Тил – миллатнинг қалбидир!

Тилнинг шаклланиши, вужудга келиши минг-минг йиллик тарихга бориб тақалади, усиз миллатни, унинг ўтмишини ёки келажагини тасаввур этиб бўлмайди. 

Тилнинг тақдири, унинг яшаши ва ривожланиши фақат шу тилда гаплашувчи жамиятга боғлиқдир. Маърифатпарвар шоир Абдулла Авлоний: “Миллий тилни йўқотмак-миллатнинг руҳини йўқатмак”деб бежиз айтмаган. Олимлар тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллон киши сўзлашиши керак, деб ҳисоблашади. Бундай тиллар дунёда 250 та экан. Қувончлиси, улар ичида ўзбек тили ҳам бор.

Мустақилликка эришгандан сўнг давлат тили иқтисодиёт соҳасида фаол ишлатила бошланди, жиддий ва салмоқли ишлар амалга оширилди: аввало, қонунлар ўзбек тилида яратиладиган, идоравий ҳужжатлар она тилимизда юритиладиган бўлди. Нодир илмий, бадий асарлар таржима қилинди. Газета ва журналлар, иқтисодга тегишли дарсликлар. Ўқув ва услубий қўлланмалар, луғатлар ўзбек тилида чоп этилди. Бу ютуқлар давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигини кўрсатади. Ҳар бир фуқаро-талаба ва ўқитувчи, зиёли ва ишчи, хизматчи ва олим расмий ҳужжатларни тўғри ва хатосиз ёзиши Қонуннинг 7-моддасида акс этган: “Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади”. Демак, ҳар бир шахс саводхон бўлиши билан бирга илмий атама ва терминалларни ишлатишда қонун моддаларига қатъий риоя қилиши лозим.

Ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан биридир. Унинг софлиги, пурмаънолиги, таъсирчанлиги, гўзаллиги, бойлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Халқимизнинг ўз тилига, элига бўлган чексиз муҳаббати, ижодкорлик қудрати тил масалаларига миллийлик нуқтаи назари билан ёндашишда намоён бўлади. Ҳазрати Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз-элга эътиборсиз” деган хикмати неча аср ўтса ҳам ўзининг маъно-моҳиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, тарихий жараёнлар бу хикматнинг нақадар ҳаққонийлигини исботлаб келмоқда.

Миллийлигимизнинг асоси бўлган она тилимизга “Давлат тили” мақоми берилиши мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унитилмас тарихий воқеага айланди. Айни пайтда, бу қонун тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, уни юксалтириш учун ҳам беқиёс имкониятлар яратди.

Дунё тилларининг фақт икки юзтасигина давлат тили мақомига эришган бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, хурлигимиз тимсолларидан бири бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, тилимиздаги иборалар маъносини англатмасдан ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Тил миллатимиз фахри, жамиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Айни чоғда қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеъини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.

Қонга кирган сут билан,
Ўзбек тилим, она тилим.
Ардоқлайман, юрт билан,
Ўзбек тилим, она тилим.
Онажоним биргина,
Кўзларимга нургина.
Отажоним ўргатган,
Ўзбек тилим, она тилим.
Бурро-бурро сўзлайман,
Келажагим ўйлайман.
Истиқлолим-иқболим,
Ўзбек тилим, она тилим.

Муҳаммадюсуф Тўрақулов, Элмурод Эрматов

🔥4.5 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853