2245 та мактабда спорт зали мавжуд эмас — Халқ таълими вазирлиги

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда блогерлар томонидан мактабларда спорт заллари йўқлиги масаласи кўтарилиб, унда Халқ таълими вазирлиги ушбу муаммодан бехабарлиги айтилмоқда. Мазкур хабарлар юзасидан Халқ таълими вазирлиги муносабат билдирди. Таъкидланишича, мактаблардаги спорт заллари билан боғлиқ муаммолар Халқ таълими вазирлигига яхши маълум.

Министерство народного образования

«Қайд этиш жоизки, сўнгги йилларда ушбу йўналишда мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган бўлиб, бугунги кунда ажратилаётган маблағлар доирасида босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Буни қуйидаги рақамлардан ҳам кўриш мумкин: 2017-2021 йилларда жами 296 та спорт заллари янгидан қурилган бўлса, 604 та мавжуд спорт заллар таъмирдан чиқарилган.

Бироқ шунга қарамай, бугунги кунда Республикада мавжуд 10130 та умумтаълим мактабларидан 7885 тасида (78 фоиз) спорт заллари мавжуд, қолган 2245 та мактабда спорт заллари умуман мавжуд эмас. Мавжуд спорт залларидан 358 таси реконструкцияга ва 2078 таси мукаммал таъмирга муҳтож.

Мактабларда спорт заллари билан боғлиқ муаммолар ҳақида аввал ҳам Халқ таълими вазирлиги бир неча бор маълумот берган.

Хабарингиз бор Давлатимиз раҳбари ўз сайлов олди дастурида таълим соҳасида амалга ошириладиган ишларни энг муҳим ишлар сирасига киритар экан, келгуси йилларда энг катта ҳаракат – мактаб, мактаб, яна бир марта мактаб бўлишини, мактаб ривожланса, ҳамма соҳа бўйича ривожланиш бўлиши ҳамда келгуси беш йилда қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш учун, мактаблар реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилишини қайд этган эди.

Ҳукуматнинг тегишли топшириғига кўра, ҳудудлардаги ҳолатни манзилли ўрганиш мақсадида турли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат Ишчи гуруҳлар ташкил этилиб ва улар томонидан бугунги кунда Республиканинг барча ҳудудларда мавжуд талаблар ўрганилмоқда. Ушбу жараёнда мактабларга спорт заллари ҳам қурилиши режалаштирилган», – дейилади вазирлик Матбуот хизмати тақдим этган муносабатда.

🔥2.8 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853