан чиққандай бўласиз.

Саратонда саҳрода толиқиб, ташна қолган одам шарқираган булоқни кўрганда қандай хурсанд бўлса, мусаффо чашма сувидан ичиб қанчалик роҳатланса, маънавиятга ташна одам ҳам Румий асарини ўқиб шундай туганмас ҳузур топади. Бунда жуда кўп масалалар устида баҳс боради: тажрид ва тавҳид, сурат ва маъно, таваккул ва идтиҳод, ғайб асрори ва ладуний илмлари моҳияти ва яна қанчадан қанча муаммолар ёритилади.

Энг муҳими шуки, Румий мураккаб сўфиёна мулоҳазаларни оддий турмуш тафсилотлари билан тушунтириб беради, интиҳосиз қудратга эга инсон ақлининг, руҳиятининг мўъжизаларини ҳайратомуз бир тарзда намойиш этади. Румий минг йиллар давомида тўпланиб келган Шарқ фалсафаси ва ҳикмати, исломий ҳақиқатларини омухта этолган, тасаввуф ва фалсафани қўшиб, инсон руҳи диалектикасини очган улуғ мутафаккирдир. Унинг қарашларида бирор бир мутаассиблик, кўр-кўрона ақидапарастлик намунасини кўрмаймиз.

У тийрак ва ҳушёр кўз билан дунёга назар солади, инсонни қандай бўлса, шундай олиб ўрганади, инсон қалби тўридаги энг нозик, энг инжа, энг яширин сирларни ошкор этади, руҳимиз иқлимларидаги ўзимиз сезмаган қонуниятлар, заруриятларни кўрсатиб беради. Шу боис “Ичиндаги ичиндадир”ни (“Фиҳи мо фиҳий”) ботиний илмлар баённомаси, ўзликни ва илоҳни таниш китоби деб айта оламиз.

“Ичиндаги ичиндадир”да руҳ диалектикаси, инсон майллари, тушунча-тасаввурлари, эҳтиёж ва талаблари, изтироб ва қийноқлари, зиддиятлар ва мувофиқликлар, кураш ва ғалаба, йўқлик ва борлиқ, рўё ва ҳақиқат, жисм ва жон ва ҳоказолар устида билдирилган фикрлар шунчалик чуқур ва шу қадар ёрқинки, бу фикрларни бундан етти юз илгари айтилганига ишонқирамай қоласиз, гўё улар бугун айтилгандай.

Бу асар инсонни фикрлашга, фикрлаш орқали ўзлигини, ўзлиги орқали ҳақни – Яратганни тушунишга ундайди. Шунинг учун ҳам “Ичиндаги ичиндадир”га бир марта ошно бўлган кўзи очиқ инсонки бор умрбод ундан айрилмаса, дейди. Чунки асар, аввало, ўша инсон ҳақида – сиз ҳақингизда, мен ҳақимда, умуман, ҳаммамиз ҳақимизда. Машойихлар “Ўзини билган авлиё бўлади” дея бежиз айтишмаган.

Жалолиддин Румийнинг машҳур асари “Маснавий маънавий”дир. Асарда Қуръони карим ва Ҳадиси шариф маъноларини ўзига сингдирган, инсон ҳаёти билан боғлиқ барча масалалар бадиий йўсинда баён этилган 6 жилд (дафтар)дан иборат асарнинг дастлабки қисмларини адибнинг шогирди Ҳисомиддин Чалабий устози оғзидан ёзиб олиб, таҳлилдан ўтказган. Чалабий вафотидан сўнг муаллиф асарнинг давомини 10 йилда ёзиб тугатади.

Қуръони карим оятларининг 70 фоизи моҳиятини ўзида мужассамлаштирган, 270 дан зиёд ҳикояларни, юзлаб панду ҳикматларни ўз ичига олган бу китоб ўз вақтида ва кейинчалик ҳам ёзувчи номининг дунёга кенг тарқалишига сабаб бўлган. Чунки Румий маснавийда ўзигача бўлган Шарқу Ғарб донишмандларининг фалсафий қарашларини, исломий фарзларини содда бир услубда, шеърий йўл билан бадиий ифодалаган.

Румий буюк мутафаккир инсон сифатида дунё зиддиятлари, зиддиятларнинг ўзаро вобасталиги (“қарама-қаршиликлар бирлиги”), дунёда миллиард шаклу шамойилда мавжуд бўлган ашёларнинг ўзаро алоқаси, бир-бирига бўлган ўтиш – эврилишлари, модда алмашинишининг заррадан коинот қадар амал қилиши, ҳаёт ва ўлим сабаблари (ҳаёт-зиддиятлар “келишуви”, “ярашиш”, ўлим-зиддиятлар “жанги”), жисм ва руҳ, одам ва илоҳ ҳақида ёзади, таҳлил ва тадқиқ этади. “Маснавий”да 690 ҳадисга румиёна шарҳ берилган.

