Тил – миллатимиз фахри!

  10232-1  Мамлакатимиздаги барча умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларида 21-октябрь – Ўзбекистон Республикасининг  “Давлат тили ҳақида” ги қонуни қабул қилинган кун муносабати билан турли хил очиқ дарслар, учрашув ва танловлар ташкил этилмоқда.  Шу муносабати билан мактаб-интернатимизнинг фаоллар залида «Тил – миллатимиз фахри» номли бадиий кеча бўлиб ўтди.


Она тили – бу миллатнинг руҳидир. «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг қабул қилиниши тилимизнинг мавқеини янада оширишга, унинг янада бойиши ва такомиллашувига хизмат қилмоқда.

     Инсон дунёга келиб, ҳаёт моҳиятини билишга, ўзликни англашга ҳаракат қилади. Аждодлар босиб ўтган йўл, уларнинг шарафли хизматларига баҳо беради. Буни дунё халқлари миқёсида талқин этсак, миллатни миллат сифатида танитувчи, бош-қалардан фарқлашдаги жиҳатлар яққолроқ кўринади. Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил – она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили – она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубҳасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқеига эга эканлигини кўрамиз.

      Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугунги кунда ер юзи аҳолиси уч мингга яқин тилда сўзлашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусиятларига кўра, оилалар ва гуруҳларга бўлинади. Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XXI асрдан бошлаб шакллана бошлаган ва ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Маҳмуд Қошғарийнинг «Девони луғотит-турк», Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Хоразмийнинг «Муҳаббатнома», Рабғузийнинг «Қиссаи Рабғузий», шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин.

      Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадияти, балки тилшуносликка бағишланган «Муҳокомат ул-луғатайн», яъни «Икки тил муҳокомаси» номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади. Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади. Албатта, она тилимизнинг тараққиёти юқорида номлари келтирилган буюк аждодларимизнинг юксак муҳаббатида кўриниб туради.

     Мактаб-интернатимизда бўлиб ўтган тадбирда она тилимиз – ўзбек тилида шеър, қушиқ, мақол ва хикматли сўзлар ўқувчилар томонидан намуналар келтирилиб ўтилди. Миллий – андижонча, хоразмча, сурхонча ва бошқа рақсларимиз ўқувчилар томонидан ижро этилди. Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналаридан бир нечтаси, жумладан, 8 «Г» синф ўқувчилари томонидан «Равшан» достонидан парча ижро этилди.

     

Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Каримова М.Ф. бошчилигидаги саҳналаштирилган достондан парча барча томошабинларда яхши таасурот қолдирди. Тадбир cўнгида намунали ўқувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.


Манба: umid.zn.uz

🔥340 марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853