Энди фан олимпиадалари ғолибларига пул мукофотлари берилади

Мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари учун мўлжалланган фан олимпиадаларини ўтказиш тизими такомиллаштирилди. Республика босқичи ғолиблари 3,2 млн сўм олиши мумкин.

maktab_imtihon_savollari

Ҳукумат қарори билан умумий ўрта таълим ташкилотлари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этиш, ўтказиш ҳамда халқаро олимпиадалар иштирокчиларини саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳужжатга мувофиқ, мактаб ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича қуйидаги олимпиадалар ташкил этилади:

— асосий олимпиада;
— қўшимча республика олимпиадалари;
— онлайн олимпиада;
— нуфузли халқаро олимпиадалар;
— минтақавий халқаро олимпиадалар.

Жумладан, асосий олимпиадалар тегишли фанлардан икки гуруҳга ажратилган ҳолда 4 босқичда қуйидаги муддатларда ўтказилади:

1-босқич – мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблар миқёсида сентябрь ойида;
2-босқич – туман (шаҳар) миқёсида октябрь ойида;
3-босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ноябрь ойида;
4-босқич – республика миқёсида барча фанлардан апрель-май ойларида.

Барча фанлардан назорат турлари, шакллари, баҳолаш мезонлари Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

4-босқичда мактабларнинг 11-синф, касб-ҳунар мактаблари, академик лицейларнинг 2-босқич ўқувчилари қатнашади. Ҳар бир фан йўналишида баллар кетма-кетлигида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчилар ғолиб ҳисобланади.

Асосий олимпиада ғолибларига қуйидаги миқдорда пул мукофотлари берилади:

3-босқичда ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига:

● 1-ўрин – БҲМнинг 6 баравари;
● 2-ўрин – БҲМнинг 4 баравари;
● 3-ўрин – БҲМнинг 3 баравари.

4-босқичда ғолиб бўлган ҳар бир ўқувчига:

● 1-ўрин – БҲМнинг 12 баравари;
● 2-ўрин – БҲМнинг 8 баравари;
● 3-ўрин – БҲМнинг 6 баравари.

Шунингдек, 4-босқич ғолибларига ихтисослик фани бўйича давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва 3 йил давомида амал қилувчи электрон сертификатлар берилади.

Информатика ва ахборот технологиялари фани бўйича мазкур сертификатни олган ўқувчиларга ихтисослик фан сифатида математика фанидан давлат ОТМларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқи берилади.

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб ишлаётган нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоиз миқдорида устама ҳақи тўланади.

🔥2.9 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853