Технология фанига оид терминлар изоҳи

Ушбу саҳифада умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган «Технология» фанига оид терминлар ва атамалар изоҳи билан яқиндан танишиб чиқишингиз мумкин.

texnologiya_promo

Ушбу келтирилган терминлар ўқувчиларга «Технология ва дизайн» ҳамда «Сервис хизмати» йўналишлари бўйича таълим олишлари вақтида металл ва металлмас материалларга ишлов бериш усулларини, турли ҳажмдаги уй-рўзғор буюмлари тайёрлашни, электротехника ишларини бажаришни, миллий, жаҳон таомларини пиширишни, кийим ҳамда буюмлар бичиш-тикишни, тўқишнинг оддий ва мураккаб усулларини ўрганиб, амалий кўникмаларни эга бўладилар.


Аппликация – лотинча сўз бўлиб, ёпиштириш деган маънони англатади, яъни бу бир материал турини иккинчисининг устига қўйиб тикиш ёки ёпиштиришдир.

Акустика – бирор бинода товушларнинг эшитилиш шароити ва хусусиятлари, товушларнинг яхши эшитилиши ёки эшитилмаслиги ҳолати.

Аквамарин – яшил-ҳаворанг қимматбаҳо тош.

Астар – кийим ёки кўрпа, кўрпача сингари нарсаларнинг ички қавати, ички томонига тикилган материал.

Баба – техник болғанинг зарб билан уриладиган қисми.

Бронза – мис, қўрғошин, алюминий, қалай ва ҳоказолардан иборат қотишма. Унинг механик хоссалари таркибидаги элементларнинг миқдорига боғлиқ бўлиб, машинасозликда бронзадан кенг фойдаланилади.

Бурав – дастаки парма. Ёғоч толаларига кўндаланг йўналишда чуқур силинд рик тешиклар очишда ишлатилади.

Вентилация – шамоллатиш, тозалаб туриш; бинонинг ҳавосини алмаштириб, тозалаб туриш учун хизмат қиладиган қурилма.

Верстак – дастгоҳ. Дурадгорлик, слесарлик, тунукасозлик ишлари бажариладиган махсус стол.

Гидравлик – суюқлик босими таъсирида ишлайдиган.

Гўния (юнон. гониа – бурчак) – бурчакнинг тўғрилигини текшириш учун ишлатиладиган чизмачилик ёки дурадгорлик асбоби.

Дефект – дефект, камчилик, нуқсон.

Дорпеч – дорга осиб қўйилган кийим-кечакнинг устига ёпиладиган безакли буюм.

Допуск – деталларга ишлов беришда уларнинг номинал ўлчамларига нисбатан ўлчамларда йўл қўйиладиган четга чиқиш миқдорини кўрсатувчи сон. Чизмаларда деталнинг номинал ўлчами ёнига ишлов беришда йўл қўйиладиган четга чиқишнинг энг катта ва энг кичик миқдори (допуск) ёзиб қўйилади.

Дуб – дуб, эман (дарахти ва ёғочи).

Жияк – дўппи, тўн ва шу кабиларнинг четига тутиладиган махсус энсиз тасма.

Жилвир қоғоз – қайроқ қум қопланган қоғоз ёки мата (буюмларнинг сиртини силлиқлаш, сайқаллаш, жилолаш учун ишлатилади).

Жун – жунли ҳайвонларнинг тери қатламидаги шохсимон ўсимталар.

Зажим – қисқич, сиқиш, қисиш.

Зардевор – деворга шифтга тақаб осиб қўйиладиган, зарли ип ёки ипакдан ҳар хил гуллар, нақшлар тикилган мато.

Зулфин – занжирли илмоқ; дарвоза, эшик, сандиқ кабиларда қулф осиш учун мўлжалланган ҳалқасимон мослама. Темир ва мисдан каллакли ва думли қилиб ишланади.

Изма – тугма қадаш учун мўлжалланган, тугма ўлчамидан 0,3 см ортиқ ўлчамга тенг очиқ жой.

Искана – ёғоч, тахтани ўйиш, тешиш учун қўлланадиган, учи япалоқ ўткир пўлат асбоб.

Исканжа – нарсаларни сиқадиган, жипслайдиган асбоб.

Ички ёнув двигатели – ёнилғининг кимёвий энергиясини механик ишга айлантириб берадиган поршенли иссиқлик двигатели.

