Айрим педагогик ОТМ тегишли йўналишларида сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди

Президентнинг «Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (ПҚ–289-сон, 21.06.2022 й.) қарорига мувофиқ:

2022/2023 ўқув йилидан:

  • мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълимда фойдаланиладиган дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларни педагог кадрлар тайёрловчи ОТМга уларнинг талабномасига мувофиқ пуллик асосда тақдим этиш тартиби жорий қилинади;
  • педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ кундузги таълим шаклида ўқиётган 2–4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида (дарсларнинг 4 куни ОТМда, 2 куни мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида) олиб борилади.

Педагогика таълим муассасаларида сиртқи таълим бекор қилинади

Ҳар йили педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчиларини хорижга танлов асосида малака ошириш ва стажировкага юбориш чоралари кўрилади.

Қарорга кўра, 2023/2024 ўқув йили қабулидан педагогик кадрлар тайёрловчи ОТМнинг айрим таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди (қуйидаги жадвалда келтирилган).

Юқоридаги жадвалда кўрсатилмаган педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига сиртқи таълим шакли бўйича ўқишга таълим тизимида педагогик фаолиятга оид камида 5 йиллик иш стажига эгалар қабул қилинади.

Бунда уларнинг педагогик иш стажига эга эканлиги “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидаги маълумотлар асосида белгиланади.

2023 йил 1 январгача педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ бакалавриатида ўқиётган талабалар учун уларнинг таълим йўналишларига турдош бўлган мутахассисликлар бўйича қўшимча педагогик тайёрлов дастурлари ишлаб чиқилади.

Дастурлар бўйича ўқишга ОТМ бакалавриатининг сўнгги икки босқичда ўқиётган талабалар қабул қилинади.

Дастурларни ўзлаштирганлик тўғрисидаги сертификатга эга шахсларга олий таълим ташкилотида ўқишни битирганидан сўнг қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан сертификатда кўрсатилган мутахассислик бўйича мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

2023/2024 ўқув йилидан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМнинг қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабаларнинг ҳамкор хорижий ОТМда ўқиш даври учун тўлов-контракт қийматини қоплаб бериш тартиби жорий этилади.

2023 йилдан педагогика соҳаси бўйича нуфузли хорижий ОТМда бакалавриат, магистратура, докторантура дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили тасдиқланган умумий қабул квоталари доирасида педагог кадрлар учун камида 35 та алоҳида квота ажратилади.

Қарор билан педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ҳузурида ташкил этиладиган академик лицейлар (8 та) рўйхати тасдиқланди.

2023/2024 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида педагог кадрлар тайёрловчи ОТМ ҳузуридаги академик лицейларга қабул икки босқичли саралаб олиш тизими – дастлабки ёзма имтиҳон ҳамда тест синовлари асосида ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагог касбига лаёқатли 10–11-синф ўқувчиларини махсус ишлаб чиқилган вариатив ўқув режалари асосида ўқитиш чоралари кўрилади.

🔥1.1 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853