Олий педагогик маълумоти йўқ мактаб ўқитувчилари ОТМнинг сиртқи бўлимига қабул қилинади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни педагогик стажи асосида сиртқи таълим шакли бўйича олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри хабар бермоқда.

oqituvchi_va_oquvchi_600

Қарор билан Умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ўқитувчиларни педагогик стажи асосида сиртқи таълим шакли бўйича олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом мувофиқ тасдиқланади.

Низомда белгиланишича, умумтаълим муассасаларининг беш йилдан кам бўлмаган педагогик иш стажига эга бўлган олий педагогик маълумотга эга бўлмаган ўқитувчилари сиртқи таълим шакли бўйича олий таълим муассасаларининг педагогика таълим соҳасига оид бакалавриат таълим йўналишларига улар томонидан тўланадиган базавий тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади.

Халқ таълими вазирлиги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (нодавлат таълим ташкилотлари бўйича), тасарруфида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили 1 декабрга қадар тизимида олий маълумотли педагог кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш юзасидан асосланган таклифларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда – Давлат комиссияси деб юритилади)га тақдим этади.

Эҳтиёжга кўра таклифлар ҳудудлар ва таълим йўналишлари кесимида шакллантирилади.

Қарор лойиҳаси билан ушбу саҳифа орқали тўлиқ танишиб чиқишингиз ва ўз фикрингизни билдиришингиз мумкин.

 

🔥2.2 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853