Чет тили фани ўқитувчилари учун аттестация ўтказиш тартиби

Чет тили фани ўқитувчилари учун аттестация ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг №572 2021 йил 17 сентябрдаги “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун аттестация ўтказиш тартиби

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фани бўйича малака синовлари қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

  • а) «тинглаб тушуниш» бўлими оғзаки нутқни қабул қилиш кўникмаларини, эшитилган матнлардаги асосий фикр ва детални тушуниш маҳоратини текширади;
  • б) «ўқиш» бўлими ўқилган матнлардаги асосий фикр ва детални тушуниш маҳоратини текширади;
  • в) «ёзма иш» бўлими тегишли даражадаги грамматик тузилишдан ва талабгорнинг луғат захирасидан фойдаланган ҳолда, берилган мавзулар бўйича бир-бири билан боғланган матнларни тузиш маҳоратини текширади;
  • г) «гапириш» бўлими тегишли даражадаги грамматик тузилишдан ва луғат захирасидан фойдаланган ҳолда, берилган саволларга мос жавоб бериш ва ўз нуқтаи назарини асослаш маҳоратини текширади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фани бўйича малака синови қоғоз бланкаларда ёки компьютерда (онлайн платформа орқали) ўтказилиши мумкин. Малака синовини ўтказиш жойи Таълим инспекцияси томонидан белгиланади.

Ёзма ёки оғзаки малака синови учун имтиҳон комиссияси ташкил этилади.
Имтиҳон комиссиясининг таркиби Таълим инспекцияси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади ва унга Таълим инспекцияси ходимлари, тажрибали педагоглар ва малакали мутахассислар киритилади.

Малака синови қоғоз бланкаларда ўтказилганда, икки босқичдан иборат бўлади. Бунда биринчи босқич «тинглаб тушуниш», «ўқиш», «ёзма иш» бўлимларидан, иккинчи босқич «гапириш» бўлимидан ташкил топади. Малака синови тегишли махсус дастурлар асосида компьютерда ўтказилганда, барча бўлимлар қамраб олинган ҳолда бир босқичда амалга оширилади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фани бўйича малака синовларига жалб этиладиган имтиҳон комиссияси аъзолари ва кузатувчилар билан шартнома тузилади.

«Тинглаб тушуниш», «ўқиш» бўлимлари бўйича билимлар махсус дастурлар ёрдамида компьютерда текширилади. «Ёзма иш» ва «гапириш» бўлимлари бўйича билимлар махсус дастурлар ёрдамида Таълим инспекциясининг масъул таркибий бўлинмаси назорати остида имтиҳон комиссияси томонидан текширилади ва натижалари расмийлаштирилади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фани бўйича малака синови жараёнида:

  • «тинглаб тушуниш» учун — 30 дақиқа;
  • «ўқиш» учун — 45 дақиқа;
  • «ёзма иш» учун — 30 дақиқа;
  • «гапириш» учун — 10 дақиқа вақт ажратилади.

Малака синовида:

  • «тинглаб тушуниш», «ўқиш» бўлимларининг ҳар бири 30 та саволдан;
    «ёзма иш» бўлими 120 — 150 та сўздан иборат топшириқдан;
  • «гапириш» бўлими топшириқларнинг 3 та туридан иборат бўлади.

Таълим инспекцияси малака синови натижаларини синов якунланган кундан бошлаб бир ҳафтадан кечикмасдан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтида эълон қилади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фанидан малака синови ҳар бир бўлимининг энг юқори баҳоси 20 баллни ва барча бўлимлар учун максимал баҳо 80 баллни ташкил этади.

Чет тили фани ўқитувчилари учун ўқув (махсус) фанидан малака синовини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларда иштирок этадиган Таълим инспекцияси ходимлари, имтиҳон комиссияси аъзолари, синов материалларини тайёрлайдиган экспертлар ва мутахассисларни халқаро ҳамда хорижий ташкилотлар томонидан ўқитиш ҳамда методик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Таълим инспекциясининг Давлат бюджетидан ажратилган маблағлари доирасида ҳамда бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.


Педагог кадр қуйидаги ҳолларда ўқув (махсус) фани бўйича малака синовларидан четлаштирилади:

  • синов ўтказилаётган аудиторияга ҳар қандай адабиёт, шпаргалка ёки телекоммуникация ва техника воситаларини олиб кирса;
  • синов ўтказилаётган вақтда бошқа иштирокчилар билан мулоқот қилса;
  • саволларни кўчириб олишга ҳамда синов материалларини аудиториядан олиб чиқишга ҳаракат қилса;
  • синов материалларини бошқа талабгорларга берса, синовни ўтказиш жараёнига халақит қилса;
  • синов жараёнига бошқа талабгорнинг ўрнига кирганлиги аниқланса;
    синовлар учун ажратилган вақт тугагандан сўнг синов материалларини топширишдан бош тортса;
  • синовлар жараёнида видеокузатувлар орқали талабгорнинг тартиб ва қоидаларга амал қилмаганлиги аниқланса.

Низом билан тўлиқ ушбу саҳифада танишиб чиқишингиз мумкин.



🔥11.4 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853