Кўз олдимизда ҳам Калом илмининг улуғ билимдони ҳам тасаввуф таълимотини сарбаланд чўққига олиб чиққан ориф инсон ҳам муқтадир даҳо шоир гавдаланади. Оддий латифалар, ҳикоятлардан Румий фавқулодда фалсафий-сўфиёна маънолар чиқаради, теран тафаккури доирадан доирага, даражадан даражага кўтарилиб боради. “Қуръоннинг уч қабат ботиний маъноси бор”, деб қайд этади ва у анна шу маъноларни изчил тушунтиради.

Жалолиддин Румийнинг буюклиги яна шундаки, у исломнинг улуғ шоири ва мутафаккири бўлгани ҳолда барча мазхаблар ва динлардан юқори кўтарила олди, бани башарни бирлаштирувчи ягона илоҳий ғояларни олға суриб, кишиларни бир-бирига яқинлаштирувчи эътиқод ва иймон, ишқ ва сиғиниш, поклик ва тавбадан сўз очди. “Чўллар мухталиф, аммо мақсад бир, яъни Оллоҳ ҳузури”, дея Улуғ Тангри ҳақиқати Оллоҳ жами махлуҳот баробарлигини исботлади.

Румий ижоди юксак бадияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир кучига эга. Унинг табиати ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиши, ўзгаришда экани, эскини йўқотиб, янгининг пайдо бўлиши – “дунёнинг зиддиятлар бирлигидан жанги”дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари, немис файласуфи Ҳегелнинг эътирофича, унинг диалектик методни яратишга ёрдам берган. Фалсафани Ҳегел ва Марксдан, Шопенгауэр ва Кантдан, Нийличе ва Фрейддан ўрганган кишилар Румийни ўқиб, ҳаммаси ўзимизда аллақачон бор экан, ҳаммаси айтилган экану дейишлари табиий.

Одамнинг буюклик даражасини унинг қанчалар асл хонадонида таваллуд топганига қараб аниқлаб бўлмайди. Аммо инсонни охирги манзилга кузатиш даражасига кўра, унинг кимлигини тасаввур этиш мумкин. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” романидаги аллома вафоти билан боғлиқ лавҳада шундай сўзлар битилган: “Турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар – ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди”.

Ўзбекистон ФА Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Румийнинг “Маснавий маънавий” асари сақланади. Истиқлол йилларида Румий ҳаёти ва ижодига қизиқиш янада кучайди. Ш.Шомуҳамедов, А.Маҳкам ва бошқалар шоирнинг турли жанрдаги шеърларидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилдилар.

Шоир Жамол Камол “Маснавий маънавий” таржимасини ниҳоясига етказди. Туркиянинг Куня шаҳрида 2006 йил декабрь ойида Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари вафотининг 733 йиллигига бағишланган хотира маросимлари ўтказилди. Маросимда Мавлавия тариқати вакилларининг само рақслари, тасаввуф мавзусидаги фотокўргазмалар, олимларнинг Румий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги сермазмун маърузалари, қолаверса, тасаввуф мусиқаси 3-Халқаро фестивали ва бошқа муҳим тадбирлар ўтказилди.

Бу маросимлар Куня шаҳрида дунёнинг турли давлатларидан келган меҳмонлар, адабиётшунослар, олимлар иштирокида Туркия Маданият ва туризм вазирлиги, Куня вилояти ва шаҳар ҳокимияти томонидан ҳар йили декабрь ойининг биринчи ярмида анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Айниқса, Тасаввуф мусиқаси 3-Халқаро фестивали меҳмонларда, Куняликларда катта таассурот қолдирди.

Маълумки, 2007 йил ҳазрат Жалолиддин Румийнинг таваллудига 800 йил тўлиши муносабати билан ЮНЕСКО томонидан “Халқаро Мавлоно Румий йили” деб эълон қилинган.

Бу ўз навбатида бутун ислом олами, тасаввуф адабиёти, қолаверса, Жалолиддин Румий ихлосмандлари учун қувончли ҳодиса бўлди. Ҳазрат Румийнинг 800 йиллик юбилейи кенг нишонланиши кўзда тутилмоқда. Масалан, 2007 йилнинг 8-9 май кунлари Истанбулда халқаро Мавлоно Жалолиддин Румий симпозиуми ўтказилди. Унда дунёнинг турли давлатларидан 300 га яқин тасаввуф адабиётшунослари, маданият ва санъат аҳли иштирок этди.

