PISA халқаро баҳолаш тестлари ҳақида нима биласиз? (видео)

PISA тест нима? PISA тест намуналари билан қаерда танишиб чиқиш мумкин? Мақолада ушбу саволларга жавоб беришга ҳаракат қилдик.

PISA-TESTS-

PISA (инглизчаProgramme for International Student Assessment) – турли давлатларда 15 ёшли ўқувчиларнинг саводхонлигини (ўқиш, математика, табиий фанлар) ҳамда билимларини амалиётда қўллаш қобилиятини баҳоловчи дастур.

Бу дастур 3 йилда бир маротаба ўтказилади. Дастлаб 1997 йилда ишлаб чиқилган ва 2000 йилда биринчи марта қўлланилган. Бу дастур бўйича ҳар уч йилда ўқувчиларнинг билимини баҳолаш мақсадида синовлар ўтказилади. Ҳозирги кунгача жами 7 марта (2000, 2003, 2006, 2009, 2012, 2015 ва 2018 йиллар) PISA дастури бўйича тестлар ўтказилган бўлиб, кейинги синовлар 2021 йилда бўлиши режалаштирилган эди, аммо бутун дунёда пандемия сабаб 2022 йилга кўчирилди.

Лекин бу дастурдан қатнашишдан мақсад тестларни ўтказиш ёки ўқувчиларни тестга тайёрлаш эмас, ўқувчиларимизда XXI аср кўникмаларини шакллантириш рақобатбордош кадрларни яратиш учун мустаҳкам замин яратиш ҳисобланади.


PISA тадқиқотига оид қизиқарли видео

 


PISA тадқиқотига оид анимацион видеоролик

 

Хўш, PISA дастурининг мақсади нима, у қандай зарурият туфайли пайдо бўлди ва PISA саволлари қандай принципга асосланган ҳолда тузилади?

XXI аср – информацион технологиялар асри. Бу аср ўз мутахассисларидан умуман олдингидан фарқ қилувчи компетенцияларни талаб қилади. ХХ асрда ва ундан олдин кучли хотира, энциклопедик билим, ўз соҳасида иложи борича кўпроқ маълумотни билган мутахассислар юқори қадрланган бўлса, энди бу билимлар ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлмай қолди. Қидирув тизимлари, онлайн энциклопедиалар, соҳалар бўйича мукаммал онлайн маълумотлар базалари яратилдики, энди бу маълумотларни эслаб қолиш зарурияти иккинчи планга тушиб қолди.

Ҳозирги замон мутахассисида бу билимларни таҳлил қилиш, улардан янги маълумотларни ҳосил қила олиш, халқ тили билан айтганда “коса тагидаги нимкоса”ни кўра олиш компетенцияси биринчи ўринга кўтарилаяпти.

PISA тестлари худди шу ўзгаришларни таълим тизимида акс эттириш, мактаб ўқувчиларининг ҳақиқий ҳаётда керак бўладиган ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан хулоса чиқариш ва мулоқотга киришиш кўникмаларини қай даражада эгаллаётганини, таълим тизимининг бу ўзгаришларга қанчалик мослашаётганини аниқлаш мақсадида ўтказилади.


PISA тест таркиби

PISA тестлари 6 та йўналиш бўйича ўтказилади: Ўқиш, математика саводхонлиги, табиий-илмий фанлар, креатив фикрлаш, ҳамкорликда муаммоларни ҳал қилиш ва молиявий саводхонлик йўналишлари.

Тестларда асосий эътибор ўқувчиларнинг мазкур йўналишлар бўйича энг асосий тушунчаларни билиш, базавий билим ва кўникмаларни эгаллагани, улардан ҳаётий вазиятларда фойдалана олишига қаратилати! Бу тестларда ўқувчиларнинг дарс давомида аниқ мавзулар бўйича ўрганган билимларини синовдан ўтказиш назарда тутилмаган!