Каҳрабо – сариқ рангли, шаффоф, ялтироқ, тош қотган елим (зийнат буюмлари тайёрлаш ва иморатларни безашда ишлатилади).

Калка – чизма, расм ва шу кабилардан нусха кўчириш учун ишлатиладиган шаффоф қоғоз ёки газлама; шундай шаффоф қоғоз ёки газламага кўчириб олинган нусха.

Канифол – игнабаргли дарахт қатронидан олинадиган сарғиш шаффоф модда.

Кант – ағдарма чокдаги бир детал иккинчи деталга нисбатан бахяқатор зиҳидан сурилган жой.

Кирпеч – кир тахланган токча олдини тўсиб, беркитиб қўйиш учун ишлатиладиган безакли буюм.

Китоба – қабр тоши, катта дарвоза ва бино пештоқига битилган ёки ўйилган йирик ёзув.

Конструктор – кўплаб ҳар хил моделларни йиғиш мумкин бўлган стандарт деталлар тўплами.

Квиллинг – қоғознинг узун ва қисқа тасмаларини спирал шаклида бураб юпқа ёки ҳажмли композициялар ясаш санъати.

Кўнчилик – терини пишириш, пардозлаш, чарм тайёрлаш иши билан шуғулланувчи корхона.

Луфт ишлаш – механизмларнинг меъёрдан четлашиб ишлашига айтилади.

Маляр скотч – лентани изсиз олишга ёрдам берувчи, юзага нисбатан кам адгезия даражасига эга бўлган қоғоз асосидаги ўзи ёпишувчи лента тури.

Манипулатор – радиоактив моддалар билан масофадан туриб ишлашда фойдаланиладиган мослама.

Макет – макет бирор жой, нарса, бино, машина ва ҳоказоларнинг кичрайтириб тайёрланган фазовий тасвири, нусхаси.

Материал – материал, хомашё, нарса. Бирор буюм, иншоот ва ҳоказоларни тайёрлаш учун зарур бўлган ашё.

Мағиз – детал зийларини ишлаш учун ва безак учун ишлатиладиган газлама тасмаси.

Мода – маълум бир даврда, маълум муҳитда кишиларнинг таъбига, дидига мос бўлган ва кенг тарқалган кийим-кечак.

Модел (лот. modulus – ўлчов, меъёр сўзидан – намуна, андаза, нусха.
Бирор нарса, аёллар кийими, машина, бино, иншоот ва ҳоказоларнинг кичрайтириб ёки катталаштириб тайёрланган намунаси, масалан, авиамодел–самолёт ёки бошқа учиш аппаратининг учадиган модели.

Милк (ҳалқа) – матонинг икки ёнидан узунасига чиқарилган қирғоқ.

Михчўп – этикдўзликда ишлатиладиган махсус ёғоч михча.

Молния – занжирсимон ёпқич.

Надлом – синган жой, синиқ, ёриқ.

Офтобаобдаста.

Оптика – физиканинг ёруғлик табиатини, ёруғлик ҳодисалари қонуниятларини, ёруғлик билан бошқа моддаларнинг ўзаро таъсирини ўрганадиган бўлими.

Паркет – полга тўшаш учун турли шаклдан нақшли қилиб тайёрланган майда тахтачалар ёки улардан қилинган пол. Паркетлар эман (асосан) қорақайин, шумтол, заранг, тилоғоч ва бошқалардан тайёрланади.

Пахта – ғўза деб аталадиган ўсимлик уруғини қоплаб турадиган ингичка толалар бўлиб, тўқимачилик саноатининг асосий хомашёси ҳисобланади.

Пайка – кавшарлаш. Металл буюмларнинг қисмларини эритилган кавшар (припоз) ёрдамида ажралмайдиган қилиб бириктириш. Суюқланган кавшар бириктириладиган сиртлар орасига киритилади ва қотгандан сўнг буюмнинг қисмлари ажралмайдиган бўлиб бирикади. Кавшарлаб бириктирилган жой кавшар чок дейилади.

Палак – осмон гумбазига ўхшаш доира шаклидаги гулнақшлар билан қопланган, одатда, уй деворларига безак учун осиб қўйиладиган каштачилик буюми.

Панно – махсус жойларга мўлжаллаб ишланган рангтасвир асари ёки бўртма тасвир.

Парма – айланма ҳаракат қилиб, тиғи билан нарсаларни тешадиган асбоб.