Мавлоно Румий ўзидан кейинги авлодларга 5 муҳим ва қимматбаҳо асар қолдирди. Булар қуйидагилардир:

1. ”Девони Кабир”,”Девони Шамси Табризий”,”Девони Шамсул-Ҳақойиқ” деган номлар билан машҳур девон. Девон ғазал ва рубоийлардан иборат.

2. “Маснавийи Маънавий” — 25700 байтдан иборат бебаҳо тасаввуфий-ишқий асар. Сўнгги йилларда таниқли ўзбек шоири Жамол Камол томонидан тўлиқ,шоир Асқар Маҳкам томонидан эса 1-жилди ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилди.

3. “Фийҳи Мо-Фийҳи” (“Ичингдаги Ичингдадир”) – Мавлоно суҳбатларидан иборат фалсафий асар. 1998 йилда Тошкентда Улуғбек Ҳамдам томонидан ўзбек тилига ўгирилиб,нашр этилди.

4. “Мавоизи Мажолиси Сабъа” – бу асар Румийнинг етти ўгит ва панд-насиҳатларидан иборат.

5. “Мактубот” – Мавлононинг турли даврларда замондошларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам.

Ҳазрат Алишер Навоий “Устозлар устози” деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса “У пайғамбар эмас,аммо пайғамбарлик китоби бор” деб улуғлаган Мавлоно Жалолиддин Балхий-Румий 1273 йилнинг изғиринли қиш кунларининг бирида вафот этган.
1989 йилда нашр этилган ва таржималаримдан иборат “Қирқ ошиқ дафтари” китобига киритилган Мавлоно рубоийлари билан қуйида танишасиз.

Мавлоно Жалолиддин Румий (Рубоийлар)

* * *

Ман зарра-у,хуршидлиқо сенсан,
Ман хаста-у,айни даво сенсан.
Қанотим йўқ,учарман пойингда зор,
Ман қадаҳман,ёр,қаҳрабо сенсан.

* * *

Агар ўлсам танимни келтиринг, дўстлар,
Вужудимни нигоримга беринг,дўстлар.
Лабимдин бўса олса ул масиҳим,
Тирилсам гар – яқо тутмай туринг,дўстлар.

* * *

Воҳ,дилимни ғамга банди қилди ёр,
Кеч-кундуз дилни тиғсиз тилди ёр.
Кеча-кундуз нола чексам қайғириб,
Пинҳон-пинҳон,ширин-ширин кулди ёр.

* * *

Маъшуқа офтоб ила баҳс бойлади,
Ошиқ ҳам ўзини чун хас ўйлади.
Ишқ баҳор ели каби эсди чунон,
Қурмаган шох бўлса,бас,рақс айлади.

* * *

Ишқимдин покроқ оби зилол йўқдур,
Ишқимдек ғаму дарди ҳалол йўқдур.
Ўзгалар ишқи фақат ҳол бўлса гар,
Дилбари нигоримга завол йўқдур.

* * *

Лутф этсанг тош ҳам жонона бўлғай,
Ўшал дам шеваси мастона бўлғай.
Зулфингнинг занжири гар бўлса зоҳир,
Луқмони Ҳаким ҳам девона бўлғай.

* * *

Жамолинг намозим,кўзингдир рўзам,
Лабинг ишқида ман — гадо,дарюзам*.
Айблиман,нетай,ёр,сархуш эдим ман,
Суйингни ичдиму синдирдим кўзанг.

* * *

Ишқинг оташидин мен томчига зор,
Хаёлинг тушларимда манга ёдгор.
Сувинг шароб янглиғ ёндирди мани,
Чархпалакдек айланурман нолакор.

* * *

Дилдор манга айтди: ”Ойнинг ўзиман,
Не берурсан бўса берсам кўзимнан?”
“Тилло!” – дедим,деди:”Тилло не керак?”
“Жонни!” — дедим, деди:”Майли,розиман!”

* * *

Айт,нечун ошиқ мудом дилдан жудо?
Ёрининг зулфини деб бўлғай адо.
Жо эрур ошиқ дили рубоб аро,
Пардасида ёширун мунглиғ садо.

* * *

Зулфинин ҳар толасин бир жони бор,
Зулфинин дардида ман бўлдим хумор.
Сан дема:”Воҳ,мунча кўп ғам-ҳасратинг?”
Ҳасратим ҳурилиқо нозича бор.

Форсчадан Хуршид Даврон таржимаси

манба: ziyonet.uz

 

Телеграмдаги каналимизга аъзо бўлинг – @idumuz

Facebook даги гуруҳимизга қўшилинг

🔥2.8 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853