Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи қачон бўлади?

Маълумки, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тизимидаги Президент мактабларига биринчи босқич имтиҳонлари яқинлашиб қолди. Aгентлик ахборот хизмати мазкур жараён билан боғлиқ энг кўп берилаётган саволлар билан Aгентлик қабул комиссияси раҳбари ўринбосари Шерзод Худойқуловга мурожаат қилди.

prezident_maktabi_imtihon_2021

– Президент мактабларига кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи қачон бўлади, деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда…

– Президент мактаблари кириш имтиҳонларининг саралаш босқичи жорий йилнинг 26, 27, 28-июл кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирда имтиҳонларга тайёргарлик жараёнларининг якуний босқичидамиз.

 

– Рухсатнома қаердан ва қай тартибда олинади? Бу ҳам энг кўп берилаётган саволлар сирасига киради. Шу жараённи ҳам босқичма-босқич тушунтириб берсангиз.

-Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан Президент мактабларига ариза топширган талабгорларга биринчи босқич саралаш имтиҳонларига рухсатномаларни юклаб олиш ҳақида жорий йилнинг 20-июл кунига қадар смс-хабарнома жўнатилади. Шу ўринда ота-оналар диққатини бир масалага қаратмоқчимиз – смс-хабарнома талабгорнинг аризада келтирилган рақамига жўнатилади. Шунинг учун, улардан аризада кўрсатилган рақамларининг фаол ҳолда бўлишини сўраймиз. Шундан сўнг, талабгор ariza.piima.uz сайтига кириб, “Шахсий кабинет” бўлимини очиши ва у ерга ўз ID рақамларини киритиш орқали рухсатномани юклаб олиши мумкин. Ўқувчидан маслаҳат-таништирув ва имтиҳон кунига шу рухсатнома билан келиш талаб қилинади.

 

– Тайёргарлик жараёнлари қандай кетяпти? Шаффофликни таъминлаш ва сифатли ўтказиш бўйича Aгентлик томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Саралаш имтиҳонларига тайёргарлик жараёнларида Aгентлик ва Давлат Тест маркази ҳамкорликда ишламоқда. Ҳозирда имтиҳонлар ўтказиладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланган ва мазкур ҳудудлар ўқувчилар учун керакли жиҳозлар ва ўқув қуроллари билан таъминланмоқда.

Шаффофликни таъминлаш мақсадида Aгентлик томонидан имтиҳон жараёнларига хорижий мутахасислар, Cambridge Assessment ташкилоти вакиллари ҳамда журналистлар таклиф қилинди. Бундан ташқари, ота-оналар имтиҳон жараёнларини test2021.uz сайти орқали онлайн кузатиш имкониятига эга бўлишади.

 

– Президент мактаблари кириш имтиҳонларини ташкил этишда Республикадаги эпидемиологик вазият ҳисобга олинганми?

– Aлбатта. Саралаш имтиҳонларини ўтказишда Республикадаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда имтиҳонлар очиқ ҳудудларда ўтказилиши белгиланди. Ўқувчи имтиҳон ўтказиладиган жойга киришдан олдин антисептик восита ҳамда тиббий ниқоблар билан таъминланади. Парталар бир-биридан белгиланган узоқликда жойлаштирилади.

 

– Президент мактаблари саралаш имтиҳонлари жавоблари қачон эълон қилинади?

– Саралаш имтиҳонлари якунлангандан сўнг имтиҳон материллари, яъни саволлар китоби ва жавоблар варақаси марказлаштирилган тартибда Cambridge Assessment ташкилотига жўнатилади. Жавоблар Cambridge Assessment томонидан август ойининг биринчи ярмида ташкилот расмий веб-сайтида эълон қилинади.

🔥4.7 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853