Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети (видео)

Дунё давлатлари билан муносабатлар ўрнатишда улар билан умумий мулоқот тили жуда муҳим ҳисобланади. Албатта, мулоқотга киришувчи ҳар бир инсон барча миллатлар тилларини билиши шарт эмас.

jahon_tillari_universiteti

Бундай пайтларда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни таъминлайдиган мутахассисларга эҳтиёж сезилади. Улар, албатта, қайсидир миллатга мансуб бўлишади-да, иккинчи миллат тилини ўрганишади. Натижада, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилади.

Мамлакатимизда шу соҳа бўйича кадрлар тайёрлаб берадиган олий ўқув юртларидан бири – Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари университети.

Мазкур ўқув масканининг тил филологиялари йўналишларига асосий тил (йўналиш номи келтирилган тил), она тили ва адабиёт ҳамда тарих фанларидан имтиҳон топширилади. Йўналишлар қуйидагилардан иборат:

1. Испан филологияси. Бу йўналишга ўтган йили 72 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, уларнинг 4 нафари давлат гранти асосида, 16 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.

2. Немис филологияси. Ушбу йўналишга 340 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, уларнинг 29 нафари давлат гранти асосида, 55 нафари эса тўлов-шартнома асосида талабалар сафига қабул қилинган.

3. Француз филологияси. Мазкур йўналишга эса 2012 – 2013-ўқув йилида 232 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улардан 15 нафари давлат гранти асосида, 36 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.

4. Инглиз тили филологияси. Дунёда асосий мулоқот тили инглиз тили бўлгани сабабли университетда ушбу факультет энг кўп мутахассис тайёрлайдиган йўналиш ҳисобланади. Жорий ўқув йилида факультетга 3167 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, улардан 187 нафари давлат гранти асосида, 515 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.

Факультетда махсус “IELTE” йўналиши ҳам ташкил қилинган бўлиб, у ерда инглиз тилининг сир-асрорлари кенгроқ ўргатилади ва дарслар тўлиқ инглиз тилида олиб борилади. Юқори даражали инглиз тили курсларини, асосан, мана шу йўналишни битирган мутахассислар ўргатиши мумкин. “IELTE” йўналиши талабаси бўлиш учун 1-августда бўладиган имтиҳонда инглиз тили филологияси талабаси бўлиш керак. Ундан сўнг махсус имтиҳон топширилади. Бу имтиҳонда инглиз тилидаги матнни эшитиб таҳлил қила билиш, берилган матнни ўқиб, тушуниб, гапира олиш, шунингдек, грамматикадан билимлар синовдан ўтказилади. Талабаликка қабул қилинган абитуриентларнинг энг саралари ана шундай усул билан танлаб олинади.

5. Хитой тили филологияси. Дунёда аҳоли сони бўйича биринчи ўринда турувчи мамлакатнинг тилини ўргатадиган ушбу йўналишга ўтган ўқув йилида 171 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Уларнинг 4 нафари давлат гранти асосида, 16 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган.

6. Таржима назарияси ва амалиёти. Бошқа тиллардан ўзбек тилига ёки аксинча таржима қилувчи мутахассисларни мазкур йўналиш тайёрлаб беради. Маълумки, таржима – жуда нозик иш. Тарихда давлатлар ўртасидаги музокаралар таржимонлар томонидан нотўғри таржима қилинганлиги сабабли айрим ишлар ниҳоясига етмасдан қолиб кетган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ушбу касбнинг нозик жиҳатларини сизга мазкур факультет устозлари ўргатишади.

Ушбу йўналишга ўтган йили 227 нафар абитуриент ҳужжат топшириб, уларнинг 13 нафари давлат гранти асосида, 7 нафари эса тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Бу йўналишга кириш учун она тили ва адабиёт, чет тили ва тарих фанларидан имтиҳон топширилади.

Умуман, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети мамлакатимизга ҳар йили 1000 дан ортиқ мутахассис етказиб берувчи катта ўқув даргоҳларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳар йили мазкур ўқув юрти шунча абитуриентни ўз қучоғига ҳам олади.

Ташкил этилган йили: 1992
Манзил:
100138, Ташкент шаҳри, Учтепа тумани, Кичик халка йули 21-а уй
Телефон: +998712301291
Факс: 2173399, 275-55-47
Автобус: 131
E-mail: usuw_info@edu.uz
URL: http://uzswlu.uz

манба



🔥11.2 K марта кўрилди

Fikr bildirish

55863853