PISA синовларида тўрт хил синов усулидан фойдаланилади:

  1. Бир жавобли тестлар;
  2. Бир нечта жавобли тестлар;
  3. Қисқа ёки батафсил жавоб ёзиладиган саволлар;
  4. Бирор муаммонинг ечими бўйича ўқувчи фикри (одатда бундай саволларда текширувчида умумий жавоблар бўлади, ўқувчи жавоби тест тузувчи жавобига айнан мос келиши талаб қилинмайди, ўқувчи ижодкорлиги қўллаб қувватланади).

Бундан ташқари, тестлар билан бир вақтда ўқувчилардан анкеталар ҳам олиш назарда тутилган.

 

PISA тадқиқотларида давлатлар рейтинги

 

PISA: Aсосий йўналишлар

Ўқиш саводхонлиги: Инсоннинг матн шаклида берилган маълумотларни тушина олиш ва уларга реакция бера олиш кўникмаси, жамият ҳаётида фаол қатнашиш жараёнида ўқиган маълумотларидан ўз мақсадлари йўлида фойдалана олиш, билим ва имкониятларини ошира олиш лаёқати.

Бу ерда, ўқиш саводхонлиги тушунчаси кенг маъно касб этади. Бу йўналиш мақсади ўқувчининг берилган бадиий асардан парча, биография, хат, ҳужжат, газета ва журналлардан олинган мақолалар, турли қўлланмалар, географик карталар каби ранг-баранг тематикадаги, таркибида матнни очиб беришга мўлжалланган диаграммалар, расмлар, карталар, график ва жадваллар берилган матнни тушиниши, мазмуни ҳақида фикр юрита олиш, матн мазмунига баҳо бериш ва ўқиганлари ҳақида ўз фикрини бера олиши каби компетенцияларини аниқлаш ҳисобланади.


Математик саводхонлик: Инсоннинг математиканинг ўзи яшаётган оламдаги ўрнини билиши, математик жараёнларни тўғри ва тўлиқ асослай олишини текширади. Шахснинг математикадан яратувчан, қизиқувчан ва фикрловчи инсоннинг ҳозирги ва келажакдаги математик билимларга бўлган эҳтиёжини қондира оладиган даражада фойдалана олишини таъминлаш бу бўлимнинг асосий мақсадидир.

Бу бўлимдаги саводхонлик терминидан бу бўлим мақсади одатда мактаб дастурида бериладиган билимларни қай даражада ўзлаштирганини аниқлаш эмаслигни кўрсатиш учун фойдаланилган. Aсосий эътибор математик билимлардан турли хил ҳаётий вазиятларда фикрлаш ва интуитив қарор қабул қилиш талаб қилинадиган турли услубларидан қўллаган ҳолда фойдалана олиш назарда тутилади. Лекин бу турдаги саволларга жавоб беришда мактаб дастурида бериладиган билим ва кўникмалар зарур бўлиши мумкин.

Бу йўналиш синовларида одатда ҳаётнинг турли соҳаларида (тиббиёт, турар жой, спорт ва ҳ.к.) дуч келиниши мумкин бўлган математикага оид вазиятлар таклиф қилинади.


Табиий-илмий фанлар саводхонлиги: Ҳаётий ҳодисаларда илмий усулда ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаш, кузатув ва тажрибалар асосида хулосалар чиқариш компетенцияси. Бу хулосалар атрофимиздаги оламни тушиниш ва инсон фаолияти натижасида унда содир бўлаётган ўзгаришларни англаб етиш, шунга кўра керакли қарорлар қабул қила олиш кўникмасини ривожлантириш бу бўлимнинг асосий мақсадидир.

Бу саводхонлик асоси бизнинг мактабларимизда физика (астрономия элементлари билан бирга), биология, кимё ва география фанлари ўқитилиш жараёнида берилиши кўзда тутилган.

Қуйида PISA тест намуналарини юклаб олишингиз мумкин.

 

Ўқувчиларнинг математик, табиий-илмий фанлар ҳамда ўқиш саводҳонлигини баҳолашга мўлжалланган топшириқлар тўплами

 

Ўқувчиларнинг креатив фикрлаш саводҳонлигини баҳолашга мўлжалланган топшириқлар тўплами

 

Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази milliymarkaz.uz материалларидан фойдаланилди.

 


🔥23.7 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853