Битирувчилар учун якуний давлат аттестацияси ДТМ томонидан ўтказилади – қарор лойиҳаси

Президентнинг «Умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестациясини ўтказиш ва олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш тартибини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

maktab_bitiruvchi

Фото: Daryo.uz

Умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестациясини ўтказиш ҳамда олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилишнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

  • 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб таълим ташкилотлари битирувчилари учун умумтаълим фанлари бўйича якуний давлат аттестацияси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказилади;
  • битирувчилар учун мажбурий учта фанона тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ ва бошқа тиллар), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларини ҳамда иккитадан тўрттагача бакалавриат таълим йўналишига мос бўлган умумтаълим фанларини билиш даражасини аниқлаш бўйича тест синови ўтказилади;
  • тест синови натижалари бўйича битирувчиларга уч йил муддатга амал қиладиган электрон миллий сертификат берилади;
  • битирувчиларга шаҳодатнома (ёки диплом) беришда якуний давлат аттестациясида битирувчиларнинг мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари инобатга олинади ва шаҳодатнома (ёки диплом)да қайд этилади;
  • таълим дастурларини тўлиқ ўзлаштирган ва ўқув фанларидан йил давомида қониқарли баҳо олган битирувчилар тест синовига қўйилади. Битирувчилар рўйхати Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, тизимида умумтаълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан электрон идоралараро ахборот алмашинуви орқали Давлат тест маркази платформасига интеграция қилинади;
  • битирувчилар шаҳодатнома (диплом) олишлари учун тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан тўпланиши лозим бўлган минимал балл Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади;
  • тест синови натижаси бўйича мажбурий фанлардан минимал балл ва ундан юқори балл тўплаган битирувчилар якуний давлат аттестациясидан ўтган ҳисобланади;
  • йил давомида тест синовини топшириб умумтаълим фанларидан сертификатга эга ва унинг балли Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган минимал ўтиш баллига мос келган битирувчилар тегишли фанлар бўйича якуний давлат аттестациясидан озод этилади;
  • тест синовлари ҳар йили июнь-июль ойларида Давлат тест маркази томонидан катта сиғимли биноларда ҳамда таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланадиган узоқ ҳудудлардаги биноларда қоғоз (ёки электрон) шаклда ўтказилади;
  • мажбурий фандан минимал балл тўплай олмаган, узрли сабабга кўра (касаллиги, оила аъзоларининг вафот этгани, халқаро спорт мусобақаларида, олимпиада ва кўрик танловларда иштирок этаётгани) тест синовида қатнаша олмаган битирувчиларга асословчи ҳужжатларга мувофиқ якуний давлат аттестацияси тўлиқ якунланганидан икки ҳафта ўтгач ушбу фанлардан қайта тест синовини топшириш ҳуқуқи берилади;
  • қайта тест синови натижалари бўйича етарли балл тўплай олмаган битирувчилар барча олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш танловида иштирок эта олмайди, уларга таълим ташкилотлари томонидан тегишли таълимни тугатгани ҳақида маълумотнома берилади ҳамда кейинги йил якуний давлат аттестациясида қайта тест синовини топшириш ҳуқуқи берилади.

Бунда, олдинги йилда таълим ташкилотини тугатган, лекин якуний давлат аттестациясидан ўта олмаган битирувчилар, ягона интерактив хизматлар портали ёки Давлат хизматлари марказлари орқали ўзи таълим олган таълим ташкилотига якуний давлат аттестациясидан ўтиш учун ариза билан мурожаат қилади.

Битирувчилар мажбурий ҳамда мутахассислик фанларидан тест синови натижалари асосида олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинади.

Мазкур тартиб хорижий фуқаролар ва Президент мактаблари битирувчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.



🔥1.9 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853