Пилтакач – қоғоздан пилта ўраб, тепчик орасига тиқиш учун
ишлатиладиган дастали ингичка сим.

Плазма (юнон. пласма – ясалган, шаклланган) – ионлашган газ; унда зарядланган зарралар плазмасини ҳосил қилувчи мусбат ва манфий электр зарядларнинг ҳажмий зичлиги амалда бир хил, плазма эгаллаган жойнинг чизиқли ўлчами нисбатан катта бўлади.

Пневматик – сиқилган ҳаво ёрдамида ҳаракат қиладиган, ишлайдиган ёки амалга ошириладиган; сиқилган ҳаво билан тўлдирилган.

Попопчилик – попоп машинада йўрма чоки билан бадиий буюмлар (чойшаб, сўзана, палак, дўппи ва шу кабилар) тайёрлаш.

Пунктир чизиқ – алоҳида-алоҳида ўзаро яқин жойлашган нуқталар (…) ёки чизиқчалардан (—) ташкил топган узун чизиқ.

Разрез – кесиш, кесим, қирқим, кесилган жой.

Салт – бу электр машинаси ва трансформаторларнинг юкламасиз ишлашига айтилади.

Силикатлар – силикат кислоталарнинг тузларидан иборат мураккаб моддалар. Табиий силикатларнинг кимёвий таркиби ва тузилиши жуда мураккаб бўлганлигидан уларни фақат рентген таҳлили ёрдамида ўрганиш мумкин.

Синтетик – синтез йўли билан ҳосил қилинган, олинган.

Срез – кесиш, қирқиш, кўндалангига қирқилиш, қирқим.

Стружка – қиринди, пайраҳа. Ёғоч ёки металл заготовкадан кесувчи асбоб лар билан кесиб олинган металл ёки ёғоч қатлами.

Сурп – сидирға ип газлама ва ундан тикилган кийим.

Табиий ипак – ипак қурти ўрайдиган ингичка ип.

Текстура – ёғочнинг табиий гули. Текстура ёғоч кесилганда, рандаланганда толалари, ўзак нурлари ва йиллик ҳалқалари кесилиши билан унинг кесик сиртида намоён бўладиган физик хосса.

Топаз – турли рангда бўладиган қимматбаҳо қаттиқ тош, минерал.

Шабер – эговланган металл деталларнинг сиртларини, умуман дағал ишланган сиртларни тоза ва аниқ пардозлаш учун сиртлардан юпқа металл қатламини қириб олишда қўлланадиган чилангарлик асбоби.

Штангенциркул – деталларнинг ташқи ва ички чизиқли ўлчамлари, диаметрлари ва чуқурликларини ўлчаш учун мўлжалланган асбоб.

Чакич – нонни чакичлаш учун дастали ёғоч каллакка бир текисда сим қоқиб ёки парранда патларини дасталаб боғлаб ясалган уй-рўзғор асбоби.

Чақмоқтош – бир-бирига ёки темир парчасига урганда ўт чиқарадиган қаттиқ тош.

Фанер – жуда юпқа кесилган ёғоч қатлами; шундай ёғоч қатламидан ясалган тахта.

Фасон – кийимдаги деталлар шаклини, чизиқларини, турли безакларни аниқлайдиган детал шакли.

Қотирма – астар билан авра орасига қўйилган материал бўлиб, детални ёки детал четини қаттиқроқ қилиш ва шаклини сақлаш учун ишлатилади.

Ўтим – кийимни олд бўлагидаги кенглик қўйими, бу олд бўлак ўртасидан
битта детал иккинчи детал томонига ўтиши учун берилади.

Ўмиз – елканинг қўл билан туташган қисми; кийимнинг енг ўтказиш учун ўйиладиган жойи.

Ғаладон – стол, жавон ва шу кабиларнинг нарса солиб қўйиладиган тортмаси.

Эргономика (қад. юн. эргон – иш ва номос – қонун) – инсон организмининг жисмоний ва руҳий ўзига хосликларидан келиб чиққан ҳолда ишчининг энг хавфсиз ва самарали меҳнат юритиши учун лавозим вазифалари, иш жойи, буюм ва объектларга кўникма ҳосил қилиш ҳақидаги фан.

Ялтироқ – газлама устида намлаб-иситиб ишлов бериш натижасида ҳосил бўлган жой.

🔥5.1 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853